Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

15

Ҳуқуқий тарғибот: 2019 йилда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар муҳокама этилди


Ҳуқуқий тарғибот: 2019 йилда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар муҳокама этилди
2019 йил 15 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш, шунингдек 2019 йилда ҳуқуқий тарғибот соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар бўйича семинар ташкил этилди.
    Семинарга барча давлат органлари ва ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этти.
Мазкур Фармоннинг мақсади аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир ишлар самарадорлигини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда ҳуқуқий билимларини ошириб боришнинг замонавий усулларини жорий этиш, шунингдек, аҳолини, айниқса ёшларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш ҳисобланади.
Фармон билан фуқаролар онгида “Жамиятда қонунларга ҳурмат руҳини қарор топтириш – демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир!” деган ҳаётий ғояни мустаҳкамлаш ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтиришнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди. “Юксак ҳуқуқий маданият – мамлакат тараққиёти кафолати” деган концептуал ғоя асосида ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил қилиш давлат органлари ва ташкилотларнинг устувор вазифаси сифатида қайд этилди.
Фармонга мувофиқ, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш “шахс – оила – маҳалла – таълим муассасаси – ташкилот – жамият” принципи бўйича тизимли ва узвий ташкил этилади.
Фармон билан Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси тасдиқланди. Адлия вазирлиги томонидан Концепциянинг асосий йўналишлари бўйича батафсил тушунтиришлар берилди.
1. Оилада ҳуқуқий тарбияни шакллантириш ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш
Бу йўналишда қуйидагиларнинг амалга оширилиши назарда тутилган:
Концепция доирасида болалар учун махсус ҳуқуқий портал яратилади.
Портал қуйидагиларни ўз ичига олади:
Конституцияни ўргатишга доир илк тушунчалар;
кундалик ҳаётда қўллашга мўлжалланган бошланғич ҳуқуқий билимлар;
ҳуқуқий ўйинлар, машғулотлар ва дастурлар бўйича услубий қўлланмалар.
Оилада ҳуқуқий саводхонликни оширадиган, ҳар бир элементар ҳуқуқий билимларни ўргатишга қаратилган ва кундалик ҳаётдаги муҳим масалалар юзасидан ҳуқуқий қўлланма бепул тарқатилади.
Болалар учун ҳуқуқий мавзуларда ва одоб-ахлоқнинг оддий
ва кундалик қоидаларини билишни, ватанпарварлик, қонунларни ҳурмат қилишни тарғиб қилувчи мультипликацион фильмлар яратилади, шунингдек аудиоэртаклар, кинофильмлар ва киножурналлар ишлаб чиқилади.
2. Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда маҳалла институтининг ролини кучайтириш
Маҳаллаларда аҳоли орасидаги турли муаммоли масалалар, хусусан, миграция, моддий ёрдам, ер олиш, уй-жой олиш, коммунал масалалар, имтиёзлар, алимент, ишга жойлашиш, таълим олиш ва бошқалар бўйича ҳуқуқий ахборотлар буклет, флаер, лифлет ва плакатлар шаклида аҳолига етказилади.
Маҳаллаларда “Ҳуқуқий ахборот куни” ташкил этилади.
“Фидокор ёшлар” жамоатчилик патруль гуруҳлари билан ҳамкорликда маҳаллаларда аҳоли орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича тадбирлар кўлами ва сифати оширилади.
Профилактика инспекторларининг ёрдамчилари, “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси аъзолари ва “Фидокор ёшлар” жамоатчилик патруль гуруҳлари аъзоларининг янги қабул қилинаётган қонун ҳужжатларидан хабардорлик даражасини ошириш мақсадида тегишли тадбирлар амалга оширилади.
3. Таълим муассасаларида ҳуқуқий саводхонликни ошириш
“Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганиш” ва “Инсон ҳуқуқларини ўрганиш” махсус ўқув курсларини барча таълим турлари бўйича ўргатиш жорий этилади.
Мактабгача таълим муассасаларида болаларга одоб-ахлоқ қоидалари
ва ҳуқуқнинг илк тушунчаларини ўргатиш бўйича намунавий қўлланма яратилади.
Ёшларга орасида “Street law” (Кўча ҳуқуқи) лойиҳасини жорий қилиш учун ҳуқуқшунос талабалар, юридик коллежлар ўқувчилари, нодавлат ташкилотлар вакилларидан иборат кўнгиллилар гуруҳи шакллантирилади.
Шунингдек, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида “Ҳуқуқ билимдонлари” ёшлар ҳуқуқий клублари ташкил этилади.
Йўл ҳаракати қоидаларини бузиш, ноқонуний автопойгалар ўтказишни олдини олиш мақсадида “Энг тартибли ёш ҳайдовчи” лойиҳаси ўтказилади.
4. Давлат органлари ва ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш
Давлат органлари ва ташкилотларда ходимларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган бепул ҳуқуқий маслаҳат курсларини ташкил этиш дастурлари ишлаб чиқилади.
Давлат органлари ва ташкилотларда жамоатчилик асосида доимий фаолият кўрсатувчи ҳуқуқий тарғибот гуруҳлари,“Ҳуқуқий маданият ойлиги”, “Одоб-ахлоқ ойлиги” ҳамда “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” тадбирлари ташкил этилади.
Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда кўрсатган ютуқлари учун топшириладиган “Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишони таъсис этилади.
Давлат органлари ва ташкилотларнинг расмий веб-сайтларида фаолият йўналишидан келиб чиқиб қонун ҳужжатлари мазмунини тушунтиришга қаратилган “Ҳуқуқий саводхонлик” рукнлари ташкил этилади.
5. Аҳоли барча қатламларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш
Ёшдан келиб чиқиб ҳуқуқий саводхонликнинг минимал талаблари тасдиқланади.
Аҳолини қизиқтирган ҳуқуқий мавзулар юзасидан “Сўров бўйича ҳуқуқий тарғибот” лойиҳаси амалга оширилади.
Давлат органлари ҳузуридаги ахборот-таҳлил мультимедиа марказларининг ҳуқуқий тарғибот соҳасидаги фаолияти кучайтирилади.
“Энг яхши ҳуқуқ тарғиботчиси” ва “Ҳуқуқий тарғиботни амалга оширишда энг яхши инновацион лойиҳа” танловлари ўтказилади.
Халқимизнинг ҳуқуқий ёдгорликлари ва ҳуқуқ йўналишидаги олимлари ва арбоблари фаолиятини чуқур ўрганилади ва уларни кенг оммага тарғиб қилинади.
Адвокатлик ёки ҳуқуқшунос фаолиятига бағишланган бадиий фильм ва сериаллар тайёрланади.
Аҳолини қонунга итоаткорлик руҳида тарбиялашга қаратилган қисқа метражли фильмлар ҳамда спектакллар яратилади ва тизимли равишда телевидение орқали бериб борилади.
Меҳнат мигрантларига турли ижтимоий-ҳуқуқий масалалар,
хусусан, миграция, ишга жойлашиш, таълим олиш, бошқа давлатларнинг
қонун ҳужжатлари бўйича ҳуқуқий ахборотлар олишда тизимли ёрдам кўрсатишни ўз ичига олувчи махсус ахборот сайти ишлаб чиқилади.
Ногиронлар (кўзи ожиз ва кар-соқовлар учун) ва кекса ёшдаги шахслар учун фойдаланишга қулай бўлган, уларнинг ижтимоий ҳимоясига
оид ҳуқуқларига доир тўпламларни тайёрлаш ва хайрия акцияларини ўтказган ҳолда тарқатиш.
Озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг келгусида ижтимоий ҳаётга мослашуви учун кўмак бериш мақсадида жазони ижро этиш муассасаларида масофадан туриб таълим олиш тизими йўлга қўйилади.
Жазони ижро этиш муассасаларида ҳуқуқий билимларни ўргатиш мақсадида “Ҳуқуқ ва мен”, “Жиноят оламидан қайтиш” номли маърифий-ҳуқуқий машғулотлар ўтказилади.
Ҳарбий қисмларда ҳар ойнинг жума куни “Ҳуқуқий саводхонлик соати” ташкил қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 1 январгача қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси ҳамда қўшимча ҳуқуқий маълумотлар етказиш тизимини ўз ичига оладиган Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳуқуқий интернет портали, шунингдек 2019 йил 1 июлгача аҳолига бепул маслаҳат бериш порталини ўз ичига олган Аdvice.uz ҳуқуқий ахборот тизими яратилади. Фуқароларнинг ўз ҳуқуқий билим даражасини синаш мақсадида Интернет тизимида турли босқичларга эга бўлган “Ҳуқуқий тест” лойиҳаси яратилади.
III. АҲОЛИНИНГ ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТИНИ ЮКСАЛТИРИШДА
ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИНИНГ РОЛИНИ КУЧАЙТИРИШ
Аҳолини қонунга ҳурмат руҳида тарбиялашга доир телекўрсатувлар кўлами кенгайтирилади.
Аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш мақсадида “Ҳуқуқий ахборот” радиолойиҳаси ташкил этилади.
Ҳуқуқий даврий нашрларни интернет тармоғига интеграция қилиш ва уларнинг электрон нусхалари жойлаб борилишини таъминлашни йўлга қўйиш.
Ҳуқуқий соҳани ёритувчи журналистларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини доимий ошириб бориш тизимини яратиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилади.
IV. ЮРИДИК ТАЪЛИМНИ, ШУНИНГДЕК, ЮРИДИК КАДРЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ, ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА УЛАРНИНГ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ ТИЗИМИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ
Илғор хорижий тажриба асосида миллий юридик таълим ва юридик фан соҳасини ривожлантириш ишига улкан ҳисса қўшган Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахсларга фахрий доктор даражасини бериш тартиби жорий этилади.
Ўқув жараёнига клиник юридик таълимни татбиқ этиш юзасидан етакчи хорижий мамлакатларнинг ижобий тажрибасидан кенг ва унумли фойдаланилади.
Тармоқлараро таълимни кучайтириш ва бу борада Тошкент давлат юридик университети магистратура босқичида “Ҳуқуқ ва Тиббиёт”, “Ҳуқуқ
ва Қурилиш” каби мутахассисликлар очилиши таъминланади.
V. ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТНИ ЮКСАЛТИРИШНИНГ
ИЛМИЙ АСОСЛАРИНИ ТАДҚИҚ ЭТИШ
Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича тадбирлар мониторинг қилинади ва баҳолаш кўрсаткичлари ишлаб чиқилади.
Ҳуқуқий фанларни ривожлантиришнинг илмий асосланган режалари ишлаб чиқилади ва унинг устувор йўналишлари аниқланади.
Ҳуқуқий тарбиянинг илмий асосланган услубиёти ишлаб чиқилади.
Ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича магистрлик ва докторлик диссертациялари тайёрлаш кўламини кенгайтириш, бунда оиладаги можаро ва зўравонликлар ҳамда уларнинг ижтимоий-ҳуқуқий оқибатларини комплекс тадқиқ қилишга алоҳида эътибор қаратиш.
Концепциянинг қабул қилинишидан кутилаётган натижалар:
фуқаро, давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларида аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ижтимоий фаоллигини юксалтириш;
бола ва ёшлар онгига илк ҳуқуқий тушунчаларни ва одоб-ахлоқ қоидаларини тизимли сингдириб бориш;
ҳуқуқий тарғиботнинг инновацион усулларини яратиш ва жорий этиш, ҳуқуқий билимларни тарғиб қилишда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш;
мансабдор шахслар ва фуқароларда қонунга ва ҳуқуққа бўлган ҳурмат ҳиссини кучайтириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг самарадорлигини таъминлашдан иборат.
Шунингдек янгидан қабул қилинаётган қонун ҳужжатларини ижрочиларга етказиш масаласи ҳам муҳокама этилди. Яъни Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазирлиги томонидан юборилаётган қонун ҳужжатларини қабул қилиб олиш ва ўзлариннг қўйи поғоналарига етказиш шуниндек зарур чора-тадбирларини ташкил этиш бўйича маслаҳатлар берилди.
Семинар давомида иштирокчилар билан очиқ мулоқат тарзида савол-жавоб, фикр-мулоҳазалар билдирилди.