Янгиликлар
07
Адлия вазирлиги тизимида ФҲДЁ органларининг ўрни ва роли
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасинининг 14.11.2016 йилдаги 387-сон қарори билан «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидалари» тасдиқланган бўлиб, аввал амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
12.04.1999 йилдаги 171-сон қарори билан тасдиқланган Қоидалар ўз кучини йўқотган.
Янги Қоидаларга биноан, ФҲДЁ органларига кирувчи органларнинг рўйхати берилган, яъни, туманлар ва шаҳарлар ФҲДЁ бўлимлари; никоҳ уйлари, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар
ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларининг ФҲДЁ архивлари киритилган.
Янги Қоидаларда далолатнома ёзувларини қайд этишга рад қилиш асослари билан тўлдирилган. Эндиликда, агар тақдим этилган ҳужжатлар уларга нисбатан мазкур Қоидаларда ва бошқа қонун ҳужжатларида қўйиладиган талабларга мувофиқ бўлмаса ҳам рад этилиши мумкинлиги назарда тутилган.
ФҲДЁ органлари ходимлари, шунингдек консул ўзи, эри ёки хотини ўзининг ва унинг қариндошлари (ота-оналари, болалари, неваралари, боболари, бувилари, туғишган акалари ва сингиллари) тўғрисида далолатнома ёзувларини қайд этишга ёки уларга тегишли ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритишга ҳақли эмасликлари киритилган. Олдин ушбу тақиқ фақат ўзига, эри ёки хотини ҳамда болаларига нисбатан амалда бўлган эди.
Бундай ҳолатларда далолатнома ёзувларини қайд этиш ёки уларга ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар киритиш бўйсуниш тартибида юқори органнинг ёзма кўрсатмаси асосида бошқа ходим томонидан
ёки бошқа ФҲДЁ органида амалга оширилиши, далолатнома ёзувларининг “Белгилар учун” устунига эса бу тўғрисида тегишли ёзув киритилиш нормаси киритилган.
Боланинг туғилганлигини қайд этишда бир қатор ўзгартиришлар киритилган. Масалан, Қоиданинг 20-бандида туғилганлик ҳақида тиббий маълумотнома тўлақонли тўлдирилган бўлиши лозимлиги, бунда:
- онанинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, туғилган санаси, миллати, фуқаролиги, оилавий аҳволи, маълумоти;
- боланинг туғилган вақти, санаси ва жойи, жинси, вазни, бўйи;
- ҳомиладорлик муддати, ҳисоб бўйича нечанчи ҳомиладорлик;
- боланинг тирик туғилганлиги мезонлари (нафас олиши, юрак уриши, киндик пульсацияси, мускулларнинг беихтиёрий қисқариши);
- тиббий маълумотноманинг берилган вақти, тартиб рақами
ва тиббиёт муассасасининг номи киритилиш тўғрисида тўлдирилди.
Туғруқхоналардан ташқари жойларда ва тиббий ёрдамсиз туғилган боланинг туғилганлигини қайд этиш участка шифокори (фельдшер
ёки акушер) томонидан берилган маълумотнома асосида амалга оширилади. Аввал бундай ҳолларда гувоҳномалар томонидан имзоланган далолатнома асосида туғилиш қайд қилинар эди.
Қоидаларнинг 37-бандига мувофиқ, ҳаракатдаги ҳаво ёки сув кемасида, поездда ёки бошқа транспорт воситасида туғилган боланинг туғилганлигини қайд этиш ота-онасидан бирининг яшаш жойидаги
ФҲДЁ органи ёки транспорт воситаси қатнаётган йўналишдаги ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади. Олдинги Қоидага биноан Ўзбекистон Республикасининг ҳаво ёки сув кемасида туғилган боланинг туғилганлигини қайд этиш ҳаво кемаси ерга қўнган жойда ёки сув кемаси портга етиб келгач жойда консуллик муассасалари томонидан амалга оширилар эди.
Янги Қоидаларга биноан, тўйдаги гувоҳларнинг сони келин-куёв томонидан белгиланиши назарда тутилган. Энди никоҳни қайд этишда никоҳланувчи шахслар томонидан белгиланган сонда гувоҳлар иштирок этиши мумкин. Олдин уларнинг сони икки кишидан ортиқ бўлмаслиги
керак эди.
Бундан ташқари, чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг никоҳга кириш ҳақидаги аризасига унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатидан ташқари чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг никоҳда турмаслиги ҳақидаги белгиланган тартибда легализация қилинган
ёки апостиль қўйилган ҳужжат (давлат тилидаги таржимаси билан бирга) илова қилиниши лозимлиги тартибга солинган.
ФҲДЁ органи томонидан никоҳ қайд этилгандан кейин Ўзбекистон Республикаси фуқароси билан никоҳга кирган шахс фуқароси бўлган хорижий давлатга никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги хабарнома юборилади.
Қоидаларда ФҲДЁ органи томонидан бедарак йўқолган деб топилган эр (хотин) қайтиб келганда ва суднинг тегишли ҳал қилув қарори бекор қилинганда ҳаракат қилиш тартиби батафсилроқ ёзилган. Бунда никоҳ
эр-хотиннинг биргаликдаги аризаси бўйича ФҲДЁ органи томонидан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги далолатнома ёзувини ва унинг асосида берилган тегишли гувоҳномани бекор қилиши билан бирга тикланиши мумкинлиги кўрсатилган.
Лекин, томонлардан бири янги никоҳга кирган тақдирда никоҳ тикланиши мумкин эмаслиги, бу ҳолда бедарак йўқолган деб топилган шахс мурожаат қилган тақдирда никоҳдан ажралганлик тўғрисида гувоҳнома берилиши кўрсатилган.
Бундан ташқари, алоҳида ҳаракатларнинг ва уларнинг ҳисоблаш тартибининг қуйидаги муддатлари белгиланди:
- далолатнома ёзувини тиклаш ҳақидаги аризаларни кўриб чиқиш – бир ой муддат ичида (олдин 15 кун). Узрли сабаблар (далолатнома ёзувини тиклаш учун асосланганликни тасдиқловчи ёзувлар нусхалари ва бошқалар олинмаганлиги) мавжуд бўлганда аризани кўриб чиқиш муддати
ФҲДЁ мудири томонидан бир ойдан кўп бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин ва бу ҳақда ариза берувчига хабар қилинади;
- далолатнома ёзувига ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги ариза ФҲДЁ органи томонидан, ариза тушган кундан бошлаб 15 кун мобайнида кўриб чиқилиши керак (олдин аризага барча ҳужжатлар тақдим қилинган пайтдан). Ушбу муддат ҳам ФҲДЁ органи мудири томонидан бир ойгача узайтирилиши мумкин;
- далолатнома ёзувига ўзгартириш киритилганлиги ҳақида адлия бошқармаси ФҲДЁ архивини хабар қилиш уч кунгача узайтирилди;
- фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги ариза энди ариза берилган кундан бошлаб икки ой (олдин 45 кун) мобайнида кўриб чиқилиши керак. Узрли сабабларга кўра бир ойдан кўп бўлмаган муддатга узайтириши мумкин.
Қоидаларда далолатнома ёзувлари ҳамда тегишли гербли гувоҳномалар давлат тилида лотин графикасида тўлдирилиши акс эттирилган, давлат тилини билмаган шахслар у таржимон хизматларидан фойдаланиши мумкинлиги белгиланган.
Бундан ташқари, имконияти чекланган шахслар иштирокида далолатнома ёзувларини тўлдириш тартиби алоҳида кўрсатиб ўтилган. Бунда кар, соқов ёки карсоқов шахс саводсиз бўлган тақдирда далолатнома ёзувини қайд этишда далолатнома ёзуви мазмуни кар, соқов ёки карсоқовнинг шахснинг хоҳишига мувофиқ келишини имзо билан тасдиқлаб унга тушунтириши мумкин бўлган шахс иштирок этиши мумкин. Далолатнома ёзувини кўзи кўр шахс учун тузишда далолатнома ёзуви матни унга далолатнома ёзувини тузган ФҲДЁ органи ходими томонидан ўқиб берилади ва бу ҳақда “Белгилар учун” устунига тегишли ёзув киритилади.
Янги Қоидаларга асосан, далолатнома ёзувларидан нусхалар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, иш юритувида мавжуд бўлган ишлар муносабати билан нотариуслар, шунингдек ФҲДЁ органлари ва Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларининг сўровига кўра берилади (юборилади), амалга оширилган ҳаракатларнинг сирини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўлишилари кўрсатилган.
Г.Абдирова
Кегайли туман 2-сон ФҲДЁ бўлими мудираси