Янгиликлар
24
Адлия бўлими аралашуви билан болалар боқчасига жойлаштирилди
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35–моддасига асосан, ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт деб белигиланган. Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 11-сентябрдаги ЎРҚ-445-сон “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13-апрелдаги ПФ-5415-сон фармони билан ташкил этилган туман адлия бўлимлари томонидан ўз ваколати доирасида бир қанча фуқароларнинг мурожаатлари ижобий ҳал бўлмоқда. Жумладан, Беруний тумани адлия бўлимига Беруний тумани Тўқимачи маҳалла фуқаролар йиғини Бўстон кўчаси 36-уйда яшовчи фуқаро Х.У 2018 йил 5-сентябрь куни 2014 йил 19-майда туғилган, болаликдан ногирон бўлган фарзанди М.А ни махсус мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш учун борганида бола қабул қилмаслигини ва яқинда ушбу муассаса ёпилишини баҳоналаб, фарзандини қабул қилмаётганлигини, ушбу фарзандини махсус мактабгача таълим муассасасига жойлаштиришда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19-июлдаги 528-сон қарори билан тасдиқланган “Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат мактабгача таълим муассасаси тўғрисида”ги Низомнинг 3-бобида ихтисослаштирилган давлат мактабгача таълим муассасасига болаларни қабул қилиш тартиби белгиланган. Унга кўра асосланган тиббий ҳужжатлари ва ушбу низомда кўрсатилган керакли ҳужжатлари бор бўлган 3-5 ёшли болалар ихтисослаштирилган давлат мактабгача таълим муассасасига қабул қилиниши белгиланган.
Беруний тумани адлия бўлими ходимлари аралашуви натижасида бир кун муддатда фуқаро Х.У нинг 2014 йилда туғилган иккинчи гуруҳ ногирон фарзанди М.А туман мактабгача таълим бўлимига қарашли 16-сонли кўп тармоқли махсус мактабгача таълим муассасасига жойлаштирилди. Қонун ҳеч бир фуқаронинг ҳуқуқларини поймол қилишга йўл қўймайди. Фуқаро қонуний ҳуқуқини сўраб мурожаат қилар экан, у албатта, қонун доирасида, ўз вақтида ҳал қилиниши керак.
Беруний тумани
адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси С.Раимбекова