Янгиликлар
24
Мурожаатга эътиборсизлик билан қараган раҳбарга чора қўлланилди
Раҳбар, аввало, халқ билан мулоқот қилса, одамларнинг қалбига йўл топса, уларнинг дарди, орзу-ниятлари ва муаммоларини билсагина, жамиятда адолат қарор топади. Асосий қонунимизга кўра ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига ариза, таклиф ва шикоят билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ўз маърузаларидан бирида “Биз кейинги пайтда одамлар билан мулоқот қилишни унутиб қўйдик. Уларнинг ичига кириб, очиқ ва самимий гаплашиш, дардини эшитиш бизнинг фаолиятимизда афсуски, охирги ўринга тушиб қолди” дея афсус билан таъкидлаган эди.
Фуқаролар ҳаёти давомида зарурат юзасидан турли давлат органлари ва бошқа ташкилотларга ёхуд мансабдор шахсларга мурожаат этади. Мурожаатни кўриб чиқиш давомида фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликларини чеклаш, уларни лозим даражада таъминламаслик ҳолатлари ҳам учраб туради.
Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазирининг 2018 йил 03 август кунги 88-с-сонли буйруғига асосан Нукус тумани адлия бўлими томонидан Нукус тумани Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимига (кейинги ўринларда бўлим деб юритилади) жисмоний шахслардан келиб тушган мурожаатлар ўрганиб чиқилганда бўлим томонидан бир қатор хато-камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.
Хусусан, Нукус тумани, “Саманбай” ОФЙда яшовчи фуқаро К.А.нинг мурожаати бўлимда 2017 йил 11 майда рўйхатга олинган бўлсада, 2018 йил 18 май куни, “Саманбай” ОФЙда яшовчи фуқаро П.Т.нинг мурожаати бўлимда 2017 йил 26 августда рўйхатга олинган бўлсада, 2018 йил 16 май куни, “Тақыр көл” ОФЙда яшовчи фуқаро А.А.нинг мурожаати бўлимда 2017 йил 24 августда рўйхатга олинган бўлсада, 2018 йил 16 май куни, “Бақаншақлы” ОФЙда яшовчи фуқаро А.А.нинг мурожаати бўлимда 2018 йил 08 февралда рўйхатга олинган бўлсада, 2018 йил 16 май куни, “Арбашы” ОФЙда яшовчи В.И.нинг мурожаати бўлимда 2018 йил 07 февралда рўйхатга олинган бўлсада, 2018 йил 16 май куни мазкур мурожаат эгаларига кечиктириб жавоб берилганлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунининг 28-моддасида ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши ва 33-моддасида давлат органи, ташкилот ва уларнинг мансабдор шахслари мурожаат этувчига кўриб чиқиш натижалари ҳамда қабул қилинган қарор ҳақида мурожаат кўриб чиқилганидан сўнг ёзма ёхуд электрон шаклда дарҳол хабар қилиши шартлиги белгиланганлигига қарамасдан, ушбу мурожаат эгаларига Нукус тумани Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими томонидан бир неча ой, ҳатто бир йиллаб кечиктириб жавоб берилганлиги аниқланди.
Ушбу ҳолат юзасидан Нукус тумани адлия бўлими томонидан Нукус тумани Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи Б.С. га нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича судга таклиф киритилди, натижада Б.С. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 43-моддаси асосида маъмурий жазога тортилди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, фуқароларнинг аризалари, шикоятлари ҳамда мурожаатларига ўз вақтида жавоб қайтариш шарт ва зарур. Шундагина биз қонунларимизнинг давлат ва жамият фаровонлигига хизмат қилишига эришамиз.
Нукус тумани
адлия бўлими бош маслаҳатчиси З.Балтабаева