Янгиликлар
Ҳуқуқий билимлар - оммага
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Қорақалпоғистон бўлимимажлислар залида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон бошқармаси, миллий маданий марказлар, Ўзбекистон Ногиронлар, Карлар ва Кўзи ожизлар жамиятларининг вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2016 йил 5 октябрдаги ПФ-4848-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2016 йил 9 сентябрьдеги “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги 728-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳияти тўғрисида маълумотлар берилди.
Таъкидланганидек, мазкур Фармонлар сўнгги йилларда ушбу соҳада қабул қилинган, ўз кўлами ва мазмунига кўра энг муҳим норматив ҳужжатлардан бири ҳисобланиди. Унинг амалга оширилиши мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантиришнинг асосий омили сифатида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлидаги маъмурий ғовлар ва сунъий тўсиқларни бартараф этиш ва иқтисодиётимизнинг янада жадаллик билан ривожланишига асос бўлишига шубҳа йўқ. Мамлакатнинг суд-ҳуқуқ тизими фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш имконини бериши, одил судловни амалга оширишда судьялар томонидан қонуний ва адолатли суд қарорлари қабул қилиниши суд ҳокимиятининг обрў-эътиборини юксалтирадиган, аҳолининг унга бўлган ишончини мустаҳкамлайдиган муҳим омил бўлиб қолади дея, алоҳида эътироф этилди.
Бундан ташқари, мамлакатимизда эркин ва адолатли сайловлар ўтказиш бўйича ҳуқуқий асослар тўла-тўкис яратилгани, сайловлар халқнинг эркин тарзда ифода этиладиган хоҳиш-иродасини аниқлб бериши ва унинг бевосита рўёбга чиқишини таъминлаши ҳамда Ўзбекистон сайлов қонунчилиги сайловчиларга номзодларни танлаш ва эркин сайлаш имконини бериши, бу эса фуқароларимизнинг сайловда фаол иштирок этишига хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Давра суҳбатида соҳага оид қонунчиликни жойларда кенг тарғиб қилиш бўйича амалий таклифлар ўртага ташланди. Турли мулоҳаза ва таклифлар билдирилди.
Тадбир ташкилотчиларининг айтишича, шу мазмундаги тадбирлар доимий равишда давом эттирилади.