Адлия вазирлиги томонидан Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида республика давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимлари учун “Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг янги босқичи – инсон ҳуқуқ ва эркинликлари мустаҳкам кафолати” мавзусида амалий семинар ташкил этилди.
Видео-конференция алоқа шаклида ўтказилган мазкур семинарда Адлия вазирлиги вакиллари ҳамда олий таълим муассасаларидан, республиканинг давлат органлари тизимидаги юридик хизмат ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мазкур видео-конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифалари хусусида кенг тушунтириш берилди.
Жумладан, Фармонга мувофиқ суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, касбий нуфузини ошириш, юқори малакали ва самарали фаолият юритувчи суд корпусини шакллантириш мақсадида илк бор судьяларнинг ваколат муддатлари қайта кўриб чиқилди.
Хусусан, судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз тайинлаш (сайлаш)ни назарда тутувчи тартиб жорий этилмоқда. Киритилаётган бу ўзгартишлар халқаро стандартлар ва ривожланган демократик давлатларнинг илғор тажрибасига тўлиқ мос келади.
Мазкур Фармонда Юристлар малакасини ошириш марказининг вилоятларда минтақавий филиалларини ташкил этиш белгилаб берилган. Бу эса ўз навбатида, юристлар малакасини ошириш қамровини оширади ва янги қабул қилинаётган қонун ҳужжатларида белгиланган қоида-талабларни амалиётда қўллаш механизмини такомиллаштиради. Шунингдек, тингловчиларни ўзлари ишлаб турган корхоналар билан доимий мулоқотда бўлиши билан бирга, сарф-харажатларни камайтиради.
Тадбир иштирокчиларига юридик хизматни такомиллаштириш бўйича белгиланаётган чора-тадбирлар хусусида батафсил ахборот берилди.Ушбу Фармоннинг амалга оширилиши мамлакатнинг суд-ҳуқуқ тизими фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, шунингдек аҳолининг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш имконини бериши таъкидланди.