Янгиликлар
Ҳудудий ННТлари фаолияти самарадорлигини ошириш
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича Жамоат комиссияси 2-йиғилиши баёни асосида “Ҳудудий ННТлари фаолияти самарадорлигини ошириш орқали давлат дастурларида белгиланган вазифаларни бажаришда ижтимоий шериклик муносабатлари механизми ва шаклларини янада такомиллаштириш” мавзусида семинар-тренингташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Вазирлар Кенгаши, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, Давлат солиқ бошқармаси, Ўрта-махсус касб-таълим бошқармаси, 70 га яқин нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Манфаатдор вазирлик ва идоралар, учинчи сектор вакиллари иштирок этган мазкур тадбирда мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотларига яратилган шароит ва имтиёзлар, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан эълон қилинган давлат грант танловларининг аҳамияти ва йўналишлари, Қорақалпоғистон Республикасида давлат ташкилотлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ижтимоий шерикликни ривожлантиришнинг аҳамиятли масалалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг фаолиятини янада такомиллаштириш, соҳага оид қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар тўғрисида тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, тадбир якунида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондидан 2016 йил эълон қилинган 1-2 танлов якунлари бўйича ғолиб бўлган ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига давлат грант сертификатлари топширилди.
Тадбирда соҳага оид қонунчиликни жойларда кенг тарғиб қилиш, ижросини таъминлаш бўйича амалий таклифлар ўртага ташланди. Турли мулоҳаза ва таклифлар билдирилди, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Тадбир ташкилотчиларининг айтишича, шу мазмундаги тадбирлар Ўзбекистон Республикасининг барча вилоятларида ўтказилади.