Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

10

Ўзбекистон Республикасининг Давлат рамзлари


Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 5-моддасига кўра Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари — байроғи, герби ва мадҳиясига эгадир.
1991 йил 18 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан Давлат байроғи тасдиқланган. Мазкур Қонун 13 та моддадан иборат бўлиб, унда Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи байроқнинг бутун узунлиги бўйлаб ўтган тўқ мовий ранг, оқ ранг ва тўқ яшил рангли учта эндан таркиб топган тўғри тўртбурчак шаклидаги мато эканлиги, Давлат байроғининг узунлиги 250 сантиметрга, кенглиги 125 сантиметрга тенглиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат герби 1992 йил 2 июлда тасдиқланган. Гербимизда тоғлар, дарёлар ва сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб туради. Гербнинг юқори қисмида Республика ҳурлигининг рамзи сифатида саккизбурчак тасвирланган бўлиб, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз тасвирланган. Гербнинг марказида бахт ва эрксеварлик рамзи — қанотларини ёзган Ҳумо қуши тасвирланган. Гербнинг пастки қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бантида «O‘zbekiston» деб ёзиб қўйилган.
Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 10 декабрдаги Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тасдиқланган. Қонун билан Давлат мадҳияси Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш чоғида — у қасамёд қабул қилганидан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси сессияларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ялпи мажлисларининг очилиши ҳамда ёпилиши чоғида, Ўзбекистон Республикасида нишонланадиган умуммиллий байрамларга бағишланган тантанали йиғилишлар ва мажлисларнинг очилиши чоғида, давлат телевидение ва радиоэшиттириш компаниялари томонидан ҳар куни — кўрсатув ва эшиттиришлар бошланишидан аввал ва тугаганидан сўнг, кўрсатув ва эшиттиришлар кечаю кундуз олиб борилганида эса соат 6 да ва соат 24 да, янги йил кечасида — соат 24 да, республика ҳаётидаги муҳим тарихий воқеаларни нишонлаш юзасидан, атоқли сиёсий, давлат, ҳарбий арбоблар, халқ қаҳрамонлари, фан, адабиёт ва санъат арбоблари шарафига ўрнатилган ҳайкаллар, шунингдек монументлар, ёдгорликлар ва бошқа иншоотларнинг очилиши чоғида, давлат органлари, бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган маросимлар ва бошқа тантанали тадбирлар вақтида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғини кўтариш чоғида, расмий сафар билан Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрган хорижий давлатлар давлат ва ҳукумат бошлиқларини кутиб олиш ва кузатиш чоғида — тегишли хорижий давлатнинг давлат мадҳияси ижро қилиб бўлинганидан кейин, ҳарбий маросимларни ўтказиш вақтида — Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг умумҳарбий уставларига мувофиқ, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида — янги ўқув йили бошланиши ва ўқув йили тугаши маросимлари чоғида, спорт майдонларида — Ўзбекистон Республикаси чемпионатларини, миллий терма командалар иштирокида халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида ҳамда халқаро спорт мусобақаларининг Ўзбекистон Республикаси спорт терма командаларининг вакиллари бўлган ғолибларини мукофотлаш маросимларини ўтказиш вақтида, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари сайловлари ёки референдум кунлари — овоз бериш ўтказиладиган биноларда соат 8.00 да ижро этилиши белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек Ўзбекистонда турган бошқа шахслар Ўзбекистон Республикасининг Давлат рамзларини ҳурмат қилишлари шарт.
Давлат рамзлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ва уларга ҳурматсизлик қилиш маъмурий ҳамда жиноий жавобгарликка олиб келади.

С.Раимбекова,
Беруний туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси