Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

09

Давлат бошқарувини янада демократлаштириш йўлида


Тошкент давлат юридик университетида “Давлат бошқарувини демократлаштириш жараёнида парламент ислоҳотларининг самарадорлигини ошириш” мавзусида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Адлия вазирлиги, Бош прокуратуранинг Олий ўқув курслари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети вакиллари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштириш, хусусан, давлат бошқарувининг энг муҳим принципи бўлмиш давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниш принципини конституциявий таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Олий Мажлис фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланган, қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг қонун ҳужжатларининг жамиятда, давлат бошқаруви органлари, уларнинг мансабдор шахслари томонидан бажарилишини, ҳокимиятларнинг ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати принципини амалга оширишни таъминлайдиган самарали механизми бўлган парламент назоратига ҳам катта эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 27 январь куни бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги маърузасида таъкидлаганидек, “Парламентимиз ва маҳаллий вакиллик органлари – Кенгашлар олдида турган иккинчи ғоят муҳим вазифа – бу қабул қилинган қонунларнинг ижро этувчи ҳокимият, яъни ҳукумат томонидан марказда, ҳокимликлар томонидан эса жойларда қандай бажарилаётгани устидан қатъий парламент назоратини, депутатлик назоратини ўрнатишдан иборатдир”.

Бугунги кунда мамлакатимизда парламент назоратига алоҳида эътибор қаратилмоқда, бу борада кенг тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилаётир.

Давра суҳбати иштирокчилари ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини такомиллаштиришнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари ва давлат бошқарувини янада демократлаштириш масалаларига эътибор берган ҳолда, Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг, шунингдек, бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг долзарблиги ва муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг давлат бошқарувини такомиллаштиришдаги аҳамияти, ҳокимиятлар бўлиниши принципини амалга ошириш Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг муҳим асоси, Ўзбекистон Республикасида парламент назоратини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари, ижро ҳокимияти асосларининг ҳокимиятлар бўлиниши принципига мувофиқ конституциявий ривожланиши, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг фаолиятини янада кучайтириш ва бошқа масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш бўйича таклифлар билдирилди.

Тадбир сўнггида “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб этиш ҳамда Конституция нормаларини ҳаётга татбиқ этиш ишлари самарадорлигини ошириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.