Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

23

Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидир


Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидир
Мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркакларнинг жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, сайлов жараёнида тенг иштирок этишни, соғлиқни сақлаш, таълим, фан, маданият, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида, шунингдек давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларнинг давлат томонидан таъминлаш, айниқса мутабар аёлларимизни ҳар қандай босим ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш бўйича бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича бир қатор ислоҳатлар амалга оширилмоқда.
Мана шундай имкониятлар яратилган вир вақтда, хотин-қизлар томонидан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши, уларга қарата тазйиқ ва зўравонликнинг давом этаётганлиги ачинарли ҳолдир.
Қорақалпоғистон Республикаси худудида хотин-қизлар ўртасидаги жиноятчилик кўрсаткичи 2019 йилнинг 7 ойи давомида 47 та бўлган бўлса, жорий йилнинг 7 ойида 82 (90,7 га ўсган) тани ташкил этди. Жиноят содир этган аёллар сони ўтган йилга нисбатан 32 га (64%) ошган. Жиноят содир этганларнинг 11 нафари 30 ёшга тўлмаган, яъни ёшларни, 23 нафари ишсиз аёллардир.
Улар томонидан ишланган жиноятлар турини таҳлил қилсак асосан, қасдан баданга жароҳат етказиш, қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш, одам савдоси, фирибгарлик, порахўрлик жиноятларига тўғри келмоқда.  
Жорий йилнинг 8 ойи давомида Қорақалпоғистон Республикаси худудида тазйиқ ва зўравонликка учраган 158 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилган. Шундан, 2 нафар вояга етмаган, 30 нафари 18-30 ёшдаги, 124 нафар 31-60 ёш, 2 нафари 60 ёшдан ошган хотин-қизлардан иборат.
Аёлларнинг 97 нафари жисмоний, 1 нафари жинсий, 3 нафари иқтисодий, 49 нафари руҳий зўравонликдан ҳамда 8 нафари тазйиқдан жабр кўрган. Уларга нисбатан зўравонлик асосан оилада (142 ҳолатда) турмуш ўртоғи, шу билан бирга бошқа оила аъзолари томонидан ишланган.
Зўравонликдан жабр кўрган аёлларнинг 113 нафари ишсиз ҳисобланади.
Бундай салбий жиҳатларнинг олдини олишда хотин-қизларнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини юқорилатиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, уларга ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш асосий вазифалардан бири ҳисобланади.
Яна бир аҳамиятли ҳужжатга эътибор қаратсак. 2019 йил 2 сентябрь куни Хотин-қизал ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги Қонун қабул қилинди.
Гендер нима? Гендер - хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим ҳамда илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳати ҳисобланади.
Қонунда жинс бўйича камситишнинг икки тури кўрсатилган:
жинс бўйича бевосита камситиш — жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини тан олмасликка қаратилган ҳар қандай тарзда фарқлаш, истисно этиш ёки чеклаш, шу жумладан оилавий ҳолати, ҳомиладорлиги, оилавий мажбуриятлари туфайли камситиш, шунингдек шаҳвоний шилқимлик қилиш, тенг меҳнат ва малака учун ҳар хил ҳақ тўлаш;
жинс бўйича билвосита камситиш — бир жинсдаги шахсларни бошқа жинсдаги шахсларга нисбатан ноқулайроқ ҳолатга тушириб қўядиган вазиятларни, ҳолатларни ёки мезонларни яратиш, шу жумладан гендер тенгсизликни оммавий ахборот воситалари, таълим, маданият орқали тарғиб этиш, муайян жинсдаги шахслар учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган шарт-шароитлар ёхуд талаблар белгилашдир.
Хотин-қизлар ва эркаклар давлат томонидан кафолатланган тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эга бўлади.
Қуйидагилар жинс бўйича камситиш ҳисобланмайди:
бола туғиш ва она сути билан озиқлантириш вазифалари билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишда фарқларни белгилаш;
қонунда белгиланган тартибда муддатли ҳарбий хизматга чақириш;
ушбу Қонун асосида гендер сиёсати амалга оширилишини таъминлашга доир вақтинчалик махсус чоралар кўриш;
хотин-қизлар ва эркаклар меҳнатини муҳофаза қилишда уларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш хусусиятлари;
мажбуриятлар фақат муайян жинсдаги шахслар томонидан бажарилиши мумкинлигига асосланган ҳолда касбий малакага доир тавсиялар бериш;
қамоқда сақлаш, жазони ижро этиш жойларида сақлаш тартиби ва шартларини ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан таъсир кўрсатишнинг бошқа чораларини тартибга солишда фарқларни белгилаш;
хотин-қизларнинг жамиятдаги ижтимоий мавқеини мустаҳкамлашга, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган ижобий чоралар.
Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, шунингдек давлат органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга оширилади.
Давлат хизмати соҳасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш орқали давлат бошқарувида турли жинсдаги шахсларнинг иштирок этиши учун шарт-шароитлар яратилиши кафолатланади.
Давлат хотин-қизларга эркаклар билан тенг шароитларда ва ҳеч бир камситишсиз халқаро миқёсда давлатнинг вакили бўлиш ҳамда халқаро ташкилотлар ишида иштирок этиш имкониятини таъминлаш учун тегишли чора-тадбирлар кўради.
Давлат хизматига қабул қилиш чоғида ва уни ўташ даврида жинс бўйича бевосита ва билвосита камситишга йўл қўйилмайди.
Хотин-қизлар ва эркакларни давлат хизматига қабул қилишдаги тенглик малакага ва касбий тайёргарликка мувофиқ таъминланади.
Давлат хизматчилари лавозимларини эгаллаш учун кадрлар захирасини шакллантириш, уларнинг хизматда кўтарилиши хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар таъминланган ҳолда амалга оширилади.
Давлат хизматида хизматчиларнинг лавозим тоифаларини ҳисобга олган ҳолда бир жинсдаги ходимларнинг лавозимларни эгаллаши учун квоталаш тизимини белгилашни назарда тутувчи гендер сиёсати амалга оширилишини таъминлашга доир вақтинчалик махсус чораларни қўллашга рухсат берилади. Квота вақтинчалик чора сифатида жорий этилади ҳамда у давлат органларида хотин-қизлар ва эркаклар вакиллигининг мутаносиблигига эришилишига қараб бекор қилиниши мумкин.
Давлат органлари раҳбарлари лавозимларига кадрлар захирасини шакллантиришда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилигига риоя этилиши зарур.
Давлат органларининг раҳбарлари ва тегишли мансабдор шахслар хотин-қизлар ва эркакларни давлат хизматига қабул қилишда тенг ҳуқуқлиликни уларнинг қобилияти ва касбий тайёргарлигига мувофиқ таъминлаши шарт.


Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат
бўлими етакчи маслаҳатчиси                                                                                 Н.Кутлимуратова