Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

14

Коррупцияга қарши курашда фаол иштирок этайлик!


Коррупцияга қарши курашда фаол иштирок этайлик!


Коррупцияга қарши курашиш ҳар бир давлат сингари Ўзбекистон Республикасининг ҳам асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси 2008 йил 7 июль куни БМТнинг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Конвенциясини ратификация этти ва ушбу ҳужжат қоидалари асосида миллий қонунчилик тизими яратилди.
Жумладан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун, “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5729-сон Президент Фармони, жорий йилнинг 29 июнь куни      “Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги   Қарор ҳамда “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида  2019 йилда мансабдорлик билан  боғлиқ  жиноятлар  2017  йилга  нисбатан  60 фоизга (2076 / 1247), порахўрлик жиноятлари ‒ 53,3 фоизга (2310 / 1233)  камайишига  эришилган бўлса, Ўзбекистон  “Коррупцияни  идрок  этиш  индекси”да 180 та  давлат  ичида  2017 йилда ‒ 157-ўринни (22 балл),  2018 йилда ‒ 158-ўринни (23 балл)  ва  2019  йилда ‒ 153-ўринни (25 балл) эгаллади.
Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган тадбирлар натижасида 2020 йил 6 ойи давомида жами 27 нафар турли тоифадаги мансабдор шахсларга нисбатан 21 та жиноят ишлари қўзғатилиб, уларнинг 20 таси бўйича 25 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган, 2 таси бўйича жиноят ишларини тўхтатиш ҳақида қарорлар қабул қилинган. Жу жумладан, 2 нафар давлат улуши бўлган ва 4 нафар давлат улуши бўлмаган хўжалик юритувчи субъектларнинг раҳбарлари жиноий жавобгарликка тортилган.
Жинояти фош қилинган мансабдор шахсларнинг 25 нафари туман-шаҳар миқёсидаги давлат идоралари, корхона, ташкилот ва муассасаларда ишлаб келишган.
Етказилган 5 млрд. 274 млн. сўм миқдоридаги моддий  зарарлар тергов жараёнида 100 фоизи ундирилиши таъминланган.
Албатта, олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳатлар даврида ушбу иллатнинг ҳали-ҳамон давом этиши жамиятда  коррупция  кўламини  кескин  камайтириш  ҳамда  унга нисбатан  муросасиз  муносабатни  шакллантириш  мақсадида  аҳолининг  коррупцияга  қарши  курашишдаги  фаоллигини  янада  оширишни  тақозо  этади.
Жорий йилнинг 19 август куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишда бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясининг 37-моддасида коррупция билан боғлиқ жиноятлар ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш  чораларини  кўриш  белгиланган.
Бу борада хорижий  давлатлар  тажрибаси  ўрганилганда,  АҚШ,  Канада,  Корея,  Руминия,  Қозоғистон,  Қирғизистон ва  бошқа  давлатлар  қонунчилигида  коррупцияга  қарши  курашишнинг  самарали  механизми  сифатида  коррупцияга  оид  ҳуқуқбузарликлар  ҳақида  хабар  берган  шахсларни  рағбатлантириш  белгиланган.

Хўш Қарор лойиҳасида нималар назарда тутилмоқда?

Аввало шуни қайд этиш лозимки, коррупцияга қарши ҳуқуқбузарлик ва жиноят турлари аниқ кўрсатилмоқда.
Жумладан, коррупцияга оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар ‒ Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 61-1-моддаси (нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш), 193-1-модда (давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш) ва 193-2-модда (давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши)ларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар тушунилади.
Коррупцияга оид жиноятларга  Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 167-моддасининг иккинчи қисми “г” банди (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш жиноятини мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган бўлса), 168-модданинг учинчи қисми “в” банди (фирибгарлик жиноятини хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этилган бўлса), 192-9-модда (тижоратда пора эвазига оғдириб олиш)-192-10-модда (нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш), 205-модда (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) , 209-модда (мансаб сохтакорлиги), 210‒214-моддалари (пора олиш, пора бериш, пора олишда воситачилик қилиш, давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш, давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши), 243-моддасида (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) назарда тутилган жиноятни мансаб мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этилган ҳамда 301-моддасида (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) киради.
Лойиҳада коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берганлик учун фуқаролар,  нодавлат  тижорат  ташкилоти,  давлат  органи  ва  фуқаролар ўзини  ўзи  бошқариш  органининг  хизматчисини  рағбатлантириш;
рағбатлантириш  асоси  сифатида  берилган  коррупцияга  оид  ҳуқуқбузарлик  ҳақида  хабар  бўйича  суднинг  айблов  ҳукми  ёки  ЖПКнинг 84-моддаси  1-қисми  1‒3-бандлари,  3-қисми  ва  5-қисми  1-банди  бўйича  жиноят  ишини  тугатиш  ҳақидаги  қарор  (ажрим)  кучга  кириши  ёхуд  қидирувни  бекор  қилиш  ҳақида  қарор  (ажрим)  қабул қилиниши;
коррупцияга оид ҳуқуқбузарликнинг ижтимоий хавфлигидан келиб  чиқиб,  бюджетдан  базавий  ҳисоблаш  миқдорининг  3 бараваридан 25  бараваригча, пора ёки зарар суммаси БҲМнинг 100  бараваридан  ошган  тақдирда  пора  (зарар)  суммасининг  15 фоизгача  миқдорда  пул  мукофоти  билан  рағбатлантириш;
коррупцияга  оид  жиноятларни  фош  этишда  аҳамиятга  эга далиллар  ҳақида  хабар  берганлик, тергов ва тезкор-қидирув тадбирларини  ўтказишда  кўмаклашганлик  учун  ташаккурнома  ёки  эсдалик  совға  билан  рағбатлантириш;
пул  мукофоти  билан  рағбатлантириш  масаласи  коррупцияга қарши курашувчи органларда тузиладиган махсус комиссиялар томонидан,  ташаккурнома  ва  эсдалик  совға  билан  рағбатлантириш  коррупцияга  қарши  курашувчи  орган  томонидан  кўриб  чиқилиши белгиланмоқда.
Қарор  лойиҳасида пул мукофотлари  Ўзбекистон  Республикасининг  Давлат  бюджетидан  тўланиши белгиланган ва бу ҳар  йили  қўшимча  ўрта  ҳисобда  300-500  млн  сўм  маблағлар  талаб  этади. Маълумот учун: Қозоғистонда  2017/19  йилларда  бюджетидан  коррупцияга  оид  ҳуқуқбузарлик  ҳақида  хабар  берганлик  учун 708 нафар  шахс  99 млн  тенге  (2,4 млрд сўм),  жорий  йил  1-чорагида  44 нафар  шахс 7,2 млн  тенге  (176,6 млн сўм)  билан  рағбатлантирилган.
Хулоса ўрнида айтганимизда, бу ислоҳатлар коррупцияга қарши муросасиз курашиш орқали жамиятимизнинг тўсқинликсиз ривожланиши, соҳага малакали кадрлар жалб қилиниши ҳамда аҳолига сифатли давлат хизматларини кўрсатишга ёрдам беради.
Ташкилий-ҳуқуқий шаклига қарамасдан ҳар бир ташкилотда очиқлик ва шаффофлик, ҳисобдорлик тамойиллари мунтазам равишда жамоатчилик назоратида бўлиши лозим.

Насиба Кутлымуратова,

Қорақалпоғистон Республикаси
Адлия вазирлиги етакчи маслаҳатчиси