Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

12

АДЛИЯ БЎЛИМИНИНГ АРАЛАШУВИ БИЛАН ХОДИМ ИШГА ТИКЛАНДИ


АДЛИЯ  БЎЛИМИНИНГ АРАЛАШУВИ БИЛАН ХОДИМ ИШГА ТИКЛАНДИ
Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани адлия бўлимига                     2019 йил 7 май куни Беруний тумани Тинчлик ОФЙда яшовчи фуқаро Г.Палваниязова аттестация натижасига кўра Бандликка кўмаклашиш марказида ишдан бўшатилганлигидан норози бўлиб, ўз иш ўрнига тикланишига амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Фуқаронинг мурожаати Беруний тумани адлия бўлими томонидан ўрганиб чиқилди ва Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Меҳнат органлари ходимларини аттестациядан ўтказиш бўйича ҳудудий комиссия мажлисининг 8-сонли баёни қарорига асосан меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисмига (айнан қайси банди эканлиги кўрсатилмасдан) кўра бекор қилинганлиги, ҳақиқатда аттестация ўтказилган даврда фуқаро касаллиги туфайли туман Марказий касалхонаси кардиология бўлимида стационар тартибда даволанганлиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 9-ИЧ-сонли буйруғи билан тасдиқланган ходимларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 17-банди талаблари бузилганлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 12-сон “Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти) ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида”ги қарорининг                          42-бандида Меҳнат шартномаси Меҳнат кодекси 100-моддаси                                     2-қисми 1, 2 ва 6-бандлари, шунингдек 106-моддасининг 2-банди асосида бекор қилинаётганда иш берувчи ходимни шу корхонанинг ўзида ишга жойлаштириш чораларини кўришга мажбурлиги белгиланган.
Агар меҳнат низосини кўриш жараёнида иш берувчи томонидан меҳнат шартномаси юқорида қайд этилган асосларга кўра бекор қилинаётганда, ходимни шу корхонага ишга жойлаштириш имконияти бўла туриб, бундай чора кўрилмагани тасдиқланса, суд меҳнат шартномасини бекор қилишни ғайриқонуний деб топиб, ходимни аввалги ишига (лавозимига) тиклайди.
Лекин иш берувчи томонидан юқорида кўрсатилган талаблар бажарилмаган яъни ходим билан меҳнат шартномасини МК 100-моддаси                   иккинчи қисми 2-бандига кўра бекор қилганда огоҳлантириш давомида ҳеч қандай иш таклиф қилинмаган ва меҳнат шартномасини бекор қилиниши тўғрисида берилган огоҳлантириш хатида сана ҳамда ЎзР МКнинг қайси моддасига асосан бекор қилиниши кўрсатилмаган, бундан ташқари аттестация ўтказиш комиссияси ходим томонидан тақдим қилинган тиббий маълумотномани, иш берувчи эса вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасини эътиборга олмасдан меҳнат қонунчилиги талабларига риоя қилмаган ҳолда ходим билан тузилган меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда бекор қилган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 111-моддасида меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ёки ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ҳолларда, у иш берувчининг ўзи, суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан аввалги ишига тикланиши лозим деб кўрсатилган.
Шунга кўра, Беруний тумани адлия бўлими томонидан ходим Г.Палваниязованинг меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ғайриқонуний деб ҳисобланиб, Беруний тумани Бандликка кўмаклашиш марказининг меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида буйруғини бекор қилиб, фуқаро Г.Палванизовани аввалги ишига тиклаш ва мажбурий бўш юрган кунлари учун ўртача ойлик иш ҳақи ундириш ҳақида Фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судига даъво ариза берилди.
2019 йил 11 июнь куни туман адлия бўлими томонидан берилган даъво ариза суд томонидан тўлиқ қаноатлантирилиб, фуқаро Г.Палваниязовани ўз иш ўрнига тиклаш ва мажбурий бўш юрган кунлари учун 1 247 327 сўм иш ҳақи ундириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилинди. Фуқаронинг мурожаати адлия бўлимнинг аралашуви билан тўлиқ ижобий ҳал қилинди.

Беруний туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси,
3-даражали юрист С.Раимбекова