Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

24

Ўрмон хўжалиги қўмитасида ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилганда...


Ўрмон хўжалиги қўмитасида ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилганда...

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 20.05.2019 йилдаги 154-ум-сонли буйруғи ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазирининг 21.05.2019 йилдаги 72-с-сонли буйруғи ижроси юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитасида (кейинги ўринларда – қўмита деб юритилади) ҳуқуқни қўллаш аҳволи юзасидан ҳужжатларни танлов йўли билан ўрганиш ўтказилди.
Қўмита фаолияти ўрганилганда ва таҳлил қилинганда қўйидаги қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида 80 дан ортиқ ўрмон хўжаликлари мавжуд бўлиб, шундан, 16 та ўрмон хўжаликлари Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудига тўғри келади.
Қорақалпоғистон Республикаси бўйича ўрмон фондининг умумий ер майдони 5751069,1 гектарни, шундан ўрмон билан қопланган ер майдони 1110906,01 гектарни ташкил этади. Бу Ўзбекистон Республикасидаги ўрмон билан қопланган ер майдонларининг 33 фоизини ташкил этади.
Аммо ушбу ҳудудда меҳнат қилаётган ходимларнинг кунлик озиқ-овқат ва зарур кийим бошлар билан таъминлашнинг минимал меъёрлари ишлаб чиқилмаган.
Шу сабабли ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси экологик ҳудудда жойлашганлигини ҳисобга олган ҳолда ҳамда Мўйноқ туманининг Орол денгизининг қуриган майдонларида ўрмонзарлар барпо этишни самарали ташкил этиш мақсадида ушбу ҳудудда меҳнат қилаётган ходимларнинг кунлик озиқ-овқат ва зарур кийим бошлар билан таъминлашнинг минимал меъёрларини ишлаб чиқиш ва тегишли тартибда тасдиқлаш мақсадга мувофиқ.
Шунингдек, давлат ўрмон хўжаликларида штат бирликларини ташкил этишнинг аниқ мезонлари ишлаб чиқилмаган. Шу сабабли давлат ўрмон хўжаликларида штат бирликларини ташкил этиш бўйича минимал норматив ва мезонларни ишлаб чиқилиши таклиф этилади.
Ўзбекистон Республикасининг “Ўрмон тўғрисида”ги Қонунининг 20-моддаси биринчи қисмида ўрмонларнинг давлат ҳисоби давлат ўрмон хўжалиги органлари томонидан ўрмон тузиш лойиҳалари асосида, ўрмон тузиш амалга оширилмаган жойларда эса давлат ўрмон фондини инвентаризациядан ўтказиш ва ўрганиш материаллари асосида юритилиши, ушбу модданинг иккинчи қисмида ўрмонларнинг давлат ҳисоби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ягона тизим бўйича юритилиши назарда тутилган.
Аммо Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўрмонларнинг давлат ҳисобини юритиш тартиби белгиланмаган. Натижада ўрмонларнинг давлат ҳисоби Ўрмон бўйича СССР Давлат қўмитаси томонидан 1982 йил
19 октябрда тасдиқланган “Ўрмонларнинг давлат ҳисобини юритиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқнома асосида юритиб келинмоқда.
Шунингдек, давлат ўрмон фондини инвентаризациядан ўтказиш ва ўрганиш ишлари Ўрмон бўйича СССР Давлат қўмитаси томонидан 1989 йил 8 декабрда тасдиқланган техник кўрсатма асосида олиб борилмоқда.
Шу сабабли ўрмонларнинг давлат ҳисобини юритиш тартиби ва шунингдек, давлат ўрмон фондини инвентаризациядан ўтказиш ва ўрганиш тартиблари ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши таклиф этилади.
Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 2017 йилда 22579 га, 2018 йилда 22423,8 га ер майдонларига маданий ўрмонзорлар барпо қилинган ва кўчатхоналар ташкил қилинган. Бунинг учун давлат бюджет маблағлари ҳисобидан 2017 йилда 5 746 879 500 сўм, 2018 йилда 6 996 771 400 сўм, жами 12 743 650 900 сўм пул маблағлари сарфланган.
Мазкур ҳолатда маданий ўрмон экинларининг кўкариш фойизи бўйича баҳолаш мезонлари Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги бош бошқармасининг 2012 йил 7 майдаги 48-сон буйруғи билан тасдиқланган “Ўрмон хўжаликларида бажариладиган лойиҳа-қидирув ва ўрмон тузиш ишлари тартиби тўғрисида”ги Низом ва шунингдек, Э. Бердиев, Ғ. Салоҳиддинов ва С. Турдиевларнинг ҳаммуаллифлигидаги “Ўрмон тузиш” деб номланган ўқув қўлланма (Тошкент, 2016 йил) асосида олиб борилмоқда.
Аммо шунга қарамай ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича Қўмитага таклифлар киритиш ҳудудий бошқармаларнинг вазифаларидан бири бўлса ҳамки, Қўмита томонидан ушбу йўналиш бўйича қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан Қўмитага биронта таклиф киритилмаган.
Ўзбекистон Республикасининг “Ўрмон тўғрисида”ги Қонунининг
15-моддасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари пичан ўриш ва чорва молларини ўтлатиш нормаларини давлат ўрмон хўжалиги органларининг тақдимномасига биноан тасдиқлаши белгилаб қўйилган.
Аммо чорва молларини ўтлатиш нормалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан тасдиқланган. Пичан ўриш нормалари эса, шу кунга қадар умуман тасдиқланмасдан келинган.
Амалдаги қонунчиликда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг пичан ўриш ва чорва молларини ўтлатиш нормаларини тасдиқлашдаги ўрнини аниқлаштириш таклиф этилади.
Ўзбекистон Республикасининг “Ўрмон тўғрисида”ги Қонунининг 18-моддасида ўрмон тузиш лойиҳалари давлат экспертизасидан ўтказилиши, давлат ўрмон хўжалиги органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тасдиқланиши белгиланган.
Аммо Республика бўйича 14 та давлат ўрмон хўжаликларида ишлаб чиқилган ўрмон тузиш лойиҳалари давлат экспертизасидан ўтказилмаган, давлат ўрмон хўжалиги органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тасдиқланмаган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 15 ноябрдаги 250-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат ўрмон кадастрини юритиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг
23-бандида ҳужжати расмийлаштирилган ва белгиланган тартибда тасдиқланган ҳисобга олиш ахборотлари кадастр дафтарига ёзилиши ва Давлат ўрмон кадастрининг автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилиши белгиланган.
Аммо бугунги кунда Давлат ўрмон кадастрининг автоматлаштирилган ахборот тизими йўлга қўйилмаган.
Қўмита томонидан 2017-2018-2019 йилларда ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича Қўмитага таклифлар киритилмаган, ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан ҳудудий назоратни юритиш соҳасида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмаган.
Қўмита томонидан ўрмон касалликлари ва зараркунандаларини текшириш ишлари 2018 йилда 2805 гектарни қамраб олган бўлса, зараркунандаларга қарши курашнинг ерда олиб бориладиган тадбирлари 2743 гектарни ташкилқилган бўлса, биологик тадбирлари 642 гектарни ташкил этган, кимёвий тадбирлар режалаштирилмаган. 2019 йилда зараркунандаларга қарши курашиш бўйича жорий йилнинг 1-чорагида режалаштирилмаган.
Қўмитанинг вазифалари қаторида келтирилган манзарали ўсимликлар кўчатларини ва экиш материалларини сертификатлаш ва стандартлаштиришни жорий қилишга кўмаклашиш вазифаси 2017 йил 29 декабрда тасдиқланган Қўмита низомида қайд этилмаган.
Адлия Вазирлиги томонидан ўтказилган ўрганиш натижасида аниқланган хато-камчиликлар ва қонун бузилиш ҳолатлари бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиётида аниқланган ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик, уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида Қўмитага тақдимнома киритилди, қонунбузилиш ҳолатларига йўл қуйган айбдор масъул шахсларнинг интизомий жавобгарлик масалаларини кўриб чиқилди. Шунингдек, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўлими етакчи маслаҳатчиси Иматов Азат Маратович