Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

07

“Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти


Мамлакатимиз Биринчи Президентимиз раҳнамолигида болалар ва ёшларга оид 22 қонун, Президентимизнинг 27 фармон ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 46 қарори ҳамда 200 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани, Олий Мажлис томонидан болалар ва ёшлар ҳуқуқларига оид 10 га яқин халқаро шартномалар ратификация қилингани ушбу йўналишдаги ишларда муҳим ҳуқуқий асос бўлаётир. Айниқса, 1991 йил
20 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонун асосида ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилди. Аммо таҳлилий ўрганишлар шуни кўрсатдики, давр тараққиёти ушбу қонун нормаларини бугунги кун талаблари асосида янада такомиллаштиришни талаб этади.
Шу нуқтаи назардан мазкур қонунни янада такомиллаштириш, замон руҳига мослаш мақсадида парламент томонидан янги таҳрирдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди. Мазкур Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан, яъни
2016 йил 15 сентябрдан кучга кирди. Қонун 4  боб, 33 моддадан иборат қонунда ёшлар бўйича давлат сиёсатининг мақсад ва тамойиллари, ёшларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий муҳофазаси, таълим олиш ҳуқуқи, иқтидорли ёшларга нисбатан давлат кўмагини амалга ошириш каби долзарб масалалар қамраб олинган. Унда очиқлик ва шаффофлик, ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда ёшларнинг иштироки, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, маънавий, ахлоқий ва маданий қадриятлар устуворлиги, ёшларнинг камситилишига йўл қўймаслик ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий принциплари сифатида белгиланди. Бу бежиз эмас. Чунки ушбу тамойиллар ёшлар тарбиясида муҳим аҳамиятга эга.
Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати — ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишлари алоҳида моддада белгилаб қўйилди. Унда ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, маънавий, интеллектуал, жисмоний-ахлоқий жиҳатдан камол топишига кўмаклашиш ўз ифодасини топди. Шунингдек, келажагимиз эгаларини ватанпарварлик, бағрикенглик, қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, кенг дунёқарашга эга қилиб тарбиялаш, терроризм, диний экстремизм, сепаратизм, фундаментализм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилиш каби меъёрлар ўз аксини топган. Бундан таш¬қари, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, иқтидорли,  истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш, тадбиркорликни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ёш оилаларни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб уй-жой ва ижтимоий-маиший шароитларни яратиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш борасидаги қоидалар мустаҳкамланди, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш каби меъёрлар киритилди.
Қонунда “ёшларга оид давлат сиёсати”, “ёшлар (ёш фуқаролар)”, “ёш оила”, “ёш мутахассис”, “ёшлар тадбиркорлиги” каби 5 асосий тушунчага таъриф берилган. Масалан, “ёшлар (ёш фуқаролар)” деганда,
14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган шахслар назарда тутилмоқда. “Ёш оила” тушунчаси эса эр-хотиннинг иккиси ҳам ўттиз ёшдан ошмаган оила ёхуд фарзанд (бола) тарбиялаб вояга етказаётган ўттиз ёшдан ошмаган ёлғиз отадан ёки ёлғиз онадан иборат бўлган оила, шу жумладан, никоҳдан ажралган, бева эркак (бева аёл) тушунилади.
Қонунда, шунингдек, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат идораларининг тизими ва уларнинг ваколатлари ҳам мус¬таҳкамлаб қўйилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, меҳнат, маданият ва спорт ишлари бўйича ташкилотлар ва бошқа бир қатор идоралар мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда қандай ваколатларга эга экани белгиланган. Бундан ташқари, унда ёшлар ҳуқуқлари ва эркинликлари, ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатлари, иқтидорли ва истеъдодли, тадбиркор ёшларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалалари алоҳида моддаларда ўз аксини топган.
Мазкур қонуннинг яна бир ўзига хос жиҳати — унда ёшлар ва ёш оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасида Ёшлар ижтимоий хизмати фаолият кўрсатиши белгилаб қўйилди. Мазкур ижтимоий хизматнинг асосий вазифаси — ёшларга психологик-педагогик, юридик ёрдам кўрсатиш ва маслаҳатлар бериш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборат.


Қорақалпоғистон Республикаси
Адлия вазирлиги Нодавлат нотижорат
ташкилотлар бўлим бошлиғи                    З. Ходжахметов