Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

20

Яна ўша боғча масаласи...


Яна ўша боғча масаласи...
    Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар навқирон авлод вакилларининг чуқур билим ва кенг дунёқарашга эга бўлиб вояга етишини таъминлашдек эзгу мақсадга қаратилган.
Ҳар бир болани илм олишга, касб-ҳунар эгаллашга йўналтириш бугунги кунда юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Нукус тумани Ақманғыт ОФЙда яшовчи фуқаро П.Айтжанова ҳам фарзандининг бошқа болалар каби таълимни аввало боғчадан бошлашини, унинг келажакда етук инсон бўлиб етишишини хоҳлайди.
Ушбу фуқаро 2018 йил 2 май куни фарзанди Н.Рысбаевни Нукус тумани МТБга қарашли 6-сонли МТМга жойлаштириш учун Давлат хизматлари маркази орқали 2-сон билан умумий навбатга қўйган. Бироқ қарийб бир йилдирки навбати келмайди. Ушбу масала юзасидан бир неча марта туман Мактабгача таълим бўлимига бориб тушунтириш сўрайди, бироқ у ердагилар сен умумий навбатдасан олдин имтиёзли навбатдагилар олинади (отлиққа йўғу пиёдага йўл бўлсин қабилида) ҳар сафар навбати келмаганлигини баҳона қилиб қайтаришади. Ваҳоланки, П.Айтжанова ундан кейин навбатга қўйилган ён қўшнисининг фарзанди имтиёзли бўлмаса ҳам ўша боғчага олинганлигини билсада, буни айтишдан истиҳола қилади.
Адолатсизликдан безиб кетган фуқаро ниҳоят Адлия бўлимига мурожаат қилиб, мурожаатда кўрсатилган барча важларни қонуний ҳал қилиб беришни сўради.
Бўлим томонидан мурожаат бўйича Мактабгача таълим бўлимида ўрганиш ўтказилди.
Ўрганиш натижасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 мартдаги 244-сонли қарори билан тасдиқланган “Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг Маъмурий Регламенти” талаблари бузилган ҳолда ушбу боғчага фуқаро П.Айтжанованинг фарзандидан кейин рўйхатдан ўтган 5 та бола қабул қилинганлиги аниқланди.
Ўтказилган ўрганиш натижасига кўра Мактабгача таълим бўлимига тақдимнома киритилиб, айбдор шахслар интизомий жавобгарликка тортилди.
Энг муҳими эса, П.Айтжанованинг фарзанди 6-сонли МТМга жойлаштирилди ва у энди фарзандининг ҳар томонлама баркамол инсон бўлиб вояга етишишига ишонади.

Нукус тумани Адлия бўлими бош маслаҳатчиси            З.Балтабаева