Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

10

Сиз қонунни биласизми?


Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Сиз қонунни биласизми?” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи якунланди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия, Ички ишлар вазирликлари, Ўрта-махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган мазкур танловда шаҳар, туман ҳамда минтақавий босқичларда ғолиб бўлган тўрт жамоа иштирок этди.

Танловда иштирокчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Оила ва Меҳнат кодексларининг ёшларга оид бандлари ҳамда Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларга сайловлар, сайловчиларнинг ҳуқуқлари, виждон эркинлиги, аҳолини иш билан таъминлашга оид қонунлар, ҳукумат қарорлари бўйича ҳуқуқий билим даражаси савол-жавоблар орқали аниқланди. Ўқувчилар томонидан намойиш этилган тергов ва суд жараёнларига оид саҳна кўринишлари асосида уларнинг ўз ҳуқуқий билимларини амалда қўллай олиш қобилияти синовдан ўтказилди.

Танловда Нукус ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг “Адолат қалқони” жамоаси ғолибликни қўлга киритиб, мамлакат босқичига йўлланма олди. Иккинчи ўрин Қораўзак иқтисодиёт ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежининг “Фемида” жамоаси, учинчи ўрин эса Шуманай педагогика коллежининг “Адолат” жамоасига насиб этди.

Ғолиб жамоаларга танлов ташкилотчиларининг совғалари ва дипломлар топширилди.