Ўзбекистон Республикасининг Давлат рамзлари
"Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари — байроғи, герби, ва мадҳиясига эга." (Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 5-моддаси)
Давлат байроғи
Давлат байроғи Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 18 ноябрдаги 407-XII-сонли «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги Қонуни билан тасдиқланган.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи — байроқнинг бутун узунлиги бўйлаб ўтган тўқ мовий ранг, оқ ранг ва тўқ яшил рангли учта эндан таркиб топган тўғри тўртбурчак шаклидаги матодир.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг узунлиги 250 сантиметрга, кенглиги 125 сантиметрга тенг. Мовий ранг, оқ ранг ва яшил рангли энларнинг кенглиги бир хил. Ҳар бир эн 40 сантиметрга тенгдир. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг ўртасидаги оқ рангли эннинг четларидан кенглиги 2,5 сантиметрга тенг қизил ҳошиялар ўтказилган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг юқори қисмидаги мовий рангли эннинг юз томони ва орқа томонида дастага яқин жойида оқ рангли янги ой ва унинг ёнида ўн иккита оқ рангдаги беш қиррали юлдуз тасвирланган.
Оқ рангли янги ой ва ўн иккита оқ рангли беш қиррали юлдузнинг тасвири мовий рангли юқори эннинг ўртасидан 70x30 сантиметрга тенг тўғри тўртбурчакка сиғадиган қилиб жойлаштирилган.
Оқ рангли янги ой вертикал ҳолатда дўнг томони дастага қаратилган, дастадан 20 сантиметр масофада жойлаштирилган бўлиб, диаметри 30 сантиметрли доирага сиғади.
Ўн иккита оқ рангли беш қиррали юлдуз диаметри 6 сантиметрли доирага сиғади. Доиралар орасидаги масофа 6 сантиметр. Юлдузлар узунасига ва тиккасига қуйидаги тартибда жойлашади: юқори қаторда учта, ўрта қаторда тўртта ва қуйи қаторда бешта юлдуз. Қуйи қатордаги юлдузлар янги ойнинг пастки учидан 3,5 сантиметр масофада жойлашади.
Олди томони
Орқа томони
Cхематик расми
Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қуйидаги кўринишга эга: тоғлар, дарёлар ва сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб туради. Гербнинг юқори қисмида Республика ҳурлигининг рамзи сифатида саккизбурчак тасвирланган бўлиб, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз тасвирланган. Гербнинг марказида бахт ва эрксеварлик рамзи — қанотларини ёзган Ҳумо қуши тасвирланган. Гербнинг пастки қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бантида «O‘zbekiston» деб ёзиб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг рангли кўринишида: Ҳумо қуши ва дарёлар — кумуш рангида; қуёш, бошоқлар, пахта чаноқлари ва «O‘zbekiston» ёзуви — олтин рангида; ғўза шохлари ва барглари, тоғлар ва водий — яшил рангда; чаноқлардаги пахта — оқ рангда; лента — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангларини акс эттирувчи уч хил рангда; саккизбурчак — олтин зарҳал билан ҳошияланган ҳолда ҳаво рангда; ярим ой ва юлдузлар — оқ рангида тасвирланган.
Давлат мадҳияси
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг матни ва мусиқаси Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 10 декабрдаги 768-ХII-сонли «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги Қонуни билан тасдиқланган.
Мадҳия матни
Серқуёш, ҳур ўлкам, элга бахт, нажот,
Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон!
Яшнагай то абад илму фан, ижод,
Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!
Олтин бу водийлар — жон Ўзбекистон,
Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!
Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,
Оламни маҳлиё айлаган диёр!
Бағри кенг ўзбекнинг ўчмас иймони,
Эркин, ёш авлодлар сенга зўр қанот!
Истиқлол машъали, тинчлик посбони,
Ҳақсевар, она юрт, мангу бўл обод!
Олтин бу водийлар — жон Ўзбекистон,
Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!
Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,
Оламни маҳлиё айлаган диёр!
Қорақалпоғистон Республикаси Давлат рамзлари.
Қорақалпоғистон Республикаси Давлат байроғи
“Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Низом 1992 йил 14 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг XI сессиясида қабул қилинган.
Қорақалпоғистон Республикаси Давлат герби
“Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида”ги Низом 1993 йил 9 апрель куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг XII сессиясида қабул қилинган.
Қорақалпоғистон Республикаси Давлат мадҳияси
“Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги Низом 1993 йил 24 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг XIV сессиясида қабул қилинган.
И. Юсупов- сўзи
Н. Мухаммеддинов - мусиқаси
Жайхун жагасында оскен бай терек,
Туби бир шакасы мын болар демек,
Сен сондай саялы, куяшлы елсен,
Тынышлык хам ыгбал сендеги тилек.
Нақорат:
Дийхан баба напеси бар жеринде,
Жуусан анкып, кийик кашар шолинде,
«Каракалпакстан» деген атынды,
Ауладлар адиулер журек торинде.
Айдын келешекке шакырар заман,
Мартлик мийнет, билим жеткизер оган,
Халкын бар азамат, дос хам мехрибан,
Еркин жайнап–жасна, манги бол аман.
Нақорат:
Дийхан баба напеси бар жеринде,
Жуусан анкып, кийик кашар шолинде,
«Каракалпакстан» деген атынды,
Ауладлар адиулер журек торинде.