Соғлом никоҳ-соғлом авлод пойдевори

Оила фуқаролик жамиятининг таянч нуқтаси, таянч тузилмасидир. Чунки, бу муқаддас даргоҳда нафақат инсон дунёга келади, балки у маънан ва аҳлоқан тарбия топади. Соғлом муҳит, муносабатлардаги илиқлик, ўзаро тушуниш мавжуд бўлган оилада нафақат фаровон ва бахтли турмуш, балки фарзанд ўстириш ва вояга етказиш муносиб амалга ошади.

Шунинг учун ҳам фарзанднинг соғлом туғилиши, соғлом ўсиши, соғлом тарбияланиши ва ниҳоят соғлом фикрли шахс бўлиб шаклланиши оилага боғлиқ. Саломатлик – бу нафақат соғ-саломат юриш дегани, балки узоқ умр кўриш гарови ҳамдир.

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор бериб, жисмоний, аҳлоқий ва маънавий соғлом авлодни тарбиялаш концепциясини ишлаб чиқди. 1993 йилда Республика биринчи Президентининг Фармони билан “Соғлом авлод учун” орденининг таъсис этилиши бу соҳага бўлган эътиборнинг ёрқин намунасидир.

Ушбу фармонда “Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ёш авлод саломатлигини мустаҳкамлаш, уни маънавий, аҳлоқий ва жисмоний жиҳатдан тарбиялаш, унга ватанпарварлик ва Она-юртга меҳр-муҳаббат туйғусини сингдириш” бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири эканлиги таъкидлаб ўтилган.

Масаланинг ўта муҳимлигидан келиб чиқкан ҳолда янги қурилаётган оилаларни турли хил ижтимоий, руҳий, ирсий касалликлардан ҳимоялашни назарда тутиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги қарори билан “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги Низомда мазкур масаланинг ташкилий ва ҳуқуқий томонлари атрофлича таҳлил қилиниб, унга мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилди. Келажак авлодлар саломатлигига асос яратиш учун эса соғлом болалар туғилишини таъминлаш керак. Шу сабабли соғлом авлодни тарбиялаб вояга етказиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Ҳўш, соғлом никоҳ учун қандай талаблар қўйилади? Булар аввало турмуш қураётган ёшларимизнинг ёшига тааллуқли бўлиб, кўпгина мутахассис олимларимизнинг фикрига кўра, қизлар 20-22 ёшда, йигитлар 23-25 ёшда бўлгани маъқул. Аввало йигит ва қизларимиз турмуш қуришдан олдин тиббий кўрикдан ўтишлари мақсадга мувофиқдир.

Улар “Оила ва никоҳ” маслаҳатхоналарида, генетик марказлардан маслаҳат олишлари, бўлажак зурриётининг саломатлиги ҳақида қайғуришлари керак.

Ҳозирги замон тиббиёт фани ва амалиёти даволашдан ожиз бўлиб турган бир қатор ирсий касалликларнинг олдини олишда бу муҳим аҳамият касб этади. Бундай ирсий касалликларни келтириб чиқарувчи омилларга яқин қариндош-уруғлар ўртасидаги ўзаро никоҳлар ҳам киради.

Республикамиздаги барча ФҲДЁ органларида “Ёш оила қурувчилар” мактабларининг фаолияти йулга қўйилди. Шу жумладан, бизнинг ФҲДЁ органимизда ҳам бир канча тадбирлар ўтказилди. Тиббий-кўрик, оила қуриш, уни мустаҳкамловчи омиллар, ота-оналик масъулияти, фарзанд тарбияси, эрта турмуш қуриш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари каби масалалар буйича ахборот-таълим дастурлари амалга оширилмоқда. Тиббий маданиятни юксалтириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида ўтказилаётган бундай тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида ёшларимизда, ота-оналарда тиббий кўрикка нисбатан муносабати тубдан ўзгарди. Бундай тадбирлардан кўзда тутиладиган ва уларни амалга ошириш натижасида эришиладиган асосий мақсад миллатнинг генофондини яхшилаш, оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш, оилада соғлом фарзанд туғилиши ва уларни тарбиялаб етиштириш учун зарур шарт-шароит яратишдан иборатдир.

И.ЕржановаКегейли тумани 1-сон ФҲДЁ бўлими мудираси 


Рўйҳатга қайтиш