Оилани ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг, биринчи навбатда оила ва ёшлар масаласини давлат сиёсати даражасига кўта­риб, уларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш ишлари­ни амалга ошириб келмоқда. Сабаби ҳуқуқий давлат қуриш ва ижтимоий ҳаётнинг демократик асосларини яратиш умуминсоний бойликларнинг, энг аввало шахс умри, соғлиги, обруси, қадри, ҳуқуқ ва манфаатларининг устунлигини назарда тутади.

Бинобарин, оилага бўлган эътибор ҳар доим жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалаларидан бири сифатида баҳоланиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов қуйидагиларни таъкидлаган эди: ҳар қайси миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда, ҳеч шубҳасиз, оиланинг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Чунки инсоннинг энг соф ва покиза туйғулари, илк ҳаётий тушунча ва тасаввурлари биринчи галда оила бағрида шаклланади.

Дарҳақиқат, оила жамиятнинг асосий бўғини бўлиб, у баркамол авлод тарбиясининг асосий ўчоғи ҳамда шахс ва жамият маънавиятини белгилаб берувчи асосий омиллардан биридир. Шунинг учун ҳам ҳар қандай давлат оила ва ёшлар манфаатлари томонида туради, уларни ҳимоя қилиш сиёсатини олиб боради, уни мустаҳкамлашга қаратилган барча чора-тадбирларни амалга оширади.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида оила ва ёшларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш конституцион даражада инсон ва фуқаронинг энг асосий ҳуқуқларидан бири сифатида эълон қилинган. Давлат ҳар доим оила институтининг аҳамиятлилигини тан олган, давлат сиёсати ҳам асосан инсон ҳуқуқ ва эркинларининг ажралмаслигини ва туғилганидан бошлаб ҳар бирига тегишлилигидан, оналик ва болалик, оила давлат муҳофазасида бўлишидан келиб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида «Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга»,- деб белгиланган. Асосий қонуннинг 65-моддасида бўлса, «оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади» деб кўрсатилган. Шу асосда, оилага ва ўсиб келаётган ёш авлодга ғамхўрлик қилиш, уларнинг маънавий ва жисмоний соғлом ўсиши учун шароит яратиш ва ривожланишини таъминлаш жамият ва давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири эканлигини кўришимиз мумкин.

Ўсиб келаётган ёш авлод етук инсон бўлиб шаклланишида, ватанимиз учун чин дилдан хизмат қиладиган фарзанд бўлиб етишишида оиланинг ва ундаги тарбиянинг роли алоҳида ўрин эгаллайди.

В.Гюго «Оила-жамиятнинг дури-гавҳари» деган эди, Ф.Адлер бўлса «Оила – бу кичик жамият, унинг мустақиллиги одамзот жамиятининг ҳавфсизлигига боғлиқ» - деб ёзган эди.

Оилага берилган бундай юқори баҳолар унга мос бўлган функцияларнинг инсон ва жамият учун чексиз кенглиги ва катта аҳамиятга эга эканлигидан келиб чиқади. Шахс етук инсон сифатида шаклланиши учун барча шароитлар фақатгина оилада бўлади. Оилада инсоннинг бир-бирига ғамхўрлик қилиши, эр-хотин, ота-она, фарзанд ва улар ўртасидаги бир-бирига нисбатан мажбурият бошқа ҳеч қайси бир жамиятда бўлмайди. Жамиятнинг асосий бойлиги ҳисобланган инсон биринчи навбатда оилада юзага келади. Бизнинг келажакдаги обод ҳаётимиз ўз оиламизда, ўзаро муносабатларимизни қандай тузганлигимизга боғлиқ.

Қачон оилада тинчлик ва бир-бирини тушиниб, эр-хотин ва болалар ўртасидаги тенглик ва ўзаро бир-бирини ҳурмат қилиш ҳукмронлик қилса, буни табият дурдонаси деб аташ мумкин.

Президентимиз таъкидлаганидек, онгли яшайдиган ҳар бир одам яхши англайдики, бу ёруғ оламда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, ҳаёт абадийлиги, бебаҳо неъмат бўлмиш фарзанд бор. Фарзанд бор экан, одамзот ҳамиша келажакни ўйлаб, эзгу орзу ва интилишлар билан яшайди.

Мамлакатимизда 2014 йилнинг “Соғлом бола йили” деб эълон қилиниб, Давлат дастури қабул қилинди. “Соғлом бола йили” Давлат дастурида ҳам ёш авлоднинг дунёга келиши масаласига соғлом ва аҳил оиланинг меваси сифатида қараб оилада ўзаро ҳурмат ва меҳр-муҳаббат, юксак аҳлоҳий ва маънавий қадриятлар муҳитини шакллантириш, ёш оилаларнинг оёққа туриб олиши учун моддий ёрдам кўрсатиш, оналик ва болалик ҳимоясини таъминлаш, она ва боланинг саломатлигини мустаҳкамлашга доир вазифалар белгилаб қуйилган.

Ҳозирги кунда қурилаётган ёш оилалар давлатимизнинг келажак авлодини тарбиялаб, жамиятимиз таянчи бўлган иқтидорли, ватанпавар ёшларни камолга келтирувчи асосий буғин ҳисобланади. Оила қанчалик даражада мустаҳкам бўлса, жамият ҳам мустаҳкам бўлади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, биз учун бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қўришда оиланинг роли жуда аҳамиятли. Бу барча фуқароларимиздан ўз оиласини мустаҳкамлаш, унинг ҳар бир аъзосини ватанпарвар, давлатимиз учун чин дилдан хизмат қиладиган фарзанд этиб тарбиялашни талаб қилади.

Ринат АйтмуратовҚорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги Тарғибот ва ҳуқуқий маърифат ишлари

бўйича етакчи маслаҳатчи


Рўйҳатга қайтиш