Соғлом оиланинг ҳуқуқий асоси

Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга.

(Конституция 63-модда)

Президентимиз ўзининг “Юксак маънавият - енгилмас куч” асарида “Ёшларимизни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, ҳаёт абадийлиги, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган маънавият қўрғони бўлмиш оилани мустаҳкамлаш бугунги кунда барчамизнинг наинки асосий вазифамиз, балки инсоний бурчимизга айланишини истардим”, дея алоҳида таъкидлаган эди. Бу бежиз эмас. Чунки оила жамиятнинг пойдеворидир. У қанчалик соғлом, файзу баркали бўлса, жамият ҳам шу қадар мустаҳкам, қудратли бўлади.

Истиқлол йилларида ёшларга оила қуриш нақадар муҳим ва масъулиятли иш эканини англатиш, соғлом оилани шакллантириш, оилада юксак маънавий-ахлоқий муҳитни қарор топтириш учун зарур шарт-шароит яратиш, ёш келин-куёвларни оилага тайёрлаш, оила манфаатларини ҳимоялаш, соғлом фарзанд ўстириш, тарбиялаш ва вояга етказиш масаласи энг устувор давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Дарҳақиқат, оила қуриш ҳар бир инсон ҳаётида муҳим ҳодиса экан, бу масала шахсий, хусусий доирадан чиқиб, ижтимоий аҳамият касб этиши ҳақида жамоатчилик орасида тарғибот тушунтириш ишларини олиб бориш муҳим аҳамиятга эга. Оила – фуқаролик жамиятининг, давлатнинг энг муҳим ҳужайраси. Сабаби ҳар бир жамият аъзосининг тарбияси, энг аввало, оиладан бошланади. Ўсиб келаётган авлоднинг етуклигини ҳам, инқирозини ҳам оила муҳити белгилаб беради. Агар оила баркамол, ота-оналар маънавиятли, қадриятларимизга эътиборли бўлса, бундай оилада ёмон фарзанд тарбияланмайди.

Бугун навқирон авлодга бўлган юксак ишонч ва эътибордан баҳра олаётган ёш оилалар ўзлари қурган янги оила учун ғурур ва масъулият ҳиссини янада теран англашга, ота-оналари, кексаларга, ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга интилиб яшамоқда.

Оила инсон тарбияси ва унинг камолотида беқиёс аҳамиятга эга. Шу боис оиланинг соғломлигини ундаги муҳит, ота-онанинг тотувлиги, бир-бирини тушуниши, қўллаб-қувватлаши, ўзаро ҳурматда бўлиши муҳим аҳамият касб этади. Маълумки, соғлом фарзанд фақат соғлом оилада туғилади.

Юртбошимиз ташаббуси билан чуқур мантиққа асосланган ҳолда, ҳар бир йилга алоҳида ном беришда инсон ва унинг манфаатларини таъминлаш, жамиятимизда тинчлик ва осойишталик, меҳр-оқибат, инсонпарварлик муҳитини мустаҳкамлаш, кўпчиликни ўйлантираётган долзарб муаммоларни ҳал қилишга устувор вазифалар сифатида қараб келинмоқда. Бу эса инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишини ташкил этаётганидан далолат беради.

Янги 2014 йилга Муҳтарам Президентимиз томонидан “Соғлом бола йилидеб ном берилиши барча давлат идоралари, нодавлат ва ижтимоий ташкилотлар қаторида Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органлари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

Ана шу мақсадлардан келиб чиқиб, оила институтини янада такомиллаштириш, никоҳ масъулияти, ҳуқуқ ва мажбуриятлар тенглиги, қон-қариндошлик муносабатларининг аҳамияти хақида янада мазмунли, самарали тарғибот ишларини олиб бориш лозим. Бунда аввло, оиланинг муқаддаслиги ҳамда никоҳ масъулияти бўйича турмуш қураётган ёшларнинг билим ва тушунчаларини бойитишга алоҳида эътибор қаратиш, хусусан, оила қуриш ҳар бир инсон ҳаётида улкан ҳодиса эканлиги, бу масала шахсий, хусусий доирадан чиқиб, ижтимоий, ҳуқуқий аҳамият касб этишини тушунтириш, иккинчидан, вояга етаётган ўсмирлар онгида оила масъулияти, уларни турмуш қуришга тайёрлаш, ёш оилаларнинг ҳуқуқий саводхонлигини тубдан яхшилаш, оилада боланинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси бўйича тадбирлар ташкил қилиш бўйича тегишли мутахассислар иштирокида тушунтириш ишларини олиб бориш зарур.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом оиланинг вужудга келиши юрт ва миллат тақдирига дахлдор масаладир.

Зеро Юртбошимиз таъкидлаганларидек, “Соғлом бола – аввало, соғлом ва аҳил оиланинг мевасидир. Биз таянчимиз ва суянчимиз, ғуруримиз ва ифтихоримиз бўлмиш болаларимизга, ишонч билан, ҳурмат-эътибор билан қарашни келажагимизга бўлган ишонч, миллатимизга, халқимизга бўлган ҳурмат-эҳтиром ифодаси деб биламиз”.

Зулхумор Балтабаева, Амударё тумани ФҲДЁ бўлими инспектори 


Рўйҳатга қайтиш