Соғлом бола - миллат давомчиси

Мамлакатимизда кейинги йилларда келажагимиз эгалари саналган ёш авлоднинг баркамол инсон сифатида вояга етишини таъминлаш учун ҳукуматимиз ва Президентимиз томонидан қатор қарор ва Фармонлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ қилинди. Шундай бўлишига қарамасдан, бугунги шиддат билан ўзгариб бораётган замон, мавжуд вазият, сиз билан биз яшаётган ёш авлод тарбияси борасида олдимизга ниҳоятда кўламдор вазифаларни қўймоқда.

2014 йилнинг мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан "Соғлом бола йили" деб номланишида ҳам соғлом авлодни вояга етказиш борасида шу кунгача қилинган ишларимизни изчил давом эттириш ва юксак босқичга кўтариш мақсадлари мужассам. Соғлом боланинг дунёга келиши, бақуват бўлиб ўсиб-улғайиши кўпгина талаб ва омилларга боғлиқ. Президентимиз таъбири билан айтганда, "Соғлом бола - аввало соғлом ва аҳил оиланинг мевасидир".

Азал-азалдан ота-боболаримиз оилани, соғлом муҳит барқарор гўшани муқаддас санаб келишган. Бугунги кунга келиб эса соғлом оила ва соғлом бола тақдири давлатимиз сиёсатининг муҳим бўғинига айланди.

Соғлом бола-миллат давомчиси. Менинг назаримда, мустаҳкам ишонч эвазига қурилган оиланинг пойдевори мустаҳкам бўлади, уларда соғлом болалар дунёга келади. Мамлакатимизда бўлғуси келин-куёвларни никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби жорий этилган бўлиб, бундан кўзланган асосий мақсад, соғлом оила қуриш, соғлом болани дунёга келтиришдир. Лекин афсуски, инсонннинг ҳаёти, туғилажак фарзанди тақдирига бевосита даҳлдор бу масалага баъзан масъулиятсизлик билан қараш ҳоллари бизни бироз ташвишга солади. Бу мавзуга Юртбошимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ҳам алоҳида урғу бергандилар. Маърузада айтилган "...қиз болаларни тарбиялаш, уларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашига ёрдам бериш, эрта никоҳларнинг, оилавий низоларнинг олдини олиш, урф-одат ва маросимларни ихчам ва тартибли ўтказиш каби вазифаларни ҳал қилишда биз кўпни кўрган, тажрибали маҳалла фаолларига таянамиз", деган сўзларидан хулоса чиқарган ҳолда ходимларимиз оила қуриш ниятида бўлимимизга келган ҳар бир ёш билан суҳбатлар ўтказишяпти.

Маҳаллаларда қандай қилганда оилаларимиз тотув ва аҳил, турмушимиз обод бўлади, қайси ҳолатда оилаларимизда соғлом бола дунёга келади, деган мавзуларда учрашувлар, савол-савоб кечалари ташкил қиляпмиз, тушунтириш ишлари олиб бораётирмиз. Албатта, бу ишларимизда маҳалла фаоллари, кайвони онахонларимиз бизга яқиндан ёрдам беришмоқда.

Соғлом бола-миллат давомчиси. Соғлом бола йилининг асосий мақсад ва вазифаси юртимизда соғлом болалар туғилишига ва уларнинг баркамол инсонлар сифатида камолга етишига замин яратишдир. Бугунги кунда барча-барчанинг эзгу ишларидан кўзланган мақсад давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланган ана шу долзарб вазифани амалга оширишга қаратилган. Элим-юртим деб ёнган ҳар бир киши жамиятимиз тараққиётига, халқнинг тақдирига чамбарчас боғлиқ бу улуғвор вазифага ўз ҳиссасини қўшади, албатта.

Г.Шанаева, Хўжайли тумани 2-сонли ФҲДЁ бўлими мудираси 


Рўйҳатга қайтиш