Никоҳ – оила мустаҳкамлигининг тамал тоши

Ҳар бир инсон боласи оилада дунёга келади, оилада ўсиб улғаяди ва камолга етади. Шунинг учун оилани ҳар қанча авайлаб асрасак, улуғлаб ардоқласак арзийди. Янги фуқаролик жамиятининг бунёдкорлари ва келажак эгалари бўлган ёшлар ҳам оилада дунёга келиб, камолга етадилар. Аҳолиси 30.5 миллион кишидан ошган қудратли мамлакатимиз ёшлар мамлакати, деб таърифланади. Негаки, мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Жами аҳолининг 40 фоизи эса 18 ёшгача бўлган ёшлардир. Улар оила ва таълим муассасалари тарбиясидадирлар. Бинобарин, мамлакатимизда янги авлод вужудга келишида ва унинг ўсиб улғайиши ҳамда тарбияланишида оиланинг ўрни ва роли беқиёсдир. Шу боис ҳозирги даврда давлатимиз сиёсатида оила мустаҳкамлиги ва ёшлар тарбияси масалалари устувор йўналиш олганлиги бежиз эмас. Бунда албатта давлатимиз энг аввало конституциямизга, “Оила Кодекси” тамойилларига ва шу йўналишдаги Президентимизнинг қатор қарорлар ва фармонларга ҳамда ҳуқуқий-норматив ҳужжатларга таянади. Конституциямизда оила тўғрисида алоҳида боб ажратилиб, оила манфаатлари муҳофаза қилинаётганлиги ва оила мустаҳкамлиги тамойиллари белгиланиб кафолатланаётганлиги бежиз эмас. Конституциямизда белгиланган оила манфаатлари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларининг “Оила Кодекси” тамойиллари, талаблари ва қоидаларида янада ривожлантирилиб ва мустаҳкамланиб эр-хотин олдига қуйилаётган вазифалар ва мажбуриятлар ҳамда бурчлар қонунийлаштирилган бўлиб, уларни бажаришга ўзаро тенг ҳуқуқли бўлган, эр-хотинлар мажбурдирлар. Айниқса фарзанд тарбиясидаги ота-она масъуллиги кучайтирилиб бу борадаги мажбуриятлари ва бурчларини бекаму-кўст бажариш мажбурлиги қонунда белгилаб берилган.

Бизнинг туман ФҲДЁ бўлимимиз ходимлари Конституциямизга, “Оила кодекси” тамойиллари ва қоидаларига амал қилиб, бу борадаги ва Президентимизнинг қатор қарорлари ва Фармонларига ҳамда соҳага тегишли бошқа ҳуқуқий норматив ҳужжатларга амал қилган ҳолда оила манфаатларини кўзлаб, шунингдек, янги оила қурувчи ёш йигит-қизларнинг бахту саодатларини кўзлаб орзу-истакларини, эзгу ниятларини инобатга олган холда иш юритишмоқда.

Бугунги кунга келиб туманимизда ФХДЁ бўлимида 1300 га яқин никоҳ қайд қилиниб, ҳужжатлари расмийлаштирилди. Бу туманимиз бўйича шунча янги оила вужудга келди, демакдир. Турмуш қурган йигит-қизларнинг никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтишлари таъминланмоқда. Чунки соғлом ота-онадан соғлом фарзанд туғилишини ҳаёт тасдиқламоқда.

Ҳаёт гўзал, баъзан билиб-билмай йўл қўйган хатоликлари туфайли ажралишлар ҳам содир бўлмоқда. Ажрашаётган оилалардаги оилавий шароит ва муҳитни, келишмовчиликлар сабабини ўрганганимизда келин ёки куёв танлашдаги адашишларга йўл қўйилганлиги ойдек равшан бўлиб қолади. Шунингдек, оилавий келишмовчиликлар, низо ва жанжаллар келиб чиқишининг турли сабаблари бўлади. Бунда биринчи навбатда моддий-иқтисодий етишмовчиликлар, қайнона келин муносабатларида аҳиллик йўқлиги, эр-хотиннинг бир-бировларини тўғри тушунмаслиги, ўртада меҳр-муҳаббат, ҳурмат-иззатнинг кўтарилиши, бир-бирига хиёнат қилишлар туфайли келишмовчиликлар охир оқибат эр-хотин ажримлари билан тугайди. Жорий йилнинг бугунги кунигача мана шундай сабабларга кўра туманимиз бўйича 60 та оиланинг никоҳ ажримлари қайд этилди. Энг ачинарлиси ажрим қилинган мана шу оилаларнинг кўпчилигида камида икки нафар фарзанд тирик етим бўлиб қолмоқда. Бу гўдак болалар учун ҳам, оила учун ҳам оғир фожеадир. Бундай ачинарли ҳолатга ҳеч биримизнинг бефарқ қарашга ҳаққимиз йўқ. Қолаверса, етарли ҳаёт тажрибасига эга бўлган катта ёшдаги кишиларнинг, қайнота ва қайноналарнинг, энг яқин қариндош-уруғларнинг, маҳалланинг бундай ҳолатга совуққонлик билан қараб туришларига барҳам берадиган пайт келди.

Зеро, Соғлом авлод ҳақида янада кўпроқ қайғуриб, соғлом фарзандларнинг дунёга келиши, уларнинг ҳам жисмонан, ҳам маънавий жиҳатдан комил инсон бўлиб вояга етишлари учун ўзимиздаги бутун имкониятларимизни ишга соладиган давр келди. Чунки болалар – келажагимиздир.

С.Халбаева, Амударё туман ФҲДЁ бўлими мудираси 


Рўйҳатга қайтиш