Со­ғлом оила - никоҳ мустаҳкамлигининг гарови

Янги қурилган оила ва туғилган фарзанднинг ҳак-ҳуқуқларини мухофаза қилиш, она ва бола саломатлигини асраш, уларнинг ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан ҳимоя қилинишига эришиш учун кенг жамоатчилик орасида тушунтириш ишлари олиб бориш айниқса ФХДЁ бўлимлари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Жамият тараққиёти учун авваламбор оилалар мустаҳкам бўлмоғи керак. Ана шу мақсадда туманимиздаги хотин-қизлар қўмитаси, туман тиббиёт бирлашмаси ва бизнинг ФҲДЁ бўлимимиз томонидан маҳалаларда, ўқув муассасаларида, ёшлар, аёллар ўртасида ҳуқуқий саводхонликни ошириш юзасидан турли учрашувлар, юзма-юз мулоқотлар ўтказилиб келинмоқда.

Оиланинг мустаҳкамлиги аксарият ҳолларда она ва боланинг саломатлигига боғлиқдир. Она соғлом бўлсагина, ундан жисмоний ва ақлий жиҳатдан соғлом фарзанд дунёга келади. Аёлнинг болалик, ўсмирлик давриданоқ саломатлигига катта аҳамият бериш муҳим вазифа ҳисобланади.

Республикамизда ёшларнинг турмуш қуриши учун “Оила кодекси”га асосан эркаклар учун 18 ёш, аёллар учун 17 ёш этиб белгиланган. Аввало йигит ва қизларимиз турмуш қуришдан олдин тиббий кўрикдан ўтишлари лозим. Улар ўзлари яшайдиган поликлиникалар, тиббиёт марказларидан маслаҳат олишлари ва бўлажак зурриёдининг саломатлиги ҳақида қайғуришлари керак ва бу ирсий касалликларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Ирсий касалликларни келтириб чиқарувчи омилларга яқин қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳлар киради. Бундай оилаларда кўпинча ақлий ва жисмоний нуқсонларга эга бўлган болалар туғилиши мумкин.

Шунингдек, спиртли ичимликлар истеъмол қиладиган, тамаки чекувчи ва гиёҳвандликка ружу қўйган оилаларда туғма нуқсонли ва ақли заиф фарзандлар дунёга келиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25-августдаги “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш Низоми туғрисида”ги 365-сонли Қарори асосида никоҳланувчи шахслар ФҲДЁ бўлимига ариза берганларидан сўнг қўйидаги касалликларни аниқлаш учун текширувлардан ўтадилар:

1. Рухий касалликлар;

2. Гиёҳвандлик;

3. Сил касаллиги;

4. Яқин алоқа орқали юқадиган касалликлар;

5. ОИТС.

Текширувлар яшаш жойидаги поликлиникалар томонидан икки ҳафта муддат ичида амалга оширилади. Тиббий текширувлар никоҳланувчи шахслар учун бепул ўтказилади.

Эрта ёшда ҳомиладор бўлиш, туғиш жараёнида она ва боланинг соғлиғига хавф солиши мумкин. Ҳомиладорлик даврида тиббий кузатув олиб борилади. Тиббий кузатув аёл ва бўлажак фарзандини ҳомиладорлик ва ундан кейинги даврда соғ-саломат бўлишларида оила аъзолари масъулиятини ҳис қилишлари керак.

Мавжуд муоммоларга чек қўйиш мақсадида бизнинг Қонликўл тумани ФҲДЁ бўлимимизда ҳам ёш келин-куёвлар учун алоҳида мактаб ташкил қилинганки, унга мутахассислар, рухшунос, ҳуқуқшунослар, кўпни курган кекса отахону онахонлар таклиф этилади. Ёш оила учун никоҳни расмийлаштириш, тиббий кўрикдан ўтиш қанчалик муҳим эканлигини уларнинг ота-оналарига ҳам тушунтирамиз. Албатта, тиббий кўрикдан ўтишнинг афзаллигини энди ёшларимизнинг ўзлари чуқур англаб етмокдалар. Илгари кўп ҳолларда айнан тиббий кўрикдан ўтмасдан оила қўрган ёшлар ўртасида ажралиб кетиш ҳолатлари учраб турган бўлса, энди бундай нохушликларнинг бирмунча олди олинди. Бу эса келажакда соғлом оила деб аталган қўрғон пойдеворига қўйиладиган биринчи мустаҳкам қадамдир.

Чунки, оила қўриш масаласи ҳар бир инсон ҳаётидаги улкан ижтимоий аҳамиятга эга ҳодисадир. Буни кенг жамоатчиликка тушинтириб бориш эса ҳар биримизнинг бурчимиз ҳисобланади. Оила жамиятимизнинг ажралмас қисми, унда янги авлод дунёга келади ва вояга етади. Демак, у келажакка, сиз билан бизнинг эртанги кунимизга дахлдор.

П.АвезоваҚонликўл тумани ФҲДЁ бўлими мудираси




Рўйҳатга қайтиш