Норматив хусусиятга эга бўлган қарорлар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш

Дата: 17.01.2013    

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг асосий вазифаларидан бири - норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини тизимли таҳлил этиш, янгиланаётган ва янги қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат бошқаруви органлари, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида қай даражада амалга оширилаётганлигини ўрганиб бориш ҳисобланади.

Янгидан қабул қилинган “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддаси ва “Норматив-ҳуқуқий актлар ҳақида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига асосан, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича ишини мувофиқлаштириш Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

“Норматив-ҳуқуқий актлар ҳақида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунига асосан Қорақалпоғистон Республикасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгаши, Вазирлар Кенгаши, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга.

“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддаси асосан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 август кунги ПҚ-1602-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида”ги Низомга мувофиқ Адлия органларига “маҳаллий давлат органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, эълон қилиш ва манфаатдор шахслар эътиборига етказишнинг белгиланган тартибига амал қилиниши устидан назоратни амалга ошириш” вазифаси юклатилган.

2012 йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 20 та маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари давлат ҳисобига олинди.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши ва вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини тайёрлаш, ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва қабул қилиш бўйича ўтказилган ўрганишлар ва мониторинг натижаларига кўра маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ҳуқуқ ижодкорлиги соҳасида ишлар юқори даражада олиб борилаяпти деб айта олмаймиз.

Сабаби маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш жараёнида, жумладан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тўғри тайёрлаш, эълон қилиш ва давлат ҳисобига олишда бир қатор камчиликлар бор.

2011 ва 2012 йилнинг 9 ойи давомида халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши ва вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигига биронта ҳам норматив-ҳуқуқий тусдаги қарор лойиҳаси тақдим қилинмади. Вазирлик томонидан ҳокимликларда ўрганишлар ўтказилганда норматив тусдаги қарорлар ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмасдан қабул қилиниш ҳолатлари аниқланди.

Жумладан, Тўрткўл тумани ҳокимлигининг 2012 йил 6 январь кунги 8-сонли, Нукус шаҳар ҳокимининг 2011 йил 18 январ кунги 08/01-1-сонли, 2012 йил 22 февраль кунги 06/02-8-1-сонли қарорлари ва Кегейли тумани ҳокимининг 2011 йил 25 август кунги 77-сонли фармойиши, Чимбой тумани ҳокимининг 2011 йил 25 январ кунги 47/1 ҳамда 2012 йил 23 январ кунги 15-б-сонли қарорлари Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмасдан ва расмий нашрда эълон қилинмасдан қабул қилинган.

Маълумки, ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмаган ва расмий нашрларда эълон қилинмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳеч қандай ҳуқуқ ва мажбуриятни келтириб чиқармайди ва бекор қилинади.

2012 йил 25 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуни, “Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг давлат ҳисоби тўғрисида”ги Низомни тарғиб қилиш бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти ва давлат бошқаруви органларининг юридик хизмат ходимлари иштирокида семинар йиғилиши ўтказилди. Семинар давомида айрим туман ва шаҳар ҳокимликларининг юристлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ўзи нима эканлигини тушинмайдиган ҳолатлар аниқланди.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқ ижодкорлиги фаолияти ҳам муҳим аҳамият касб этади. Зеро, бу мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш учун йўл очиб берадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ҳамда қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасида давлат сиёсатини юритишга ёрдам беради.

Н.Шарафатдинов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Адлия вазирлиги масъул ходими