Мулк ижараси шартномасини нотариал тартибда тасдиқлаш тартиби

Дата: 30.12.2016    

Мулк ижараси шартномаси буйича ижарага берувчи ҳақ эвазига мол-мулкга вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш ёки фойдаланиш учун топшириш мажбуриятини олади.

Агар конун ёки  мулк ижараси шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ижарага олувчи ижарага олинган мол-мулкдан фойдаланиш натижасида оладиган маҳсулот, мева ва бошқа даромадлар
ўз мулки ҳисобланади.

Ер участкалари, ер ости бойликлари жойлашган участкалар ва бошқа алоҳида табиий объектлар, корхоналар ва бошқа мулкий комплекслар, бинолар, иншоотлар, ускуналар, транспорт воситалари ва фойдаланиш жараёнида ўзининг табиий ҳусусиятларини йуқотмайдиган бошқа ашё (истеъмол қилинмайдиган ашёлар мулк ижарасига берилиши мумкин.

Мол-мулкини ижарага бериш ҳуқуқи шу мол-мулк эгасига тегишлидир. Қонун ёки мулкдор томонидан мол-мулкни ижарага бериш ваколати берилган  ижарага берувчи бошқа шахслар ҳам бўлишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 539-моддаси талаби бўйича мулк ижараси шартномасини тасдиқлаш учун қуйидагилар текширилади ва талаб қилинади.

а) шартномани тузишга тарафларнинг  ваколати бор – йўқлиги;

б) ижарага берувчининг мулкка эгалик ҳукукини тасдиқловчи ёки ваколатини белгиловчи  ҳужжати;

в) ижарага берилаётган мулкка нисбатан таъқиқ ва арестнинг йўқлиги ҳақида маълумот.

г) Никоҳ давомида биргаликда орттирилган мулк бўлса иккинчи тарафнинг ёзма равишдаги розилиги талаб қилинади.

Кўчмас мулклар ижараси  шартномаларини тасдиқлашда:

- Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр хизмати маълумотномасини, кўчмас мулк ижарага берувчига тегишли эканлигини белгиловчи хужжатларини;

- уй-жойларни, квартираларни ижарага беришда уй-эгасининг вояга етган оила аъзоларининг ва у билан бирга яшайдиган яшаш майдонига ҳақли бўлган бошқа шахсларнинг розилиги:

- ижарага берувчининг вояга етган оила аъзолари ва шу квартирада яшаш майдонига ҳақли бўлган барча шахслар ҳақида яшаш жойидан маълумотнома;

- мулк ижараси шартномаси томонлар келишилган муддатга тузилади.

Агарда шартномада муддат кўрсатилмаса, шартнома номуайян муддатга тузилган ҳисобланади.

Бунда тарафлардан ҳар бири бошқа тарафларни бир ой олдин, кўчмас мулк ижарасида эса уч ой олдин ёзма равишда огоҳлантириб, истаган пайтда шартномадан воз кечиши мумкин. Мулк ижараси шартномаси бир йилдан ортиқ муддатга мўлжалланган бўлса, тарафлардан биронтаси юридик шахс бўлган ҳолларда муддатидан катъий назар, ёзма шаклда тузилиши шарт.

Кўчмас мулк ижараси шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Ижарага берувчи ижарага олувчига мол-мулкини шартнома шартлари  ва мол-мулкнинг вазифасига мувофиқ  ҳолатда топширмоғи лозим.

Агар ижарага берувчи ижарага олувчига ижарага берилган мол-мулкни шартномада кўрсатилган муддатда  башарти шартномада бундай муддат кўрсатилган бўлмаса, ижарага олувчи Фуқаролик Кодексининг 331-моддаси талабига мувофиқ бу мол-мулкни ундан талаб қилиб олиш ва ижронинг кечикканлиги туфайли етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ёки шартномани бекор қилиш ҳуқуқига эга.

Ижарага олувчи эса мол-мулкдан фойдалангани учун ҳақни ўз вақтида тўлаб туриши шарт.

Агар мулк ижараси шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мол-мулкдан фойдаланганликлари учун тўланадиган ҳақ миқдори  шартномада белгиланган муддатларда, бироқ бир йилда кўпи билан 1 марта тарафларнинг келишуви билан ўзгартирилиши мумкин. 

Ижарага олувчи мол-мулкдан шартнома шартларига мувофиқ, агар бундай шартлар шартномада белгиланган бўлмаса, мол-мулкнинг  вазифасига мувофиқ фойдаланиши лозим. Агар ижарага берувчининг ёзма огоҳлантиришига қарамай ижарага олувчи мол-мулкдан шартнома шартларига ёки мол-мулкнинг  вазифасига номувофиқ фойдаланса, ижарага берувчи шартномани муддатидан олдин бекор қилишни ва зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.

 

З.АрзымбетоваНукус шаҳар 6-сон ДНИ нотариуси