Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини расмий нашрларда эълон қилишнинг ўзига хос хусусиятлари

Дата: 28.11.2016    

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигига эришгандан бошлаб янгидан шаклланаётган давлат ва жамият ҳаётининг ҳуқуқий асосларининг яратилиши давлат органларини, жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари асосларини мустаҳкамлаш каби долзарб вазифалар турган эди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти “Биз давлат қудратига ҳокимият ва бошқарув идораларининг сони ва миқёсига қараб эмас, аксинча, уларнинг иш тизими қанчалик самара бераётганига, улар фаолиятининг қонуний асослари қай даражада шаклланишига қараб баҳо беришимиз лозим” деб таъкидлаганлар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги ПҚ-1602-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида”ги низомда, Адлия вазирлиги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, эълон қилиш ва манфаатдор шахслар эътиборига етказишнинг белгиланган тартибига риоя қилиниши устидан назоратни амалга ошириши белгиланган.

Шу мақсадда, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар белгиланган тартибда расмий нашрларда эълон қилиниши амалиётининг механизми сўнги йилларда йўлга қўйилиб келинаётганлиги албатта қувонарли ҳол.

Бу борада амалга оширилаётган ишларни рақамларда кўрадиган бўлсак, 2014 йилда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 98 та норматив-ҳуқуқий тусдаги қарорлари расмий нашрларда эълон қилинган бўлса, 2015 йил даовмида бу кўрсаткич 116 тани ташкил этди.

Жорий йилнинг 9 ойи давомида эса 78 та маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий тусдаги қарорлари расмий нашрларда эълон қилинган.

Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 84-моддасига мувофиқ қонунларнинг ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матбуотда эълон қилиниши уларни қўллашнинг мажбурий шарти эканлиги ҳамда “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 28-моддасида, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар расмий нашрларда эълон қилиниши кераклиги, расмий эълон қилинмаган қонун асосида ҳеч ким ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин эмаслиги белгиланган.

Барчамизга маълумки, Қонуннинг 29-моддасида, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манбалар белгиланган бўлиб, унга мувофиқ “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси”, “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг тўплами”, “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари эълон қилинадиган расмий манбалардир.

Шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий нашрлари мазкур органларнинг қарорлари эълон қилинадиган расмий манбалари эканлиги Қонунда қатъий белгилаб қўйилганлиги аҳамиятлидир.

Бугунги кунда барча маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий нашрлари мавжуд бўлиб, ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб қабул қилинган қарорлари тегишли тартибда расмий нашрларда эълон қилинмоқда.

Таъкидлаш ўринлики, ўтган йиллар давомида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқ ижодкорлигидаги энг “оғриқли нуқта” норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингач унинг расмий нашрларда эълон қилиниши масаласи бўлиб келган бўлса, бугунги кунда мазкур масала ўзининг ижобий ечимини топиб келмоқда.

Қонуннинг 30-моддасида,норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, агар ҳужжатларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилган бўлмаса, улар расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни эълон қилиш ва тарқатиш, қонун ҳужжатлари маълумотлари электрон базалари яратиш қоидаларининг (рўйхат рақами 2290, 2011 йил 12 декабрь) 2-бобида Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий нашрларда эълон қилиш ва тарқатиш тартиби белгиланган бўлиб, унга асосан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тўлиқ ҳолда ҳамда кўчирма ҳолатда бериш тартиблари батафсил ёритиб берилган.

Жумладан, қонун ҳужжатларининг расмий даврий нашрлари давлат тилида, талабни ҳисобга олган ҳолда бошқа тилларда ҳам нашр этилиши; қонун ҳужжатларининг расмий даврий нашрларига янгидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнлари киритилиши; қонун ҳужжатларининг расмий даврий нашрларида эълон қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар изчил тадрижий тартибда, тегишли тартиб рақамлари бўлган моддаларга жойлаштирилиши; норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга иловалар ҳам ҳужжатлар жойлаштирилган моддаларга жойлаштирилиши белгиланган.

Шунингдек, агар, қонун ҳужжатларининг расмий даврий нашрларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг бир қисми эълон қилинаётган бўлса, ҳужжат номидан кейин “Кўчирма” деган ёзув киритилиши лозим.

Бундан ташқари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинган қарорлардан кенг жамоатчиликни ўз вақтида хабардор қилиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 5 август куни 304-сон қарори билан тасдиқланган “Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 16¹-моддасига асосан, вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари норматив-ҳуқуқий ҳужжат расмий эълон қилинган кундан сўнг икки кундан кечикмай уларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиниши шартлиги белгиланди.

Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ҳолатини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 355-сон қарорига асосан, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий веб-сайтига қўйиладиган асосий талаблар такомиллаштирилди.

Ушбу ҳужжатларнинг қабул қилиниши аҳолини давлат органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида хабардор бўлишини, улар томонидан қабул қилинаётган норматив ҳуқуқий тусдаги қарорларнинг мазмун-моҳиятидан ўз вақтида хабардор бўлишида катта аҳамит касб этади.

Чунки, фуқаролик жамиятига хос бўлган асосий хусусиятларидан бири, албатта аҳолининг давлатимиз томонидан қабул қилинаётган қонунлардан қанчалик даражада хабардорлиги ва уларнинг қабул қилинаётган қонунларга нисбатат мустақил муносабати масаласидир.

Бу соҳада сўнги йилларда, вазирлик ташаббуси билан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий тусдаги қарорларини расмий нашрларда эълон қилиниши тартиби ва бу борадаги камчиликлар хусусида бир неча ўқув-амалий семинарлари ўтказилиб келинишига қарамасдан хато ва камчиликлар ҳамон давом этиб келмоқда.

Ваҳоланки, ҳокимликлар томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг расмий нашрларда эълон қилинмаслиги аҳолининг қабул қилинаётган қарорларнинг мазмунидан бехабар қолишига, уларнинг ҳуқуқий билимлари етарли бўлмаслигига олиб келиши билан бир қаторда мазкур қарорларнинг кучга кириши билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқаради.

Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг вазирлик томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмасдан қабул қилиниши ҳамда уларнинг расмий нашрларда эълон қилинмаслиги қонунбузилиш ҳолати деб ҳисобланиб, ушбу ҳужжатларни ваколатли органлар томонидан бекор қилинишига ёки суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилишига олиб келиши мумкин.

Хулоса ўрнида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий тусдаги қарорларини расмий нашрларда эълон қилиниши билан боғлиқ мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмат вакиллари томонидан жойларда аниқ чора-тадбирлар белгилаши ҳамда қабул қилинаётган қарорларнинг мазмун-моҳияти хусусида кенг жамоатчиликни хабардор қилиши мақсадида, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш бу борада катта аҳамиятга эга.

И.Алдабергенов, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги масъул ходими