Қишлоқ хўжалигида шартномавий мунособатлар: Шартнома интизомини бузганлик учун жавобгарлик масалалари

Дата: 28.11.2016    

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4-сентябрдаги 383-сонли қарорига мувофиқ «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан тайёрлов, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномалар тузиш, уларни рўйхатдан ўтказиш, бажариш, шунингдек уларнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисида» ги Низом қабул қилинган.

Ушбу Низом қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар, тайёрлов ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномалар тузиш ва уларни бажаришда пайдо бўладиган муносабатларни тартибга солади, шунингдек уларни туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимларида рўйхатдан ўтказиш ҳамда уларнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш тартибини белгилайди.

Мазкур Низомнинг амал қилиши қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкат хўжаликлари), фермер ва деҳқон хўжаликлари, бошқа қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари (кейинги ўринларда хўжаликлар деб юритилади) ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрлаш, қайта ишлаш, моддий-техника ресурслари етказиб бериш билан шуғулланувчи, механизациялашган ишларни бажарувчи, хўжаликларга сервис, агрокимё, агротехника хизматлари ва хўжаликларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан боғлиқ бошқа хизматлар кўрсатувчи тайёрлов, хизмат кўрсатиш ташкилотлари (кейинги ўринларда тайёрлов ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари деб юритилади) ўртасида тузилган контрактация шартномаларига (уларда давлат эҳтиёжлари учун харид қилиш мавжудлигидан қатъи назар), моддий-техника ресурслари етказиб бериш, хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш) бўйича шартномаларга татбиқ этилади.

Контрактация шартномаси бўйича хўжалик бундай маҳсулотларни қайта ишлаш ёки сотиш учун харид қилувчи шахсга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини келишилган муддатларда бериш мажбуриятини олади, тайёрловчи эса муайян нарх бўйича келишилган муддатларда ҳақ тўлаб ушбу маҳсулотларни сотиб олиш мажбуриятини олади.

Бундан ташқари, Шартномаларни тузишда томонлар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, ушбу Низомга ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қиладилар.

Шунингдек, шартнома бўйича томонларнинг жавобгарлиги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 324-339-моддалари талабларига мувофиқ белгиланади.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини контрактация шартномасида белгиланган ассортимент ва турларда, муддатларда топширишдан асоссиз бўйин товлаган хўжалик тайёрловчига топширилмаган маҳсулот қийматининг 25 фоизи миқдорида жарима тўлайди. Жарима миқдори ўтган давр (ой, чорак, йил)да маҳсулотнинг шаклланган ўртача нархидан келиб чиқиб, харид нархларига белгиланган устамалар тўлашни ҳисобга олмасдан ҳисоблаб чиқилади. Бундан ташқари, зарарнинг маҳсулот етказиб берилмаганлиги туфайли юзага келган, жарима билан қопланмаган қисми ҳам тўланади.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини контрактация шартномасида белгиланган ассортимент, турлар ва муддатларда қабул қилиб олиш рад этилган ҳар бир ҳолат учун тайёрлов ташкилоти хўжаликка белгиланган устамалар тўлашни ҳисобга олмасдан шаклланган ўртача нархдан келиб чиқиб қабул қилинмаган маҳсулот қийматининг 25 фоизи миқдорида жарима тўлайди, тез бузилувчи маҳсулот бўйича эса - унинг тўлиқ қийматини тўлайди. Бундан ташқари, маҳсулотни қабул қилиш рад этилганлиги туфайли хўжалик кўрган зарарнинг жарима билан қопланмаган қисми ҳам тўланади.

Контрактация шартномасига мувофиқ топширилган (юклаб жўнатилган) қишлоқ хўжалиги маҳсулоти учун ҳақ тўлашдан асоссиз бош тортилганда (хўжаликка тегишли суммаларни, белгиланган устамаларни ҳам қўшиб, ўз вақтида ҳисоблаб ўтказмаганлик, ҳисоб-китобларнинг акцепт шаклида эса тўлов топшириғи акцептини асоссиз тўлиқ ёки қисман рад этганда) тайёрлов ташкилоти хўжаликка тўланмаган суммани, ўзи тўлашдан бош тортган сумманинг 15 фоизи миқдоридаги жаримани тўлайди. Тайёрлов ташкилоти жаримадан ташқари хўжаликка муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун белгиланган муддатда тўланмаган сумманинг 0,4 фоизи миқдорида, бироқ муддати ўтказиб юборилган суммаларнинг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган пеня тўлайди.

Хўжалик томонидан сарфланган транспорт харажатларини тўламаганлик учун тайёрлов ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари хўжаликка тўлов муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун белгиланган муддатда тўланмаган сумманинг 0,4 фоизи, бироқ тўлов муддати ўтказиб юборилган сумманинг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда пеня тўлайди.

Етказиб бериш муддати кечиктирилган, товарлар етказиб берилмаган, ишлар бажарилмаган ёки хизматлар кўрсатилмаган тақдирда хизмат кўрсатувчи ташкилот хўжаликка муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун мажбуриятларнинг бажарилмаган қисмининг 0,5 фоизи миқдорида пеня тўлайди, бироқ пенянинг умумий суммаси етказиб берилмаган товарлар, бажарилмаган ишлар ёки кўрсатилмаган хизматлар қийматининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаслиги керак. Пеня тўланиши шартнома мажбуриятларини бузган томонни шартноманинг зарур даражада бажарилишидан ва етказиб бериш кечиктирилганлиги, товарлар тўлиқ етказиб берилмаганлиги, ишлар бажарилмаганлиги ёки хизматлар кўрсатилмаганлиги туфайли етказилган зарарлар қопланишидан озод қилмайди.

Томонларнинг келишувига кўра шартномада шартнома мажбуриятлари бажарилмаслиги ёки зарур даражада бажарилмаслиги учун жавобгарликнинг амалдаги қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа чоралари ҳам назарда тутилиши мумкин.

Хўжаликлар томонидан контрактация шартномалари бажарилмаганлиги ёки зарур даражада бажарилмаганлиги учун уларни жавобгарликка тортишда шунингдек хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида контрактация шартномалари бўйича шартнома мажбуриятлари хўжаликлар томонидан бажарилмаслиги (зарур даражада бажарилмаслиги) учун хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг жавобгарлиги ҳам кўриб чиқилади.

Хизмат кўрсатиш ташкилотларининг айби билан хўжаликлар томонидан контрактация шартномалари бажарилмаслиги (зарур даражада бажарилмаслиги) натижасида етказилган зарар ушбу ташкилотлар томонидан белгиланган тартибда қопланиши белгилаб қўйилган.

М.СейтимбетовҚорақалпоғистон Республикаси Адлия  вазирлиги масъул ходими