Сайлов тизими

Дата: 21.11.2016    

Сайлов ҳуқуқи бутун дунёда эътироф этилган энг муҳим конституциявий-сиёсий ҳуқуқлардан бири бўлиб, у фуқароларга давлат ҳокимияти органлари фаолиятида ўз вакиллари орқали иштирок этиш имкониятини беради.

Фуқароларнинг ўз сайлов ҳуқуқларини ҳеч қандай тўсқинлиқсиз амалга оширишлари уларнинг давлат бошқарувида иштирокининг энг муҳим кафолатларидан биридир.

Ўзбекистон Республикаси КонституциясинингXXIII боби“Сайлов тизими” деб номланиб, 117-моддасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланиши белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.Каримовнинг 2010 йил 12 ноябрдаги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” номли маьрузасида ниҳоятда долзарб вазифа сифатида “Ўзбекистонда сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини ривожлантириш тўғрисида” айтиб ўтилган.

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунда сайлов кампанияси бошланганлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколат муддати тугашидан камида уч ой олдин Марказий сайлов комиссияси томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши белгилаб куйилган.

Шунингдек, сайлов комиссияларини тузиш, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонунига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан камида ун беш нафар аъзодан иборат таркибда тузилади. Марказий сайлов комиссияси аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тавсияси бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан тасдиқланади.

Сайлов участкалари туманлар, шаҳарлар, шаҳарлардаги туманларнинг чегараларини инобатга олган ҳолда, сайловчиларга имкон қадар кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида тузилади. Ўзбекистондан ташқарида тузилган сайлов участкаларини сайлов округига бириктириш Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳал этилади. Мазкур сайлов участкалари туман, шаҳар ҳокимликларининг тақдимномасига биноан округ сайлов комиссиялари томонидан тузилади. Республиканинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузуридаги сайлов участкалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади. Сайлов участкалари, камида 20 нафар ва кўпи билан 3000 нафар сайловчидан иборат этиб тузилади. Овоз беришни ташкил қилиш мақсадида ҳар бир сайлов участкасига туман, шаҳар ҳокимликлари томонидан бинолар ажратилади.

Бундан ташқари, округ сайлов комиссияси Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловга камида 70 кун қолганда комиссиянинг раиси, раис ўринбосарлари, котиби ва камида 6-8 нафар аъзосидан иборат таркибда тузилади.

Сайлов кунига қадар ёки сайлов куни 18 ёшга тўлган, руйхат тузилаётган вақтда муаиян сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилган Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари сайловчилар рўйхатига киритилади ва сайловчиларнинг рўйхатлари сайловдан ун беш кун олдин, Республиканинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида, олис ва бориш қийин бўлган жойларда тузилган сайлов участкаларида эса сайловдан икки кун олдин ҳамманинг танишиб чиқиши учун такдим этилади.

Ҳаммамизга маълум бўлганидек 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилиши мунасабати билан Республика Ташқи ишлар вазирининг тақдимномасига биноан хорижда 44 та сайлов участкалари ташкил этилиб, мазкур сайлов участкалари 14-Тошкент шаҳар сайлов округига бириктирилган.

А.Муллабаев, Тўрткўл туман 2-сон ДНИ нотариус ёрдамчиси