Инсон ҳуқуқлари ҳимояси Адлия органларининг асосий вазифаси

Инсон шаъни - олий қадрият. Шу боисдан давлатимизда олиб борилаётган барча саъй-ҳаракатлар, ислоҳотлар марказида шахс ва унинг манфаатлари туради. Инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлаш давлатимиз раҳбари Ислом Каримов сиёсатининг энг асосий йўналишларидандир. Бу эзгу тамоил ҳаётимизда ўз ифодасини топиб кемоқда.

Истиқлолимизнинг ўтган 20 йили мобайнида юртимизда амалга оширилган барча ислоҳотларнинг туб замирида, аввало инсон манфаати, унинг қадр-қиммати, ҳақ-ҳуқуқи олий қадрият сифатида эътироф этиб келинаётгани, мамлакатимизнинг энг катта бойлиги бунёдкор ва бағрикенг халқимиз эканлиги тушунчаси мужассамдир.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг дахлсизлиги асосий Қомусимиз, қонунлар ва бошқа меъерий ҳужжатларда кафолатланади.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, унга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.

Инсон ҳуқуқлари давримизнинг энг долзарб масалаларидан биридир. Ҳар қандай мамлакатнинг демократик хусусиятларини кўрсатувчи шартлардан бири ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланиши учун қандай шарт-шароитлар яратилгани билан белгиланади.

Таъкидлаш керакки, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, қонун устуворлиги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмалари фаолиятида қонунийликни таъминлашга йўналтирилган жамият ва давлат қурилиши соҳасида норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсатини изчил амалга ошириш адлия органларининг асосий вазифаси этиб белгиланди.

Ҳудудий адлия органларининг инсон ҳуқуларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти бевосита Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими томонидан амалга оширилади.

Маълумки фуқароларнинг мурожаатлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган инсон ҳуқуқлари устуворлиги, ҳар бир шахснинг давлат ҳимоясида эканлиги тўғрисидаги конституциявий принципларни амалга оширишни кафолатлашга қаратилган. Мурожаатларнинг ўз вақтида ва лозим даражада кўриб чиқилиши ҳамда ҳал қилиниши эса, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашнинг асосидир.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигига 2012 йилнинг 3 ойи давомида инсон ҳуқуқларига оид 131 та ариза ва шикоят келиб тушган бўлиб, ушбу мурожаатларнинг 44 таси (34 фоизи) уларда келтирилган ҳолатлар ўз тасдиғини топганлиги сабабли қаноатлантирилди ҳамда бузилган инсон ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланди.

Вазирлик томонидан фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида ва сифатли ўрганиб чиқиш ҳамда аниқланган ҳуқуқ бузилиши юзасидан зудлик билан чоралар кўрилишига жиддий эътибор қаратилмоқда.

Жумладан Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими томонидан жорий йилнинг 3 ойи давомида 20 та мурожаат қаноатлантирилган. Шулардан, Нукус шаҳрида яшовчи фуқаро А.Сейтимовнинг ўз келинига болалари учун икки ёшга қадар бериладиган нафақа пулини олишда ёрдам сўраб қилган мурожаати вазирлик ходимлари томонидан кўриб чиқилиб тўлиқ қаноатлантирилди, Хужайли туманида яшовчи Г.Жақсымуратовнинг «ККавтотеххизмати»ОАЖ томонидан шартнома шартлари бажарилмай қолганлиги туфайли ўтган вақтлари учун пеня олишда ёрдам сўраб ёзган мурожаати кўриб чиқилиб, вазирлик томонидан «Шартнома бўйича пеня пулларини тўлаб бериш тўғрисида» тақдимнома киритилиб, аризачи яъни Г.Жумамуратовга автомашина етказиб бериш муддатининг кечиктирилган ҳар бир кунига товарнинг суммасидан 0,1% пеня пуллари тўлаб бериладиган бўлиб, ариза тўлиқ қаноатлантирилди.

Шу билан бирга вазирлик иш режасига асосан турли давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатларинининг ижроси юзасидан доимий равишда ўрганишлар ўтказилиб келинмоқда. Натижада 2012 йил 3 ойи давомида 32 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Жумладан, Кегайли тумани ҳокимиятида, Медицина бирлашмасида, туман Халқ таълими муассасалари хизматини методик таъминлаш ва ташкилий бўлимида ва туманнинг бир қатор касб-ҳунар коллежларида ЎзР «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни, ЎзР Меҳнат кодекси ва ЎзР «Вояга етмаганлар орасида назорат ва ҳуқуқбузилишларнинг прфилактикаси тўғрисида»ги Қонун талабларининг ижроси ўрганилиб, «Қонунбузарликлар ҳолатларини бартараф этиш тўғрисида» тақдимномалар киритилди.

Шунингдек, вазирлик томонидан жорий йилнинг 3 ойи давомида қонунбузилиш ҳолатларида айбдор мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан 4 та тегишли органларга таклифлар киритилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси СЭИ Миллий банки Қорақалпоғистон Республикаси бўлимида валюта айирбошлаш операция секторида ишлайдиган етакчи мутахассис А.Турееванинг ўзига топширилган Нукус шаҳрида истиқомат қилувчи П.Бекбаулиеванинг мурожаатига ёзма равишда жавоб бермаганлиги ЎзР «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 18, 21-моддалари талабларини бузганлигига асос бўлиб, унга нисбатан «Маъмурий жавобгарликга тортиш тўғрисида» Жиноят ишлари буйича Нукус шаҳар судига тақдимнома киритилди.

Шунингдек, вазирлик томонидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчилик мунтазам таҳлил қилиниб, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклифлар берилди. Жумладан ЎзР «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўгрисида таклифлар киритилди.

Бундан ташқари вазирлик томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонунчиликни, жамиятда инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишни тарғиб қилиш юзасидан доимий равишда тарғибот тадбирлари амалга ошириб келинмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, адлия органлари Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда олға илгарилаб бораётганлигини кўришимиз мумкин.

Қорақалпоғистлн Республикаси

Адлия вазирлиги Ташкилий назорат

ва таҳлил бўлим бошлиғи А.Отеулиев