Диний бағрикенглик-миллатлараро тотувликнинг гаровидир

Динлараро бағрикенглик ғояси хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир замин, бир ватанда, олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади. Дунёдаги динларнинг барчаси эзгулик ғояларига асосланади, у ҳалоллик, тинчлик, яхшилик ва дўстлик каби бир қанча эзгу фазилатларга таянади. Инсонларни ҳалоллик ва поклик, меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва бағрикенгликка даъват этади.

Ҳозирги глобаллашув жараёнида диний бағрикенглик муаммоси жаҳон ҳамжамияти давлатлари учун ғоят долзарб масалалардан бири ҳисобланади. 1995 йил 16 ноябрда БМТнинг фан, таълим ва маданият бўйича ихтисослашган ташкилоти ЮНЕСКО томонидан Бағрикенглик принциплари декларациясининг қабул қилиниши бунинг ёрқин далилидир. Ушбу декларацияда эътиқод ва виждон эркинлигига ҳам эътибор қаратилган. Унинг 1-моддасида, бағрикенглик ўзимиз яшаб турган дунё маданиятининг бой ва хилма-хиллиги, инсон индивидуаллигининг намоён бўлиш шакллари ва усулларини ҳурмат қилиш, уни қабул қилиш ва тўғри тушуниш ҳамда виждон ва эътиқод эркинлиги сифатида изоҳланган. Бош қомусимизда мамлакатимизда яшаётган барча миллат вакиллари миллати, тили, эътиқоди, ижтимоий холатидан қатъий назар Ўзбекистон ҳалқини ташкил қилиши ва уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, шунингдек эътиқод эркинлиги мустаҳкамланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасига кўра, “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар”. Асосий қонунимизда ушбу ҳуқуқнинг акс эттирилиши мамлакатимизда инсонларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги таъминланишининг асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Истиқлол йилларида эришган энг катта бойлигимиз- халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётидир.Жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби олийжаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга уйғун яшаш тамойили тобора мустаҳкамланиб бораётгани юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакиллари жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда.

Мамлакатимизда бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари ягона оила фарзандларидек аҳил яшайди. Ана шундай кўп сонли миллат ва элат вакилларининг биргаликда, ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб умр кечириши натижасида уларнинг ҳар бири маънавий ва маданий жиҳатдан бойиб, ўзаро муносабатлар таъсирида кўп миллатли халқимизнинг турмуш тарзи янада юксалмоқда. Шунингдек,уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, таълим олиши, ўз қизиқиши ва лаёқати бўйича касб-ҳунар эгаллаши, меҳнат қилиши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Айни пайтда турли миллат ва элатларнинг миллий анъана ва қадриятларини асраб-авайлаш, уларни янада ривожлантириш, бойитиш масаласи давлатимизнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Умумий ўрта таълим мактабларимизда етти тилда-ўзбек, қорақалпоқ, рус, қирғиз, туркман. қозоқ ва тожик тилларида билим берилаётгани, шунингдек, оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда истиқомат қилаётган миллатларнинг ўнта тилида фаолият олиб бораётгани бунинг ёрқин ифодасидир. Республикадаги православ эътиқодига амал қилувчилар учун “Слово жизни” газетаси, “Восток свыше” журнали, шунингдек, ибодат маърузалари ва бошқа маърифий нашрлар чоп этиляпти. Мамлакатимизда истеъқомат қилаётган барча миллат ва элат вакилларининг ўз она тилида ўқиши учун кенг имкониятлар яратилгани, олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицей ва мактабларда барча миллат вакиллари учун тенг шарт-шароитлар яратилгани, кўплаб тилларда газета ва журналлар чоп этилиб, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар олиб борилаётгани бу борадаги фаолиятнинг яққол далилидир. Мустақиллик йилларида республикамизда юзлаб масжидлар, черковлар, синагога ва ибодат уйлари қурилди ва қайта таъмирдан чиқарилди. Улар қаторида Тошкентдаги “Ҳазрати Имом” мажмуи, вилоят марказларидаги жомеъ масжидлар, Тошкентдаги Рус православ черковлари, шунингдек, буддавийлик ибодатхонаси, Самарқанддаги Арман Апостол черкови, Корақалпоғистон Республикасидаги “Султан Вайс бобо” ва “Мухаммад Норимжоний” зиёратгоҳлари, “Пантейлемон” черкови ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. Юртимизда Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бердақ, Ажинияз ҳайкаллари қаторида Ганжавий, Руставели, Пушкин, Шевченколарнинг ҳайкаллари ҳам кўча ва майдонларимизга файз бахш этиб турибди. Буларнинг барчаси динлараро бағрикенглик ва миллатлараро тотувликнинг кўринишидир.

Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик тарихий илдиз ва мустаҳкам қонуний асосларга эга бўлиб, дунёвий давлат ва дин орасидаги муносабатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди” деб белгиланган. Ушбу моддани амалга ошириш механизми 1998 йил 1 майда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунида кенг ёритиб берилган. Унинг 3-моддасига кўра, Виждон эркинлиги фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир. Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 18-моддасида: “Ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга,бу ҳуқуқ ўз дини ёки эътиқодини ўзгартириш эркинлигини ва таълимотда, тоат ибодат қилишда ва диний расм-русум ҳамда маросимларни оммавий ёки хусусий тартибда адо этиш, ўз дини ёки эътиқодига якка тартибда, шунингдек бошқалар билан бирга амал қилиш эркинлигини ўз ичига олади”, деб белгиланган. БМТ томонидан динлараро бағрикенглик ғоясини бутун дунёга тарғиб этиш мақсадида 2011 йилнинг 1-7 февраль кунларини бутун жаҳонда “Динлараро муносабатлар уйғунлиги бутунжаҳон ҳафталиги” деб эълон қилган эди.

Юртбошимиз И.А.Каримов мустақилликка эришилгандан сўнг орадан кўп ўтмай шундай деган эди: “Бугун ана шу дин орқали вужудимизга мусаффолик, дилимизга, иншооллоҳ, поклик кириб келмоқда. Ахлоқ-одоб, маърифат яна хонадонимиз файзига, одамлар хислатига айланишида исломнинг ўрни бениҳоя бўлмоқда. Биз келгусида дин олдидаги тўсиқларни олиб ташлаймиз.

Яхшилик нур келтиради, ёмонлик зулмат дейдилар. Ўзбекистоннинг келажаги яхшилик пойдеворига қурилмоғи шарт. Чунки фақат яхшилик боқий яшайди. Одамларнинг одамларга яхшилиги! Юртдошларнинг юртдошларга яхшилиги! Миллатдошларнинг миллатдошларга яхшилиги! Бу Ўзбекистоннинг шиоригина эмас, даъватига, чақириғига, хислатига айлансин. Яхшилик қилган миллатни ҳурматлаш, яхшилик қилган авлодни эъзозлаш тафаккур оламининг қуёшига айлансин. Менинг орзум ҳам, истагим ҳам, тутар йўлим, асосий қайғу-ташвишим, қувончу севинчимнинг боиси ҳам шу”.

Хулоса қилиб айтганда, юртимизда миллатлараро ва давлатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашга қаратилган янги ғоя ва ташаббусларнинг пайдо бўлаётганлиги дўстлик ва ҳамжиҳатлик қўрғонининг янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилади. Давлатимиз раҳбари эътироф этганидек, “Ўзбекистоннинг бойликлари кўп, лекин бизнинг энг катта бойлигимиз, энг юксак қадриятимиз–жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликдир”.

Қорақалпоғистон Республикаси

Адлия вазири ўринбосари А.Шабатов