Фуқаро мурожаат қилдими бе эътибор қолмаслиги шарт

Дата: 27.09.2016    

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳам ўз ваколати доирасида фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқади ва бу борада бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, вазирликнинг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлимига 2016 йилнинг ўтган даври давомида 300 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган.

Мурожаатларнинг кўп қисми қаноатлантирилган. Айримларига эса амалдаги қонунчиликлар бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Масалан, Нукус шаҳар, 22-кичик туман, 2-уй 31-хонадонда яшовчи фуқаро А.Есемуратовнинг Қорақалпоғистон кўприк хўжалигини сақлашга ихтисослаштирилган таъмирлаш фойдаланиш корхонасидан иш ҳақини ундириб беришда амалий ёрдам сўраб ёзган мурожаати ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш давомида аниқланган ҳолатлар юзасидан фуқаронинг манфаатини кўзлаб, фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судига киритилган даъво аризага кўра фуқарога 2.043.241 сўм иш ҳақини ундириш тўғрисида суд буйруғи чиқарилди.

Шу билан бирга, вазирликнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги иш режаларига асосан идораларда ўрганишлар ўтказилди.

Ўрганишлар натижасида жами 206 тадан зиёд қонунбузилиш ҳолати аниқланган. Фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишда ва ўтказилган ўрганишлар натижасида қонунбузилиш ҳолатларини, унинг келиб чиқиш сабаблари ва унга имконият яратувчи омилларни бартараф этиш тўғрисида 11 та тақдимнома, судларга 4 та даъво ариза киритилди. Тақдимномалар натижасида 1 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган бўлса, 1 та ҳужжатнинг ижроси тўхтатилди. 1 та қарор бекор қилинди. Маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан 7 та таклиф киритилиб, 3 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этишнинг асосий тамойилларидан бири инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг ҳимоя қилинишидир. Мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар марказида инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш муҳим масала эканлигининг асосий сабаби ҳам шунда.

А.Атажанов, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари