Бугунги фермер нафақат маҳсулот етиштирувчи деҳқон уни қайта ишловчи тадбиркор ҳамдир

Дата: 02.08.2016    

Мамлакатимизда мустақилликнинг илк йиллариданоқ фермер хўжаликларини ташкил этишга қаратилган эътибор, фермерларни муносиб қўллаб-қувватлаш, уларга яратилган афзалликлар натижасида қишлоқ хўжалиги соҳасида кўплаб ижобий ютуқларга эришилди.

Хусусан, бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 5430 та фермер хўжалиги мавжуд бўлиб, уларга 288 минг 898.4 гектар майдон ажратиб берилган. Фермер хўжаликларида 12 минг 490 нафар киши иш билан таъминланган.

Йил мобайнида ички бозорни сабзавот, картошка, мева ва полиз маҳсулотлари билан доимий таъминлаш, шунингдек, хориж бозорларини ўтимли ва рақобатга чидамли бўлган сифатли мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларнинг экспорт кўламини кенгайтириш ва турларини кўпайтиришда Президентимизнинг жорий йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори муҳим аҳамият касб этди. Мазкур Қарорга кўра, республикамизда бир қатор ишлар олиб борилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги мутахассислари ва Адлия вазирлиги ходимларининг таҳлилларига кўра, 11 минг 111 гектарга сабзавот, 9508 гектарга полиз, 5325 гектарга картошка экилиб, тўлиқ нав­лар олинди. Бундан ташқари, 247 гектар майдонда янги интенсив боғлар, 247 гектарда токзорлар яратилди. Ушбу майдонларга 123,5 минг дона мевали дарахт, 296,4 минг дона токзор навлари экилди. Шу билан бирга 118 гектар майдондаги эски боғ, 65 гектар токзор реконструкция қилинди.

Фермер хўжаликлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва уларга шарт-шароитлар яратиш, экин майдонларидан мақсадли фойдаланиш бўйича барча туманларда ер майдонларини оптималлаштириш ишлари олиб борилиб, тўлиқ инвентаризациядан ўтказилди.

Президентимизнинг юқорида кўр­сатиб ўтилган Қарори асосида 2016 йилги ҳосилдан бошлаб сифатли мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум сотиб олиш бўйича давлат буюртмалари эҳтиёжлари учун киритилиши, сифатли мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари “Ўзагроэкспорт” ихтисослашган ташқи савдо компанияси томонидан таш­қи шериклар билан тўғридан-тўғри экспорт шартномалари, шунингдек, фермер ва деҳқон хўжаликлари, агрофирмалар ва қайта ишлаш корхоналари ўртасида тузиладиган шарт­номалар бўйича экспорт қилиниши улкан имкониятлар эши­гини очиб бермоқда. Бугунги кунда мева-сабзавот маҳсулотларини етиштирувчи, тайёрловчи ва экспорт қилувчи корхоналар билан “Ўзагроэкспорт” ихтисослашган ташқи савдо компанияси ўртасида шартномалар тузиш ишлари тўлиқ якунланди. Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикасига мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича шартномалар тузилди.

Элимизнинг тенги йўқ иқлими юқори сифатли мева-сабзавотларни етиштириш учун қулай шароит яратади. Шунинг учун маҳсулотларимиз мазаси ўзгача. Шу нуқтаи назардан, Президентимизнинг бу Қарори юртимизда сифатли мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, сотиб олиш бўйича тизимнинг ташкиллаштирилиши билан бир қаторда, соҳани жадал ривожлантиришда муҳим омилдир.

Бугунги фермер хўжаликлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан чегараланиб қолмай, уни қайта ишлашни ҳам йўлга қўймоқда. Натижада қишлоқ жойларига саноатни олиб киришга, аҳоли бандлигини таъминлашга, энг муҳими, ички истеъмол бозорини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдиришга салмоқли ҳисса қўшмоқда.

З.Ходжахметов, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги масъул ходими