Депутатлар Омбудсман ҳисоботини эшитдилар

14 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(Омбудсман)нинг 2013 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитдилар. Ушбу масала юзасидан С.Рашидова маъруза қилди.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги давлат ҳокимияти органларининг фаолияти устидан парламент назорати Қонунчилик палатаси депутатлари фаолиятининг энг муҳим жиҳатларидан бири экани таъкидланди, шу сабабли бу масала парламент вакиллари учун катта аҳамиятга эга. Омбудсманнинг ўтган йилдаги фаолияти давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, уларнинг мансабдор шахслари инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга доир чора-тадбирларнинг амалга оширилиши, қонун ҳужжатлари, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш механизмларининг такомиллаштирилишига кўмаклашишга қаратилганлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ушбу соҳадаги қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилишида, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда, инсон ҳуқуқлари соҳасида жамоатчилик онгини оширишда иштирок этди. Депутатлар Омбудсманнинг ўтган йилдаги фаолияти ҳокимиятнинг қонунчилик, ижро этувчи ва суд тармоқлари, фуқаролик жамиятининг институтлари, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ташкилотлар билан ўзаро муносабатларни чуқурлаштиришга қаратилганлигини таъкидладилар. Ҳисобот йилида Омбудсман томонидан 15 дан ортиқ қонун лойиҳасининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги миллий қонунчилик ҳужжатларига, халқаро стандартларга мувофиқлиги ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди.

Омбудсманнинг Қонунчилик палатаси билан ўзаро ҳамкорлиги нафақат қонун лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишга, балки назорат-таҳлил фаолиятида иштирок этишга, қонунчилик ҳужжатларига риоя қилиш мониторинги якунлари бўйича ахборот алмашишга қаратилди.

Фуқароларнинг шикоятлари ва мурожаатларини кўриб чиқиш Омбудсман фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири бўлди. Ҳисобот даврида фуқаролардан жами 11 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди, уларнинг 7,7 мингтаси Омбудсманнинг марказий идорасига, деярли мингта ариза ва шикоят эса минтақавий вакилларга юборилди. Электрон почта орқали фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш амалиёти кенгайтирилмоқда. Омбудсман ва унинг ходимлари шахсий қабулида фуқароларнинг деярли 1,4 мингта мурожаати кўриб чиқилди. Уларнинг барчаси амалдаги қонун ҳужжатларига қатъий мувофиқ ҳолда кўриб чиқилди.

Саволларга жавоб берилганидан кейин Омбудсман ҳисоботи батафсил муҳокама этилди. Муҳокама чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари сўзга чиқдилар.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан сайланган депутатлар ўзининг сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда ижтимоий ҳаётнинг энг муҳим соҳаларини эркинлаштириш жараёнларини янада мустаҳкамлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги кафолатларни таъминлаш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилиши устувор эканлигини таъкидладилар. Парламент вакиллари Ўзбекистон Республикасининг “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонуни нормаларидан келиб чиқиб, ҳар бир инсон учун ошкоралик ва қулайлик унинг фаолиятининг асосий принциплари бўлиши лозимлигини қайд этган ҳолда, Омбудсманнинг фуқаролар ҳуқуқий маданиятини ва ҳуқуқий онгини ошириш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд тузилмалари билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш масалаларига тўхталдилар.

Партия электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда таъкидландики, Омбудсман бундан буён ҳам ташкилотларнинг хатти-ҳаракатлари бўйича, шу жумладан, хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқларини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини эркин амалга ошириш ва унга ноқонуний аралашувга йўл қўймаслик соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш масалаларига жиддий эътибор қаратиши лозим. Депутатлар фракциянинг назорат-таҳлил фаолиятида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили томонидан билдирилган масалалар албатта ҳисобга олинишини таъкидладилар.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари Омбудсманнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва фуқароларнинг мурожаатлари бўйича фаолиятини ўрганиш фуқаролар мурожаатлари институтининг муҳимлигига яна бир бор ишонч туғдиришини алоҳида қайд этдилар. Депутатларнинг фикрича, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти ва ўзини ўзи бошқариш органларининг аҳоли билан алоқаларини мустаҳкамлашнинг муҳим воситасидир.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясидан сўзга чиққанлар давлат органларининг, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмаларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини муносиб даражада ҳуқуқий таъминлаш масалаларига урғу бердилар. Шу муносабат билан фракция вакиллари фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини, хусусан, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари тегишли равишда кўриб чиқилмаслиги учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш масалаларини такомиллаштириш юзасидан Омбудсман ва Қонунчилик палатаси депутатларининг яқин ҳамкорлигини давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзолари Омбудсманнинг уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларининг бузилиши ҳақидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича фаолиятини янада чуқурлаштириш масаласини кўтардилар. Фракция вакиллари Омбудсманнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор тавсиялар киритдилар.

Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи аъзоларининг фикрича, охирги йилларда фуқароларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалаларига доир мурожаатларининг сони оз бўлса-да, ошаётгани кузатилмоқда. Шу муносабат билан депутатлар гуруҳи мақсадли тадбирларни ташкил этган ҳолда, аҳолининг экология соҳасидаги ҳуқуқий билими ва онгини ошириш масалалари юзасидан Омбудсман билан ҳамкорликни бундай буён ҳам давом эттириш истагини билдирди.

Депутатлар муҳокама чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг 2013 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни маъқулладилар ҳамда тегишли қарор қабул қилдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси  

Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси тўғрисида ахборот

17 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов маъруза қилди.

Давлатимиз раҳбарининг маърузасида жаҳон иқтисодиётининг ўсиш суръатлари секинлашганлигига ва унинг ривожланишида хатарлар кучайганлигига қарамай, замонавий, рақобатбардошли ва диверсификациялаштирилган бозор иқтисодиётини шакллантиришга йўналтирилган, мамлакатда қабул қилинган ислоҳ қилиш ва ривожлантириш стратегияси изчил амалга оширилиши натижасида 2013 йилда иқтисодий ривожланишнинг барқарор юқори суръатлари, макроиқтисодий барқарорликни сақлаш ва иқтисодиётни модернизациялаш таъминланганлиги қайд этилди.

Жаҳонда умумий эътироф этилган ривожланишнинг “ўзбек модели” амалга оширилишида Ўзбекистоннинг ютуқлари ва истиқболлари, жаҳон иқтисодиётининг чуқур ва давомли инқирози шароитларида иқтисодиётни инқирозга қарши бошқариш бўйича кўрилаётган самарали чора-тадбирлар нуфузли иқтисодиётчи олимлар ва халқаро молиявий институтлар томонидан юқори баҳоланаётганлиги алоҳида таъкидланди. Жумладан, 2013 йил сентябрь-октябрь ойларида мамлакатимизга ташриф буюрган Халқаро валюта жамғармаси миссияси бошлиғининг баёнотида глобал иқтисодий вазиятнинг ёмонлашганлигига қарамай, 2013 йилда Ўзбекистонда кучли бюджет ва ташқи позициялар, барқарор банк тизими ва давлат қарзининг паст даражаси барқарор макроиқтисодий натижаларга эришишга кўмаклашаётгани давом этаётганлигини, иқтисодий ривожланиш прогнозлари эса яқин истиқболда ижобийлигини қайд этди.

2013 йил якунлари бўйича ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 8 фоизни, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажмлари – 8,8 фоизни, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми – 6,8 фоизни ташкил этди, қурилиш ишлари ҳажми – 16,6 фоизга, хизматлар хажми – 13,5 фоизга, чакана товар айланмаси – 14,8 фоизга ўсди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,3 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрларидан ошмади ва 6,8 фоизни ташкил этди.

Саноат, ижтимоий, йўл-транспорт ва коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва технологик жиҳатдан модернизациялаш бўйича фаол инвестиция сиёсати амалга оширилиши асосий капиталга инвестициялар ҳажмининг 11,3 фоизга ўсишини таъминлади. Хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми 3 миллиард АҚШ долларидан ошди, уларнинг 72 фоиздан ортиғи тўғридан-тўғри инвестициялардир. Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 2,7 миллиард АҚШ долларига яқин бўлган 150 та ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш тугалланди.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, экспорт қилувчиларни рағбатлантириш ва уларнинг рақобатли устунликларини амалга ошириш, жаҳон бозори конъюнктураси ўзгарувчанлигига қарамай, экспорт ҳажмининг 10,9 фоизга ўсишини ва ташқи савдо айланмасининг сезиларли ижобий сальдосини таъминлади.

Республиканинг банк тизими барқарор фаолият кўрсатмоқда, банклар капиталининг етарлилиги минимал халқаро стандартлардан 3 баравар ортиқ бўлган даражада сақланиб қолмоқда, унинг ликвидлиги эса энг юқори талаблардан 2,2 баравар ортиқдир. Ўтган йили тижорат банкларининг жами капитали 25 фоизга кўпайди. Банклар кредит портфели жами суммасининг 80 фоизга яқини ички манбалар ҳисобига шакллантирилди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, модернизациялаш ва интенсивлаштириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар аграр секторда сифат ўзгаришларини таъминламоқда. Ноқулай об-ҳаво шароитларига ва сув тақчиллигига қарамай, ўтган йилда барча асосий қишлоқ хўжалиги экинлари бўйича юқори ҳосил етиштирилди ва йиғиб олинди – 3,36 миллион тонна пахта хомашёси, 7,8 миллион тонна ғалла, 8,4 миллион тонна сабзавот маҳсулотлари ҳосили олинди.

Ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш тизимли чора-тадбирларини амалга оширишни давом эттириш кичик бизнеснинг янада ривожланишига кўмаклашди. Кичик тадбиркорлик соҳасида 26 мингдан зиёд янги субъектлар ташкил этилди, унинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши эса изчил ўсмоқда.

Аҳолининг иш билан бандлигини оширишнинг ҳар йиллик дастурини амалга ошириш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар 2013 йилда 970 минг нафарга яқин кишини, улардан 60,3 фоиздан ортиғини қишлоқ жойларда ишга жойлаштирилишини таъминлади.

Мамлакат иқтисодиётининг барқарор ва динамик ривожланиши туфайли аҳоли ҳаёт даражаси ва сифатининг изчил ўсиши таъминланмоқда. 2013 йилда бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва ижтимоий нафақалар миқдори 20,8 фоизга, аҳолининг реал даромадлари эса – 16 фоизга ўсди.

Мамлакатимиз Президенти ўз маърузасида ҳал этилмаган мавжуд муаммоларни мукаммал таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратди ва 2014 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифалари ва йўналишларини бажаришга доир дастурий вазифаларга батафсил тўхталди.

Вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва ижро этувчи ҳокимиятнинг маҳаллий органлари раҳбарлари олдига 2014 йилда мамлакат иқтисодий ривожланишнинг барқарор юқори суръатлари сақлаб қолинишини таъминлашга, инвестиция жараёнлари такомиллаштириш ва ўсишига, саноатда муҳим юқори технологияли ва замонавий объектлар ва қувватларни ишга туширишга, шунингдек, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик янгилашнинг, жаҳон бозорига кириб боришнинг муҳим омили ҳисобланган тўлақонли рақобат муҳитини шакллантиришга қаратилган зарур чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан вазифалар қўйилди. Ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнесни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада рағбатлантириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш, уй-жойлар қуриш ва аҳоли пунктларини ободонлаштириш, соғлиқни сақлаш ва таълим жараёнларини янада ислоҳ қилиш ва такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Жорий йил Соғлом бола йили деб эълон қилинганлиги муносабати билан белгиланган дастурий чора-тадбирларни, шу жумладан оналик ва болаликни муҳофаза қилишни таъминлаш, бошланғич таълим сифатини ошириш, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш, болалар тарбиясида жамоат ташкилотларининг ролини кенгайтиришни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Кун тартибидаги масалалар бўйича вазирликлар, идоралар, ташкилотлар раҳбарлари ва вилоятлар ҳокимлари сўзга чиқдилар. Республика ҳукумати мажлисида қўйилган масалаларни муҳокама қилиш якунлари юзасидан қарор қабул қилинди. Қарорда 2014 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим устувор вазифалари амалга оширилишини таъминлашга доир амалий чора-тадбирлар белгиланди. 

ЎзА


Рўйҳатга қайтиш