Савол: Мен хотиним билан расмий никоҳдан ўтмадим, икки нафар фарзанларимиз никоҳсиз туғилди. Улар никоҳда туғилган болалар билан тенг ҳуқуққа эгами?

М.АртикбаевЧимбой тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги ЎзР. Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳар бир болага инсон ҳамда фуқаро ҳуқуқлари ва эркинликлари тегишли бўлади ҳамда давлат томонидан кафолатланади. Никоҳда ва никоҳсиз туғилган болалар тенг ҳамда ҳар тарафлама ҳимоядан фойдаланади. Давлат боланинг барча шакллардаги камситишлардан ҳимоя қилинишини таъминлаш учун зарур чораларни кўради. Бола ҳуқуқлари чекланиши мумкин эмас, қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Савол: 15 ёшдаги ўғлимнинг касаллиги туфайли унга операция қилишдан олдин бизларнинг розилигимиз бўлсада шифокорлар ўғлимизнинг ихтиёрий розилиги кераклигини айтишди. Шу тўғрими?

К.НиязимбетоваНукус шаҳри

Жавоб: Ўн тўрт ёшдан катта ёшдаги бола маълумотларни билган ҳолда тиббий аралашувга ихтиёрий равишда розилик бериш ёки уни рад этиш ҳуқуқига эга.

Бола билан унинг ҳаётига, соғлиғи ва нормал ривожланишига зиён етказувчи ҳар қандай илмий тажриба ёки бошқа экспериментлар ўтказиш тақиқланади.

Д.Қўрбанов, Қўнғирот тумани 1-сон ДНИ нотариуси 


Савол: Мен 1986 йил туғилганман, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномамни йўқотиб қўйдим, менинг ўрнимга аёлим ФҲДЁ бўлимидан туғилганлик ҳақида такрорий гувоҳномани олса бўладими?

А.Аскаров, Нукус шаҳри

Жавоб: Туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувидан нусхалар ва такрорий гувоҳнома фуқаронинг ўзига, вояга етмаган шахсларнинг қонуний вакилларига ёки нотариал тартибда тастиқланган ишончнома орқали бошқа шахсларга уларнинг аризаси асосида берилади.

Чет элда яшовчи фуқаро томонидан берилган ҳамда чет тилида тузилган ишончнома белгиланган тартибда легелизация қилинган ёки апостиль қўйилган бўлиши лозим.

Савол: Мен Андижон вилоятида туғилган неварамни фарзандликка олиб, туғилган жой Нукус шаҳри деб ўзгартирсам бўладими?

Е.Пирназарова, Нукус шаҳри

Жавоб: Ўн ёшдан ошмаган боланинг туғилган жойи суднинг ҳал қилув қарори асосида Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида ўзгартилиши мумкин ва бу ҳолатда фарзандликка олувчининг яшаш жойдаги ФҲДЁ органида тикланган далолатнома ёзуви қайд этилади ва етти кун ичида дастлабки далолатнома ёзуви қайд этилган ФҲДЁ органига уни бекор қилиш ҳакида хабарнома юборилади.

Савол: 2014 йили май ойида эрим билан суднинг ҳал қилув қарорига асосан никоҳимиз бекор қилинди. 2014 йил 30 сентябрда туғилган фарзандимни ўзимнинг номимга олишим мумкинми?

Б.ШамуратоваХўжайли тумани

Жавоб: Ота-она никоҳда бўлган боланинг туғилиши тўғрисидаги далолатномани ёзиш шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар асосида амалга оширилади.

Бола туғилганга қадар унинг отаси вафот этган вақтдан, ота-онаси никоҳи бекор қилингандан кейин 300 кундан кўп вақт ўтмаган бўлса, отаси тўғрисидаги маълумотлар белгиланган тартибда ёзилади.

Савол: Менинг эрим кўп йиллардан буён бедарак йўқолган, у билан бўлган никоҳимни бекор қилишим мумкинми?

Н.Джуманиязова, Тўрткўл тумани

Жавоб: Суднинг эр-хотиндан бирининг бедарак йўқолган деб топилганлиги тўғрисидаги қарори асосида никоҳдан ажратиш эр ёки хотиннинг бирининг турар жойидаги ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади.

Саволларга Нукус шаҳри ФҲДЁ бўлими мудираси в.б. Г.Досшанова жавоб берди. 



Савол:Қандай тартибда ва қайси низомга асосан фермер хўжалигининг ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш мумкин?

Е.Бердимуратов, Нукус шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2012 йил 22 октябрдаги Фармонини бажарилиши юзасидан ҳамда фермер хўжаликларининг ер майдонларини мақбуллаштириш жараёнида уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш, фермер хўжаликларини тугатишда қонунчилик нормаларига риоя этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2013 йил 31 январь кунги “Фермер хўжалигининг ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш тартиби тўғрисида”ги низоми ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Низомда икки босқичда тартибда амалга оширилиши кўрсатилган бўлиб, биринчиси ихтиёрий ўз аризасига кўра тугатиш ва иккинчиси фермер хўжалиги томонидан шартнома интизоми бузилишининг ҳамда хўжалик фаолияти самарасиз юритилишининг аниқланган ҳолатлари асосида фермер хўжалиги ер майдонини мақбуллаштириш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ташаббуси билан амалга оширилиши белгиланган.

Савол. Ўзбекистон Республикасида ер участкасини узоқ муддатга ижара олиш қандай тартибда амалга оширилади? Ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш мумкинми?

А.Аскаров, Хўжайли туман

Жавоб: Ер участкаси шартнома асосида қуйидаги асосларда ижарага берилади:

Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ва юридик шахсларига - туман ва шаҳар ҳокимлари;

чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга, халқаро бирлашмалар ва ташкилотларга, чет эллик юридик ва жисмоний шахсларга - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан берилади.

Ер участкалари ижарасининг шартлари ва муддатлари тарафларнинг келишувига биноан белгиланади ва шартномада мустаҳкамлаб қўйилади. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ижарага эллик йилгача бўлган, бироқ ўттиз йилдан кам бўлмаган муддатга берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Ер Кодекснинг 37-моддасига асосан ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишилган ҳолда тегишлигича туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан олиб қўйилади. Ер эгаси, ердан фойдаланувчи ва ижарачи ер участкасини олиб қўйиш ҳақидаги туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига рози бўлмаган тақдирда, бу қарорлар устидан судга шикоят қилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Саволларга Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи З.Ходжахметов жавоб берди. 


Савол: Хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган автомототранспортларни жисмоний шахслар ўртасида нотариал расмийлаштириш учун қандай ҳужжатлар талаб этилади?

И.Давлетов Нукус шаҳри,

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси ҳудудига хорижий давлатлардан олиб келинган автотранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш улар божхона органларида расмийлаштирилиб, ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказилгандан кейин амалга оширилади. Ҳужжатларни расмийлаштириш учун фуқораларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат, мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар. Агар автомототранспорт воситаси эрининг ёки хотиннинг умумий биргаликдаги мулки бўлган ҳолларда, эрининг ва ёки хотиннинг автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказишга розилиги тўғрисида нотариус томонидан шаҳодатлантирилган ёзма аризаси ва давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилади.

Саволга Нукус шаҳар 9-сон ДНИ нотариуси К.Нажимов жавоб берди.



Савол: Ота-онам биринчи гуруҳ ногирони. 2 йил олдин оилавий келишмовчиликларга кўра улардан аразлаб алоҳида яшай бошладим. Вояга етганлигим, меҳнатга лаёқатли бўлганлигим учун ота-онам таьминотини ўйлашга, уларга ғамхўрлик қилишга мажбурманми?

Е.ПўлатовҚўнғирот тумани

Жавоб: Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга мухтож ўз ота-онасига таьминот беришлари ва улар тўғрисида ғамхўрлик қилишлари шарт. Ота-онасининг давлат ва нодавлат муассасалари қарамоғида эканлиги вояга етган меҳнатга лаёқатли болаларни ва ота-она ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш мажбуриятидан озод қилмайди. Оилада ота-она ва болалар ўртасида юзага келадиган муносабатлар, табиийки,бир-бирига ёрдам кўрсатиш, бир-бирини қўллаб-қувватлаш хамжиҳатлик хамда ихтиёрликка асосланган бўлишини тақазо этади.

Савол: Хотиним билан 3 йил олдин ажрашганман. Ўртамизда 2 та фарзандимиз бор. Хотиним болаларни кўришимга йўл қўймайди. Ахир мен болаларнинг отасиман. Уларни кўришга ҳаққим борми?

Б.МажитовШуманай тумани

Жавоб: Бола отаси, онаси, бобоси, бувиси, ака-укалари, опа-сингиллари ва бошқа қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқига эга. Ота-онасининг никоҳдан ажралиши никоҳнинг хақиқий эмас деб топилиши ёки ота-онанинг бошқа-бошқа яшаши боланинг ҳуқуқларига таьсир қилмайди. Ота ва она алоҳида яшаган ҳолда бола уларнинг хар бири билан кўришиш ҳуқуқига эга. Ота-она турли давлатларда яшаган тақдирда ҳам бола улар билан кўришиш ҳуқуқига эга. Фавқулодда вазиятларга тушиб қолган бола (ушлаб туриш, қамоққа олиш, ҳибсга олиш, даволаш муассасаларида бўлиш ва бошқа ҳолларда) ўз ота-онаси ва бошқа қариндошлари билан қонунда белгиланган тартибда кўришиш ҳуқуқига эга.

Савол: Эрим билан ажрашганман, у бошқа аёл билан қонуний никоҳда туради. Шу никоҳдан туғилган 3 та фарзанди бор. Мен билан эрим ўртамизда битта қизимиз бор. Қизимга суд орқали оталик белгилаганман. Қонуний фарзандлари билан қизимнинг ҳуқуқи тенгми ёки қонуний фарзандларининг ҳуқуқи устунми?

Ж.МаткаримоваМўйноқ тумани

Жавоб: Оила кодексининг 61 ва 62-моддаларида назарда тутилган тартибда оталик белгиланганда болалар ота-онаси ва уларнинг қариндошларига нисбатан ўзаро никоҳда бўлган шахслардан туғилган болалар билан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўладилар. Мазкур модда оталик отанинг ўз истаги билан ёки суд тартибида аниқлангандан сўнг, никоҳсиз туғилган болаларга никоҳда туғилган болалар билан тенг ҳуқуқларини беради. Болаларнинг насл-насаби факти боланинг отаси туғрисидаги ёзув билан тасдиқланади, бу билан бола отанинг қариндошлари сирасига киради. Бу шуни англатадики, никоҳда туғилган болалар ота ва унинг қариндошларига нисбатан қандай ҳуқуқларга эга бўлсалар никоҳсиз туғилган болалар хам худди шундай ҳуқуқларга эга бўладилар. Лекин бу нарса боланинг ҳамма ҳуқуқларига эмас, балки фақат мулк ва мерос ҳуқуқларигагина тегишлидир.

Савол: Эрим билан 10 йил олдин ажрашиб кетганман. Ўғлимни ўзим катта қиляпман. Отаси хабар олмаганлиги учун уни танимайди ҳам. Ўғлим менинг фамилиямда бўлишини хоҳлайди. Эримнинг қайердалигини билмайман. Унинг рухсатисиз ўғлим менинг фамилиямга ўтса бўладими?

У.БегжановҚўнғирот тумани

Жавоб: Агар ота-она алоҳида яшаса ва бола билан бирга яшовчи ота (она) болага ўз фамилиясини беришни хохласа, васийлик ва хомийлик органи бу масалани боланинг манфаатларини ва она (ота)нинг фикрини хисобга олган холда хал қилади. Ота ёки онанинг турган жойини аниқлаш мумкин бўлмаганда, улар ота оналик ҳуқуқидан махрум қилинганда, муомалага лаёқатсиз деб топилганда, шунингдек ота ёки она болага таьминот бериш ва уни тарбиялаш мажбуриятларини бажаришдан узрсиз сабабларга кўра бўйин товлаган ҳолларда ота ёки онанинг фикрини ҳисобга олиш шарт эмас. Агар бола ўзаро никоҳда бўлмаган шахслардан туғилган ва оталик қонуний тартибда белгиланмаган бўлса, васийлик ва ҳомийлик органи боланинг манфаатларини эьтиборга олиб, унинг фамилиясини отанинг мурожаат қилган давридаги фамилиясига алмаштириш учун рухсат беришга хақли. Ўн ёшга тўлган боланинг исми ёки фамилиясини ўзгартиришга фақат унинг розилиги билан йўл қўйилади.

Саволларга Қўнғирот тумани 1-сон ФҲДЁ бўлими мудираси А.Бабажанова жавоб берди. 



— МЕН тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ниятидаман. Шунга кўра, тадбиркорлик субъ­ектларининг ҳуқуқлари нималардан иборатлиги ҳақида тушунча берсангиз?

О.АҲМЕДОВ, Юнусобод тумани

— “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга асосан, тадбиркорлик фаолия­ти субъектлари қуйидагиларга ҳақли:

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга;

юридик шахс бўлган бошқа тадбиркорлик субъектларининг муассислари (иштирокчилари) бўлишга;

мулк ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган мол-мулкка эгалик қилишга, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишга;

ўз фаолияти йўналишларини, товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчиларни ва ўз товарларининг (ишларининг, хизматларининг) истеъмолчиларини мустақил равишда танлашга;

тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад (фойда) олишга, бундан товарлар (ишлар, хизматлар) бозорида устун мавқени эгаллаб турган тадбиркорлик фаолияти субъектлари мустасно;

ўз товарларини (ишларини, хизматларини), ишлаб чиқариш чиқиндиларини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, мустақил равишда белгиланадиган нархлар ва тарифлар бўйича ёки шартнома асосида реализация қилишга;

барча ишлаб чиқариш харажатларининг ўрни қопланиб, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин қолган даромадни (фойдани) эркин тасарруф этишга;

кредитлар олишга, бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг пул маблағларини ҳамда ўзга мол-мулкини шартнома шартлари асосида жалб этишга, шу жумладан, биноларни, иншоотларни, ускуналарни ва ўзга мол-мулкни олишга ва (ёки) текин, ижарага (лизингга) олишга ҳамда уларни тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга йўналтиришга;

ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишга ҳақли.

Волида АХТАМОВА, Тошкент шаҳар хўжалик суди судьяси

— ХЎЖАЛИК судлари томонидан чиқарилган қандай ҳал қилув қарорлари дарҳол ижро этилади?

О.АЛИМБЕКОВА, Юнусобод тумани

— Хў­жа­лик процессуал кодек­си­га асосан, давлат, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳужжатларини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги ҳал қилув қарорлари, шунингдек, келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажримлари, хўжалик судининг ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ажрими дарҳол ижро этилади.

Назокат АББАСОВА, Тошкент шаҳар хўжалик суди судьяси

— МУЛК ҳуқуқи қачондан бошлаб вужудга келиши мумкин?

Б.САЛИМОВ, Чилонзор тумани

— Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига кўра, мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари қуйидагилардан иборат:

меҳнат фаолияти;

мол-мулкдан фойдаланиш соҳасидаги тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти, шу жумладан, мол-мулк­ни яратиш, кўпайтириш, битимлар асосида қўлга киритиш;

давлат мол-мулкини хусусийлаштириш;

мерос қилиб олиш;

эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат;

қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа асослар.

Мол-мулк олиш-сотиш, айрибошлаш, ҳадя қилиш шартномалари, ҳамда қонун билан тақиқланмаган бош­қа битимлар асосида мулк қилиб олиниши мумкин.

Башарти, қонунларда бошқача кўрсатилмаган бўлса, мол-мулк янги мулкдорга ўтганида, универсал ҳуқуқий ворислик тартибида собиқ мулкдорнинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳам унга ўтади.

Шартнома асосида мол-мулк олувчида мулк ҳуқуқи, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ашё топширилган пайтдан бошлаб вужудга келади.

Агар мол-мулкни бошқа шахсга бериш ҳақидаги шартнома давлат рўйхатидан ўтказилиши ёки нотариал тасдиқланиши керак бўлса, мол-мулкни олувчида мулк ҳуқуқи шартнома рўйхатдан ўтказилган ёки тасдиқланган пайтдан бошлаб, шартномани ҳам нотариал тасдиқлаш, ҳам давлат рўйхатидан ўтказиш зарур бўлганида эса — рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади.

Мулкдор бўлмаган, лекин кўчмас мол-мулкка ўн беш йил давомида ёки бошқа мол-мулкка беш йил давомида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс бу мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини олади.

Анвар ОМОНОВ, Тошкент шаҳар хўжалик суди судьяси

— УМРБОД таъминлаш шарти билан уй-жойни бошқа шахсга бериш шартномасини тузиш тартиби ҳақида батафсил билмоқчи эдим.

Н.ИМОМОВ, Каттақўрғон шаҳри

— Умрбод таъминлаш шарти билан уйни, квартирани бошқа шахсга бериш шартномасини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

Умрбод таъминлаш шарти билан уйни, квартирани бошқа шахсга бериш шартномасининг предмети бўлган тураржойдан фойдаланиш шу шартнома шартларига мувофиқ амалга оширилади. Шартномада тураржойдан фақат тураржойни бошқа шахсга бераётган ва уни олаётган шахс фойдаланиши назарда тутилиши, тураржойдан фойдаланиш тартиби белгилаб қўйилиши ёки белгиланмаслиги ёхуд тураржойни фойдаланиш учун учинчи шахсга (учинчи шахсларга) бериш ёки қонун йўл қўядиган бошқача усулда фойдаланиш белгиланиши мумкин.

Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (уйнинг бир қисми)ни, квартирани бошқа шахсга бериш шартномасига мувофиқ бир тараф (олувчи) ёши ёки соғлиғи туфайли меҳнатга лаёқатсиз бўлган бошқа тараф (бошқа шахс­га берувчи)ни натура ҳо­лида (уй-жой бериш, овқатлантириш, парваришлаш ва зарур ёрдам кўрсатиш тарзида) умрбод моддий таъминлаш мажбурия­тини олади, бошқа шахсга берувчи эса олувчига уй-жой (уйнинг бир қисми)ни, квартирани мулк қилиб бериш мажбуриятини олади.

Саволга Каттақўрғон шаҳар 2-сон давлат нотариал идораси нотариуси Нодира ЭРГАШЕВА жавоб берди. 



Савол: Эрим вафот этган, лекин у ҳаётлигида паспортини йўқотиб қўйган эди. Ҳужжатсиз ўлимини қайд этиш мумкинми?

А. Сабирова, Кегейли тумани

Жавоб: Ўлимни қайд этиш учун ФДҲЁ бўлимига 16 ёшгача бўлган вафот этган шахснинг туғилганлик хақидаги гувоҳномаси, 16 ёшдан ошган вафот этган шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати тақдим этилади. Агар ҳужжат йўқолган бўлиб, ФДҲЁ бўлимига тақдим этилмаган ҳолда ўлимини қайд этиш рад этилмайди ва далолатнома ёзувига “ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномасига ёки суднинг шахсни вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги ҳал қилув қарорига асосан қайд этилди” деб ёзиб кўйилади.

Савол: Ўғлим жазони ижро этиш муассасида яъни қамоқхонада касалланиб, шу ерда вафот этган. Ўлим ҳақидаги гувоҳномани қаердан оламан?

Қ.Парахатов, Тахтакўпир тумани

Жавоб: Жазони ижро этиш муассасаларида вафот этган шахсларининг ўлимини қайд этиш мазкур муассаса маъмуриятининг хабарига кўра, вафот этган кишининг озодликдан маҳрум қилингунга қадар доимий яшаган жойидаги ёки жазони ижро этиш муассасаси жойлашган ҳудуддаги 
ФДҲЁ бўлими томонидан амалга оширилади.

Саволларга Кегейли тумани 1-сон ФҲДЁ бўлими мудираси И.Ержановажавоб берди


Савол: Ҳозирги вақтда болам 14 яшар, лекин унга ҳалигача туғилганлик ҳақида гувоҳнома олмадим. Ўғлимга гувоҳнома олишим учун нима қилишим керак?

Е.КошкинбаеваМўйноқ тумани

Жавоб:Ўн олти ёшгача бўлган боланинг туғилишини қайд этиш учун ФҲДЁ бўлимига туғилишни қайд этиш муддатини ўтказиб юборганлик сабаблари кўрсатилган ариза ва қўйидаги хужжатлар тақдим этилади.

Боланинг туғилганлиги ҳақида тиббий маълумотнома ёки боланинг туғруқхонадан ташқари жойларда ва тиббий ёрдамсиз туғилганлигини тасдиқловчи далолатнома, соғлиги тўғрисида, таьлим олаётганлиги тўғрисида ҳамда тегишли ФҲДЁ архивидан ушбу болага нисбатан туғилганлик ҳақида далолатнома ёзуви қайд этилмаганлиги тўғрисидаги маълумотномалар тақдим этилади.

Савол: Туғруқхонадан ташқарида туғилган ёки ташлаб кетилган болаларнинг туғилганлигини қайд этиш ва уларга туғилганлик ҳақида гувоҳномани қандай қилиб олиш мумкин?

Б.Жуматдинова, Тахтакўпир тумани

Жавоб: Топиб олинган (ташлаб кетилган) боланинг туғилганлигини қайд этиш учун ички ишлар органи, васийлик ва ҳомийлик органлари,бола парваришланаётган муассаса маъмуряти ёки тиббий муассаса томонидан бола топиб олинган (ташлаб кетилган) жойдаги ФҲДЁ органига қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза берилади:

- ички ишлар органи ёки васийлик ва ҳомийлик органининг боланинг топиб олинган вақти, жойи ва топиб олинган пайтдаги ҳолати туғрисидаги далолатномаси,

- тиббий муассасанинг топиб олинган ёки ташлаб кетилган боланинг ёши ва жинсини тасдиқловчи маълумотнома илова қилинади

Савол. Менинг болам уйланди, келиним билан никоҳдан ўтмади, келиним яқинда она бўлади, туғилган боласига туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани боламнинг фамилиясига олиши мумкинми?

И.БашароваҚўнғирот тумани

Жавоб: Агар ота-она боланинг туғилишини қайд этиш билан бир вақтда оталикни белгилаш ҳақида биргаликда ариза берсалар, ота ҳақидаги маьлумотлар берилган ариза асосида ёзилади, болага фамилия ота-онасининг келишувига биноан берилади.

Саволларга Қўнғирот тумани 1-сонФҲДЁ бўлими инспекториЖ.Мусаева жавоб берди.



Ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг асосий вазифалари.

Савол-жавоб

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг асосий вазифалари нималардан иборат? Бу жараёнда қандай йўналишларда ишлар олиб борилади?

О.Шойимов, Бухоро вилояти

Жавоб:

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг асосий вазифалари шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, ўрганиш, бартараф этиш чора-тадбирларини кўриш, ҳуқуқбузарликдан жабрланувчиларни, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарлик содир этган, шу жумладан илгари судланган ва озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш, жисмоний шахсларнинг ҳуқуқбузарликдан жабрланувчига айланиши хавфини камайтириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда муассасалар фаолиятининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиришдан иборат.

2010 йилда мамлакатимизда “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган эди. Жорий йилда эса, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Ҳар икки қонуннинг ўзига хос хусусиятлари нималардан иборат?

А.Мадумаров, Тошкент шаҳри

Жавоб:

Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси вояга етмаганларнинг назоратсизлиги, қаровсизлигига, улар томонидан ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этилишига имкон берадиган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этишга қаратилган, якка тартибдаги профилактика иши билан биргаликда амалга ошириладиган ижтимоий, ҳуқуқий, тиббий ва бошқа чора-тадбирлар тизимидан иборат. Шу сабабли, 2010 йилда қабул қилинган Қонунда вояга етмаганларнинг жисмоний ва маънавий ривожланишидаги хусусиятлар инобатга олинган. Шунингдек, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширишда асосий масъулият ота-она ёки ота-она ўрнини босувчи шахслар зиммасига юклатилади. Давлат органлари ва муассасаларининг мазкур йўналишдаги фаолияти ҳуқуқбузарликлар содир етишга мойиллиги бўлган вояга етмаганларни нормал ҳаёт тарзига қайтаришга йўналитирилади. Жорий йилда қабул қилинган “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонунда эса, ҳуқуқ-тартиботни сақлаш ҳамда мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга барҳам бериш, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш қаратилган, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойиллиги бўлган барча шахсларга қаратилган ва нисбатан кенг кўламли фаолиятнинг ҳуқуқий асослари белгиланди. Айни пайтда вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳуқуқбузарликлар махсус профилактикасининг йўналишларидан бири ҳисобланди.

Ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган ёки илгари ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларга нисбатан бевосита қандай профилактик тадбирлар амалга оширилади?

Ш.Содиқова, Фарғона вилояти

Жавоб:

Мазкур йўналишдаги ишлар ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикасини ташкил этади. Якка тартибдаги профилактика чора-тадбирлари профилактика суҳбати, расмий огоҳлантириш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабаблари ва уларга имкон бераётган шарт-шароитлар тўғрисида хабардор қилиш, ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш, профилактик ҳисобга олиш, мажбурий даволанишга юбориш ва ички ишлар органларининг маъмурий назорати шаклида олиб борилади.

Саволларга Адлия вазирлиги етакчи маслаҳатчиси Элдор Ҳамроев жавоб берди 



Савол: Шаҳардаги ўзимга тегишли бўлган ўйимни сотиш учун синглимга ишончнома бермоқчи эдим, ушбу ишончнома қанча муддатга берилиши мумкин?

Е.БердимуратовНукус шаҳри

Жавоб: Ишончнома кўпи билан уч йил муддатга берилиши мумкин. Агар ишончномада муддат кўрсатилмаган бўлса, у берилган кундан бошлаб бир йил мобайнида ўз кўчини сақлайди. Берилган куни кўрсатилмаган ишончнома ҳақиқий эмас деб топилади.

Савол: Ишончнома берувчи томонидан ишончномани бекор қилинган тақдирда ишончли вакилни хабордар қилиш шартми?

А.АскаровХўжайли туман

Жавоб: Ишончнома берувчи томонидан ишончномани бекор қилинган тақдирда ишончнома берган шахснинг бу ҳақидаги аризасидаги имзосининг ҳақиқийлиги нотариал тартибда шаҳодатлантирилади. Бу ҳақда реестрга ҳамда нотариал идорада сақланаётган ишончнома нусхасига белги қўйилади. Ушбу ариза ишончнома нусхасига ёки алоҳида йиғма жилдга тикиб қўйилади. Аризанинг иккинчи нусхаси ишончли вакилни хабордор қилиш учун ишонч билдирувчига берилади.

Савол: Синглим ҳали 18 ёшга тўлмаган, унга менинг номимдаги дўкон бошқариш яъни сотиш ҳуқуқи билан нотариал тартибда ишончнома бераоламанми?

М.Ережепова , Чимбой тумани

Жавоб: Вояга етмаган фуқароларга ўзингизга тегишли бўлган кўчмас мол-мулк билан боғлиқ бўлган ишончнома давлат нотариал идороларида расмийлаштиришга йўл қўйилмайди.

Савол: Ўз ваколатимдаги ишончномани бошқа шахсга ишониб топширмоқчи эдим, менинг номимга берилган ишончномани ўзим билан давлат нотариал идорсига олиб боришим шартми?

П.МамбетмуратовҚўнғирот тумани

Жавоб: Ўз ваколатини бошқа шахсга ишониб топшириш тартибида берилган ишончнома матнида асосий ишончнома тасдиқланган сана, жой ва реестр рақами, асосий ишончнома олган, берган ва ваколат ишониб топширилаётган шахснинг фамилияси, исми отасининг исми ва доимий руйхатга олинган манзили, асосий ишончнома билан берилган барча ёки айрим ваколатлар берилаётганлиги ҳақида аниқ кўрсатилиши керак. Тасдиқловчи ёзувда эса ваколат берилган шахс асосий ишончномага асосан ҳаракат қилаётганлиги кўрсатиб ўтилади. Асосий ишончноманинг нусхаси нотариал идорада қолдириладиган ўз ваколатини бошқа шахсга ишониб топшириш тарибида берилган ишончномага қўшиб тикиб қўйилади.

Саволларга Нукус шаҳри 1-сон ДНИнотариуси Мэлс Нарбаев жавоб берди 


Савол. Ипотека кредити олиш учун кимга мурожат қиламиз?

Н.СадуллаевНукус шаҳри

Жавоб. Қарз олувчи ипотека кредити олиш учун банкга ариза билан мурожат қилади, банк ходими ипотека кредити олиш учун буюртнамаларни тақдим этади, банк масъул ходими мижозга ипотека кредитининг асосий йўналишлари бўйича изоҳ беради ва барча саволларга жавоб беради ҳамда унга ипотека кредити бериш юзасидан буюртманомани расмийлаштириш учун талаб этиладиган барча ҳужжатлар рўйхатини тақдим этади.

Савол. Ипотека нарсасини ўзгартириш тартиби қандай амалга оширилади?

Г.УтебаеваХожели тумани

Жавоб. Ипотека нарсасини алмаштириш зарурияти туғилган ҳолларда ипотека нарсаси ипотекага олувчининг розилиги билан алмаштирилади. Нотариус ипотекага олувчининг ипотека нарсасини алмаштиришга розилиги ҳақидаги юридик шахснинг ёзма шаклдаги хабарномаси (бошқа тегишли хужжатлар) жисмоний шахснинг нотариус ёки консуллик муассасаларнинг консуллари томонидан шаҳодатлантирилган аризаси асосида ипотека нарсасини алмаштириш туғрисида битимни тасдиқлайди. Гаров билан таъминланадиган мажбуриятнинг бажарилиш муддатини ўзайтириш муносабати билан ипотека шартномасига ўзгартириш киритиш ҳақида ҳам битим тузилади. Ипотека шартномаси бўйича ипотека нарсасини алмаштириш ёки гаров билан таъминланадиган мажбуриятнинг бажарилиш муддатини узайтириш мунособати билан ипотека шартномасига ўзгартириш киритиш ҳақида битим тузиш учун суғурта шартномаси ва суғурта полиси асосий мажбурият туғрисидаги шартнома бўйича ипотека нарсасини алмаштириш ёки гаров билан таъминланадиган мажбуриятнинг бажарилиш муддатини ўзайтириш ҳақида ипотекага қуювчи ва ипотекага олувчи ўртасида тузилган қўшимча битим талаб этилади. Ушбу хужжатлар ипотека шартномасига қўшиб тикилади. Бу ҳақида реестрга ва алифбо китобига ёзиб қўйилади.

Савол. Қандай мол-мулклар ипотека нарсаси бўлиши мумкин эмас?

Ш.АббазовҚонликўл тумани

Жавоб. Муомаладан чиқарилган ва тасарруфдан чиқарилиши мумкин бўлмаган кўчмас мулк ипотека нарсаси бўлиши мумкин эмас. Қонун хужжатларида мажбурий хусусийлаштирилиши назарда тутилган ёки хусусийлаштирилиши тақиқланган ёҳуд чекланган корхоналар ва мол-мулк турлари ҳамда гуруҳлари ҳам ипотека нарсаси бўлиши мумкин эмас.

Саволларга Нукус шаҳри 1-сон ДНИ нотариуси А.Айтниязова жавоб берди


Савол: Менинг яқинда янги фирмам ишга тушди. Битта ходимим алимент тўлаши керак эканлиги маълум бўлди. Мени ходимимнинг маошидан алимент ушлаб қолиш мажбуриятим борми?

П.ХалмуратовНукус шаҳри

Жавоб: Алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш жойидаги иш берувчи ёки пенсия, нафақа, стипендия олаётган жойидаги ташкилот маъмурияти алимент тўлаш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган келишувга ёки ижро варақасига асосан алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш ҳақидан ва (ёки) бошқа даромадидан ҳар ойда алимент ушлаб қолиб, алимент тўлаши шарт бўлган шахсга иш ҳақи тўланган ва (ёки) бошқа даромадлар олинган кундан бошлаб, уч кундан кечиктирмай алимент олувчи шахсга алимент тўлаши ёки алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг ҳисобидан унга ўтказиши шарт.

Савол: Мен шаҳардан узоқда жойлашган туманда яшайман. Менинг ўғлим шаҳарда туғилди. Мен унга тўғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани шаҳардан олишим мумкинми?

Ф.МаткаримоваЧимбой тумани

Жавоб: Болаларнинг туғилишини қайд этиш мажбурий бўлиб, болалар туғилган жойдаги ёки ота-онадан бирининг доимий яшаш жойидаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органида бир ой муддат ичида амалга оширилиши лозим.

Савол: Менинг укам боқувчисини йўқотган битта ўғил ва битта қизни фарзандликка олди. Уларнинг боқувчисини йўқотганлик учун оладиган нафақаси сақланиб қолинадими?

К.БекниязоваХўжайли тумани

Жавоб: Фарзандликка олиниш вақтида боқувчисини йўқотганлик учун пенсия ёки нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлган вояга етмаганлар фарзандликка олинган тақдирда ҳам ана шу ҳуқуқни сақлаб қоладилар

Саволларга Нукус шаҳри ФҲДЁ бўлими инспектори К.Исмайлова жавоб берди



Савол: Менинг биринчи турмушимдан учта фарзандим бор. Уларга алимент тўлайман. Ҳозирда иккинчи аёлим билан яшайман. Иккинчи аёлим билан ўртамизда вояга етмаган иккита фарзандимиз бор. Фақат бир ўзим ишлаганлигим сабабли алимент тўлашга қийналаяпбман. Алимент миқдорини камайтириш имкони борми?

Е.АкимниязовМўйноқ тумани

Жавоб: Алимент тўлаётган ота-онанинг бошқа вояга етмаган болалари бўлиб, ундан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундирилганда ўша болалар алимент олаётган болаларга нисбатан моддий жиҳатдан камроқ таьминланиб қоладиган бўлса, шунингдек алимент тўлаётган ота(она) ногирон бўлиб, моддий жиҳатдан қийналиб қолаётган бўлса алимент миқдори суд томонидан камайтирилиши мумкин.

Савол: Менинг қўшним вояга етган бўлгани билан ўз таьминоти учун меҳнат қила олмайди меҳнатга лаёқатсиз. Ота-онаси кичкиналигида ажрашиб кетишган. Ҳозирда бир ўзи истиқомат қилади. Ёрдамга муҳтожлиги сабабли ота-онасидан алимент олса бўладими?

Р.БекмуратовҚонликўл тумани

Жавоб: Ота-она вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таьминот бериши шартдир. Вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таьминот бериш ота-онанинг келишувига биноан амалга оширилади. Ота-она ўртасида бундай келишувга эришилмаган тақдирда низо суд тартибида ҳал қилинади.

Савол: Мен оилам билан ажрашиб кетганман. Ўртамизда иккита фарзандимиз бор. Болаларим хотинимнинг тарбиясида. Яқинда хотиним қўнғироқ қилиб агарда алимент тўлашдан бош тортсам жиноий жавобгарликка тортилишим мумкинлигини айтди. Алимент тўлашдан бош тортганлик учун жиноий жавобгарлик қонунда белгиланганми?

К.БабаназаровШуманай тумани

Жавоб: Вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан буйин товлаган шахслар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Ота-онасига моддий ёрдам бериш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарорларини бажармаслик ҳам жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Саволларга Қўнғирот туман 1-сон ФҲДЁ  бўлими мудираси А.Бабажанова жавоб берди 


Савол: Яқинда турмушга чиққанман. Ўзим Ўзбекистон Республикаси фуқаросиман, турмуш ўртоғим эса Қозоғистон Республикаси фуқароси. Никоҳдан ўтиш тартибини тушунтириб беринг?

Р.Тажимуратов, Хўжайли тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ФҲДЁ органларида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг МДҲ мамлакатлари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар билан никоҳини қайд этиш ҳамда чет эл фуқаролари ўртасидаги никоҳни қайд этиш умумий асосларда амалга оширилади.

Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ва Ўзбекистон фуқароси ўртасидаги никоҳни қайд этиш, агар ушбу шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлиш визаси никоҳ тузиладиган кунда ҳақиқий бўлсагина амалга оширилади.

Бунда чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг никоҳга кириш хақидаги аризасига унинг шахсини тасдиқловчи хужжат нусхаси ва доимий яшаш жойидаги ФҲДЁ органидан никоҳдан ўтмаганлиги ҳақидаги маълумотнома илова қилиниши лозим.

Ўзбекистон фуқароси билан никоҳга кирган МДҲ мамлакатлари фуқароларининг, чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг шахсини тасдиқловчи хужжатига никоҳ қайд этилганлиги тўғрисида белги қўйилади. Белги тегишли равишли ўзбек, рус ёки инглиз тилида қўйилиши мумкин.

Савол: Менинг ўғлим ҳарбий бўлганлиги учун оиласи билан Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида вақтинча яшайди. Яқинда улар фарзандли бўлишди. Неварамга туғилганлик хақидаги гувоҳномани Навоий вилояти Зарафшон шаҳри ФҲДЁ органидан олишса бўладими?

Б.Жуманиязова, Нукус шаҳри

Жавоб: Фуқаролик ҳолати далолатномларини қайд этиш қоидасининг 14-бандига мувофиқ, боланинг туғилишини қайд этиш мажбурий бўлиб, бола туғилган жойдаги ёки ота-онасидан бирининг доимий яшаш жойидаги ФҲДЁ органида амалга оширилиши лозим. Шу сабабли сиз, Навоий вилояти Зарафшон шаҳри ФХДЁ органига бориб туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олишингиз мумкин.

Саволларга Хўжайли тумани 2-сон ФҲДЁ бўлими мудираси Венера Файзуллаева жавоб берди 



Савол: Мен 68 ёшдаман ногиронлигим тўфайли имзо қўйиш имкониятига эга эмасман. Мен қандай тарзда ёзма мурожаат этишим мумкин?

М.АлламбергеновНукус шаҳри

Жавоб: Мурожаатларда фуқаронинг фамилияси (исми, отасининг исми), яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган, ариза, таклиф ёки шикоятнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.

Ёзма мурожаатларда мурожаат этувчининг имзоси бўлиши лозим. Мурожаатга шахсий имзо қўйиш имкони бўлмаган тақдирда, бу мурожаатлар уни ёзиб берган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унинг фамилияси, исми, отасининг исми ҳам ёзиб қўйилади. Фуқаронинг фамилияси (исми, отасининг исми), яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёки у ҳақда сохта маълумотлар кўрсатилган, шунингдек имзо қўйилмаган ёзма мурожаатлар аноним деб ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди.

Савол: Мен ҳуқуқни мухофаза қилиш органига шахсий ҳаётимга доир масалада мурожаат этмоқчиман. Менинг мурожаатим ошкор этилмаслигини ҳоҳлайман. Мурожаатим сир сақланадими?

Д.АвезоваХўжайли тумани

Жавоб:Фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда фуқароларнинг шахсий ҳаётига доир маълумотлар уларнинг розилигисиз, шунингдек давлат сири ёхуд қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ҳисобланган маълумотлар агар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини камситадиган бўлса, бошқа ахборотлар давлат органлари ходимлари томонидан ошкор этилишига йўл қўйилмайди.

Мурожаатга тааллуқли бўлмаган, фуқаронинг шахсига доир маълумотларни суриштириб билишга йўл қўйилмайди. Фуқаронинг илтимосига биноан унинг шахсига доир бирон бир маълумот ошкор этилмаслиги керак.

Савол: Мен давлат солиқ органига мурожаат этдим. Мен ушбу мурожаатимнинг кўриб чиқилишида шахсан иштирок этишим мумкинми?

И.УтениязовТахиятош шаҳарчаси

Жавоб:Мурожаат давлат органлари томонидан кўриб чиқилаётганда фуқаро мурожаатнинг кўриб чиқилиши жараёни ҳақида ахборот олиш, важларини шахсан баён этиш ва изоҳлар бериш, мурожаатни текшириш материаллари ҳамда кўриб чиқиш натижалари билан танишиш, қўшимча материаллар тақдим этиш ёки уларни бошқа органлардан сўраб олиш тўғрисида илтимос қилиш, адвокат ёки ўз вакили хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Мурожаатни кўриб чиқаётган давлат органларининг мансабдор шахслари фуқароларга уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини таъминлашлари шарт.

Савол: Мен Маҳалла фуқаролар йиғинига ариза ёзиб борсам, у ёрда менга Сенинг оиланг кам таъминланган эмас, ёрдам пули берилмайди деб аризамни қабул қилмасдан оғзаки жавоб беришди. Шу тўғрими?

Ю.НарбоеваҚўнғирот тумани

Жавоб: Фуқароларнинг мурожаатлари албатта қабул қилиниши ва кўриб чиқилиши керак, ушбу қонун 6-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар яъний фуқаронинг фамилияси (исми, отасининг исми), яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёки у ҳақда сохта маълумотлар кўрсатилган, шунингдек имзо қўйилмаган ёзма мурожаатлар бундан мустасно.

Фуқаро унинг мурожаатини қабул қилиш ва кўриб чиқиш асоссиз равишда рад этилганлиги устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки бевосита судга шикоят беришга ҳақли.

Саволларга Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги масъул ходими Н.Ерниязова жавоб берди.



Савол: Мен 8 йил чет элда ишлаб келдим, пенсия ёшига чиқдим, менинг пенсиямни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган иш ҳақи миқдори қандай аниқланади?

А.Эшимбетов,  Нукус шаҳри

Жавоб: Чет элда ишлаган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг пенсиясини ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган иш ҳақи Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадалларининг миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади. (Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида ЎзР қонуни 36-модда)

Савол: Мен пенсияга чиқиш учун барча ҳужжатларимни бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлимига топширганимга бир ярим ой бўлди, лекин бугунги кунгача менинг пенсия ишим кўриб чиқилганлиги ёки рад этилганлиги ҳақида хабар берилмади. Қанча вақтда пенсия иши кўриб чиқилади?

Б.Самиғова, Тўрткўл тумани

Жавоб:Пенсия тайинлаш тўғрисидаги ҳужжатлар улар тушган кундан эътиборан 10 кундан кечиктирмасдан қараб чиқилади.

Пенсия тайинлаш рад этилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлими тегишли қарор чиқарилганидан кейин беш кун ичида корхона, ташкилот ёки аризачига пенсия тайинлаш рад этилгани ҳақида рад этиш сабаблари ва шикоят бериш тартиби кўрсатилган хабарномани беради ёки жўнатади ҳамда айни чоғда барча 
ҳужжатларни қайтаради.

Савол: Эрим вафотидан сўнг уч нафар фарзандларимга боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланди. Ушбу пенсиялар фарзандларимга алоҳида бериладими?

О.Нурметова, Беруний тумани

Жавоб: Оиланинг пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган барча аъзоларига битта умумий пенсия тайинланади.

Оила аъзосининг талаби билан унинг пенсиядаги улуши ажратилиб, алоҳида тўланади.

Пенсиядан улуш ажратиб бериш пенсияни бўлиш тўғрисида ариза тушган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб амалга оширилади.

Саволларга Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи Т.Караматдинов жавоб берди.



Савол: Қозоғистонда ишлаяпман, отамиз вафотидан сўнг меросни қабул қилиш учун аризани почта орқали юборишимиз мумкинми, ёки шахсан ўзимиз боришимиз керакми?

П.Халмуратов, Нукус шаҳри

Жавоб: Меросхўр шахсан ўзи мерос очилган жойдаги давлат нотариал идорога келиб, аризасини тақдим этади. Ариза почта орқали келиб тушган бўлса, меросхўрнинг имзоси ҳақиқийлиги шаходатланмаган бўлса ҳам нотариус аризани қабул қилади, меросхўрга эса аризани нотариус ёки Ўзбекистон консуллик муассасиларининг консуллари томонидан шаходатлантирилган ҳолда юбориилиши ҳам мумкин.

Савол: Марҳум опам мерос қолдирувчининг фарзандликка олинган фарзанди бўлган, мен (синглиси) меросхўр бўлишим мумкинми?

А.Давлетмуратова, Тахиатош шаҳри

Жавоб: Фарзандликка олинган шахснинг ота-онаси ҳамда бува-бувилари, ака-укалари, опа-сингиллари вафот этганнан кейин қонун бўйича мерос олмайдилар.

Савол: Эрим билан никоҳдан ажрашганимдан сўнг, бошқа никоҳдан ўтган эдим, яқинда собиқ эрим вафот этган, мерос улушимни сўрасам бўладими?

И.БердимуратоваХўжайли тумани

Жавоб: Агар марҳум эрдан (хотиндан) кейин хотини (эри) бошқа қайд этилган никоҳда бўлса ҳам у мерос олишга ҳақли. Никоҳ ҳақиқий эмас деб топилган ҳолатда никоҳда бўлган шахслар бир-бирининг вафотидан кейин меросхўр деб ҳисобланмайди.

Савол: Мерос мулк бир нечта мол-мулкдан иборат, меросхўрлар қанақа қилиб мулкни бўлиб олиши мумкин?

А.СайповНукус тумани

Жавоб: Мерос мулк бир нечта мол-мулклардан иборат булган ҳолларда, меросга бўлган ҳуқуқ туғрисида гувоҳнома бериш вақтида Фуқаролик кодексининг 1150-моддасига асосан меросхўрларнинг талабига ва уларнинг келишувига кўра ўзларига тегишли улушларига мувофик нотариус улар ўртасида мерос мулкини тақсимлаш шартномасини расмийлаштириши мумкин. Келишувга эришилмаган тақдирда эса мерос мулкини бўлиш суд тартибида амалга оширилади.

Саволларга Нукус шаҳар 5-сонли ДНИ нотариусиЗухра Татлымуратова жавоб берди



Савол: Менга икки йил аввал берилган ишончноманинг берилган вақти кўрсатилган бўлиб амал этиш муддати кўрсатилмаган эди. Банкка борсам ишончнома ўз кучини йўқатган деб топишди. Шу тўғрими?

А.Дурдиев,Тўрткўл тумани

Жавоб: Ишончнома кўпи билан уч йил муддатга берилиши мумкин. Агар ишончномада муддат кўрсатилган бўлмаса, у берилган кундан бошлаб бир йил мобайнида ўз кучини сақлайди.

Берилган куни кўрсатилмаган ишончнома ҳақиқий эмас.

Нотариус томонидан тасдиқланиб, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ҳаракатларни амалга оширишга мўлжалланган, амал қилиш муддати кўрсатилмаган ишончнома уни берган шахс томонидан бекор қилингунича ўз кучини сақлайди.

Савол: Мен гаровга қўйган нарсам нобуд бўлди. Мен гаровга бошқа мулк қўйишим мумкинми?

Е.Холмуродов, Амударё тумани

Жавоб: Гаров нарсасини алмаштиришга, агар қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, гаровга олувчининг розилиги билан йўл қўйилади.

Агар гаров нарсаси нобуд бўлган ёки шикастланган ёхуд унга бўлган мулк ҳуқуқи ё хўжалик юритиш ҳуқуқи қонунда белгиланган асосларга кўра бекор қилинган бўлса, гаровга қўювчи оқилона муддатда (низо чиққан тақдирда эса - суд белгилаган муддатда) гаров нарсасини тиклашга ёки шартномада бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, уни тенг қийматли бошқа мол-мулк билан алмаштиришга ҳақли.

Савол: Менга банкдан кредит олиш учун бирга ишлайдиган ходим кафил бўлган эди. Кафил мендан хизматлари учун ҳақ талаб қилмоқда. Бундай қилишга унинг ҳуқуқи борми?

О.Жуманиёзов Тўрткўл тумани

Жавоб: Агар сиз тузган шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил қарздорга кўрсатган хизматлари учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга.

Савол: Мен бир фирма билан юк ташиш бўйича битим туздим. Кейин билсам у фирманинг юк ташиш лицензияси йўқ экан. Тузилган битимни ҳақиқий эмас деб топиш мумкинми?

Б.ДосумовАмударё тумани

Жавоб: Юридик шахс томонидан унинг устав мақсадларига зид ҳолда тузилган ёки тегишли фаолият билан шуғулланишга лицензияси бўлмаган юридик шахс томонидан тузилган битим унинг муассиси (иштирокчиси) ёки ваколатли давлат органининг даъвоси бўйича суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Саволларга Тўрткўл тумани 1-сон ДНИ нотариусиА.Атаджанов жавоб берди


Савол: Менинг турмушга чиққанимда эримнинг фамилиясига ўтган эдим, эрим вафот этди, мен фамилиямни ўзимнинг аввалги фамилиямга ўзгартирира олманами?

Ф.Алланазарова, Амударё тумани

Жавоб: Никоҳга кириш вақтида ўз фамилиясини ўзгартирган эр (хотин) никоҳдан ажратилгандан кейин ҳам шу фамилияда қолишга ҳақли ёхуд унинг хоҳишига биноан суд томонидан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги қарор чиқарилаётганда унга никоҳгача бўлган фамилияси қайтарилиши мумкин.

Савол: Укам хотини билан ажрашган эди ва хотини бошқа йигитга турмушга чиқиб 8 ойдан сўнг ўғил фарзанд туғди. Болага укам фамилиясини бериш ҳуқуқига эгами?

М.ХолбоеваБеруний тумани

Жавоб: Аёлнинг никоҳ тузилгандан кейин ёки эрининг ўлими, никоҳдан ажратилганлиги ёхуд никоҳ ҳақиқий эмас деб топилганлиги туфайли никоҳ тугаганидан сўнг уч юз кун ичида туғилган боласи никоҳда туғилган бола ҳисобланади.

Агар никоҳ тугаганидан кейин уч юз кун ичида бола туғилса ва бу даврда аёл янги никоҳга кирган бўлса, бола янги никоҳда туғилган ҳисобланади. Бундай ҳолларда собиқ эр ёки унинг ота-онаси боланинг насл-насаби хусусида низолашиш ҳуқуқига эга.

Савол: Эрим билан ажрашдим икки нафар фарзандларимга жуда кам миқдорда алимент оламан. Алимент миқдорини кўпайтириш мумкинми?

Д.ТурдибоеваТўрткўл тумани

Жавоб: Агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун - тўртдан бир қисми, икки бола учун - учдан бир қисми, уч ва ундан ортиқ бола учун - ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.

Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан кам бўлмаслиги кўрсатилган.

Савол: Менинг собиқ эрим чет эл корхонасига ишга ўтди ва иш ҳақиларини АҚШ долларида олар экан. Болаларимга оладиган алимент АҚШ долларида ҳисобланадими?

М.Собирова, Беруний тумани

Жавоб: Алимент Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида пул ёки натура тарзида олинган барча турдаги даромадлардан ушлаб қолинади.

Чет эл валютасида олинадиган даромадлар алимент ундириладиган кунда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий курси бўйича сўмларда ҳисобланади.

Саволларга Амударё тумани ФҲДЁ бўлими инспектори Н.Унгарова жавоб берди.



Савол: Қизим билан куёвим никоҳдан ўтиш учун ФҲДЁ бўлимига борган ва ариза ёзган, ФҲДЁ ходими томонидан уларга бир ой муддат берган. Бир ой муддат нима учун берилган?

Л.Алламбергенова, Қонликўл тумани

Жавоб:Оила кодексида никоҳ тузувчилар ариза берганларидан сунг бир ой муддат ўтгач никоҳ тузилиши белгиланган. Бундай муддатни белгилашдан мақсад никоҳдан ўтувчиларнинг бир-бирлари билан яхши танишиб олишлари учун имконият яратишдан, шунингдек, енгилтаклик қилиб, шошма-шошарлик билан никоҳдан ўтишларига йўл қўймасликдан иборат. Бир ойлик муддат ичида никоҳга кирувчилар никоҳ тузишга бўлган ўз ҳоҳишларини яна текшириш имкониятига эга бўладилар. Бундан ташқари, никоҳни қайд этишга монелик қиладиган ҳолатлар ҳам аниқланиши мумкун.

Савол: Мен 16 ёшдан ўтганман лекин 17 ёшга тўлмадим, ҳали паспорт ҳам олмаганман, исмим “Ислам” деб ёзилган, исмимни “Ислом” деб қайта туғилганлик ҳақида гувоҳнома олсам бўладими?

И.Бекназаров, Қўнғирот тумани

Жавоб: “Бола ўн олти ёшга тўлиши билан шахсини тасдиқловчи ҳужжатини олгунга қадар туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувида имловий ҳолатларни тузатиш ёки исмига қўшимча киритиш боланинг аризаси, яшаш жойидан расми елимланган ҳолдаги маълумотнома, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ва туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувининг нусҳаси асосида амалга оширилади” деб кўрсатилган ва Сиз кўрсатилган хужжатларни олиб келсангиз Сизнинг исмингизга “Ислом” деб тузатиш киритишга бўлади.

А.АллашукироваҚўнғирот тумани 1-сон ФҲДЁ бўлими инспектори



Фуқароларнинг ижтимоий ҳимояси тўғисида

Савол: Меҳнат шароити ўта зарарли ишда 26 йил ишладим, 52 ёшдаман мен имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эгамами?

Б.Курязов, Нукус тумани

Жавоб:Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11-моддасига мувофиқ умумий белгиланган ёшни 10 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига, ер ости ишларида, меҳнат шароити ўта зарарли ва ўта оғир ишларда тўлиқ иш куни давомида банд бўлган эркаклар-иш стажи камида 20 йил бўлиб, бундан камида 10 йили кўрсатиб ўтилган ишларга тўғри келган тақдирда, аёллар-иш стажи камида 15 йил бўлиб, бундан камида 7 йилу 6 ойи кўрсатиб ўтилган ишларга тўғри келган тақдирда эга бўлади

Савол: Кўзи ожиз биринчи гуруҳ ногиронлари шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эгами?

А.Сапарбоева, Тўрткўл тумани

Жавоб:Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги бошлиғининг 2013 йил 29 январдаги 2-сон буйруғига билан тасдиқланган Шаҳар йўловчилар транспортида (таксидан ташқари) айрим тоифадаги фуқароларга бепул юриш ҳуқуқини берувчи ягона гувоҳномаларни бериш тартиби тўғрисидаги низомининг 6-бандига асос, "Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, қуйидаги шахслар шаҳар йўловчилар транспортидан (таксидан ташқари) бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга:

1941 - 1945 йиллардаги уруш қатнашчилари жумласидан бўлмиш ҳарбий хизматчилар;

1941 - 1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва урушнинг I гуруҳ ногиронига ҳамроҳлик қилувчи шахс;

1941 - 1945 йиллардаги уруш даврида фронт ортида фидокорона меҳнати ва бенуқсон ҳарбий хизмати учун орден ва медаллар билан тақдирланган шахслар;

Афғонистон Республикасида ва бошқа мамлакатларнинг ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда қатнашган собиқ байналминалчи жангчилар жумласидан бўлмиш фуқаролар;

ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва контракт бўйича оддий аскарлар ҳамда сержантлар таркибидаги ҳарбий хизматчилар;

Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошдан кечирган шахслар;

кўзи ожиз ногиронлар ва кўзи ожиз ногиронга ҳамроҳлик қилувчи шахс.

Ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга ва контракт бўйича оддий аскарлар ҳамда сержантлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларга гувоҳнома берилмайди. Улар ҳарбий гувоҳномаси ёки контракт асосида хизмат қилувчининг шахсий гувоҳномасини кўрсатган тақдирда шаҳар йўловчилар транспортида (таксидан ташқари) бепул юриш ҳуқуқидан фойдаланади.

Саволларга Нукус шаҳар 5 сонли давлат нотариал идораси нотариуси Замира Арзимбетова жавоб берди.


Меҳнат муносабатларига оид

Савол: Меҳнат таътилига чиққанимдан кейин беш кундан сўнг таътилдан чақириб олишди. Бунга иш берувчининг ҳуқуқи борми?

С.Бурхонова, Нукус шаҳри

Жавоб: Албатта, бундай ҳуқуқ иш берувчига берилмаган.Таътилдан чақириб олишга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади. Шу муносабат билан таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми ходимга мазкур иш йили давомида берилиши ёки кейинги иш йилининг таътилига қўшиб қўйилиши мумкин.

Савол: Мени ишдан ғайриқонуний четлатишди деб ҳисоблайман. Қандай ҳолларда мен қайта ишга тикланишим мумкин?

К.Ажиниязов, Тахтакўпир тумани

Жавоб:Меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ёки ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ҳолларда, у иш берувчининг ўзи, суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан аввалги ишига тикланиши лозим.

Низони кўриш вақтида иш берувчига меҳнат шартномасини бекор қилиш ёки ходимни бошқа ишга ўтказишнинг асослилигини исботлаб бериш масъулияти юклатилади.

Савол: Менинг иш ҳақимдан менинг розилигимсиз суднинг қарори бор деб ушлаб қолишди. Иш берувчининг ушбу ҳаракатлари қонунийми?

М.Мухсинов, Нукус тумани

Жавоб: Қуйидаги ҳолларда ходимнинг розилигидан қатъий назар, меҳнат ҳақидан ушлаб қолинади:

1) Ўзбекистон Республикасида белгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш учун;

2) суднинг қарорлари ва бошқа ижро ҳужжатларини ижро этиш учун;

3) иш ҳаки ҳисобига берилган авансни ушлаб қолиш учун, хўжалик эҳтиёжларига, хизмат сафарларига ёки бошқа жойдаги ишга ўтганлиги муносабати билан берилган бўлиб, сарф қилинмай қолган ва ўз вақтида қайтарилмаган авансни ушлаб қолиш учун ҳамда ҳисоб–китобдаги хатолар натижасида ортиқча тўланган суммани қайтариб олиш учун. Бундай ҳолларда иш берувчи авансни қайтариш ёки қарзни тўлаш учун белгиланган муддат тамом бўлган кундан ёҳуд ҳақ тўлаш нотўғри ҳисоблаб чиқарилган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмасдан аванс ёки қарзни ушлаб қолиш ҳақида фармойиш беришга ҳақлидир. Агар бу муддат ўтиб кетган бўлса ёки ҳодим хўжалик эҳтиёжларига, хизмат сафарларига ёҳуд бошқа жойга ишга ўтганлиги муносабати билан берилган аванснинг ушлаб қолинишини асоссиз ёки миқдорини нотўғри деб ҳисобласа, у ҳолда қарз суд тартибида ундирилади.

Саволларга Нукус шаҳар 7-сонли давлат нотариал идораси нотариуси Мийирман Сулайманов жавоб берди 



Мулкларни ишончнома орқали сотиш

Савол: Бир шаҳарда доимий руйхатда туриб яшасам-да, бошқа шаҳарда квартирам бор, олди-сотди, шартномасини расмийлаштириш учун кўчмас мулк жойлашган жойдаги нотариал идорага бормасдан уни қандай расмийлаштириш мумкин?

А.Холжигитов, Қонликўл тумани

Жавоб:Кўчмас мулк жойлашган жойдаги нотариал идорага боришингиз имконияти бўлмаса, сиз ўзга шахс номига нотариус томонидан тасдиқланган кўчмас мулкни сотиш ҳуқуқи билан ишончнома беришингиз мумкин. Шунингдек, агарда кўчмас мулк рафиқангиз билан никоҳингиз давомида орттирилган бўлса, Оила кодексининг 23-моддасига асосан унинг ҳам нотариус томонидан тасдиқланган розилик аризаси керак бўлади.

Савол: Давлат нотариал идорасидан ўзимга тегишли бўлган мулкимни сотиш ҳуқуқи билан ишончнома олгандим, лекин унинг амал қилиш муддати кўрсатилмаган, ушбу ишончнома қанча муддатга амал қилади?

С.Баротова, Тўрткўл тумани

Жавоб: Ишончнома кўпи билан уч йил муддатга берилиши мумкин. Агар ишончномада муддат кўрсатилмаган бўлса, у берилган кундан бошлаб бир йил мобайнида ўз кучини сақлайди. Берилган куни кўрсатилмаган ишончномалар ҳақиқий эмас деб топилади.

Савол: Мен автотранспорт воситасини сотиш ҳуқуқи билан ишончнома олмоқчи эдим, автотранспорт воситаси менинг отамнинг номида, у ногиронлиги сабабли ишончномани имзолай олмайди, Ушбу ишончномани расмийлаштириш учун нима қилишим керек?

Н.Баҳронов, Беруний тумани

Жавоб: Автотранспорт воситасини сотиш ҳуқуқи билан ишончномани тасдиқлаш вақтида ишонч билдирувчи ногиронлиги туфайли ишончномани ўз қўли билан имзолай олмаса, унинг илтимосига кўра ишончномани бошқа шахс имзолаши мумкин ва ишонч билдирувчининг ўз қўли билан ишончномани имзолай олмаслигининг сабаблари ишончноманинг тасдиқловчи ёзувида кўрсатиб ўтилади.

Савол: Ўғлим вояга етмаган, ўн еттига энди чиқади, мен ўғлимга автотранспорт воситамни нотариал тартибда сотиш ҳуқуқи билан ишончнома бераоламанми?

Ш.Қувватов, Нукус тумани

Жавоб: Вояга етмаган фуқароларга автотранспорт воситалари билан боғлиқ ишончномалар шунингдек, ўзингизга тегишли бўлган бошқада мол-мулкларга ишончномаларни расмийлаштиришга йўл қўйилмайди. 

Саволларга Тахтакўпир тумани ДНИ нотариуси Даулет Шаханов жавоб берди 


Савол: Фарзандимизни қайнотам ва қайнонамга фарзанликка берган эдик, лекин боламиз биз билан яшаябди, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани ўз номимизга қайта расмийлаштирсам бўладими ?

С.Маҳкамова, Нукус шаҳри

Жавоб: Фарзандликка олишни бекор қилишга фақат суд тартибда йўл қўйилади. Фарзандликка олишни бекор қилиш тўғрисидаги ишларни ҳал қилишда ўн ёшга тўлган боланинг фикри ҳисобга олинади. Суднинг фарзандликгка олишни бекор қилиш тўғрисидаги ҳал қилув қароридан кўчирмани фарзандликка олинаётган боланинг туғилганлиги руйхатга олинган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига юбориши шарт

Савол: Келиним билан болам қонуний никоҳдан ўтмаган, фарзандли бўлди, туғилганлик ҳақида гувоҳномани қандай қилиб олиш мумкин?

Ш.Эшимбетова, Мўйноқ тумани

Жавоб: Ўзаро қонуний никоҳда бўлмаган ота-онанинг, оталикни белгилашда ота-она иштирокида амалга оширилади ва оталикни белгилаш аризаси ФҲДЁ органи ходими томонидан қабул қилинади.

Боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган шахснинг оталиги ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс ва онанинг фукаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органига биргаликда топширган аризасига биноан белгиланади.

Савол: Рафиқам билан 2 йилдан бирга яшаяпмиз. Яқинда фарзандли бўлдим, лекин боламнинг онаси бошқа шахс билан қонуний никоҳда тўради, ажрашмаган, боламни ўз номимга олиб оталикни белгиласам бўладими?

А.Мурадов, Тўрткўл тумани

Жавоб: Агар боланинг онаси бошқа шахс билан қонуний никоҳда турган бўлса, оталикни белгилаш тўғрисидаги аризага никоҳда турган эрнинг у билан қонуний никоҳда бўлган онадан туғилган болага нисбатан оталикни белгилашга ёки боланинг туғилишини ёлгиз она аризаси асосида қайд этилишга нотариал тасдиқланган розилиги илова қилиниши ёки у ФҲДЁ органига келиб бунга ёзма равишда ўз розилигини билдириши лозим. Бундай розилик ФҲДЁ органи раҳбари томонидан тасдиқланади.

Саволларга Хўжайли тумани 1-сонли ФҲДЁ бўлими мудираси Слухан Тлеумбетова жавоб берди 



Савол: Мен коллеж ўқувчисиман. Яқиндан бизнинг коллеждан бир ўқувчини ўқишдан четлаштиришди. Коллеж ўқувчиси ҳам ўқишдан четлатилиши мумкинми?

Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 29 декабрдаги 367-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 18-бандига асосан ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси ўқувчилари қуйидаги ҳолларда ўқишдан четлаштирилиши мумкин:

а) саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида) академик таътил олганда;

б) ўқиши бошқа таълим муассасасига кўчирилиши муносабати билан;

в) доимий яшаш учун бошқа давлатга чиқиб кетганда;

г) суднинг қарори билан озодликдан маҳрум этилганда;

д) вафот этганлиги сабабли.

Савол: Мен бир корхонада ишлайман. Яқинда меҳнат дафтарчамнинг асл нусхаси зарур бўлиб қолганлиги сабабли, уни бериб туришларини сўраганимда корха раҳбариятидан сўраганимда, улар меҳнат дафтарчасининг асл нусхасини ходимга берилмаслигини айтишни. Уларнинг бу гапи тўғрими?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 1998 йил 29 январда 402-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқноманинг 2.5-бандига мувофиқ иш берувчи ходимнинг талабига биноан меҳнат дафтарчасидан кўчирма ёки нусхани тасдиқланган ҳолда беради.

Ходимнинг ёзма равишдаги илтимосномасига кўра, қайтариб бериш шарти билан меҳнат дафтарчаси унинг эгасига 5 кундан ортиқ бўлмаган муддатга бериб турилиши мумкин. Бунда меҳнат дафтарчасига охирги иш жойи ва лавозими ҳақида киритилган маълумотларнинг тасдиғи сифатида ташкилот томонидан маълумотнома берилиши лозим. Бу даврда қонун ҳужжатларида белгилангандан ўзгача тартибда меҳнат дафтарчасига қўшимча ёзувлар киритиш, уни ўзгартириш, гаровга бериш ёки йўқ қилиш қатъиян ман этилади ва барча жавобгарлик ходимнинг зиммасига юклатилади.

Савол: Никоҳдан ўтувчилар учун тиббий кўрик натижаси бўйича берилган маълумотноманинг амал қилиш муддати белгиланганми?

Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги 365-сон қарори билан тасдиқланган Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомнинг 11-бандига мувофиқ тиббий маълумотноманинг амал қилиш муддати – уч ой қилиб белгиланган.

Иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил олмоқчи эдим. Мен қанча муддатгача ушбу таътил турини олишим мумкин?

Меҳнат кодексининг 150-моддасига асосан ходимнинг аризасига кўра унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мумкин, унинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади, лекин у ўн икки ойлик давр мобайнида жами уч ойдан ортиқ бўлмаслиги керак.

Савол: Уч ёшга тўлмаган фарзандим бор. Давлат ташкилотида ишлайман. Менга нисбатан иш вақтининг қисқартирилган муддати белгиланиши борми?

Жавоб: Ўзбекистон РеспубликасиМеҳнат кодексининг 2281-моддасига асосан уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга иш вақтининг ҳафтасига ўттиз беш соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланади. Иш вақтининг қисқартирилган муддати чоғида ушбу тоифадаги аёллар меҳнатига ҳақ ҳар кунги тўлиқ иш муддати чоғида тегишли тоифадаги ходимлар учун белгиланган миқдорда тўланади.

Савол: Олий таълим муассасалари талабалари қандай ҳолларда академик таътил олишлари мумкин? Академик таътил қандай муддатларга берилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2010 йил 4 сентябрда 2138-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари талабаларига академик таътил бериш тўғрисидаги низомга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари талаблари ҳарбий хизматни ўташ, саломатлигини тиклаш, ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда болаларни парвариш қилиш учун академик таътил олиш ҳуқуқига эга.

Академик таътил ўқув йилининг ҳар қандай қисмида, қуйидаги муддатларга берилади:

ҳарбий хизматни ўташ учун – қонун ҳужжатларида белгиланган ҳарбий хизматни ўташ муддатига;

саломатлигини тиклаш учун – 12 ой муддатга;

ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек болаларни парвариш қилиш учун – қонун ҳужжатларида белгиланган ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек болаларни парвариш қилиш таътиллари муддатига.

Биринчи курс талабаларига академик таътил, истисно тариқасида, фақат уларнинг касаллиги туфайли берилиши мумкин.

Тошкент юридик коллежини тугатганман. Мутахассислигим бўйича қайси соҳаларда ишлашим мумкин?

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта маҳсус таълим вазирлигининг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг 2006 йил 4 октябрдаги 117, 12, 37/ҚҚ-сон қарори билан тасдиқланган Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчилари – ёш мутахассисларнинг ишга жойлашиши учун лавозим, касблар рўйхатида (рўйхат рақами 1631, 2006 йил 18 октябрь) ўрта махсус, касб-ҳунар коллежларини “ҳуқуқ” йўналиши бўйича тугатган шахсларнинг қуйидаги лавозимларда ишлаши мумкинлиги кўрсатилган:

– хўжалик ташкилотларида ҳуқуқшунос;

– ижтимоий масалалар бўйича ҳуқуқшунос;

– меҳнат муҳофазаси бўйича инспектор;

– пенсия тайинлаш ва тўлаш бўйича инспектор;

– ижтимоий кўмак ва ижтимоий хизмат ходими;

– ФҲДЁ органларида инспектор;

– адвокат ёрдамчиси;

– нотариус ёрдамчиси (референт);

– ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бўйича инспектор;

– вояга етмаганлар билан ишлаш инспектори;

– суд ижрочиси;

– суд мажлиси котиби;

– девонхона ходими.

Ҳуқуққа ихтисослашган коллежни тугатганман. Давлат ташкилотларида ҳуқуқшунос сифатида ишлашим мумкинми?

Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 24 августдаги 182-сон “Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридадавлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, Вазирлар Маҳкамаси томонидан ташкил этиладиган хўжалик бошқаруви органлари ҳамда давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходими лавозимида олий юридик маълумотга эга бўлган шахс ишлаши мумкинлиги, қайд этиб ўтилган ташкилотлардан бошқа хўжалик юритувчи суъбектлар учун эса, ушбу талаблар тавсиявий хусусиятга эгалиги белгиланган.


 

“Бола ҳуқуқлари – давлат ҳимоясида” мавзусида

САВОЛ-ЖАВОБЛАР

1-савол: Мамлакатимизда ҳар бир соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга. Келажагимиз эгалари бўлган ёшларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида қандай ҳуқуқий асослар яратилган?

Жавоб: Мустақиллик йилларида Муҳтарам Президентимизнинг бевосита раҳбарлигида ёшлар камолотига давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида эътибор қаратила бошланди. Барча соҳалар каби таълим тизими ҳам тубдан ислоҳ қилинди. Хусусан, халқимизнинг бой интеллектуал мероси ҳамда умумбашарий қадриятлари асосида замонавий фан ва техниканинг илғор ютуқларига асосланган кадрлар тайёрлашнинг мукаммал тизими яратилди.

Бугунги кунда юртимизда болаларни ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий жиҳатдан ҳимоя қилиш бўйича жуда кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тегишли ҳуқуқий база шаклланган десак ҳеч муболаға бўлмайди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Оила кодекси, Фуқаролик кодекси, Меҳнат кодекси, Жиноят кодекси ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид нормалар ўз ифодасини топган.

1989 йилда имзоланган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан кейин ратификация қилган энг биринчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлардан ҳисобланади. 1992 йилда мазкур Конвенцияга қўшилиб, Ўзбекистон бола ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича бир қанча халқаро-ҳуқуқий мажбуриятларни ўз зиммасига олди. Бундан ташқари, Конвенция қоидаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар ташкилотининг бола ҳуқуқлари бўйича Қўмитасига Конвенциянинг бажарилиши тўғрисида доимий равишда ҳисоботлар ҳам тақдим этиб туради.

Шуни таъкидлаш жоизки, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида қабул қилинган халқаро мажбуриятларни бажариш учун Ўзбекистон халқаро ҳуқуқий нормаларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш йўлида катта ишларни амалга оширмоқда. Амалдаги қонунчиликда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига, шунингдек уларнинг ҳимоясига алоҳида эътибор берилмоқда.

Маълумки, бола ҳуқуқлари соҳасида қонунчиликнинг асосини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ташкил этади. Унга мувофиқ болада туғилиши биланоқ инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ, эркинликлари вужудга келади ҳамда улар давлат томонидан кафолатланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 65-моддасига кўра болалар ота-оналарининг келиб чиқиши ва фуқаролик ҳолатидан қатъий назар қонун олдида тенгдирлар.

Болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалда бўлган қонунчилик Конституциямиз нормаларини Бола ҳуқуқлари ҳақидаги Конвенцияга мувофиқ ҳолда такомиллаштиришга йўналтирилган.

Конвенция талабларига мувофиқ бола ҳуқуқларини мустаҳкамлаган ва уларнинг ҳимоя килиниш шаклларини такомиллаштирган Фуқаролик ва Оила Кодексларининг қабул қилиниши бола ҳуқуқлари ҳимояси бўйича қонунчилик ривожига жиддий ҳисса қўшди.

Бола ҳуқуқлари тўғрисида конвенция БМТнинг болаликни муҳофазалаш бобидаги энг универсал ҳужжати ҳисобланади. Унда мустаҳкамлаб қўйилган бола ҳуқуқ ва манфаатларининг барча қирраларини “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қамраб олган.

“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг энг асосий жиҳатларидан бири, унда бола ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қарийб барча қоидаларнинг жам қилинганлигидир. Мазкур қонун ҳужжати Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида назарда тутилган бола ҳуқуқларининг асосий ва қўшимча кафолатларини ўз ичига олган.

2-савол: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳамда ушбу қарор билан тасдиқланган Дастурда қандай мақсадлар назарда тутилган?

Жавоб: Юртбошимизнинг 6 февраль куни “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорининг қабул қилиниши мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлашга, уларнинг таълим-тарбиясини янада яхшилашга қаратилган улкан қадам бўлди.

Ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикасида 2014 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури тасдиқланди ва олдимизда турган вазифалар белгилаб берилди.

Дастур 7 бўлим, 67-банддан иборат.

Дастурнинг 1-йўналиш 1-бандида “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланганлиги ҳам бугунги кунда ёшлар камолотига давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида эътибор қаратилаётганлигидан далолат беради.

3-савол: “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш ишлари қай даражада бўляпти?

Жавоб: Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия томонидан 2014 йил 19 февралда масъул ташкилот вакилларидан иборат ишчи гуруҳи шакллантирилди.

2014 йил 14 мартда Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳи йиғилиши ўтказилди. Унда ишчи гуруҳи аъзолари ўртасида қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди. Шунга мувофиқ, 2014 йил 
17 мартда “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича Чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Адлия вазирлиги томонидан янги таҳрирдаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўлиқ хатловдан ўтказилди. Ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги хорижий мамлакатларнинг қонунчилик тажрибаси ўрганилиб, шу асосда таҳлилий маълумот ҳамда қиёсий жадвал тайёрланди.

Шунингдек, ҳозирда Бош прокуратура, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, “Камолот” ЁИҲ, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси ҳамда “Ижтимоий фикр” жамоатчилик марказидан олинган маълумотлар асосида қонун лойиҳасининг концепцияси ишлаб чиқилди.

Ҳозирда ишчи гуруҳ томонидан Қонун лойиҳаси тайёрланмоқда.

4-савол: Ёшлар орасида, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олишга қаратилган “Ёшлар ва қонун” тарғибот лойиҳасини амалга ошириш юзасидан олиб борилаётган ишлар, аслида бу қандай лойиҳа?

Жавоб: 2014 йил 19 февраль куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия йиғилиши бўлиб ўтди ва унда Дастурнинг 53-банди бўйича, яъни ёшлар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олишга қаратилган “Ёшлар ва қонун” тарғибот лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳ таркиби, лойиҳа концепцияси, уни амалга оширишнинг чора-тадбирлар режаси ҳамда хисобот шакли тасдиқланди.

Мазкур тадбир – ёшлар, шу жумладан, вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олишга қаратилган “Ёшлар ва қонун” тарғибот лойиҳасини амалга оширишдир.

Лойиҳа, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш, ёшларни қонунга итоаткорлик руҳида тарбиялаш, уларни юксак маънавиятли 
ва мустақил фикрлайдиган бўлишларини таъминлаш мақсадида амалга оширилади.

Ушбу тадбир кенг қамровли бўлиб, уни амалга оширишда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олишга алоҳида эътибор қаратилади.

Лойиҳа умумтаълим мактабларида, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар ўртасида тарғибот тадбирларини ўтказиш орқали амалга оширилади.

“Ёшлар ва қонун” тарғибот лойиҳаси доирасида муайян ишлар амалга оширилди.

Хусусан, лойиҳани амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳининг йиғилиши ўтказилиб, гуруҳ аъзолари ҳудудларга бириктирилди ва чора-тадбирлар режасининг тегишли бандларига масъул этиб белгиланди ҳамда йиғилиш баёни ижрога қаратилди.

Шунингдек, лойиҳа юзасидан тарғибот материаллари яъни, маъруза матнлари, тақдимотлар, тарқатма материаллар, кўргазмали тарғибот воситалари видеороликлар тайёрланиб, тарғибот тадбирларида фойдаланиш ҳамда барча таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда талабалари эътиборига етказиш учун ҳудудий ишчи гуруҳларига, Олий ва ўрта махсус таълим ва Халқ таълими вазирликларига ҳамда Ўрта махсус касб-ҳунар таълими марказига юборилди.

5-савол: Мазкур тарғибот лойиҳасининг айрим бандларида белгиланган вазифаларга изоҳ берсангиз. Уларда аниқ қандай мақсадлар кўзда тутилган?

Жавоб: Лойиҳа умумтаълим мактабларида, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар ўртасида тарғибот тадбирларини ўтказиш орқали амалга оширилади.

Бундан ташқари, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида барча таълим муассасаларида жорий йилнинг апрелига қадар “Ҳуқуқий саводхонлик бурчаги” ташкил этилиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 8 февралдаги 42-сонли буйруғи қабул қилинган ва Маънавият-маърифат хонаси ҳамда Ахборот ресурс маркази бўғинидан кенг фойдаланиш, бу борада фаолият самарадорлигини кўриб чиқиш, ушбу ташкил этилаётган бурчакка ёшларга оид, эгаллаётган касбга доир конун ҳужжатлари, юридик адабиётлар ва бошқа тегишли маълумотларни жамлаш, жиҳозлаш ҳамда ёшларнинг эътиборини кучайтириш чораларини кўриш вазифаси таълим муассасаларига юклатилган.

Шунингдек, “Вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш”, “Ватан меҳридан юксалаётган авлод”, “Ўсмир ва қонун”, “Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш – барчамизнинг бурчимиздир” мавзуларида оммавий ахборот воситаларида чиқиш белгиланган.

Дастурда ўқувчи ёшларни мамлакатда бола ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш борасида ҳамда юридик таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан таништириш, билим ва малакаларини ошириш мақсадида Тошкент шаҳридаги юридик коллежлар ҳамда ТДЮУ ҳузуридаги академик лицейи ўқувчилари билан учрашув ўтказиш белгиланган.

Шунга кўра, 14 март ва 9 апрель кунларида Бош прокуратурада Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия томонидан бошқа манфаатдор идоралар билан ҳамкорлиқда Тошкент шаҳридаги ҳуқуқшуносликка ихтисослашган коллежлар ва Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги академик лицей ўқувчилар иштирокида учрашув ўтказилди.

Бундан ташқари, 2 апрелда Адлия вазирлигида Тошкент юридик колежи ўқувчиларини адлия органларининг қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш борасидаги фаолияти ҳақидаги билимларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ушрашув ташкил этилиб, шу куни Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Наманган вилоятларидаги коллеж ўқувчилари иштирокида ҳам ўтказилди.

Шу каби учрашувлар 8 апрелда Бухоро, Жиззах ва Фарғона вилоятларида ташкил этилиб, ҳуқуқшуносликка ихтисослашган коллежларнинг 595 нафардан ортиқ ўқувчилари иштироки таъминланди.

Учрашувларда битирувчиларни қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан жавоб берилиб, эсдалик совғалар тарқатилди, тадбир тафсилотлари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.

6-савол: Тарғибот лойиҳаси ишга тушганига уч ойдан ошиқ вақт ўтди. Мана шу муддат мобайнида қандай амалий чора-тадбирлар кўрилди?

Жавоб: “Ёшлар ва қонун” тарғибот лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2014 йил 19 февраль куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия йиғилиши бўлиб ўтди ва унда Дастурнинг 53-банди бўйича, яъни ёшлар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олишга қаратилган ишчи гуруҳ таркиби, лойиҳа концепцияси, уни амалга оширишнинг чора-тадбирлар режаси ҳамда хисобот шакли тасдиқланди.

Бугунги кунда “Ёшлар ва қонун” тарғибот лойиҳаси доирасида муайян ишлар амалга оширилди.

Хусусан, лойиҳани амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳининг йиғилиши ўтказилиб, гуруҳ аъзолари ҳудудларга бириктирилди ва чора-тадбирлар режасининг тегишли бандларига масъул этиб белгиланди ҳамда йиғилиш баёни ижрога қаратилди.

Шунингдек, лойиҳа юзасидан тарғибот материаллари яъни, маъруза матнлари, тақдимотлар, тарқатма материаллар, кўргазмали тарғибот воситалари видеороликлар тайёрланиб, тарғибот тадбирларида фойдаланиш ҳамда барча таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда талабалари эътиборига етказиш учун ҳудудий ишчи гуруҳларига, Олий ва ўрта махсус таълим ва Халқ таълими вазирликларига ҳамда Ўрта махсус касб-ҳунар таълими марказига юборилди.

Шунга кўра 2 130 нафар мутахассислардан иборат таркибда 233 та ишчи гуруҳлар тузилиб, улар томонидан 2 668 та ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди. Тадбирларнинг 1 635 таси давра суҳбати, 6 таси конференция, 438 таси семинар шаклида амалга оширилиб, 179 та матбуотда материал эълон қилинди, 101 та радиода эшиттириш берилиб, 257 та кўрсатув эфирга узатилди. Электрон ахборот тизимида эса 52 та материал жойлаштирилди.

Тадбирларда 183 354 нафар тингловчиларнинг иштироки таъминланиб, 152 473 нафари таълим муассасаларининг ўқувчи талабалари, 14 739 нафари маҳалла фаоллари, 8 143 нафари меҳнат жамоалари ва 7 999 нафари бошқа жамоатчилик вакиллари.

Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган ишларни кенг ёритиш мақсадида 50 дан ортиқ номдаги тайёрланган теле, радиороликлар телерадиокомпания тизимидаги телерадиоканаллар орқали кундалик тарзда мунтазам эфирга бериб борилмоқда.

Шу каби, жорий йилнинг 13 мартида Бош прокуратурада халқ таълими, олий ва ўрта махсус таълим, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Республика болалар ижтимоий мослашув маркази, хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, маънавият тарғибот маркази, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, Тошкент давлат юридик ва Тошкент давлат педагогика университетларининг профессор-ўқитувчилари иштирокида илмий-амалий семинар ташкил этилди.

7-савол: Ёшлар ўртасида олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари ҳақида сўз юритганимизда умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ҳамда олий ўқув юртларида таҳсил олаётган эртамиз эгалари иштирокидаги тадбирларга кўпроқ эътибор қаратамиз. Лекин уюшмаган ёшлар қатлами ҳам борки, улар билан ишлаш бугунги куннинг асосий талабларидан ҳисобланади. Лойиҳа доирасида бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Жавоб: Юқорида таъкидланганидек, “Ёшлар қа қонун” тарғибот лойиҳаси концепциясида тарғибот тадбирларини кенг қамровли тарзда ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар ўртасида тарғибот тадбирларини ўтказиш орқали амалга оширилади.

Бугунги кунда тарғибот Лойиҳасини амалга оширишга масъул бўлган гуруҳлар томонидан республикамизнинг барча худудларини, айниқса чекка худудларида ҳам тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда.

Масалан, 12 мартда Амударё туманидаги 7-сонли умумтаълим мактабида, 18 март кунида Жиззах вилояти Фориш туманидаги “Нурак” маҳалла фуқаролар йиғинида, 8 апрелда Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги “Меҳнат” маҳалласида, 11 апрелда Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги 1-сон умумтаълим мактабида тарғибот тадбирлари ташкил этилди.

8-савол: Вояга етмаганлар ҳуқуқларига оид қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини аҳолига, айниқса ёшларга тушунтириш борасида қандай сайъи ҳаракатлар амалга оширилмоқда?

Жавоб: Вояга етмаганлар ҳуқуқларига оид қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини аҳолига, айниқса ёшларга тушунтириш бўйича адлия органлари ва муассасалари томонидан биргина жорий йилнинг биринчи чораги давомида 2306 маротаба ҳуқуқий тарғибот тадбирлари амалга оширилди.

Тадбирларнинг 401 таси оммавий ахборот воситалари орқали амалга оширилиб, 65 та телекўрсатув, 125 та радиоэшиттириш ташкил этилди. Газета ва журналларда 176 та мақолалар чоп этилиб, мавзуга оид 35 та мақола ВЕБ саҳифага жойлаштирилди.

“Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш”, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари”, “Вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари”, “Гиёҳвандлик – аср вабоси”, “Одам савдосига қарши кураш – давр талаби” мавзуларида 730та тушунтириш маърузалари, 855 та давра суҳбатлари, 197 та семинарлар ташкил этилди. Мавзуга оид 2 та рисолалар чоп этилиб, 2 та мақолалар тўпламга киритилди.

Тадбирларда жами 93.033 нафар тингловчилар иштироки таъминланиб, улар учун 115 турдаги плакат ва буклетлар 3481 нусхада тайёрланиб, тарқатилди.

Саволларга

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ МАСЪУЛ ХОДИМИ ЛОЛАХОН КАРИМОВА жавоб берди. 



— ЭЛЕКТРОН ҳужжат, электрон рақамли имзо, деганда нимани тушунамиз ва у қайси қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади? Электрон рақамли имзони олиш учун қайси ташкилотга мурожаат қилиш керак ва бундай мурожаатлар қанча муддатда кўриб чиқилади?

Жаниш ЖАХСИЛИКОВ, Нукус шаҳри

— Электрон рақамли имзо — электрон ҳужжатдаги мазкур электрон ҳужжат ахборотини электрон рақамли имзонинг ёпиқ калитидан фойдаланган ҳолда махсус ўзгартириш натижасида ҳосил қилинган ҳамда электрон рақамли имзонинг очиқ калити ёрдамида электрон ҳужжатдаги ахборотда хатолик йўқлигини аниқлаш ва электрон рақамли имзо ёпиқ калитининг эгасини идентификация қилиш имкониятини берадиган имзодир.

Юридик ва жисмоний шахсларга электрон рақамли имзоларни бериш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 26 сен­тябр­даги “Электрон рақамли имзодан фойдаланиш соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Низом ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинган.

Электрон рақамли имзо калити сертификатини рўйхатга олиш, юридик ва жисмоний шахсга электрон рақамли имзо калити сертификатини бериш, шунингдек, электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари реестрини юритиш Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасида давлат рўйхатидан ўтган юридик шахс бўлган Рўйхатга олиш маркази томонидан амалга оширилади.

Рўйхатга олиш маркази томонидан электрон рақамли имзо калити сертификатини олиш учун берилган аризани кўриб чиқиш муддати беш иш кунидан ошмаслиги керак.

Саволга Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги масъул ходими Ерназар ДОСАНОВ жавоб берди. 



Турар жойларнинг олди-сотди шартномаларини расмийлаштиришСавол-жавоб

Савол: Отамиз вафотидан сўнг ундан қолган квартира синглим иккимизга тенг миқдорда мерос бўлиб ўтди. Мен квартирани сотиб бошқа уй оламиз десам синглим розилик бермаяпди. Мен квартирани синглимнинг розилигисиз сота оламанми?

А.Баймурадов, Нукус тумани

Жавоб: Сиз фақат ўзингизга тегишли қисминигина сота оласиз, синглингиз эса квартиранинг ўзига тегишли бўлган қисмини ҳоҳлаган баҳосида сота олади.

Савол: Бундан бир ой аввал квартира харид қилиб нотариал тартибда расмийлаштиргандим, квартира иш жойимга узоқлиги сабабли олди-сотди шартномасини бекор қилмоқчиман. Бунинг учун нима қилишим керак?

О.Мансурова, Тўрткўл тумани

Жавоб: Олди-сотди шартномасини бекор қилиш учун икки тараф олди-сотди шартномаси расмийлаштирган нотариал идорасига бориб шартномани бекор қилиш хақида ариза бериши лозим ва олди-сотди шартномасини бекор қилиш тўғрисида шартнома тузилади.

Савол: Менинг номимда хусусийлаштирилган квартира бор. Ушбу квартирани сотиб, харидор билан нотариал идорасига келиб керакли бўлган ҳужжатларни топширдим, лекин нотариус квартирани хусусийлаштириш пайтида розилик берган оила аъзоларимнинг сотишга қаршилиги йўқ эканлиги ҳақидаги розилик хатини сўраб қолди. Нотариуснинг бу талаби туғрими?

Ш.Мадатов, Нукус шаҳри

Жавоб: Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби туғрисидаги йўриқноманинг 80-бандида белгиланишича, оиланинг биргаликда яшовчи барча вояга етган аъзоларининг розилиги, уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмининг хусусийлаштирилишига розилик берган шахсларнинг нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилиги талаб килинади.

Саволларга Нукус шаҳар 2-сон ДНИ нотариуси Тамара Артыкова жавоб берди 


Тадбиркорлик субъектларини интернет тармоқлари орқали давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби

Савол: Мен савдо фаолиятини олиб бориш учун хусусий фирма ташкил қилмоқчиман, ушбу фирмани рўйхатдан ўтказиш учун ҳокимлик хузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциясига бевосита ўзим боришим шартми ёки бошқа шаклда фирмани рўйхатдан ўтказиш мумкинми ?

О.Мансуров, Тахиатош шаҳри

Жавоб: Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 24 майдаги Қарори билан тасдиқланган Низом асосида амалга оширилади.

Мазкур Низомга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 14 ноябрдаги Қарори билан ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, мазкур ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ариза берувчи рўйхатдан ўтказувчи органга почта алоқаси орқали ёки шахсан ўзи келиб, шунингдек, интернет тармоғи орқали ҳам ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

Савол: Агар фирмани рўйхатдан ўтказиш учун рўйхатдан ўтказувчи органга интернет орқали мурожаат қилсам, рўйхатдан ўтказувчи органга ҳужжатларни қандай шаклда тақдим қиламиз?

С.Абдуреймова, Беруний тумани

Жавоб: Низомга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш учун интернет тармоғи орқали бир нусхада тақдим қилинади ва мурожаат этувчининг электрон рақамли имзоси билан имзоланади. Интернет орқали мурожаат этувчи, қоғозда расмийлаштирилган ёки сканерланган ҳужжатларни тақдим этишга йўл қўйилади, шуниндек рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан берилган, мазкур Низомда назарда тутилган электрон ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда, уларнинг асл нусхаларини мурожаат этувчи Интернет тармоғи орқали тақдим этишга ҳақли.

Савол: Электрон рақамли имзони олиш учун қайси ташкилотга мурожаат қилиш керак ва бундай мурожаатлар қанча муддатда кўриб чиқилади ?

А.Наримов, Нукус шаҳри

Жавоб: Электрон рақамли имзо калити сертификатини рўйхатга олиш, юридик ва жисмоний шахсга электрон рақамли имзо калити сертификатини бериш, шунингдек электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари реестрини юритиш Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасида давлат рўйхатидан ўтган юридик шахс бўлган, Рўйхатга олиш маркази томонидан амалга оширилади.

Рўйхатга олиш маркази томонидан электрон рақамли имзо калити сертификатини олиш учун берилган аризани кўриб чиқиш муддати беш иш кунидан ошмаслиги керак.

Электрон рақамли имзонинг очиқ ва ёпиқ калитларини яратишда Рўйхатга олиш маркази бир вақтнинг ўзида электрон рақамли имзо калити сертификатини бериши керак. Электрон рақамли имзо калитининг сертификати электрон рақамли имзо эгасига электрон ҳужжат шаклида ва қоғоз ҳужжат шаклида берилади. Шунингдек, юридик ва жисмоний шахслар электрон рақамли имзонинг бир нечта калитларига эга бўлиши мумкин.

Саволларга Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги масъул ходими Ерназар Досанов жавоб берди


Судда иш қўзғатишнинг процессуал тартиби

Савол: Фуқаролик ишлари бўйича судида фуқаролик ишлари қандай қўзғатилади?

Жавоб: Судда фуқаролик ишлари ёзма шаклда ариза бериш йўли билан қўзғатилади.

Савол:Фуқаролик ишини қўзғатиш бўйича аризасининг мазмунида нималар кўрсатилиши лозим?

Жавоб: Фуқаролик ишини қўзғатиш бўйича аризада қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

1) ариза берилаётган суднинг номи;

2) даъвогарнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми) ва яшаш жойи, агар даъвогар ташкилот бўлса, унинг номи ва қаерда жойлашганлиги, шунингдек агар ариза вакил томонидан берилаётган бўлса, вакилнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми) ва манзили;

3) жавобгарнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми), яшаш жойи ёки агар жавобгар ташкилот бўлса, унинг номи ва қаерда жойлашганлиги;

4) даъвогарнинг талаби;

5) агар даъвони баҳолаш лозим бўлса, унинг баҳоси;

6) даъвогар ўзининг талабларига асос қилиб кўрсатаётган ҳолатлар ва бу ҳолатларни тасдиқлайдиган далиллар;

7) аризага илова қилинган ҳужжатларнинг рўйхати.

Савол: Фуқаролик ишини қўзғатиш бўйича ариза ким томонидан имзоланади? Ариза вакил томонидан берилган бўлса, аризага қандай қўшимча ҳужжатлар илова қилиниши лозим?

Жавоб: Ариза даъвогар ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Агар ариза вакил томонидан берилган бўлса, аризага ишончнома ёки унинг ваколатини тасдиқловчи бошқа ҳужжат илова қилиниши лозим.

Савол: Бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида прокурор, давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ёки айрим фуқаролар томонидан бериладиган аризаларда яна нималар кўрсатилиши лозим?

Жавоб: Бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида прокурор, давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ёки айрим фуқаролар томонидан бериладиган аризаларда, шу моддада санаб ўтилган маълумотлардан ташқари, ариза кимнинг манфаатини кўзлаб берилган бўлса, ўша шахснинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми) ва манзили кўрсатилиши лозим.

Савол: Судга ариза қанча нусхада берилади?

Жавоб:Судга ариза жавобгарларнинг сонига мутаносиб миқдорда нусхалари билан берилади.

Савол: Судья даъвогарни аризага илова қилинган ҳужжатларнинг нусхаларини ҳам жавобгарларнинг сонига мутаносиб миқдорда тақдим этишга мажбур қилиши мумкинми?.

Жавоб: Судья ишнинг мураккаблиги ва хусусиятига қараб, даъвогарни аризага илова қилинган ҳужжатларнинг нусхаларини ҳам жавобгарларнинг сонига мутаносиб миқдорда тақдим этишга мажбур қилиши мумкин.

Савол: Фуқаролик ишини қўзғатиш бўйича аризалар ким томонидан қабул қилинади? Фуқаролик иши қўзғатиш масаласини ким ҳал қилади ва бу ҳақда суд нима чиқаради?

Жавоб: Аризалар судларда суднинг раиси, унинг ўринбосари ёки судья томонидан қабул қилинади.

Фуқаролик иши қўзғатиш масаласини судья ҳал қилади ва бу ҳақда суд ажрим чиқаради.

Савол:Қандай ҳолларда суд аризани қабул қилишни рад этади?

Жавоб: Суд қуйидаги ҳолларда аризани қабул қилишни рад этади, агар:

1) ариза судда кўришга тегишли бўлмаса;

2) суднинг айнан ўша тарафлар ўртасида, айнан бир предмет тўғрисида ва айнан бир асослар бўйича чиққан низо юзасидан қабул қилиниб, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёхуд даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечганлигини қабул қилиш ёки тарафларнинг келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажрими мавжуд бўлса;

3) суд айнан ўша тарафлар ўртасида, айнан бир предмет тўғрисида ва айнан бир асослар бўйича чиққан низо юзасидан иш юритаётган бўлса;

4) тарафлар ўртасида ушбу низони ҳал қилиш учун ҳакамлик судига топшириш ҳақида ҳакамлик битими тузилган бўлса;

5) иш шу суднинг судловига тааллуқли бўлмаса;

6) ариза муомалага лаёқатсиз шахс томонидан берилган бўлса;

7) манфаатдор шахс номидан аризани иш юритиш ваколатига эга бўлмаган шахс берган бўлса.

Савол:Аризани қабул қилишни рад этиш қандай расмийлаштирилади ва бу ҳақда суд томонидан қандай ҳужжат чиқарилади?

Жавоб: Судья ариза судда кўришга тегишли бўлмаса; суднинг айнан ўша тарафлар ўртасида, айнан бир предмет тўғрисида ва айнан бир асослар бўйича чиққан низо юзасидан қабул қилиниб, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёхуд даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечганлигини қабул қилиш ёки тарафларнинг келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажрими мавжуд бўлса; суд айнан ўша тарафлар ўртасида, айнан бир предмет тўғрисида ва айнан бир асослар бўйича чиққан низо юзасидан иш юритаётган бўлса; тарафлар ўртасида ушбу низони ҳал қилиш учун ҳакамлик судига топшириш ҳақида ҳакамлик битими тузилган бўлса; иш шу суднинг судловига тааллуқли бўлмаса; ариза муомалага лаёқатсиз шахс томонидан берилган бўлса; манфаатдор шахс номидан аризани иш юритиш ваколатига эга бўлмаган шахс берган асосларга кўра аризани қабул қилишни рад этар экан, бу ҳақда ариза тушган кундан эътиборан ўн кун ичида асослантирилган ажрим чиқаради.

Савол: Иш судга тааллуқли бўлмаса, судья ажримда нималар кўрсатилиши шарт ва даъвогарга қандай ҳужжатлар қайтарилади?

Жавоб: Башарти иш судга тааллуқли бўлмаса, судья ажримда аризачи қайси органга мурожаат қилиши кераклигини ёки иш қўзғатишга тўсқинлик қилаётган ҳолатларни қандай бартараф этишни кўрсатиши шарт.

Ариза иловалар ва ажримнинг нусхаси билан биргаликда даъвогарга қайтарилади.

Савол:Қандай ҳолларда ариза ҳаракатсиз қолдирилади ва бу ҳақда суд томонидан қандай ҳужжат чиқарилади?

Жавоб: Судья ариза Фуқаролик процессуал кодекснинг 149 ва 150-моддаларида баён этилган талабларга риоя қилинмай берилганлигини ёки давлат божи тўланмаганлигини аниқласа, аризани ҳаракатсиз қолдириш тўғрисида ажрим чиқариб, бундан даъвогарни хабардор қилади ва камчиликларни тузатиш учун унга муҳлат беради.

Савол: Агар даъвогар белгиланган муддатда судьянинг кўрсатмаларига мувофиқ Фуқаролик процессуал кодекснинг 149 ва 150-моддаларидаги талабларни бажарса ва давлат божини тўласа, ариза қайси куни берилган ҳисобланади?

Жавоб: Агар даъвогар белгиланган муддатда судьянинг кўрсатмаларига мувофиқ ушбу Кодекснинг 149 ва 150-моддаларидаги талабларни бажарса ва давлат божини тўласа, ариза судга дастлаб тақдим этилган куни берилган ҳисобланади. Акс ҳолда, ариза берилмаган ҳисобланиб, даъвогарга қайтарилади ва бу ҳақда ажрим чиқарилади.

Савол: Даъвогар аризада бир неча талабни бирлаштириш ҳақлими?

Жавоб: Даъвогар бир аризада ўзаро боғлиқ бўлган бир неча талабни бирлаштиришга ҳақли.

Савол: Судья бир турдаги ишларни бирлаштиришга ҳақлими?

Жавоб: Судья шу судда айнан бир тарафлар иштирок этаётган бир турдаги бир неча иш юритилаётганлигини ёхуд бир шахснинг турли жавобгарларга ёки бир неча даъвогарнинг айнан битта жавобгарга нисбатан аризалари бўйича бир неча иш юритилаётганлигини аниқласа, агар бу ишларни бирлаштириш ишнинг ўз вақтида ва тўғри ҳал қилинишига ёрдам берса, уларни биргаликда кўриш учун битта ишга бирлаштиришга ҳақли.

Савол: Судья бирлаштирилган талаблардан бирини ёки бир нечасини алоҳида иш юритиш учун ажратишга ҳақлими?

Жавоб: Агар аризани қабул қилаётган судья талабларни алоҳида кўришни мақсадга мувофиқ деб топса, бирлаштирилган талаблардан бирини ёки бир нечасини алоҳида иш юритиш учун ажратишга ҳақли.

Савол: Бир неча даъвогар томонидан ёки бир неча жавобгарга нисбатан талаблар тақдим этилса, улардан бири ёки бир нечасини алоҳида иш юритиш учун ажратишга судья ҳақлими?

Жавоб: Бир неча даъвогар томонидан ёки бир неча жавобгарга нисбатан талаблар тақдим этилса, аризани қабул қилаётган судья, агар талабларни алоҳида кўриб чиқишни мақсадга мувофиқ деб топса, улардан бири ёки бир нечасини алоҳида иш юритиш учун ажратишга ҳақли.

Саволларга Адлия вазирлиги масъул ходими Н.Каримова жавоб берди.


 

Ўзбекистон Республикасига хорижий инвестицияларни жалб қилишга яратилган шарт-шароитлар

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари ва Ўзбекистон Республикасида турган чет давлатлар фуқароларининг шахсий эҳтиёжлари учун олиб кириладиган мол-мулклар бўйича қайси қонунда қандай имтиёзлар берилган?

– “Бож тарифи тўғрисида”ги Қонуннинг 33-моддаси ҳамда “Чет эл инвестициялари тўғрисида” ги Қонуннинг 12-моддасида устав фондида чет эл инвестицияларининг улуши камида ўттиз уч фоиз бўлган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар томонидан улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан икки йил давомида ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган мол-мулк бож ундиришдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда озод қилинади. Чет эллик инвесторларнинг ва чет эллик инвесторлар билан тузилган меҳнат шартномаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида турган чет давлатлар фуқароларининг шахсий эҳтиёжлари учун олиб кириладиган мол-мулкдан бож ундирилмаслиги белгиланган.

Мамлакатимизда ташкил этилган эркин индустриал-иқтисодий зоналар ҳақида маълумот беринг?

– 1996 йил 25 апрелда “Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 2 декабрдаги ПФ-4059-сон Фармонига асосан Навоий вилоятида эркин индустриал-иқтисодий зона, 2012 йил 13 апрелдаги ПФ-4436-сон Фармонига асосан “Ангрен” махсус индустриал зонаси ҳамда 2013 йил 18 мартдаги ПФ-4516-сон Фармонига асосан “Жиззах” махсус индустриал зонаси ташкил этилган. Шунингдек, 2009 йил 9 апрелда “Хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси ҳудудига кириши, ундан чиқиб кетиши, у ерда бўлиши ва ишга ёлланишининг соддалаштирилган тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 104-сонли қарори қабул қилинган.

Чет эл инвестицияларини қандай амалга ошириш шакллари мавжуд?

– Ўзбекистон Республикасининг “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги Қонунининг 5-моддасига асосан чет эллик инвесторлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида инвестицияларни қуйидаги йўллар билан амалга оширишлари мумкин:

Ўзбекистон Республикасининг юридик ва (ёки) жисмоний шахслари билан биргаликда ташкил этилган хўжалик жамиятлари ва ширкатларининг, банклар, суғурта ташкилотлари ва бошқа корхоналарнинг устав жамғармаларида ва бошқа мол-мулкида улуш қўшиб қатнашиш;

чет эллик инвесторларга тўлиқ қарашли бўлган хўжалик жамиятлари ва ширкатларини, банклар, суғурта ташкилотлари ва бошқа корхоналарни барпо этиш ва ривожлантириш;

мол-мулк, акциялар ва бошқа қимматли қоғозларни, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан эмиссия қилинган қарз мажбуриятларини сотиб олиш;

интеллектуал мулкка, шу жумладан муаллифлик ҳуқуқлари, патентлар, товар белгилари, фойдали моделлар, саноат намуналари, фирма номлари ва ноу-хауга, шунингдек ишчанлик нуфузига (гудвиллга) ҳуқуқлар киритиш;

концессиялар, шу жумладан табиий ресурсларни қидириш, ишлаб чиқиш, қазиб олиш ёки улардан фойдаланишга бўлган концессиялар олиш;

савдо ва хизмат кўрсатиш соҳалари объектларига, турар жой биноларига улар жойлашган ер участкалари билан биргаликда мулк ҳуқуқини, шунингдек ерга эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш (шу жумладан ижара асосида фойдаланиш) ҳамда табиий ресурсларга эгалик қилиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқларини сотиб олиш орқали.

Чет эллик инвесторлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида инвестицияларни амалдаги қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шаклларда ҳам амалга оширишлари мумкин.

“Чет эл инвестициялари” бирламчи ёки такроран амалга оширилаётган шаклларининг ўзгартирилиши уларнинг инвестиция сифатидаги моҳияти ўзгаришига олиб келмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 апрелдаги “Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-4434-сон Фармонига асосан солиқ соҳасида қандай имтиёзлар, афзалликлар ва кафолатлар белгиланди?

– Хорижий инвесторнинг пул шаклидаги улуши 5 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган янгидан ташкил этилаётган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб 10 йил мобайнида солиқ қонунчилигида ўзгаришлар юз берган ҳолларда, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи (товарлар, ишлар, хизматларни реализация қилиш айланмаси), 
мол-мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ягона ижтимоий тўлов, ягона солиқ тўлови, шунингдек, Республика йўл жамғармасига ҳамда Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашнинг мазкур корхоналар давлат рўйхатидан ўтиш санасида амал қилган меъёрлари ва қоидаларини қўлланилиши мумкинлиги белгиланди.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона шўъба корхоналари, филиаллари ва ваколатхоналари ташкил этиши мумкинми?

– Ўзбекистон Республикасининг “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги Қонунининг 7-моддасига асосан чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг талабларига риоя этган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юридик шахс ҳуқуқига эга бўлган шўъба корхоналар, филиаллар, шунингдек юридик шахс бўлмаган ваколатхоналар ва бошқа алоҳида бўлинмалар ташкил этиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарнинг шўъба корхоналари, филиаллари, ваколатхоналари ва бошқа алоҳида бўлинмалари ташкил этилиши мумкин.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган мол-мулкларга қандай имтиёзлар берилган?

– “Бож тарифи тўғрисида”ги Қонуннинг 33-моддаси ҳамда “Чет эл инвестициялари тўғрисида” ги Қонуннинг 12-моддасида устав фондида чет эл инвестицияларининг улуши камида ўттиз уч фоиз бўлган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар томонидан улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан икки йил давомида ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган мол-мулк бож ундиришдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда озод қилинади. Чет эллик инвесторларнинг ва чет эллик инвесторлар билан тузилган меҳнат шартномаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида турган чет давлатлар фуқароларининг шахсий эҳтиёжлари учун олиб кириладиган мол-мулкдан бож ундирилмаслиги белгиланган.

Инвестицияга оид низолар қандай тартибда ҳал этилади?

 – “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасига мувофиқ чет эл инвестициялари билан бевосита ёки билвосита боғлиқ низо (инвестицияга оид низо), тарафлар келишувига кўра, улар ўртасидаги маслаҳатлашувлар орқали ҳал этилиши мумкин. Агар тарафлар келишилган ҳал қилувга эриша олмасалар, бундай низо Ўзбекистон Республикасининг хўжалик суди томонидан ёхуд ҳакамлик воситасида инвестицияга оид низоларни ҳал этишга доир Ўзбекистон Республикаси қўшилган халқаро шартномаларнинг (битимлар ва конвенцияларнинг) қоидалари ва тартиботига мувофиқ ҳал этилиши лозим.

Инвестицияга оид низога жалб этилган тарафлар ўзаро келишувга кўра бундай низони кўриб чиқувчи органни, шунингдек инвестицияга оид низо бўйича ҳакамлик судловини амалга оширувчи мамлакатни аниқлашлари мумкин.

Чет эллик инвесторларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги инвестиция фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низоларни Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал қилинади, шартномада низоларни ҳал қилишнинг халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ўзга тартиби назарда тутилган ҳоллар бундан мустаснодир.

Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни рўйхатдан ўтказишда қанча миқдорда давлат божи тўланади?

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сон қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 5-бандига асосан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида ва вилоятлар адлия бошқармаларида давлат рўйхатидан ўтказилганлик учун хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналардан — энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари, шунингдек 500 АҚШ доллари миқдорида давлат божи тўланади.

Саволларга Адлия вазирлиги масъул ходими А.Эранов жавоб берди 



Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳуқуқий экспертизаси қонун талаби

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрдаги бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳатларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” деб номланган маърузасида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш соҳада бир қанча таклифларни илгари сўриб, ўлар қаторида ҳуқуқий тизимни ислоҳ қилишда мазкур соҳада қонунийликни таъминлашнинг самарали механизмларини амалга оширишда тутган ўрнини ҳисобга олган ҳолда “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳририни қабул қилиш вазифасини қўйган эди.

Ҳаммамизга маълум ушбу қонун 2012 йил 24 декабрда янги таҳрирда қабул қилинди.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигининг Қонунчилик бўлими бошлиғи Еркин Утениязов билан суҳбатимиз янги таҳрирдаги ушбу қонуннинг мазмун-моҳияти ҳамда унинг талаблари юзасидан бўлди.

Савол: Ҳурматли Еркин Жаббарович, қонуннинг янги таҳриридаги янги нормалар тўғрисида айтиб ўтсангиз?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири норма ижодкорлиги соҳасида мавжуд бўлган қарама-қаршилкларга барҳам бериш, ҳуқуқ нормаларининг амалда тўғри татбиқ этилиши учун замин яратади десак бўлади.

Қонуннинг янги таҳририда қуйидагиларга эътибор қаратиш мумкин.

Биринчидан, қонуннинг 5-моддасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг турлари келтирилган бўлиб, Президент қарорлари ва фармойишлари ҳам норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сифатида эътироф этилди.

Иккинчидан, қонуннинг 30-моддасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, агар ҳужжатларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилган бўлмаса, улар расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши қаътий белгиланди.

Учинчдан, қонуннинг 20-моддасига ҳалқаро тажрибани ўрганиш тўғрисида янги норма киритилди.

Тўртинчидан, қонуннинг 42-моддасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг мониторинги ва назорати давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши белгиланди.

Бешинчидан, адлия органлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси давомида мазкур лойиҳаларнинг уларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органалари тизимида коррупция, бошқа хуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратидаган, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз ҳаражатлар қилишга олиб келувчи ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган қоидалар ва нормалар бор-йўқлигини аниқлаш бўйича ҳәм таҳлилни амалга ошириш тўғрисида норма киритилди.

Олтинчидан, вазирликлар, давлат қумиталари ёки идоралар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан ҳуқуқий ворисликни белгиловчи янги нормалар киритилди. Хусусан, вазирлик, давлат қумиталари ёки идоралар мақомининг ўзгартирилиши улар томонидан илгари қаубл қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амал қилниши тугатилишига олиб келмайди.

Савол: Юқорида Сиз адлия органлари томонидан ўтказиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси тўғрисида айтиб ўтингиз, ушбу тушунчага тухталиб ўтсангиз?

Жавоб: Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси ҳақида норма Ўзбекистон Республикаси “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунида келтирилган бўлиб, янги қонуннинг 21-моддасида Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши шарт деб белгилаган бўлиб, ушбу норма қонун талаби ҳисобланади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси давомида норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, унга нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги, шунингдек ҳавола қилувчи нормалар қўлланилишининг асослилиги ҳамда мақсадга мувофиқлиги текширилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунининг 22-моддаси талабига кўра адлия органлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси давомида мазкур лойиҳаларнинг уларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органалари тизимида коррупция, бошқа хуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратидаган, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз ҳаражатлар қилишга олиб келувчи ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган қоидалар ва нормалар бор-йўқлигини аниқлаш бўйича ҳәм таҳлилни амалга оширади.

Савол: Ҳар бир соҳада бўлгани каби норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳуқуқий экспертиза қилишда ҳам ушбу соҳани тартибга соладигана қонун-ҳужжатлари бўлса керак, улар ҳақида қисқача айтиб ўтсангиз?

Жавоб: Албатта, энг аввало бу соҳадаги ҳуқуқий асослардан бири бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги “Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1602 сонли қарори ҳисобланади.

Президентимизнинг ушбу қарорининг 2-бандида норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни, қонун устуворлигини, давлат ва жамият қурилиши соҳасида қонунийликни таъминлашга қаратилган ягона давлат сиёсатини изчил амалга ошириш Адлия вазирлигининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги ПҚ-1602 сонли қарори асосида “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида” Йўриқнома ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2013 йил 1 февралдаги 29-мҳ сон бўйруғи билан тасдиқланди.

Ушбу Йўриқнома маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартибини белгилайди.

Бугунги кунда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси вазирлигимиз томонидан ушбу йўриқнома асосида амалга оширилмоқда.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқ ижодкорлиги фаолияти ҳамда улар томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг ҳуқуқий экспертизаси муҳим аҳамият касб этади. Зеро, бу фаолият мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш учун йўл очиб берадиган мукаммал норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ҳамда қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритишда ёрдам беради. 


Нолойиқ меросҳўрларни меросдан четлатиш. Савол-жавоб

Ота-оналар қайси ҳолатларда болаларидан қолган меросдан четлатилиши мумкин?

А.Байжанов, Нукус тумани

Жавоб. Болаларига нисбатан ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум этилган ва мерос очилган пайтда бу ҳуқуқлари тикланмаган ота-оналар ана шу болалардан қолган мулкка ворис бўлиш ҳуқуқига эга эмаслар, шунунгдек мерос қолдирувчига таъминлаб туриш юзасидан қонунга кўра зиммаларига юклатилган мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаган ота-оналар (фарзандликка олувчилар) ва вояга етган болалар (фарзандликка олинганлар) қонун бўйича ворислик қилиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Меросдан четлатиш қандай амалга оширилади?

М.Хожаева, Тўрткўл тумани

Жавоб: Нолойиқ меросхўрларни ворисликдан четлашиш учун асос бўладиган ҳолатлар бундай четлатиш келтириб чиқарадиган ворислик билан боғлиқ мулкий оқибатларга дахлдор шахснинг даъвоси бўйича суд томонидан белгиланади.

Ушбу қоидалар васият мажбуриятига нисбатан ҳам қўлланилади.

Ушбу қоидалар ҳар қандай меросхўрларга, шу жумладан мажбурий ҳисса олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўрларга ҳам тааллуқлидир.

Саволларга Қунғирот тумани

1-сон ДНИ нотариуси вазифасини бажарувчи Д. Курбанов жавоб берди.



Савол: ННТ тушунчаси?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги Конуннинг 2 моддасига асосан нодавлат нотижорат ташкилоти — жисмоний ва (ёки) юридик шахслар томонидан ихтиёрийлик асосида ташкил этилган, даромад (фойда) олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ҳамда олинган даромадларни (фойдани) ўз қатнашчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган ўзини ўзи бошқариш ташкилотидир.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакллари турлари қандай?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуннинг 10 моддасига қўра жамоат бирлашмаси, ижтимоий фонд, муассаса шаклида, шунингдек қонунларда назарда тутилган бошқа шаклда ташкил этилиши мумкин.

Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари ўзларининг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, шунингдек умумий манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида уюшмалар (иттифоқлар) шаклида бирлашмалар тузиши мумкин.

Халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти тушунчаси?


Жавоб: Ўз уставига ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳамда битта ёки ундан кўпроқ чет эл давлати ҳудудида фаолият олиб бориши мумкин бўлган халқаро ташкилот халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти деб ҳисобланади.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотининг таъсис ҳужжатларига нималар киради?


Жавоб: Муассислар (аъзолар) томонидан тасдиқланган устав ва қатнашчилар томонидан тузилган таъсис шартномаси ва улар тасдиқлаган устав — уюшма (иттифоқ) учун.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотини қайта ташкил этиш йўллари?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуннинг 20 моддасига қўра нодавлат нотижорат ташкилотини қайта ташкил этиш унинг юқори органи қарорига биноан бирлашиш, қўшилиш, бўлиниш, ажралиб чиқиш ва ўзгартириш йўли билан амалга оширилади.

Савол: Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари, халқаро ҳамда чет эл нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиаллари қайси давлат органида рўйхатдан ўтказилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари, халқаро ҳамда чет эл нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиаллари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилади.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотини давлат рўйхатидан ўтказиш учун рўйхатга олувчи органга қандай ҳужжатлар тақдим этилади?


Жавоб: - Мазкур нодавлат нотижорат ташкилотининг раҳбар-органи аъзолари ҳар бирининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили ва жойи, яшаш жойи ҳамда манзилини кўрсатган ҳолда улар томонидан имзоланган ариза;

- нодавлат нотижорат ташкилотининг икки нусхадаги устави;

- таъсис съезди (конференцияси) ёки умумий йиғилишнинг нодавлат нотижорат ташкилотини ташкил этиш тўғрисидаги, муассислари хусусидаги, унинг уставини тасдиқлаш ҳақидаги, раҳбар органлари ва бошқа органларини шакллантириш тўғрисидаги маълумотлар албатта мавжуд бўлган баённомаси;

- давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги банк тўлов ҳужжати.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилоти фаолиятининг турлари?


Жавоб: Нодавлат нотижорат ташкилоти қонун билан тақиқланмаган ҳамда ўзининг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган мақсадларга мувофиқ бўлган фаолиятнинг ҳар қандай турини амалга ошириши мумкин.

Савол: Диний ташкилотлар деб нималар ҳисобланади?


Жавоб: Диний жамиятлар, диний ўқув юртлари, масжидлар, черковлар, синагогалар, монастирлар ва бошқалар.

Савол: Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотни тузиш тартиби?

Жавоб: Диний ташкилот Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаётган юз нафардан кам бўлмаган фуқаролари ташаббуси билан тузилади.

Савол: Қайси орган диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш ваколатига эга?


Жавоб: Диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органларини рўйхатга олиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан, бошқа диний ташкилотларни эса тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар, Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашшаклларини санаб беринг?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга асосан давлат нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклида қўллаб-қувватлаши мумкин.

Савол: 2012 йил 12 ноябрь Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасининг бешинчи йўналиши Фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантириш деб номланади. Мана шу соҳадаги қайси янги қонун лойиҳалар бўйича Президентимиз ўз таклифларини берган?

Жавоб:

-"Ижтимоий шериклик тўғрисида"

-"Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида"

-"Экологик назорат тўғрисида"ги қонунлар.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини тартибга солувчи қонунлар номларини санаб беринг?

Жавоб:

1. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (13 боб – Жамоат бирлашмалари);

2. “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун;

3. “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги Қонун;

4. “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун;

5. “Жамоат фондлари тўғрисида”ги Қонун;

6. “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонун;

7. “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун;

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 12 мартдаги Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмаларини рўйхатдан ўтказишни тартибга солиш тўғрисида 132-сонли қарори;

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 12 мартдаги Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўйимча чора-тадбирлар тўғрисида ПҚ-2085-сонли қарори;

Савол: Жамоат бирлашмасининг жамоат фондидан нима фарқи бор?

Жавоб:

- жамоат бирлашмасида аъзолик мавжуд, жамоат фондларида эса йўқ;

- жамоат фондлари фаолияти фақат суд томонидан тугатилади, жамоат бирлашмалари фаолияти эса ихтиёрий равишда тугатилиши мумкин;

- жамоат бирлашмаларининг аъзолари камайса тугатилиши мумкин, жамоат фондларига бундай норма тадбиқ этилмайди.

- Жамоат фондларининг молия йили тугаганда аудиторлик текширувидан ўтказиш шарт, жамоат бирлашмаларига бундай норма тадбиқ этилмайди.

- Жамоат бирлашмаларининг ҳудудий бўлимлари ўз уставига эга бўлиб давлат рўйхатидан ўтказилса, юридик шахс бўлиши мумкин. Жамоат фондларининг ваколатхона ва бўлимлари юридик шахс бўлмайди.

- Жамоат фондлар юридик ва жисмоний шахсларининг муассислигида тузилиши мумкин. Жамоат бирлашмалари фақат камида 10 та фуқаронинг ташаббуси билан тузилади.

- Жамоат фонди воситачилик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган. Жамоат бирлашмасига бундай норма тадбиқ этилмайди.

Савол: Қонунчиликда нодавлат нотижорат ташкилотларига имтиёзлар берилганми, бўлса қанақа?

Жавоб:

Ўзбекистон Республикаси “Нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда:

1. Нодавлат нотижорат ташкилотлари қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган ҳар қандай фаолият турини ўз уставларида белгиланган мақсадлари доирасида амалга ошириши мумкин;

2. Давлат нодавлат нотижорат ташкилотларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш, тарқатиш, ундан фойдаланиш ва уни сақлашга бўлган ҳуқуқини таъминлайди;

3. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг мол-мулки национализация, реквизиция ва мусодара қилинмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

4.Нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилганда давлат божи тўлашдан озод этилади.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига асосан:

Нодавлат нотижорат ташкилотлар юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғларидан озод этилган.

Савол: Ўзбекистон Республикасида сиёсий партиялар нечта ва улар қандай номланади?

Жавоб:

1) Ўзбекистон халқ демократик партияси;

2) Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси;

3) Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси;

4) Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилоти тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкинми?

Жавоб:

Нодавлат нотижорат ташкилоти қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз устав мақсадларига мос келадиган доираларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин.


Савол: Нодавлат нотижорат ташкилоти фаолиятини тугатиш тартиби қандай?

Жавоб:

Нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш унинг юқори органи қарорига биноан ёки суд тартибида амалга оширилади.

Нодавлат нотижорат ташкилотининг муассислари, қатнашчилари (аъзолари) ёки нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган орган давлат рўйхатидан ўтказувчи адлия органи билан келишган ҳолда тугатиш комиссиясини тайинлайди.

Нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш тўғрисидаги ёзув уни давлат рўйхатидан ўтказган адлия органи томонидан қуйидаги ҳужжатлар асосида юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритилади:

нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш тўғрисидаги ёзувни юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритиш тўғрисидаги ариза (ихтиёрий равишда тугатилаётган тақдирда);

тегишли органнинг нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш тўғрисидаги қарори;

нодавлат нотижорат ташкилотининг устави ва бошқа таъсис ҳужжатлари ҳамда у давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;

тугатиш баланси ёки топшириш ҳужжати ёхуд тақсимлаш баланси.

Кредиторларнинг талаблари қондирилгандан кейин қолган мол-мулк ташкилот қатнашчилари (аъзолари), шунингдек раҳбар органларнинг аъзолари ёки нодавлат нотижорат ташкилотларининг ходимлари ўртасида тақсимланиши мумкин эмас ҳамда ундан белгиланган тартибда фойдаланилади.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолиятини тўхтатиб қўйиш мумкинми?

Жавоб:

Нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолияти у Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонун ҳужжатларини бузган тақдирда суд томонидан тўхтатиб қўйилиши мумкин.

Нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган, шунингдек устав мақсадларига зид ҳаракатлар содир этилган тақдирда прокуратура органлари ёки адлия органлари кўрсатилган қоидабузарликлар тўғрисида мазкур нодавлат нотижорат ташкилотининг раҳбар органларига тақдимнома киритади ҳамда бу қоидабузарликларни бартараф этиш муддатини белгилайди. Агар бу қоидабузарликлар белгиланган муддатда бартараф этилмаса, нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолияти прокуратура ва адлия органларининг тақдимномаси асосида суднинг қарори билан олти ойгача бўлган муддатга тўхтатиб қўйилади.

Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий этилган тақдирда нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолиятини тўхтатиб қўйиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотининг мол-мулкини шакллантириш манбаларини санаб беринг?

Жавоб:

- кириш ва аъзолик бадаллари, агар улар уставда назарда тутилган бўлса;

- муассислардан, қатнашчилардан (аъзолардан) бир маротаба ва мунтазам равишда келадиган тушумлар;

- ихтиёрий мулкий бадаллар ва эҳсонлар;

- тадбиркорлик фаолиятидан олинган, фақат устав мақсадлари учун ишлатиладиган даромадлар (фойда);

- қонунларда тақиқланмаган бошқа тушумлар.

Савол: Жамоат бирлашмалари фаолиятининг принципларини санаб беринг?

Жавоб:

“Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги Конунга кўра жамоат бирлашмалари ўз аъзолари (қатнашчилари)нинг ихтиёрийлиги, тенг ҳуқуқлилиги, ўзини ўзи бошқариш, қонунийлик ва ошкоралик асосида тузилади ва ҳаракат қилади.

Савол: Сиёсий партияни тузиш учун ......

Жавоб: Камида саккизта ҳудудий субъектда (вилоятда), шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида яшаётган ҳамда партияга бирлашиш истагида бўлган камида йигирма минг фуқаронинг имзоси бўлиши талаб этилади.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотининг рамзий белгиларга нималар киради ва улар қайси орган томонидан рўйхатга олинади?

Жавоб:

Нодавлат нотижорат ташкилоти байроқ, эмблема, вимпел ва бошқа рамзий белгиларга эга бўлиши мумкин. Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотининг рамзий белгилари давлат рамзий белгиларига ўхшамаслиги керак.

Нодавлат нотижорат ташкилотининг рамзий белгилари адлия органлари томонидан рўйхатга олинади.



Нотариал ҳаракатларни амалга оширишда давлат божи тўлашдан озод қилиш асослари

Савол: Меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома берганлик учун давлат божидан озод қилишга асос бўла оладими?

Жавоб: Уй-жой (квартира) учун ёки уй-жой-қурилиш кооперативидаги пай учун, агар мерос қолдирувчининг вафот этиш кунигача бирга яшаган, турар жойда қайд этилган бўлса ва мерос қолдирувчининг вафотидан кейин ҳам шу жойда (квартирада) яшаётган бўлса, банкдаги омонотлар, шахсий ва мулкий суғурта шартномалари бўйича суғурта суммалари, давлат заём облигациялари учун, иш ҳақи суммалари учун, фан, адабиёт ва санъат асарлари, ихтиро, селекция ютуғи, фойдали модель, саноат намунаси, интеграл микросхемалар топологияси муаллифининг мулкий ҳуқуқлари учун давлат божи тўлашдан озод қилинади.

Савол: Ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этган жисмоний шахсларнинг меросхўрларига суғурта пулига ворислик ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳнома беришда давлат божи тўланадими?

Жавоб: Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этган ва ҳалок бўлган корхоналар ва ташкилотлар ҳисобидан суғурта қилинган жисмоний шахсларининг меросхўрлари суғурта пулига ворислик ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳнома берганлик учун давлат божидан озод қилинади.

Савол: Агар фермер хўжалигида фаолиятини давом эттираётган меросхурлар уларга фермер хўжалигининг мол-мулки бўйича меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома ва юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжалигида фаолиятини давом эттираётган меросхўрларга гувоҳнома берганлик учун давлат божи тўланадими?

Жавоб: Фермер хўжалигида фаолиятини давом эттираётган меросхўрлар уларга фермер хўжалигининг мол-мулки бўйича меросга булган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома берганлик учун ва юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжалигида фаолиятини давом эттираётган меросхўрлар, уларга деҳқон хўжалиги мол-мулки бўйича меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома берганлик учун давлат божи тўлашдан озод қилинади.

Савол: Коммунал тўловлар бўйича ижро ёзувларин амалга оширганлик учун давлат божи тўлашдан озод қиланадими?

Жавоб: Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари, коммунал-фойдаланиш ташкилотлари мажбурий бадаллари тўлаш ва коммунал хизматлар тўлови бўйича қарзларни ундириш тўғрисидаги ижро ёзувларини амалга оширганлик учун давлат божи тўлашдан озод қилинади.

Саволларга Хўжайли тумани №1 сонли давлат

нотариал идораси нотариуси Парахат Дауенов жавоб берди 



Қонунлардаги ҳаволаки нормаларни амалга ошириш механизми
билан таъминлашнинг долзарб масалалари

Ҳаволаки норма деганда қандай нормалар тушунилади?

Жавоб. Қонун ҳужжатларидаги моддаларда бошқа моддаларга ёки илгари қабул қилинган қонун ҳужжатларига ҳавола қилиш ёки нормаларнинг ўзаро боғлиқлигини кўрсатиш, яъни агар норманинг ўзида юриш-туриш, феъл атвор қоидалари белгиланган бўлмаса, шу қоидаларни ўзида мужассам этган бошқа нормага ҳавола этиш тушунилади. Нормалардаги ҳаволалар фақат амалдаги ва қонуний кучга кирган қонун ҳужжатларга кўрсатилиши мумкин.

Қонун ҳужжатларида ҳаволаки нормалардан нима мақсадда фойдаланилади?

Жавоб. Ҳаволаки нормалар қонун ҳужжатининг моддалари, қисмлари, бандлари, кичик бандлари, хатбошиларида унинг бошқа моддалари, қисмлари, бандлари, кичик бандлари, хатбошиларига, шунингдек бошқа қонун ҳужжатлари ва уларнинг айрим қоидаларига ҳаволалар норматив кўрсатмаларнинг ўзаро боғлиқлигини кўрсатиш зарурати бўлган ҳолларда ёхуд такрорлашларга йўл қўймаслик учун қўлланилади.

Қонун ҳужжатларда ҳаволаларнинг қўлланилиши нормада тартибга солинган муносабатни қайта такроран тартибга солишни олдини олишда катта аҳамиятга эга.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда адлия органларининг роли нимадан иборат?

Жавоб: 2012 йил 24 декабрда янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунининг 22-моддасига асосан Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ҳуқуқий экспертизаси – норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, унга нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги, шунингдек ҳавола қилувчи нормалар қўлланилишининг асослилиги ҳамда мақсадга мувофиқлигини текшириш масадида ўтказилади.

Кейинги йилларда адлия органларининг фаолиятини янада такомиллаштирилиши муносабати билан, Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 14 февралдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти”га 2013 йил 7 декабрда ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, адлия органларига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар экспертизасини ўтказиш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.

Унга кўра, Адлия вазирлиги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунчиликка, шунингдек қонунчилик техникаси қоидаларига шунингдек уларда ҳаволаки нормалар қўлланилишининг мақсадга мувофиқлигини ва асослилигини аниқлаш ҳамда қонунлар лойиҳаларини мамлакатда ўтказилаётган ислоҳотлар мақсадлари ва вазифаларига мувофиқлиги, уларда коррупциянинг юзага келиши, давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимида бошқа ҳуқуқ бузилишларининг содир этилиши учун шарт-шароитлар яратувчи, шунингдек тадбиркорлик субъектлари учун ортиқча маъмурий ва бошқа чеклашларни киритувчи ҳамда тадбиркорлик субъектларининг асосланмаган харажатлари юзага келишига олиб келувчи қоидалар ва нормаларни аниқлаш юзасидан таҳлил қилиш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказишни амалга ошириши белгиланди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда қонунлардаги ҳаволаки нормаларни амалга оширишга қаратилган қандай амалий чоралар кўрилди?

Жавоб: Бу борада 2013 йил 15 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қонунларнинг ҳаволаки нормаларини амалга оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш режаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-2003-сон қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикаси қонунларида мавжуд бўлган ҳаволаки нормаларни амалга ошириш механизмларини таъминлашга қаратилган 105 та ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилди. Бу эса ўз навбатида, қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқлар ва “оқ доғлар”ни бартараф этишда муҳим амалий аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 15 июлдаги “Қонунларнинг ҳаволаки нормаларини амалга оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш режаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-2003-сон қарори қайси соҳалардаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш назарда тутилган?

Жавоб: Мазкур қарорда қонунларнинг ҳаволаки нормаларини давлат ва жамият қурилиши (19 та), суд-ҳуқуқ, (7 та), иқтисодий ривожланиш (40 та), ижтимоий ва гуманитар ривожланиш (39 та) соҳаларида амалга оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Саволларга Адлия вазирлиги Қонунчиликка риоя  этилиши устидан назорат қилиш
бош бошқармаси бош маслаҳатчиси  Юнус Ходжиев жавоб берди. 



Жамиятда хуқуқий маданиятни юксалтиришда хуқуқий ахборотлар тизимининг ўрни ва вазифалари

Савол:

Ҳуқуқий ахборот тизимининг тушунчаси ҳақида маълумот берсангиз?

Б.Сафаров, талаба

Жавоб:

Ҳуқуқийахборот тизими бу – ҳуқуқий ахборотни тўплаш, сақлаш, излаш, унга ишлов бериш ҳамда ундан фойдаланиш имконини берадиган, ташкилий жиҳатдан тартибга солинган жами ҳуқуқий ахборот ресурслари, ахборот технологиялари ва алоқа воситаларидир.

Савол:

Ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар қандай ҳуқуқий ҳужжатлар асосида амалга оширилади?

К.Насимов, шифокор

Жавоб:

Ўзбекистон Республикасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ахборот-коммуникация технологиялари самарадорлигини ошириш, давлат ва жамият қурилиши соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланишни таъминлаш мақсадида бир неча қарорлар қабул қилинган.

Жумладан, ахборот-коммуникация технологияларини Ўзбекистон Республикасида ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг Президентининг 2005 йил 8 июлдаги, 5 сентябрдаги, 28 сентябрдаги, 2012 йил 21 мартдаги, 2013 йил 20 сентябрдаги Қарорлари асосида амалга оширилади.

Савол:

«Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастури» қачон қабул қилинган ва ушбу Дастур қандай мақсадни кўзлаб қабул қилинган?

А.Валиев, ўқитувчи

Жавоб:

Ушбу Дастур Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан 1997 йил 29 августдаги Қарори билан тасдиқланган бўлиб, унинг асосий мақсади аҳолининг, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг, мансабдор шахслар ва мутахассисларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳамда юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, илмий, илмий-оммабоп ва юридик маълумотнома адабиётлар нашр этишни кўпайтириш шунингдек, мактабгача тарбия муассасалари, умумий ўрта мактаблар, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежларида ва олий ўқув юртларида ҳуқуқий таълим ва ҳуқуқий тарбия бўйича ўқув дастурларини ишлаб чиқишдан иборатдир.

Савол:

Жамиятда аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва саводхонлигини оширишда ҳуқуқий ахборотлар тизимининг қандай аҳамиятли жиҳатлари мавжуд?

Х.Жалилова, журналист

Жавоб:

Аҳолини ҳуқуқий ахборотлардан тўсиқларсиз, тўла-тўкис ва эркин фойдалана олишини таъминлаш ва уларга керак бўлган маълумотларни тақдим этиш шунингдек қонунчиликда рўй бераётган янгиликлардан хабардор қилиш ҳамда шу орқали аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ва саводхонлигини юксалтиришдан иборатдир.

Савол:

“LexUz” ҳуқуқий ахборот тизими қачон ва қандай мақсадда ташкил этилган?

У.Мадаминов, тадбиркор

Жавоб:

Мамлакатимизда қабул қилинган қонун ҳужжатларни тезкор ва ишончли тарзда оммага етказиш, юридик ва жисмоний шахсларнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардан кенг фойдаланишини таъминлаш, миллий қонунчилигимизда рўй бераётган янгиликлардан хабардор қилиш орқали аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 5 августдаги «Қонун ҳужжатларини туркумлашни такомиллаштириш ва ҳукуқий ахборотларни тарқатишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ташкил этилган.

Савол:

“LexUz” ҳуқуқий ахборот тизимининг бошқа ҳуқуқий ахборот тизимларидан фарқи ва афзаллик жиҳатлари ҳақида маълумот берсангиз?

Б.Фармонов, пенсионер

Жавоб:

“LexUz” ҳуқуқий ахборот тизими Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тегишли бўлиб, барча ҳужжатлар фақат расмий манбалардан киритилиши шунингдек, тизимдан фойдаланишнинг бепуллиги, тизимда мавжуд ҳужжатларнинг доимо янгиланиб бориши, мобиллик яъни, бунинг учун интернет тармоғига уланган компьютер (ёки бошқа қурилма ) керак бўлади.

Саволларга Адлия вазирлиги Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази бош маслаҳатчиси 

У. Маҳмудов жавоб берди. 


Савол:

Касаба уюшмалари меҳнат низоларини кўриб чиқишда қандай ҳуқуқларга эга бўлади?

Г.Эгамбердиева, ўқитувчи

Жавоб:

Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 2 июлда қабул қилинган “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида” гиқонунининг 12-моддасига кўра, касаба уюшмалари касаба уюшмаси аъзоси билан маъмурият ўртасида пайдо бўлган якка тартибдаги меҳнат низоларини кўриб чиқади ва улар юзасидан қонунларга мувофиқ тегишли қарорлар қабул қилади.

Касаба уюшмалари меҳнатга доир амалдаги қонунларнинг жамоа шартномаси, битим шартларининг бузилиши, меҳнат ва турмушнинг янги ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитларини белгилаш ёки мавжуд шарт-шароитларини ўзгартириш билан боғлиқ масалаларга доир жамоа меҳнат низоларини кўриб чиқишда қатнашади.

Савол:

Касаба уюшмаларининг меҳнат қилиш ҳуқуқини ҳимоя этиш соҳасидаги ҳуқуқлари ҳақида маълумот берсангиз?

Ў.Жалилов, шифокор

Жавоб:

“Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида” гиқонунининг 8-моддасига кўра, касаба уюшмалари ўз аъзоларининг меҳнат қилиш ҳуқуқини ҳимоя этадилар, аҳолини иш билан таъминлаш давлат сиёсати ишлаб чиқилишида қатнашадилар. Корхоналарда ишдан ҳоли этиб олинадиган шахсларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилишнинг қонунлар асосида жамоа шартномасида белгилаб қўйиладиган чораларини таклиф этадилар.

Маъмурият, мулкдор ёки улар вакил қилган бошқарув идорасининг ташаббуси билан иш жойларининг қисқартирилиши ёки иш шароитининг ёмонлашувига олиб келадиган корхонани ва ундаги таркибий бўлинмаларни тугатиш, ишлаб чиқаришни тўлиқ ёки қисман тўхтатиб қўйиш тегишли касаба уюшмалари камида уч ой олдин хабардор қилиб қўйилган ва улар билан меҳнаткашларнинг ҳуқуқлари ҳамда манфаатларига риоя этиш юзасидан музокара ўтказилган тақдирдагина амалга оширилиши мумкин.

Касаба уюшмалари аҳолини иш билан таъминлашнинг аҳволини ва бу соҳадаги қонунларга риоя этилишини назорат қилиб боради.

Меҳнат шартномаси маъмуриятининг ташаббуси билан бекор қилинишига Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ тегишли касаба уюшма қўмитаси билан олдиндан келишилган тақдирдагина йўл қўйилади.

Савол:

Маъмурият, давлат ва хўжалик идоралари, жамоат ташкилотлари ва мансабдор шахсларнинг касаба уюшмаларига нисбатан қандай мажбуриятари мавжуд?

З.Алиева, журналист

Жавоб:

“Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида” қонунининг 17-моддасига кўра, давлат ва хўжалик идораларининг маъмурияти, жамоат ташкилотлари, мансабдор шахслар касаба уюшмаларининг ҳуқуқларига риоя этишлари, уларнинг фаолият кўрсатишларига кўмаклашишлари шарт. Бу идоралар ва шахслар касаба уюшмалари ҳуқуқларини бузганликлари ёки уларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганликлари учун қонунларда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар. Давлат ва хўжалик идораларининг маъмурияти жамоат ташкилотлари, мансабдор шахслар касаба уюшмаларининг вакиллари шу касаба уюшмаси аъзолари ишлаётган корхоналарга уставда белгиланган вазифаларни ва қонунларда белгилаб қўйилган ҳуқуқларни амалга ошириш учун киришларига тўсқинлик қилишга ҳақли эмас.

Савол:

Ишлаб чиқаришдаги ишдан озод қилинган ҳолда меҳнаткашларнинг касаба уюшмалари идораларига сайланган ходимлар учун қандай кафолатлар берилиши мумкин шу ҳақда маълумот берсангиз?

Р.Бозоров, ўқитувчи

Жавоб:

“Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида” қонунининг 19-моддасига кўра, касаба уюшма идораларидаги сайлаб қўйиладиган лавозимларга сайланганлиги туфайли ишдан озод қилинган ходимларга сайлов ваколатлари тугаганидан сўнг аввалги ўз иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) бўлмаган тақдирда ўша корхонада ёки ходимнинг розилиги билан бошқа корхонада аввалгисига тенг келадиган бошқа иш (лавозим) берилади.

Тегишли иш (лавозим) бериш имконияти бўлмаган тақдирда олдинги иш жойидаги корхона маъмурияти, корхона тугатилган тақдирда эса касаба уюшмаси ходим учун ишга жойлашиш даврида ўртача иш ҳақини сақлаб қолади, лекин бу муддат олти ойдан ошмаслиги керак, малакасини ўзгартириш учун ўқиш чоғида эса бир йил муддатгача ўртача иш ҳақи сақлаб турилади.



Савол:

Фоизли қарз шартномасини тузиш тартиби ҳақида тушунча берсангиз?

А.Матниязов, Нукус шаҳри

Жавоб:

Фоизли қарз шартномаси тарафларнинг келишувига кўра тузилиши мумкин. Агар қонунда ёки қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз берувчи (юридик шахс ёки фукаро) қарз олувчидан қарз суммасига шартномада белгиланган миқдорда ва тартибда фоизлар олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Агар қарз шартномаси бўйича қарз олувчига турга хос аломатлари билан белгиланган ашёлар топширилса, уларнинг миқдори ва шакли (пул ёки натура ҳолидаги) шартномада кўзда тутилган ҳолларда фоизлар тўланиши керак.

Фоизлар тўлаш тартиби ва муддатлари қарз шартномаси билан белгиланади. Агар фоизлар тўлаш тартиби ва муддатлари шартномада белгиланган бўлмаса, улар асосий қарзни қайтариш учун шартномада назарда тутилган тартибда ва муддатларда тўланади.

Савол:

Қарз шартномасининг мажбуриятлари бажарилмаган такдирда кимга мурожаат қилиш мумкин?

Н.Худайберганов, Кегейли тумани

Жавоб:

Қарз шартномасида кўрсатилган мажбуриятлари бажарилмаган тақдирда қарз шартномаси тузилган нотариал идорага қарз берувчи ариза билан мурожаат қилади. Нотариус қарздорни камида икки марта ёзма равишда огоҳлантиради. Шу орада қарздор томондан хабар бўлмаса нотариус Ўзбекистон Республикаси Нотариат ҳақидаги Қонуннинг 76-80-моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002-йил 18-январдаги қарори билан тасдиқланган Нотариусларнинг ижро хатларига асосан қарзни ундириш сўзсиз амалга ошириладиган ҳужжатлар рўйхатига мувофиқ ижро хатини ёзади.

Саволларга Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигининг бўлим бошлиғи М.Нарбаев жавоб берди. 


Савол:

ФҲДЁ органларининг фаолияти қандай меърий ҳужжатлар билан тартибга солинади?

Ф.Алламуратова, Нукус шаҳри

Жавоб:

ФҲДЁ органларининг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Оила Кодекси, Вазирлар Маҳкамасининг 1999-йилдаги қарори билан тасдиқланган “ФҲДЁ органларида иш юритиш тартиби ҳақида” ги Йўриқнома асосида тартибга солинади.

Савол:

ФҲДЁ органларида ўлимни қайд этиш учун қандай ҳужжатлар талаб қилинади?

О.Мақсетов, Мўйноқ тумани

Жавоб:

Ўлимни қайд эттириш учун ФҲДЁ органи ўлим ҳақида тиббий гувоҳнома ёки суднинг фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги қонуний кучга кирган (бу ҳақида белги куйилган ёки тегишли маълумотнома билан тасдикланган) қарори билан бирга 16 ёшгача бўлган фуқароларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси, 16 ёшдан ошганларнинг эса паспортлари ва ҳарбий билети тақдим этилади.

Савол:

Перинатал ўлимга қандай ҳужжатлар тақдим этилади шу ҳақда маълумот берсангиз?

У.Назаров, Беруний тумани

Жавоб:

Ҳаётининг биринчи ҳафтаси давомида ўлган болаларнинг туғилганлиги ва ўлими тиббий муасасса жойлашган ердаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органида қайд этилади.

Ўлик туғилган боланинг туғилганлигини шунингдек ҳаётининг биринчи ҳафтасида ўлган (перинатал ўлим) болаларнинг туғилганлиги ва ўлимини қайд этиш тиббий муасасса аризасига биноан шу ҳудуддаги ФҲДЁ органи томонидан 24 соат ичида амалга оширилади. Ўлик болани қайд этиш перинатал ўлим тўғрисидаги тиббий гувоҳнома асосида фақат туғилганлик ҳақида далолатнома ёзувларни рўйхатдан ўтказиш дафтарида амалга оширилади ва туғилганлик тўғрисидаги Алфавит дафтарига киритилади.

Агар бола туғилгандан кейин вафот этса, ҳатто у бир неча дақиқа яшаса ҳам, туғилиши ҳамда ўлими ҳақидаги иккита ёзувдан иборат далолатномалар тузилади. Бундай ҳолларда туғилиш ҳақидаги далолатнома ёзуви туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома асосида, ўлганлиги ҳақида далолатнома ёзуви эса перинатал ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома асосида амалга оширилади. Шунда туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувида онаси тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ келтирилади, «Белгилар учун» устунида эса ўлганлиги қайд этилганлиги ҳақида далолатнома ёзувининг тартиб рақами ва санаси кўрсатилади.

Саволларга Чимбой туманиФҲДЁ бўлими мудирасиТ.Мамбетмуратова жавоб берди. 


Маҳаллий давлат хокимияти органлари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши ва уларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби

Савол: Маҳаллий давлат ҳокимияти органининг норматив-ҳуқуқий тусдаги қарорига тушунча берсангиз?

Жавоб: Маҳаллий давлат ҳокимияти органининг норматив-ҳуқуқий тусдаги қарори - халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари ва вилоят туман, шаҳар ҳокимлари томонидан қабул қилинган, умуммажбурий давлат кўрсатмалари сифатида ҳуқуқий нормаларни белгилашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган расмий ҳужжатлардир.

Савол: Ҳуқуқий экспертиза нима?

Жавоб: Лойиҳанинг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, юқори юридик кучга эга бўлган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги, шунингдек ҳавола қилувчи нормалар қўлланилишининг асослилиги ҳамда мақсадга мувофиқлигини текширади.

Савол: Ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмайдиган ҳужжатларга қандай ҳужжатлар киради?

Жавоб. Қуйидагилар ҳуқукий экспертизадан ўтказилмайди:

а) якка тартибдаги қуйидаги ҳужжатлар:

шахсий тусдаги лавозимга тайинлаш, бошқа лавозимга ўтказиш ёки лавозимидан озод қилиш, комиссия ва бошқа коллегиал органлар таркибини тасдиқлаш, бирор шахсга ер ажратиш ва бошқа шу кабилар);

тезкор фармойиш тусидаги (бир марталик топшириқлар);

б) муқаддам белгиланган тартибни ижро этишни ташкил этишга йўналтирилган ҳамда янги ҳуқуқий нормаларни ўз ичига олмаган, шу жумладан, бутун мазмуни бошқа органлар ва мансабдор шахсларнинг ҳужжатлари тўғрисида хабардор қилишдан иборат бўлган ҳужжатлар.

в) сессия, йиғилиш, конференцияларни чақириш тўғрисидаги ҳужжатлар;

г) лойиҳаларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритиш тўғрисидаги ҳужжатлар.

д) тавсия хусусиятига эга бўлган ҳужжатлар

е) норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга расмий шарҳ бериш тўғрисидаги ҳужжатлар;

ж) умуммажбурий хусусиятига эга бўлмаган бошқа ҳужжатлар.

Саволларга Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги катта маслаҳатчиси

Г.Абдирова жавоб берди. 



Савол: Мева-сабзавотчилик ва узумчилик йўналишидаги фермер хўжаликларининг қайта ишлаш корхоналари ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан ўзаро муносабатлари қандай амалга оширилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 
9 январдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-3709-сон Фармонига асосанмева-сабзавотчилик ва узумчилик йўналишидаги фермер хўжаликларининг қайта ишлаш корхоналари ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан ўзаро муносабатлари, маҳаллий бошқарув органлари аралашмаган ҳолда, тузилган шартномалар асосида амалга оширилади.

Савол:Пудрат шартномаси ҳақида тушунча беринг.

Жавоб:Пудрат шартномаси бўйича бир тараф (пудратчи) иккинчи тараф (буюртмачи)нинг топшириғига биноан маълум бир ишни бажариш ва унинг натижасини буюртмачига белгиланган муддатда топшириш мажбуриятини олади, буюртмачи эса иш натижасини қабул қилиб олиш ва бунинг учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади. Агар қонун ҳужжатларида ёхуд тарафлар келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ишни бажариш учун пудратчи таваккал қилади.

Савол: Фермер хўжаликлари билан қайта ишлаш (тайёрловчи) корхоналар ўртасида узумни тайёрлаш ва етказиб беришдаги муносабатлар ҳақида нима дея оласиз?

Жавоб:Фермер хўжаликлари ва қайта ишлаш (тайёрловчи) корхоналари ўртасида узум етказиб бериш шартномавий муносабатлар асосида амалга оширилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 13 мартдаги “2013-2015 йиллар даврида республикада узумчиликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1937-сон қарорида харид қилинадиган узум маҳсулотининг умумий қийматидан 60 фоизидан кам бўлмаган миқдорда фермер хўжаликларига аванс (бўнак) маблағларини тўлаб берлиши назарда тутилган.

Мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб, 2013 йил апрель ойида Адлия вазирлигида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзвиносаноат-холдинг” холдинг компанияси вакиллари билан биргаликда узумни етказиб бериш бўйича контрактация шартномасининг намунавий лойиҳаси ишлаб чиқилиб, амалиётда тузиш учун тавсия қилинди.

Савол: Фермер хўжаликлари билан тайёрлов, хизмат кўрсатиш ва таъминот ташкилотлари ўртасидаги шартномавий муносабатларда Фермерлар кенгаши қандай вазифаларни амалга оширади?

Жавоб:Фермер хўжаликлари билан тайёрлов ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида контрактация шартномалари ҳамда моддий-техника ресурслари етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш) юзасидан шартномалар тузиш туман фермерлари кенгашининг шартномавий-ҳуқуқий муносабатлари бўйича бош мутахассиси иштирокида амалга оширилади ва шартномалар ушбу мутахассис томонидан имзоланади.

Савол: Боғ ва узумзорлардан мақсадсиз фойдаланилганлик учун ер участкасини ижарага бериш шартномасини муддатидан олдин бекор қилишга нималар асос бўлади?

Жавоб: Боғ ва узумзорлардан қатъий белгиланган мақсадда фойдаланилади. Боғ ва узумзорлардан мақсадсиз фойдаланганлик учун ер участкасини ижарага бериш шартномасини бекор қилиш асослари қуйидагилардан иборат:

ердан бошқа мақсадларда фойдаланиш учун боғ ва узумзорлар бузиб ташланганда;

эскирган майдонларда янги боғ ва узумзорлар ташкил этилмаганда;

қулай табиий — иқлим шароити мавжуд бўлишига қарамасдан, ижарага олувчининг айби билан боғ ва узумзорларнинг ҳосилдорлик даражаси кейинги уч йил мобайнида белгиланган нормативдан (кадастр баҳосига кўра) пасайтириб юборилганда;

боғ ва узумзорлар олинган пайтдан бошлаб бир йил ичида улардан фойдаланишга киришилмаганда.

Ер участкасини ижарага бериш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш шартнома тарафларининг келишувига асосан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса, туман ҳокимининг ер ижара шартномасини бекор қилиш бўйича даъво аризасига мувофиқ, суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилади.

Ерни ижарага олувчи ва туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими, шунингдек бошқа тегишли ташкилотлар вакиллари иштирокида тузилган далолатнома ер ижара шартномасини бекор қилиш бўйича даъво аризаси киритиш учун асос бўлиб ҳисобланади.

Ер ижара шартномасини бекор қилиш бўйича даъво аризасини судга киритиш масаласи ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи туман комиссияси (кейинги ўринларда «Комиссия» деб юритилади) томонидан кўриб чиқилади.

Саволларга Адлия вазирлиги масъул ходими

О.Бекмурадов жавоб берди 



Ўзбекистонда дин ва давлат муносабати, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар

Савол-жавоб

1. Ўзбекистон Республикасида дин ва давлат муносабати, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолияти қайси қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади?

Республикамизда дин ва давлат муносабати, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолият юритиши бўйича ҳуқуқий асосан яратилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунлари ҳамда “Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги 1998 йил 20 июндаги 263-сон, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 2004 йил 23 апрелдаги 196-сон, “Диний таълим муассасаларининг фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 2004 йил 1 мартдаги 99-сон Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

2. Виждон эркинлиги ҳуқуқи нима?

Виждон эркинлиги фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир.

Фуқаро ўзининг динга, динга эътиқод қилишга ёки эътиқод этмасликка, ибодат қилишда, диний расм-русумлар ва маросимларда қатнашиш ёки қатнашмасликка, диний таълим олишга ўз муносабатини белгилаётган пайтда уни у ёки бу тарзда мажбур этишга йўл қўйилмайди.

Вояга етмаган болаларни диний ташкилотларга жалб этиш, шунингдек уларнинг ихтиёрига, ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ихтиёрига зид тарзда динга ўқитишга йўл қўйилмайди.

Динга эътиқод қилиш ёки ўзга эътиқодлар эркинлиги миллий хавфсизликни ва жамоат тартибини, бошқа фуқароларнинг ҳаёти, саломатлиги, ахлоқи, ҳуқуқи ва эркинликларини таъминлаш учун зарур бўлган даражадагина чекланиши мумкин.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда виждон эркинлиги ва диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланадилар ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун қонунда белгиланган тарзда жавобгар бўладилар.

3. Фуқароларнинг динга муносабатидан тенг ҳуқуқлилиги қайси қонунда белгиланган ва унда нима дейилган?

Фуқароларнинг динга муносабатидан тенг ҳуқуқлилиги принципи Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддасида белгиланган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари динга муносабатидан қатъи назар қонун олдида тенгдирлар. Расмий ҳужжатларда фуқаронинг динга муносабати кўрсатилишига йўл қўйилмайди. Фуқароларнинг динга муносабатига қараб уларнинг ҳуқуқларини ҳар қандай чеклаш ва уларга бевосита ёки билвосита имтиёзлар белгилаш, душманлик ва адоват уйғотиш ёхуд уларнинг диний ёки даҳрийлик эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний зиёратгоҳларни оёқ ости қилиш қонунда белгиланган жавобгарликни келтириб чиқаради.

Ҳеч ким диний эътиқодини рўкач қилиб қонунда белгиланган мажбуриятларни бажаришдан бош тортишга ҳақли эмас. Қонунга мувофиқ бажарилиши мажбурий бўлган бир вазифани диний эътиқоди туфайли бошқаси билан алмаштиришга қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади.

4. Динни давлатдан ажратилганлигини тушунчаси нима?

Ўзбекистон Республикасида дин давлатдан ажратилган. Ҳеч бир динга ёки диний эътиқодга бошқаларига нисбатан бирон-бир имтиёз ёки чеклашлар белгиланишига йўл қўйилмайди.

Давлат турли динларга эътиқод қилувчи ва уларга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, ҳар хил эътиқодларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашади, диний ва ўзга мутаассибликка ҳамда экстремизмга, муносабатларни қарама-қарши қўйиш ва кескинлаштиришга, турли конфессиялар ўртасида адоватни авж олдиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўймайди.

Давлат диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни қўллаб-қувватлайди. Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилади. Ушбу қоиданинг бузилишига айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортиладилар.

Давлат диний ташкилотлар зиммасига ўзининг ҳеч қандай вазифасини бажаришни юкламайди, уларнинг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган фаолиятига аралашмайди. Диний ташкилотлар давлат вазифаларини бажармайди. Давлат диний ташкилотларнинг фаолиятини ҳамда даҳрийлик тарғиботига оид фаолиятини маблағ билан таъминламайди.

Ўзбекистон Республикасида диний моҳиятдаги сиёсий партия ва жамоат ҳаракати, шунингдек республикадан ташқарида тузилган диний партияларнинг филиаллари ва бўлимларини тузишга ва уларнинг фаолият юритишига йўл қўйилмайди.

Диний ташкилотлар амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этишлари шарт. Диндан давлатга ва конституцияга қарши тарғибот олиб боришда, душманлик, нафрат, миллатлараро адоват уйғотиш, ахлоқий негизларни ва фуқаровий тотувликни бузишда, бўҳтон, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмаларни тарқатишда, аҳоли ўртасида ваҳима чиқаришда ҳамда давлатга, жамият ва шахсга қарши қаратилган бошқа хатти-ҳаракатларда фойдаланишга йўл қўйилмайди. Терроризм, наркобизнес ва уюшган жиноятчиликка кўмаклашадиган, шунингдек бошқа ғаразли мақсадларни кўзловчи диний ташкилотлар, оқимлар, секталар ва бошқаларнинг фаолияти ман этилади.

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига, мансабдор шахсларга тазйиқ ўтказишга қаратилган ҳар қандай уриниш, шунингдек яширин диний фаолият қонун билан тақиқланади.

5. Давлат органларининг ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг диний ташкилотлар билан ўзаро муносабат борасидаги ваколатлари нималардан иборат?

Давлат органлари билан диний ташкилотларнинг ўзаро муносабатларини мувофиқлаштириш ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижросини назорат қилиш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита зиммасига юкланади. Қўмитанинг ҳуқуқий мақоми Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Низом билан белгиланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тегишли ҳудудларда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши учун қонун бўйича жавобгардирлар.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг асосий вазифаси нимадан иборат?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳар бир шахснинг виждон ва диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқи, фуқароларнинг динга бўлган муносабатидан қатъи назар тенглигини таъминлаш, шунингдек диний ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги вазифаларни ҳал этиш ваколати берилган давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Қўмитанинг асосий вазифаларига қуйидагилар ҳисобланади:

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ диний масалаларни ҳал қилишда ягона сиёсатни амалга ошириш;

давлат органларининг республика ҳудудида жойлашган диний ташкилотлар билан ўзаро алоқаси ва ҳамкорлигини таъминлаш;

давлат сиёсатида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган диний ташкилотлар манфаатларини акс эттириш.

7. Диний ташкилот ва диний ўқув юртлар нима?

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг динга эътиқод қилиш, ибодат, расм-русумлар ва маросимларни биргаликда адо этиш мақсадида тузилган кўнгилли бирлашмалари (диний жамиятлар, диний ўқув юртлари, масжидлар, черковлар, синагогалар, монастирлар ва бошқалар) диний ташкилотлар деб эътироф этилади.

Диний ташкилот Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаётган юз нафардан кам бўлмаган фуқаролари ташаббуси билан тузилади.

Тегишли конфессияга қарашли диний ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва йўналтириб бориш учун уларнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича ягона марказий бошқарув органлари (бундан кейин – марказий бошқарув органлари деб юритилади) тузилиши мумкин.

Марказий бошқарув органи Ўзбекистон Республикасининг камида саккизта ҳудудий тузилмасида (вилоят, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси) фаолият кўрсатаётган, тегишли конфессияларнинг рўйхатга олинган диний ташкилотлари вакиллари таъсис йиғилиши (конференцияси) томонидан тузилади.

Диний ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ёки унинг жойлардаги органларида рўйхатдан ўтказилгандан кейин юридик шахс мақомига эга бўлади ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ўз фаолиятини амалга ошириши мумкин.

Тегишли диний маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари диний ташкилотларнинг раҳбарлари бўлишлари мумкин. Диний ташкилотлар раҳбарлигига Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмаган шахсларнинг номзоди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан келишиб олинади.

Диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари руҳонийлар ва ўзларига зарур бўлган диний ходимлар тайёрлаш учун диний ўқув юртлари тузишга ҳақли. Диний ўқув юртлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилиб, тегишли лицензия олганидан кейин фаолият кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлади.

Олий ва ўрта диний ўқув юртларида таълим олиш учун фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ умумий мажбурий ўрта таълим олганидан кейин қабул қилинади.

Диний ўқув юртларида диний фанларни ўқитаётган шахслар диний таълим олган бўлишлари ва ўз фаолиятларини тегишли марказий бошқарув органининг рухсати билан амалга оширишлари лозим.

Хусусий тартибда диний таълим бериш ман этилади.

8. Диний урф-одатлар ва маросимлар қаерларда ўтказилади?

Диний ташкилотлар ибодат қилиш ёки диний расм-русумлар ўтказиш учун қулай жойлар ташкил этиш ва уларни сақлаб туриш, шунингдек зиёратгоҳларни сақлаб туриш ҳуқуқига эгадир.

Ибодат, диний расм-русумлар ва маросимлар диний ташкилотлар жойлашган манзилдаги ибодатхоналарда ва уларга тегишли ҳудудларда, зиёратгоҳларда, қабристонларда, зарур ҳолларда фуқароларнинг ихтиёрига биноан уларнинг уйларида ўтказилади.

Касалхоналарда, госпиталларда, кексалар ва ногиронлар уйларида, дастлабки қамоқ ва жазони ўташ жойларида ибодатлар ва диний расм-русумлар шу ердаги фуқароларнинг илтимосларига биноан ўтказилади.

Диний маросим ва ибодат биноларидан ташқарида ўтказиладиган оммавий ибодатлар, диний расм-русумлар ва маросимлар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларнинг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмайди.

Диний ташкилотлар диндорлар мажбурий пул йиғимлари ва тўловлар ундиришга, шунингдек уларга нисбатан шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи чораларни қўллашга ҳақли эмас.



Савол: Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар қандай шаклларда амалга оширилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 791-моддасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўлов топшириқномалари, аккредитивлар, чеклар, инкассо бўйича, шунингдек қонунда назарда тутилган бошқа шаклларда амалга оширилиши мумкинлиги назарда тутилган.

Савол: Нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартибини алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжатда белгилаб қўйиш зарурати нима билан изоҳланади?

Жавоб: Фуқаролик кодексида нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга оширишнинг энг муҳим ва устувор қоидалари белгиланган. Бироқ, мазкур муносабатларнинг кенг қамровлилиги, ушбу жараёнда ноаниқликлар, тушунмовчиликлар ёки суиистеъмолликлар келиб чиқишига йўл қўймаслик ва айни шу мақсадларда нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга оширишни расмийлаштиришда ягона ёндашувни ишлаб чиқиш зарурати мазкур соҳадаги муносабатларни янада батафсил ҳуқуқий тартибга солишни тақозо этади.

Савол: Нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимида тўлов топшириқномаларидан кенг фойдаланилади. Ҳисоб-китобларнинг мазкур шакли қандай ўзига хос хусусиятларга эга?

Жавоб: Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низомнинг (рўйхат рақами 2465, 2013 йил 3 июнь) 31-бандига мувофиқ, тўлов топшириқномаси мижознинг унга хизмат кўрсатувчи банкка ўз ҳисобварағидан топшириқномада белгиланган суммани маблағларни олувчининг ҳисобварағига ўтказиш тўғрисидаги топшириғи назарда тутилган ҳисоб-китоб ҳужжати ҳисобланади. Тўлов топшириқномалари билан ҳисоб-китоблар товарларнинг ҳақини тўлаш учун амалга оширилиши мумкин. Бундан ташқари, банк ҳисобварағи шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, тўлов топшириқномаси банк томонидан мижознинг ҳисобварағида маблағлар мавжуд бўлгандагина қабул қилинади.

Савол: Баъзан кундалик ҳаётимизда “акцептли тўлов талабномаси” ва “акцептсиз тўлов талабномаси” деган тушунчаларга дуч келамиз. Улар ўртасида қандай фарқ мавжуд?

Жавоб: Юқорида айтиб ўтилган Низомнинг 41-бандида акцептли ва акцептсиз тўлов талабномаларининг фарқи кўрсатиб ўтилган бўлиб, унга кўра, акцептли тўлов талабномаси тўлов талабномасида назарда тутилган сумма маблағларни тўловчи томонидан акцептланганидан, яъни тан олинганидан сўнг, тўловлар амалга ошириладиган ҳисоб-китоб ҳужжати ҳисобланади. Акцептсиз тўлов талабномаси эса, тўлов талабномасида назарда тутилган сумма маблағларни тўловчининг розилиги бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, тўловлар амалга ошириладиган ҳисоб-китоб ҳужжати ҳисобланади.

Савол: Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низомнинг янги таҳририда қандай муҳим масалалар белгиланди?

Жавоб: Ҳужжатнинг янги таҳририда қуйидаги муҳим масалалар белгиланди:

биринчидан, ҳужжатнинг нормалариқонун ҳужжатлари талаблари асосида тўлиқ қайта кўриб чиқилди;

иккинчидан, давлат тилида ишлаб чиқилди;

учинчидан, солиқ органлари томонидан электрон равишда тақдим этиладиган инкассо топшириқномаларини электрон равишда чақириб олиш тизими жорий этилди;

тўртинчидан, иссиқлик энергияси учун тўловлар акцепли тўлов талабномалари асосида амалга оширилиши белгиланди;

бешинчидан, нақд пулсиз ҳисоб-китоб ҳужжатларининг турлари ҳамда улар бўйича амалга ошириладиган ҳисоб-китоб операциялари аниқ ва батафсил баён этилди;

олтинчидан, мазкур соҳада банк амалиётида юзага келган бошқа муаммолар ўз ечимини топди.

Саволларга Адлия вазирлиги масъул ходими О.Файзиев жавоб берди. 




Савол:

Норма ижодкорлиги фаолиятини мувофиқлаштиришда адлия органларининг вазифа ва функциялари нималардан иборат?

Жавоб:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисидаги низомга биноан мамлакатимизда норма ижодкорлиги фаолиятини мувофиқлаштириш йўналишида Адлия вазирлиги зиммасига давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмаларининг норма ижодкорлиги фаолиятини тизимли таҳлил қилишни ташкиллаштириш, улар томонидан киритиладиган ёки қабул қилинадиган қонун ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонун ҳужжатларига, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига, шунингдек қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлигини аниқлаш юзасидан ҳар томонлама экспертизани амалга ошириш; амалдаги қонун ҳужжатларида «оқ доғлар»ни, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимида коррупциянинг келиб чиқишига, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилишига шароит яратаётган қоидалар ва нормаларни аниқлаш вазифалари юклатилган.

Ушбу вазифаларни бажариш учун Адлия вазирлиги бир қатор функцияларни амалга оширади. Хусусан:

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради ва уларга услубий раҳбарликни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг топшириқлари бўйича ва ўз ташаббусига кўра қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва уларни кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда киритади;

қонун ҳужжатларини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига мувофиқлаштириш, ҳуқуқий тартибга солишнинг тизимлилиги ва яхлитлигини таъминлаш, қонунчиликдаги «оқ доғлар»ни бартараф қилиш тўғрисида таклифлар ишлаб чиқади, қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир таклифларни таҳлил қилади ва умумлаштиради ҳамда уларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига тақдим қилади, қонун ҳужжатларини кодекслаштириш бўйича ишларни олиб боради;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, уларнинг кенгашлари, қўмиталари ва комиссиялари билан қонунчилик фаолиятини такомиллаштириш масалалари бўйича доимий амалий алоқада бўлади;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказади ва уларнинг реестрини юритади;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказади ва давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, эълон қилиш ва манфаатдор шахслар эътиборига етказишнинг белгиланган тартибига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, вазирликлари, давлат қўмиталари ва идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг назорат нусхаларини юритади.

Савол:

Адлия вазирлиги томонидан қонун лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши жараёни ҳақида батафсилроқ маълумот берсангиз?

Жавоб:

Конституциямизнинг 15-моддасига кўра Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Унинг 16-моддасида эса бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва тамойилларига зид келиши мумкин эмаслиги ҳақидаги тамойил мустаҳкамлаб қўйилган. Ушбу меъёр қонунийликни, қонун лойиҳалари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мослигини таъминлашга хизмат қилади. Мазкур конституциявий тамойилни амалга ошириш мақсадида мамлакатимизда қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси институти шакллантирилди.

Қонун лойиҳасини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишнинг шартлиги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунга асосланади. Қонуннинг 21-моддасида норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши зарурлиги белгилаб қўйилган бўлиб, у экспертиза қилишнинг энг анъанавий ва синалган турларидан бири саналади ва норма ижодкорлиги фаолиятининг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланади.

Қонун лойиҳасини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишнинг аҳамияти шу билан белгиланадики, иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий, илмий ва бошқа соҳалардаги кўплаб масалалар фақат экспертиза ёрдамида ҳал қилиниши мумкин ва ўтказилган экспертиза хулосаси мақбул қарор қабул қилиш учун асос вазифасини ўтайди.

Савол:

Адлия вазирлиги томонидан қонун ҳужжатлари лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш йўналишида амалга оширилган ишлар тўғрисида рақамларга мурожаат қилган ҳолда, қисқача маълумот берсангиз?

Жавоб:

Йил давомида ҳуқуқий экспертизанинг хажмига қисқача тўхталадиган бўлсак, биргина 2012 йил мобайнида вазирлик ва идоралар томонидан Адлия вазирлигига 1500 тага яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун тақдим этилган бўлиб, улардан 150 тадан зиёд қонун лойиҳалари, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари лойиҳалари, 200 га яқин Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари лойиҳалари ва 750 тадан зиёд Ҳукумат қарорлари лойиҳаларидир.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, Мамлакатимиз Раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида қонун ижодкорлигининг сифатини кескин ошириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. Ҳозирги кунда концепция доирасида 
20 га яқин қонунлар ва 10 га яқин бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилинишида ҳуқуқий экспертиза жараёни муҳим аҳамият ва ўринга эга. Ваҳоланки, ҳуқуқий экспертиза қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини сифатли бўлишига, сифатли қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат ва жамият ҳаётида олиб борилаётган ислоҳотларнинг муваффақиятли бўлишига хизмат қилади.

Саволларга Адлия вазирилиги масъул ходими

О.Файзиев жавоб берди. 


Савол:

Мамлакатимизда ташкил этилган эркин индустриал-иқтисодий зоналар ҳақида маълумот беринг?

Жавоб:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 2 декабрдаги Фармонига асосоан Навоий вилоятида эркин индустриал-иқтисодий зона, 2012 йил 13 апрелдаги Фармонига асосан «Ангрен» махсус индустриал зонаси ҳамда 2013 йил 18 мартдаги Фармонига асосан «Жиззах» махсус индустриал зонаси ташкил этилган.

Cавол:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 апрелдаги “Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан солиқ соҳасида қандай имтиёзлар, афзалликлар ва кафолатлар белгиланди?

Жавоб:

Хорижий инвесторнинг пул шаклидаги улуши 5 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган янгидан ташкил этилаётган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб 10 йил мобайнида солиқ қонунчилигида ўзгаришлар юз берган ҳолларда, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи (товарлар, ишлар, хизматларни реализация қилиш айланмаси), мол-мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ягона ижтимоий тўлов, ягона солиқ тўлови, шунингдек, Республика йўл жамғармасига ҳамда Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашнинг мазкур корхоналар давлат рўйхатидан ўтиш санасида амал қилган меъёрлари ва қоидаларини қўлланилиши мумкинлиги белгиланди.

Cавол:

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган мол-мулкларга қандай имтиёзлар берилган?

Жавоб:

“Бож тарифи тўғрисида”ги Қонуннинг 33-моддаси ҳамда “Чет эл инвестициялари тўғрисида” ги Қонуннинг 12-моддасида устав фондида чет эл инвестицияларининг улуши камида ўттиз уч фоиз бўлган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар томонидан улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан икки йил давомида ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган мол-мулк бож ундиришдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда озод қилинади. Чет эллик инвесторларнинг ва чет эллик инвесторлар билан тузилган меҳнат шартномаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида турган чет давлатлар фуқароларининг шахсий эҳтиёжлари учун олиб кириладиган мол-мулкдан бож ундирилмаслиги белгиланган.

Cавол:

Инвестицияга оид низолар қандай тартибда ҳал этилади?

Жавоб:

Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасига мувофиқ чет эл инвестициялари билан бевосита ёки билвосита боғлиқ низо (инвестицияга оид низо), тарафлар келишувига кўра, улар ўртасидаги маслаҳатлашувлар орқали ҳал этилиши мумкин. Агар тарафлар келишилган ҳал қилувга эриша олмасалар, бундай низо Ўзбекистон Республикасининг хўжалик суди томонидан ёхуд ҳакамлик воситасида инвестицияга оид низоларни ҳал этишга доир Ўзбекистон Республикаси қўшилган халқаро шартномаларнинг (битимлар ва конвенцияларнинг) қоидалари ва тартиботига мувофиқ ҳал этилиши лозим.

Инвестицияга оид низога жалб этилган тарафлар ўзаро келишувга кўра бундай низони кўриб чиқувчи органни, шунингдек инвестицияга оид низо бўйича ҳакамлик судловини амалга оширувчи мамлакатни аниқлашлари мумкин.

Чет эллик инвесторларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги инвестиция фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низоларни Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал қилинади, шартномада низоларни ҳал қилишнинг халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ўзга тартиби назарда тутилган ҳоллар бундан мустаснодир.

Саволларга Адлия вазирлиги бошқарма бўлим бошлиғи А.Турдиев жавоб берди. 


Корхоналарни ихтиёрий тугатишда қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилиши

Савол: Корхоналарни ихтиёрий тугатиш қайси қонун ҳужжатлари асосида тартибга солинади?

Жавоб: Корхоналарни ихтиёрий тугатиш Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 27 апрелдаги “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фолиятини тўхтатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ–630-сон Қарори ва ушбу қарор билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фолиятини тўхтатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги Низом билан тартибга солинади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва бошқа қонун ҳужжатларида корхоналарни ихтиёрий тугатишни назарда тутувчи нормалар мавжуд.

Савол: Тадбиркорлик субъекти ихтиёрий тартибда тугатилаётганда иштирокчилар умумий йиғилишининг баённомасида нималар акс эттирилган бўлиши лозим?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 
27 апрелдаги ПҚ–630-сон Қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 3-бандига асосан корхонани ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор унинг муассислари (қатнашчилари) томонидан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қабул қилинади. Қарорда қуйидагилар кўрсатилади:

тугатувчи – тугатиш комиссияси (унинг аъзолари таркиби) ёки жисмоний шахс (паспорти маълумотлари);

мўлжалланаётган тугатиш муддати.

Савол: Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширувчи корхоналарни ихтиёрий тугатиш учун тугатувчи рўйхатдан ўтказган органга қандай ҳужжатларни тақдим этиши лозим?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 
27 апрелдаги ПҚ–630-сон Қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 34-бандига асосан молия-хўжалик фаолиятини амалга оширувчи корхоналарни ихтиёрий тугатиш учун тугатувчи рўйхатдан ўтказган органга қуйидаги ҳужжатларни:

–бир ёки бир неча даврий босма нашрларда чиққан корхонанинг ихтиёрий тугатилганлиги тўғрисидаги эълонни;

– давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳномани;

– корхонанинг барча ҳисоб рақамлари ёпилганлиги тўғрисида хизмат кўрсатувчи банкларнинг маълумотномаларини;

– корхонанинг муҳр ва штампларини;

– ваколатли органнинг, агар мавжуд бўлса, чиқарилган қимматли қоғозларини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотномасини;

– агар мавжуд бўлса, барча лицензиялар (рухсатномалар)нинг асл нусхаларини;

– давлат солиқ хизмати органининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарз йўқлиги тўғрисидаги маълумотномасини;

– тугатилаётган корхона қарздор сифатида иштирок этган ва ижро этилмаган ижро ҳужжати Суд департаменти органлари иш юритувида мавжуд эмаслиги ҳақидаги Суд департаменти ҳудудий бошқармасининг ёзма жавоби;

– корхона ҳужжатларининг давлат архивига топширилганлигини тасдиқловчи маълумотномани тақдим этади.

Савол: Давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб молия-хўжалик фаолиятини юритмаётган корхоналарни давлат реестридан чиқариш учун рўйхатдан ўтказган органга қандай ҳужжатлар тақдим этиши лозим?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 
27 апрелдаги “Тадбиркорлик субъектларини фаолиятини тўхтатиш 
ва ихтиёрий тугатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 
ПҚ–630-сонли Қарори билан тасдиқланган Низомнинг 46-бандига асосан тугатувчи корхонани давлат реестридан чиқариш учун рўйхатдан ўтказган органга ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги эълон чиққан санадан кейин бир ойдан эрта бўлмаган муддатда қуйидаги ҳужжатларни:

– корхонанинг ихтиёрий тугатилганлиги тўғрисида бир ёки бир неча даврий босма нашрларда чиққан эълонни;

– давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳномани;

– банкларда ҳисоб рақамлари очилмаганлиги тўғрисидаги хат ёки, агар мавжуд бўлса, асосий ҳисоб рақами ёпилгани тўғрисидаги банк маълумотномасини;

– тугатилаётган корхона қарздор сифатида иштирок этган ва ижро этилмаган ижро ҳужжати Суд департаменти органлари иш юритувида мавжуд эмаслиги ҳақидаги Суд департаменти ҳудудий бошқармасининг ёзма жавоби.

– муассислар (қатнашчилар)нинг улар ўртасида мол-мулк тақсимланганлиги тўғрисидаги қарорини;

– корхонанинг муҳр ва штампларини;

– корхона ҳужжатлари давлат архивига топширилганлигини тасдиқловчи маълумотномани тақдим этади.

Савол: Корхоналарни ихтиёрий тугатишга оид қонун нормаларини такомиллаштирилиши муносабати билан қандай қонун ҳужжатлари қабул қилинди?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 
29 декабрда “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ–1900-сон қарори қабул қилинган бўлиб, ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 
27 апрелдаги ПҚ–630-сон қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг тегишли бандларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, мазкур Низомнинг 9, 17-бандларига асосан тугатувчига корхона қарздор сифатида иштирок этган ижро ҳужжатларининг ижросини тугатиш тартиботи доирасида таъминлаши, корхонанинг активлари ва мажбуриятларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хатловдан ўтказиши, шу жумладан корхона қарздор сифатида иштирок этган ижро ҳужжатлари реестрини тузиши каби вазифалар юклатилди. Шунингдек, ушбу Низомнинг 18-бандига рўйхатдан ўтказган органга корхонанинг ихтиёрий тугатилганлиги тўғрисидаги қарор нусхаси олингандан сўнг кейинги кундан кечиктирмай юридик шахсларнинг давлат реестрига корхонанинг ихтиёрий тугатиш жараёнида эканлиги тўғрисидаги маълумотларни киритади ҳамда бу тўғрида суд ижрочиларининг туман (шаҳар) бўлимини хабардор қилиш вазифаси юклатилди.

Бундан ташқари, юқоридаги Низомнинг 34, 46-бандларига тугатувчи томонидан корхонани давлат реестридан чиқариш учун рўйхатдан ўтказган органга тугатилаётган корхона қарздор сифатида иштирок этган ва ижро этилмаган ижро ҳужжати Суд департаменти органлари иш юритувида мавжуд эмаслиги ҳақидаги Суд департаменти ҳудудий бошқармасининг ёзма жавобини тақдим этиши вазифаси ҳам юклатилганлиги алоҳида аҳамият касб этади.

Юқоридагилардан келиб чиқадики, корхоналарни ихтиёрий тугатишнинг ҳуқуқий асослари ҳам қонун нормалари билан мустаҳкамлаб қўйилган бўлиб, бу жараённи амалга оширишда ваколат берилган органлар қонун талабларига қатъий амал қилишлари лозим.

Саволларга Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигининг масъул ходими

Э.Холмахматов жавоб берди.


Савол:

Қайси ҳолатларда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органлари(ФҲДЁ), қайси ҳолатларда суд тартибида никоҳдан ажратиш мумкин?

А.Ниёзметова, Тўрткўл тумани

Жавоб:

Вояга етмаган болалари бўлмаган эр-хотин никоҳдан ажралишга ўзаро рози бўлсалар, улар никоҳдан фуқаролик ҳолати далолатномаларини кайд этиш органларида ажратилади. Эр-хотин ўртасида меҳнатга лаёқатсиз мухтож эр ёки хотинга моддий таъминот бериш тўғрисида ёки уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкни бўлиш тўғрисида низо бўлган тақдирда эр-хотин ёки улардан бири никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этиши мумкин.

Савол:

Эр-хотиндан бирининг аризаси буйича фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида никоҳдан ажратиш тартиби нималардан иборат?

Л.Азимова, Қораўзак тумани

Жавоб:

Агар эр-хотин бири; суд томонидан бедарак йуқолган деб топилган бўлса; суд томонидан руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган булса;

содир қилган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум килинган бўлса, ўртада вояга етмаган болалари борлигидан қатъи назар, эр-хотиндан бирининг аризасига кўра улар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида никоҳдан ажратилади.

Агар болалар ҳақида, эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мол-мулкини бўлиш ҳақида ёки ёрдамга муҳтож, меҳнатга саёқатсиз эр(хотин)га таъминот бериш учун маблағ тўлаш ҳақида низо мавжуд бўлса, улар никоҳдан суд тартибида ажратилади.

Саволларга Қораўзак тумани ФҲДЁ мудираси вазифасини бажарувчиси Н.Ережепова жавоб берди.


"Тадбиркор бўлмоқчиман.

Бунинг учун..."

— Мен 5 000 000 сўм устав фонди билан Тошкент шаҳрида корхона ташкил қилмоқчиман. Бунинг учун қаерга учрашим ва қандай ҳужжатлар тақдим қилишим керак бўлади?

А.РАСУЛОВ, Тошкент шаҳри

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 24 майдаги ПҚ-357-сонли ва Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сонли қарорлари билан тасдиқланган Низомларга асосан Сиз корхонангиз жойлашган туман ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциясига мурожаат қилиб, қуйидаги ҳужжатларни тақдим қилишингиз лозим.

- ариза;

- давлат тилидаги таъсис ҳужжатларининг икки асл нусхаси;

- давлат божининг белгиланган миқдори тўланганлиги ҳақидаги банк тўлов ҳужжати;

- корхона номини марказлаштирилган маълумотлар базасида қулай фирма номи захирага олинганлигини тасдиқлайдиган ягона логин ва пароль;

- икки нусхада муҳр ва штамп эскизлари.

— Тадбиркорлик субъектларининг почта манзили ўзгарган тақдирда давлат рўйхатидан ўтказиладими ва давлат божи тўланадими?

С. АЛИМАРДОНОВ, Наманган вилояти

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 24 майдаги ПҚ-357-сонли ва Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сонли қарорлари билан тасдиқланган Низомларга асосан тадбиркорлик субъектининг почта манзили ўзгарган тақдирда бу ҳақда рўйхатдан ўтказувчи орган ёзма равишда хабардор қилинади ва бунда давлат божи ундирилмайди.

— Тадбиркорлик субъектини ихтиёрий тугатиш қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан амалга оширилади?

П. САТТОРОВ, Тахиатош шаҳри

— Тадбиркорлик субъектини ихтиёрий тугатиш Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг 2007 йил 27 апрелдаги ПҚ-630-сонли Қарори билан тасдиқланган "Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида"ги Низом билан тартибга солинади.

Саволларга Адлия вазирлиги

масъул ходими Миродил МАҲМУДОВ

жавоб берди.


Савол:

Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жойни бошқа шахсга бериш шартномасининг тузилиш тартибини тушунтириб берсангиз?

Н.Худойберганова, ўқитувчи

Жавоб:

Нотариус уй, хонадон, уйнинг ёки хонадоннинг бир қисмини умрбод таъминлаш шарти билан бошқа шахсга бериш шартномасини тасдиқлашда, уй, хонадон, уйнинг ёки хонадоннинг бир қисмини бошқа шахсга ўтказиш бўйича битимларни тасдиқлашнинг умумий қоидаларига риоя қилади. Ушбу шартномани тасдиқлаш пайтида уй, хонадон, уйнинг ёки хонадоннинг бир қисмини бошқа шахсга берувчи шахснинг меҳнатга лаёқатсизлиги (ёши ёки соғлиғи бўйича) текширилиб, бу ҳақда шартнома матнида кўрсатилиши лозим ҳамда умрбод таъминлаш шарти билан уй-жойни бошқа шахсга бериш шартномасида кўрсатилган мулкнинг бошқа шахсга ўтказилмаганлиги, сотилмаганлиги, ижарага берилмаганлиги, гаровга қуйилмаганлиги, низода йуқлиги ва бошқа шахсга ўтказишга тақиқ қуйилмаганлиги текширилади. Ушбу шартномада уй, хонадон, уйнинг ёки хонадоннинг бир қисмини бошқа шахсга берувчига моддий таъминотнинг қандай турлари берилиши, уларни ҳар ойдаги пуллик баҳоси ва уй, хонадан, уйнинг ёки хонадоннинг бир қисмининг қиймати ҳам кўрсатилган бўлиши керак.

Бошқа шахсга ўтказилаётган уй, хонадан, уйнинг ёки хонадоннинг бир қисми ва моддий таъминотнинг қиймати тарафлар келишувига биноан белгиланади.

Умрбод таъминлаш шарти билан уй, хонадон, уйнинг ёки хонадоннинг бир қисмини бошқа шахсга бериш шартномаси Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 530 ва 534-моддалари талаблари асосида амалга оширилиши ва уларнинг мазмуни тушинтирилганлиги шартномада кўрсатилиб ўтилиши лозим.

Савол:

Умрбод таъминлаш шарти билан уй, хонадон, уйнинг ёки хонадоннинг бир қисмини олувчининг мажбуриятлари нималардан иборат?

Т.Зоиров, пенсионер

Жавоб:

Умрбод таъминлаш шарти билан уй, хонадон, уйнинг ёки хонадоннинг бир қисмини олувчи, умрбод таъминлаш шарти билан уй, хонадон, уйнинг ёки хонадоннинг бир қисмини берувчини умрбод озиқ-овқат билан таъминлаш, овқатлантириш, кийим-кечак билан таъминлаш, парваришлаш ва зарур булган ёрдам кўрсатиш, уй-жойни доимий равишда таъмирлаш ишларини олиб бориш, ҳамма солиқлар ва коммунал тўловларни тўлаш шарти билан уй-жойни бутунлигича фойдаланиш мажбуриятини олади.

Савол:

Умрбод таъминлаш шарти билан уй, хонадон, уйнинг ёки хонадоннинг бир қисмини бошқа шахсга бериш шартномасини бекор қилиш тартибини тушунтириб беринг?

И.Юсупова, тадбиркор

Жавоб:

Агар уй, хонадан, уйнинг ёки хонадоннинг бир қисмини олувчи умрбод таъминлаш шарти билан уй, хонадон, уйнинг ёки хонадоннинг бир қисмини бошқа шахсга бериш шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини бажармаса ёки тегишли даражада бажармаса шартномани бекор қилишни талаб қилиши мумкин.

Агар олувчининг моддий аҳволи ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра бошқа шахсга берувчига шартлашилган таъминотни бера олмайдиган даражада ўзгарса ёки бошқа шахсга берувчи меҳнат қобилиятини тикласа, умрбод таъминлаш шарти билан уй, хонадон, уйнинг ёки хонадоннинг бир қисмини бошқа шахсга бериш шартномаси олувчининг талабига кўра бекор қилиниши мумкин.

Умрбод таъминлаш шарти билан уй, хонадон, уйнинг ёки хонадоннинг бир қисмини бошқа шахсга бериш шартномаси бошқа шахсга берувчининг талабига кўра бекор қилинган тақдирда олувчи шартнома амалда бўлган вақтда бошқа шахсга берувчини таъминлаш ва уй, хонадон, уйнинг ёки хонадоннинг бир қисмини сақлаб туришга қилган харажатларини қоплашни талаб қилишга ҳақли.

Саволларга Тахтакўпир туман давлат

нотариал идорасининг нотариуси

Д.Шаханов жавоб берди. 


Фаолиятим давомида кўплаб ҳуқуқий ҳужжатлари билан ишлашга тўғри келади. Шу ўринда қонун ҳужжатлари ўзи нима, у қандай қабул қилинади деган саволлар туғилиши табиий. Шулар ҳақда бироз маълумот берсангиз.

Қ.Алламуродов, фермер.

— Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қонун ҳужжатларидир ва улар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари мажмуини ташкил қилади, Конституция ва қонунлар, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари қонунлар деб аталса, Президент фармон, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқ ҳамда қарорлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари қонун ости ҳужжатлари ҳисобланади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг турлари деганда эса Конституциямиз, қонунлар, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Президент фармон, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқ ва қарорлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари тушунилади.

Қайд этилган норматив ҳуқуқий ҳужжатларни ваколат доирасидан келиб чиқиб ва ҳужжатнинг турига қараб Олий Мажлис палаталари, Президент, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ёки мансабдор шахсларига қабул қилиш ҳуқуқи берилган.

Умуман олганда, қонун ҳужжатлари “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинади. Хабарингиз бор, ўтган давр мобайнида қонун ижодкорлиги жараёни кенгайиб, мураккаблашди, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сифатига нисбатан талаблар сезиларли даражада ошди. Шу маънода 2010 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган парламент палаталарининг қўшма мажлисида Президентимиз томонидан эълон қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепсиясида ушбу қонуннинг янги таҳриририни қабул қилиш лозимлиги алоҳида қайд этилган эди. Концепцияда билдирилган таклифлардан келиб чиққан ҳолда, ушбу қонуннинг янги таҳрири ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

—Янги таҳрирдаги“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг аввалгисидан қандай асосий фарқлари мавжуд?

Л.Хўжаев, талаба

— Ушбу қонунда нормалар аниқ ва батафсил ёритилган ҳамда кенгроқ қамраб олингани билан аҳамиятга молик. Шу билан бирга, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўзаро нисбатини аниқлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш тартиби ҳамда уларнинг мазмунига қўйиладиган асосий талабларни белгилаш, шунингдек, уларнинг ижроси ташкил этилишини таъминлаш кабилар ушбу қонуннинг асосий вазифаларига киритилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон адлия вазири ҳар йили Олий Мажлис Сенатига давлат бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар фаолиятидаги қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот бериши, шунингдек, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг мансабдор шахслари давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалга киритганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаб қўйилди.

Шунингдек, мазкур қонун юқоридагиларга ўхшаган, бугунги замон талабларидан келиб чиққан ҳолда қатор янги моддалар билан ҳам тўлдирилди.

— Қонун ҳужжатлари қабул қилингунга қадар текшириладими, бу жараён кимлар томонидан ва қандай амалга оширилади?

С.Саломов, тадбиркор

— Албатта, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади. Яъни, ҳуқуқий экспертиза давомида ҳужжат лойиҳасининг нафақат Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларига, балки қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги, шунингдек, ҳавола қилувчи нормалар қўлланилишининг асослилиги ҳамда мақсадга мувофиқлиги ҳам текширилади.

Ҳуқуқий экспертиза ҳужжат ишлаб чиқувчининг ёки қабул қилувчи органнинг юридик хизмати, шунингдек, Ўзбекистон Адлия вазирлиги ва бошқа ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ ўтказилиши мумкин. Адлия вазирлиги ҳуқуқий экспертизани бошқа турдаги экспертизалар ўтказилганидан кейин амалга оширади. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларига юклатилган.

— Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг амал қилиши тўхтатилиб турилиши ёки тугатилиши мумкинми? Бу қандай ҳолатларда амалга оширилиши мумкин.

Ф.Имомов, банк ходими

— Мазкур саволга жавоб қонуннинг 35-моддасида аниқ ва лўнда кўрсатиб ўтилган. Ушбу моддага кўра норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг қисмининг амал қилиши уни қабул қилган орган ёхуд унинг юқори турувчи органи томонидан муайян муддатга ёки муайян ҳодиса юз бергунига қадар тўхтатиб турилиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 9 октябрдаги қарори билан тасдиқланган “Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар меъёрий ҳужжатларини ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги низомнинг 18- ва 20-бандлари ҳамда Адлия вазирлиги томонидан 2009 йил 14 февралда 1905-сон билан рўйхатга олинган “Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини тайёрлаш ва қабул қилиш қоидалари”нинг 94-бандига мувофиқ Ўзбекистон Адлия вазирлиги низоли масалалар келиб чиққанда, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қўллаш билан боғлиқ бўлган янги ҳолатлар аниқланганда, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни барча манфаатдор шахслар эътиборига етказилиши тўғрисидаги талаблар бажарилмаган тақдирда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туришга ҳақли.

Саволларга Адлия вазирлиги

масъул ходими Б.Худойқулов

жавоб берди. 


Фаолиятни текшириш беш йилда бир марта

“Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг аҳамияти нимада?

Мазкур Қонун хусусий мулкка асосланган лизинг, суғурта компаниялари, микромолиявий ташкилотлар каби молиявий институтларни ташкил этишнинг муҳим ҳуқуқий асоси бўлиб, ушбу Қонун хусусий банклар ва молия институтлари фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиши, уларнинг фаолияти кафолатларини таъминлаши, молиявий хизматлар кўрсатиш сифатини янада ошириши, бу соҳада рақобатни кучайтириши, шунингдек, халқаро стандартларга мос бўлган банк-молия инфратузилмасини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Хусусий банк ва молия институтларига устав фондида муассислар бўлган жисмоний шахсларнинг улуши камида эллик фоизни ташкил этиши лозим бўлган банклар ва бошқа кредит, суғурта ташкилотлари, шунингдек, фақат молиявий хизматлар кўрсатувчи ўзга юридик шахслар киради.

Хусусий банк ва молия институтлари, шунингдек, улар муассисларининг (иштирокчиларининг) мулк ҳуқуқи дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари хусусий банк ва молия институтларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас. Хусусий банк ва молия институтларининг фаолиятини текшириш қонун ҳужжатларига мувофиқ назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли органнинг қарорига биноан режали тартибда кўпи билан беш йилда бир марта амалга оширилиши мумкин.

Ойбек ҲАКИМОВ,

Адлия вазирлиги бошқарма

бошлиғи ўринбосари


Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш

Ўриндошлик асосида бошқа ташкилотга ишга кираётган шахслар қайси ҳужжатларни топширади?

Ўриндошлик асосида бошқа ишга кираётган шахслар паспортни ёхуд унинг ўрнини босувчи ҳужжатни ва меҳнат дафтарчаси ўрнига асосий иш жойидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги буйруғи билан тасдиқланган шакл бўйича маълумотномани тақдим этади.

Ўриндошлик асосида ишлаш учун иш берувчининг, асосий иш жойидан касаба уюшмаси (ходимларнинг бошқа вакиллик органининг) ёки бошқа органнинг розилиги талаб қилинадими?

Ўриндошлик асосида ишлаш учун иш берувчининг, асосий иш жойидан касаба уюшмаси қўмитасининг (ходимларнинг бошқа вакиллик органининг) ёки бошқа органнинг розилиги талаб қилинмайди.

Ўриндошлик асосида бошқа ташкилотга ишга кириш учун асосий иш жойидан бериладиган маълумотнома ҳамда ўриндошлик асосидаги иш жойидан бериладиган маълумотнома шакллари тасдиқланганми?

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан 2012 йил 29 декабрда 77-сон “Ўриндошлик асосида бошқа ташкилотга ишга кириш учун асосий иш жойидан бериладиган маълумотнома ҳамда ўриндошлик асосидаги иш жойидан бериладиган маълумотнома шаклларини тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи билан тасдиқланиб Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган (рўйхат рақами 2417, 2013 йил 29 январь).

Ўриндошлик асосида ишлаш ҳисобланмайдиган ишларга қайси ишлар киради?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сон қарори билан тасдиқланган Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ ўриндошлик асосида ишлаш ҳисобланмайдиган ишларга қуйидаги ишлар киради:

1.Илмий фаолиятни ёки ўқитувчилик фаолиятини амалга ошириш, агар бундай фаолият асосий иш жойи бўйича бажариладиган иш ҳисобланмаса.

2. Фан, адабиёт ва санъат асарлари яратиш.

3. Ходим томонидан, асосий ишдан ташқари, ўша ташкилотнинг ўзида штат лавозимини эгалламасдан бошқа ишни бажариш, шу жумладан:

умумтаълим мактаблари ўқитувчилари ҳамда касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ўқитувчилари томонидан кабинетларга, лабораторияларга мудирлик қилиш бўйича вазифаларни бажариш, тўгаракларга раҳбарлик қилиш, шунингдек улар томонидан белгиланган юкламадан ортиқ ўқув-тарбиявий ишларни бажариш;

ишнинг ушбу тури бўйича иш вақти нормал давом этишининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳажмда меҳнатга соатбай ҳақ тўланадиган педагогик иш;

таълим муассасалари раҳбарларининг ўқитувчи лавозими бўйича йиллик иш режасида (иш вақти нормаси билан) назарда тутилган жами иш вақтининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳажмда ўқитувчилик иши;

ташкилотлар муҳандис-техник ходимларининг талабалар ва ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш таълими ва амалиётига раҳбарлик қилиш бўйича иши;

тиббиёт ходимларининг белгиланган вақт нормасидан ортиқча навбатчилик қилиши;

Ҳукумат қарорлари билан ходимнинг иш ҳақига устамалар белгиланган вазифаларни бажариш.

4. Муаллифлик гонорари шаклида ҳақ тўланадиган адабий иш, шу жумладан алоҳида асарларни таҳрир, таржима қилиш ва уларга тақриз ёзиш бўйича ишлар.

5. Меҳнатга бир марта ҳақ тўланган ҳолда техник, тиббий, бухгалтерия, ҳуқуқий ва бошқа экспертиза (маслаҳат бериш).

6. Умумтаълим мактаблари ва мактабдан ташқари таълим муассасалари ўқитувчилари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари усталари, мактабгача таълим муассасаларининг педагог ходимлари, таълим муассасалари концертмейстерлари ва аккомпаниаторларининг айнан бир таълим муассасасидаги ўқув юкламасининг белгиланган нормасидан ортиқча иши.

7. Соғлиқни сақлаш муассасаларида ойига 24 соатдан ортиқ бўлмаган ҳажмда, меҳнатга бир марта ёки соатбай ҳақ тўланган ҳолда, тиббиёт маслаҳатчилари вазифаларини бажариш.

8. Илмий-тадқиқот муассасаларида ва олий таълим муассасаларида ушбу таълим муассасалари штатида турмаган илмий ходимлар томонидан катта илмий ходимларга – изланувчиларга раҳбарлик қилиш.

9. Ходим томонидан сиёсий партиялар, касаба уюшмалари ва жамоат бирлашмалари марказий ва ҳудудий органларининг сайлаб қўйиладиган лавозимларида раҳбар ходим, Кузатувчи кенгаш ёки Директорлар (бошқарувчилар) кенгаши раиси ёки аъзоси, Маҳсулот тақсимотига оид битим доирасида қўмитани бошқарувчи, ишончли бошқарувчи ёки ташкилотда давлатнинг ишончли вакили сифатида бажариладиган иш.

10. Жамоатчилик асосида бажариладиган ишлар.

Саволларга Адлия вазирлиги

бошқарма бош маслаҳатчиси

Хуршид Умаров жавоб берди. 


Хорижий инвестиция иштирокидаги корхона ташкил этиш ва тугатиш

Тошкент шаҳрида хорижий инвестиция иштирокидаги корхона ташкил этганимга бир йил бўлди. Аммо, ҳозирги кунга қадар корхона устав фондини тўлиқ шакллантиришга имкон бўлмади. Менга уни шакллантириш учун қўшимча муддат керак. Бундай вазиятда мен кимга мурожаат қилишим керак?

Х.Дониёров, Навоий шаҳри

Сиз бундай ҳолларда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги корхоналарни тугатиш бўйича доимий ишловчи махсус комиссияга мурожаат қилишингиз лозим. Махсус комиссия томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 июлдаги “Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартиби тўғрисида”ги 327-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 2.7-бандига кўрақонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналар бўйича — устав жамғармасини шакллантириш учун қўшимча муддат берилади ва назорат қилиб борилади.

Биз корхонамизни ихтиёрий тугатмоқчимиз. Тугатиш жараёнида корхонани қайта тиклашимиз мумкинми?

Б.Ахмедов, Бухоро вилояти

Албатта тиклашингиз мумкин, яъни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 27 апрелдаги “Тадбиркорлик субъектларини фаолиятини тўхтатиш ва ихтиёрий тугатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ–630-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 7-бандига кўра, корхона муассислари (қатнашчилари), тадбиркорлик субъекти — жисмоний шахс тугатишнинг исталган босқичида фаолиятини тиклаш ва тугатиш жараёнини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эгадирлар.

Биз янги корхона ташкил этдик. Аммо, айрим сабабларга кўра фаолиятимизни йўлга қўя олмадик. Шу сабабли, корхонани тугатишга қарор қилдик. Корхонани қандай тугатишимиз мумкин?

И.Турсунов, Тошкент шаҳри

Корхоналарни ихтиёрий тугатиш тартиби қонунчилик билан тартибга солинган, яъни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 27 апрелдаги “Тадбиркорлик субъектларини фаолиятини тўхтатиш ва ихтиёрий тугатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ–630-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 3-бандига кўра, корхонани ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор унинг муассислари (қатнашчилари) томонидан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қабул қилинади. Қарорда қуйидагилар кўрсатилади, яъни тугатувчи — тугатиш комиссияси (унинг аъзолари таркиби) ёки жисмоний шахс (паспорти маълумотлари) ҳамда мўлжалланаётган тугатиш муддати кўрсатилиши лозим. Мазкур қарор қабул қилингандан сўнг Сиз рўйхатдан ўтказувчи органга мурожаат қилишингиз лозим бўлади.

Саволларга Адлия вазирлиги масъул ходими

М.Дарбишев жавоб берди. 


Риэлторлик фаолияти тўғрисида

Савол: Риэлторлик фаолияти тўғрисида кўп эшитганман. Бу қандай фаолият. Ушбу фаолият қандай қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади?

У.Камолов, Тошкент вилояти

Жавоб:Риэлторлик фаолияти юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулк объектларига ва уларга бўлган ҳуқуқларга доир битимлар тузиш билан боғлиқ хизматларни шартнома асосида кўрсатиш бўйича тадбиркорлик фаолиятидир.

Риэлторлик фаолияти риэлторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органи томонидан бериладиган риэлторлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия асосида амалга оширилади.

Риэлторлик фаолият Ўзбекистон Республикасининг “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 10 майдаги 129-сон қарори билан тасдиқланган Риэлторлик фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низом ва ушбу фаолиятга оид бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Савол:Риэлторлик хизматларига нималар киради. Мен жисмоний шахс сифатида риэлторлик фаолияти билан шуғулланишим мумкинми?

Р.Султонов, Самарқанд вилояти

Жавоб:“Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонунга кўра риэлторлик фаолияти қуйидаги турлардаги риэлторлик хизматларини кўрсатиш орқали амалга оширилади:

кўчмас мулк объектларига ва уларга бўлган ҳуқуқларга доир битимларни тузиш чоғидаги воситачилик;

кўчмас мулк объектларининг ва уларга бўлган ҳуқуқларнинг савдосини ташкил этиш;

кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш;

кўчмас мулк бозорида ахборот ва маслаҳат хизматлари.

Риэлторлик фаолияти юридик ва жисмоний шахслар томонидан амалга оширилади. Бунда жисмоний шахсга — риэлторга лицензия фақат кўчмас мулк бозорида ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатиш ҳуқуқига берилади.

Савол: Риэлторлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия олиш учун қандай ҳужжатлар талаб этилади?

Қ.Азизов. Наманган вилояти

Жавоб:Риэлторлик фаолиятини лицензиялаш тўғрисида низомга кўра Лицензия олиш учун лицензия талабгори лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

Юридик шахс учун:

а) лицензия бериш тўғрисида ариза, унда қуйидагилар кўрсатилади:

юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банк муассасасидаги талаб қилиб олинадиган депозит ҳисоб рақамлари;

лицензия талабгори амалга оширишни мўлжаллаётган риэлторлик хизматларининг тури (турлари);

б) давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг ҳамда рўйхатдан ўтказилган барча ўзгартиришлар ва қўшимчалар билан биргаликда уставнинг нусхалари;

в) лицензияловчи орган томонидан лицензия талабгорининг аризаси кўриб чиқилганлиги учун лицензия талабгори томонидан йиғим тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатининг нусхаси;

г) асосий иш жойи бўйича штатдаги риэлторларни ишга қабул қилиш тўғрисидаги меҳнат дафтарчаси ва буйруқларнинг юридик шахс муҳри билан тасдиқланган нусхалари;

д) лицензия талабгори штатида турган ходимларнинг риэлторлар малака сертификатларининг юридик шахс муҳри билан тасдиқланган нусхалари;

е) риэлторлик фаолиятининг тегишли турини амалга ошириш учун ушбу Низомда назарда тутилган миқдорда устав капиталининг тўлиқ шакллантирилганлигидан далолат берадиган ҳужжат нусхаси. Бунда риэлторлик хизматлари кўрсатишда фойдаланиладиган мол-мулкни киритиш ҳисобига устав капиталини пулсиз шаклда қисман ёки тўлиқ шакллантиришга йўл қўйилади;

ж) кўрсатиладиган хизматлар сифатини назорат қилишнинг тасдиқланган ички қоидалари нусхаси.

Жисмоний шахс учун:

а) лицензия бериш тўғрисида ариза, унда қуйидагилар кўрсатилади:

фамилияси, исми, отасининг исми, паспортининг маълумотлари;

лицензия талабгори амалга оширишни мўлжаллаётган риэлторлик хизматнинг тури;

б) якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

в) лицензияловчи орган томонидан лицензия талабгорининг аризаси кўриб чиқилганлиги учун лицензия талабгори томонидан йиғим тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатининг нусхаси;

д) риэлтор малака сертификатининг нусхаси;

Савол:Мен фаолият кўрсатаётган риэлторлик ташкилоти кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш хизматларини кўрсатиш учун лицензия олмоқчи. Бунинг учун қанча миқдорда устав капиталига эга бўлиши керак?

С.Нодирова, Тошкент шаҳри


Жавоб:Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 10 майдаги 129-сон қарори билан тасдиқланган Риэлторлик фаолиятини лицензиялаш тўғрисида низомда риэлторлик фаолиятининг тегишли турини амалга ошириш учун талаб этиладиган устав капиталининг миқдори кўрсатилган. Унга кўра, кўчмас мулк бозорида ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатадиган риэлторлик ташкилотлари — энг кам ойлик иш ҳақининг камида 100 бараварига тенг миқдорда, кўчмас мулк объектларига ва уларга бўлган ҳуқуқларга доир битимлар тузиш чоғида воситачилик қиладиган риэлторлик ташкилотлари — энг кам ойлик иш ҳақининг камида 500 бараварига тенг миқдорда, кўчмас мулк объектларини ишончли бошқаришни амалга оширадиган риэлторлик ташкилотлари — энг кам ойлик иш ҳақининг камида 1000 бараварига тенг миқдорда, кўчмас мулк объектлари ва уларга бўлган ҳуқуқлар савдосини ташкил этадиган риэлторлик ташкилотлари — энг кам ойлик иш ҳақининг камида 3000 бараварига тенг миқдорда устав капиталига эга бўлиши керак.

Риэлторлик хизматларининг бир неча турларини амалга оширмоқчи бўлган лицензия талабгори риэлторлик хизматларининг устав капиталини максимал миқдорда шакллантириш назарда тутилган тури бўйича шакллантирилган устав капиталига эга бўлиши керак.


Савол:Риэлторлик фаолияти билан шуғулланиш тўғрисида менинг номимга берилган лицензия йўқолиб қолди. Уни қайта тиклаш мумкинми?

А.Жалилов, Навоий вилояти

Жавоб: Йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган лицензия ўрнига лицензия талабгори аризасига кўра дубликат берилади. Лицензия дубликатларини беришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади.

Саволларга Адлия вазирлиги

Ташкилий-назорат ва таҳлил

бошқармаси бош маслаҳатчиси

Жасур АСАДОВ жавоб берди. 


Сўнги 6 йил давомида меҳнат таътилига чиқмаганман. Мен билан меҳнат шартномасини бекор қилишмоқчи, бош ҳисобчи менга фақат уч йил учун пуллик компенсация тўлаш мумкинлигини қолган йилларнинг муддати ўтиб кетганлигини айтди. Фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун пуллик компенсация тўлаш ҳақида тушинтириш берсангиз?

Айназар Қайпназаров,

Тўрткўл тумани

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 151-моддасига мувофиқ, меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компен­сация тўланади.

Шунинг учун, агар ходим олти йил давомида ўзининг йиллик таътилларидан фойда­ланилмаган бўлса, у билан меҳнат шартномаси бекор қилинаётганда иш берувчи унга юқорида кўрсатилган барча фойдаланилмаган таътиллар учун пуллик компенсация тўлаши шарт.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 275-моддасида белгиланганидек, иш берувчи ходимнинг пул ундиришга дойр талабларини ҳеч қандай муҳлат билан чекламай, ҳамма вақт учун қондиришга ҳақлидир.

Шунингдек, иш берувчи меҳнат шартномаси бекор қилинаётганда пуллик компенсацияни барча фойдаланилмаган асосий ва қўшимча таътиллар учун тўлашни рад этаётган бўлса, иш ҳақини ундириш бўйича низо келиб чиққанда меҳнат низоларини кўриб чиқувчи орган ходимнинг унга тўланиши керак бўлган барча фойдаланилмаган таътил кунлари учун компенсация тўлаш ҳақидаги талабларини тўлиқ ҳажмда қондиради.

Даъво муддатига келсак, шуни ҳисобга олиш керакки, даъво муддати судга ёки меҳнат низолари бўйича комиссияга мурожаат қилиш муддатлари учун қўлланилади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 150-моддасига асосан, умумий даъво муддати - уч йил. Шу билан бирга, Фуқаролик Кодексининг 151-моддасида белгиланганидек, айрим турдаги талаблар учун қонунларда умумий даъво муддатига қараганда қисқартирилган ёки узайтирилган махсус даъво муд­датлари белгиланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 270-моддасига мувофиқ, судга ёки меҳнат низолари комиссиясига мурожаат этиш учун қуйидаги муддатлар белгиланади.

Жумладан, ишга тиклаш низолари бўйича - ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб бир ой, ходим томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарни тўлаш ҳақидаги низолар бўйича зарар етказилганлиги иш берувчига маълум бўлган кундан бошлаб бир йил, бошқа меҳнат низолари бўйича ходим ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб уч ой.

Ушбу моддада белгиланган муддатлар узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган тақдирда, бу муддатлар суд ёки меҳнат низолари комиссияси томонидан қайта тикланиши мумкин.

Шундай қилиб, фойдаланилмаган йиллик таътиллар учун пуллик компенсация тўлаш ҳақида низолар бўйича судга ёки меҳнат низолари комиссиясига мурожаат этиш муддати ходим ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб уч ойдан иборат.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 153-моддасида белгиланганидек, бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилиш талаби даъво муддатининг ўтганлигидан қатъи назар судда кўриб чиқиш учун қабул қилинади. Даъво муддати суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ қўлланади.


Мен шаҳар иссиқлик марказида ишлайман, иш берувчи иш йўқлигини важ қилиб, менга иш ҳақи сақланмайдиган таътилни расмийлаштиришни таклиф қиляпти. Иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътилнинг муддати қанча вақт белгиланган?

Бердах Утеназаров,

Нукус шаҳри

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 150-моддасига мувофиқ, ходимнинг аризасига биноан унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мумкин, унинг муддати ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан белгиланади. Тегишинча, иш ҳақи сақланмаган ҳолда берилган таътилнинг минимал ёки максимал муддати бўлмайди. Шундай қилиб, иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътиллар муддати фақат меҳнат муносабатлари тарафлари ўртасидаги келишувга кўра ҳамда бундай таътил нима учун ходимга зарурлигидан келиб чиқиб белгиланади.

Иш берувчи ходимнинг розилигисиз ҳар қандай вазиятда ҳам уни иш ҳақи сақланмайдиган таътил олишга мажбур қилиши мумкин эмас. Ишлар ҳажми камайганда ходимни тўлиқсиз иш кунига ўтказиш масаласи қўйилиши мумкин. Лекин бунда ҳам ходимнинг розилиги талаб этилади.

Ўзбекистон Республикасининг меҳнат ҳақидаги қонунчилигида ходимдан иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилга чиқишни талаб қилиш учун асосли сабаб бўла оладиган вазиятлар назарда тутилмаган. Аммо бундай вазиятлар касаба уюшмаси ташкилоти ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи орқали иш берувчи билан ходимлар ўртасида тузилган жамоа шартномасида белгилаб қўйилиши мумкин. Жамоа шартномасида мажбурий талаб этиладиган узрли сабаблар рўйхати белгиланмаган бўлса, иш ҳақи сақпанмаган ҳолда таъ­тил бериш масаласи меҳнат шартномаси тарафларининг келишуви бўйича ҳал этилади.

ЎзР МК 150-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, иш ҳақи сақланмаган ҳолда берилади­ган таътил ҳақидаги шарт меҳнат шартномасида шартлашилган бўлиши мумкин. Шундай қилиб, иш берувчи ва ходим меҳнат шартномаси тузилаётганда ҳақ тўланмасдан берила­диган таътил ҳақидаги масалани келишиб олишлари мумкин.

Ходимни иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътилга чиқишга мажбур- лайдиган мансабдор шахснинг бундай хатти-ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси меҳнат ҳақидаги қонунчилигининг бузилиши деб эътироф этилади. Мансабдор шахс томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бундай бузилиши Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 49-моддасига асосан энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътилни расмийлаштиришда меҳнат муносабатлари тарафлари шуни ҳисобга олишлари лозимки, ходимнинг ўз ҳисобидан таътилга кетиш истагини тасдиқловчи ҳужжат - фақат ходимнинг ёзма аризасидир. Амалиётда иш берувчи ходимнинг аризасига бундай таътил берилишига розилиги ёки уни рад этиши ҳақида ўз резолюциясини қўяди. Иш берувчи тегишли буйруқда берилаётган таътилнинг турини ва унинг муддатини кўрсатиши зарур. Иш берувчи ходимни унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бериш ҳақидаги буйруқ билан имзо чектириб таништиради.

Саволларга Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазирлиги

масъул ходими

А.Атажанов жавоб берди


— Айтинг-чи, чет эл фуқароси Ўзбекистон фуқароси билан қандай тартибда никоҳдан ўтиши мумкин?

Гулноза ТУРДИЕВА,

Тошкент шаҳри

— Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар оилавий муносабатларда мамлакатимиз фуқаролари билан бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга эканликлари Оила кодексининг 234-моддасида ўз аксини топган.

Никоҳ тузиш тартиби ва уни расмийлаштириш учун белгиланган шартлар республикамиз фуқаролари билан бир қаторда чет элликлар учун ҳам тааллуқлидир. Шунга кўра, Оила кодексининг 13-17-моддаларида белгиланган нормаларга зид ва никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар мавжуд бўлса, никоҳни қайд этишга йўл қўйилмайди. Масалан, агар чет эл фуқароси никоҳ ёшига етмаган бўлса, Ўзбекистон фуқароси билан никоҳ муносабатларига киришишига йўл қўйилмайди. Ёки чет эл фуқаросининг ўз Ватанида кўп никоҳлилик тақиқланмаган ва у бошқа никоҳда бўла туриб, Ўзбекистон фуқароси билан оила қуриш истагида бўлса, амалдаги қонунчилигимизга мувофиқ бундай никоҳга рухсат этилмайди. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон фуқароси билан чет эл фуқароси ўртасида никоҳ тузишга монелик қилувчи ҳолатлар йўқлиги ФҲДЁ органи ходимлари томонидан аниқланади ва буни тасдиқловчи ҳужжат талаб қилиб олинади.

Никоҳ шахсан никоҳга кирувчиларнинг иштирокида, улар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этувчи органга ариза берган кундан бошлаб бир ой ўтгандан кейин тузилади.

Тиббий кўрикдан ўтказиш учун берилган йўлланмалар ФҲДЁ органларида никоҳ тузиш тўғрисидаги аризаларни рўй­хатдан ўтказиш дафтарида қайд этилади. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан никоҳланаётган чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ўзларининг вақтинча яшаш жойида тиббий кўрикдан ўтадилар.

Яна бир муҳим ҳолат, МДҲ мамлакатлари, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ва Ўзбекистон Республикасининг хорижда яшовчи фуқароларининг никоҳини қайд этишда агар ушбу шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлиш визаси никоҳ тузиладиган кунда ҳақиқий бўлсагина амалга оширилади.

Саволга Адлия вазирлиги масъул ходими

Заҳро Каримова жавоб берди.


Адвокатура соҳаси бўйича

Ким адвокат бўлиши мумкин?

“Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддасига мувофиқ олий юридик маълумотга эга бўлган ва адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси адвокат бўлиши мумкин.

 Адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия ким томонидан берилади?

“Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 31-моддасига мувофиқ, адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан тегишли малака комиссияларининг қарорлари асосида берилади.

Адвокатлар палатаси нима ва у қандай принцип асосида фаолият юритади?

Адвокатлар палатаси Ўзбекистон Республикаси барча адвокатларининг мажбурий аъзолигига асосланган нотижорат ташкилотидир.

Адвокатлар палатаси ўзининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида тузиладиган ҳудудий бошқармалари билан биргаликда адвокатуранинг ягона ўзини ўзи бошқариш тизимини ташкил этади.

Адвокатлар палатаси адвокатларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятига аралашмаслик принципи асосида фаолият кўрсатади.

Қандай адвокатлик тузилмалари давлат рўйхатидан ўтказилади?

Адвокатлик бюролари, адвокатлик фирмалари ва адвокатлар ҳайъатлари давлат рўйхатидан ўтказилади.

Рўйхатдан ўтказиш Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Адвокатлик бюроси нима?

“Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 41-моддасига мувофиқ, адвокатлик фаолиятини якка тартибда амалга ошириш учун адвокат томонидан таъсис этилган, нотижорат ташкилоти бўлган адвокатлик тузилмаси.

Адвокатлик сири нима?

Адвокатлик сири жумласига ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) адвокатдан ёрдам сўраб мурожаат этганлигининг ўзи, ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) ёрдам сўраб мурожаат этган масалалар, адвокатдан ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) олган маслаҳатлар, насиҳатлар 
ва тушунтиришларнинг моҳияти, адвокатнинг ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) билан ўтказган суҳбатида тўхтаб ўтилган барча масалалар киради.

Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари қандай мақсадда ташкил этилади?

 Зарур билимлар ва касбий малакаларга эга бўлган шахсларга лицензиялар бериш тўғрисидаги масалани ҳал этиш, адвокат қасамёдини қабул қилиш мақсадида, шунингдек адвокатларга нисбатан интизомий иш юритишни олиб бориш учун Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳузурида малака комиссиялари тузилади.

Қандай ҳолатларда адвокат мақоми тўхтатиб турилиши мумкин?

“Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 131-моддасига мувофиқ қуйидаги ҳолларда адвокат мақомини тўхтатиб туриш мумкин:

адвокат адвокатлик фаолияти билан бирга олиб бориб бўлмайдиган доимий лавозимга сайланганда ёки тайинланганда – иш даврига;

адвокат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бедарак йўқолган деб топилганда – бедарак йўқолган деб топиш ҳақидаги қарор суд томонидан бекор қилингунига қадар бўлган даврга;

адвокат ҳарбий хизматга чақирилганда – ҳарбий хизматни ўташ даврига;

суд томонидан адвокатга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинганда, агар суднинг мазкур қарори ушбу Қонуннинг 16-моддасига мувофиқ лицензиянинг амал қилишини тугатиш учун асос бўлмаса, – тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари суд томонидан бекор қилингунига қадар ёки ўзгартирилгунига қадар бўлган даврга;

ушбу Қонуннинг 15-моддасига мувофиқ лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилганда – лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилган даврга;

адвокатлик тузилмаси тугатилганда ёки адвокат ундан чиққанида – адвокат томонидан уч ойдан ошмайдиган муддатда амалга ошириладиган бошқа адвокатлик тузилмаси ташкил этилгунига қадар ёхуд мавжуд адвокатлик тузилмаларидан бирига киргунига қадар бўлган даврга.

Адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш қандай амалга оширилади?

Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш адвокатга гувоҳнома берган адлия органининг қарори билан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

адвокат жиноий жавобгарликка тортилганда, у айбланувчи тариқасида жалб этилган пайтдан бошлаб ва суд ҳукми қонуний кучга киргунига қадар ёхуд реабилитация қилувчи асосларга биноан уни жиноий жавобгарликдан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар;

адвокат томонидан адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари, Адвокатнинг касб этикаси қоидалари, адвокатлик сири ва адвокат қасамёди бузилганлиги аниқланганда (малака комиссиясининг қарорига асосан);

адвокатлар палатаси ҳудудий бошқармасининг ёки адлия органининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган, шу жумладан адвокатнинг зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юклайдиган қарорлари адвокат томонидан бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда (малака комиссиясининг қарорига асосан).

Адвокат томонидан адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари, Адвокатнинг касб этикаси қоидалари, адвокатлик сири ва адвокат қасамёди мунтазам равишда ёки бир марта қўпол равишда бузилганда, адвокатнинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган ҳамда адвокатуранинг обрўсини туширадиган қилмиш содир этилганда унга нисбатан қандай чора кўрилади?

Бундай ҳолда унинг адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиясининг амал қилиш муддати адвокатга гувоҳнома берган адлия органининг қарори билан тугатилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги адвокатура соҳасида қандай ваколатларга эга?

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўз ваколатлари доирасида:

адвокатлик тузилмалари ва Адвокатлар палатасининг фаолиятига кўмаклашади;

адвокатура фаолияти тўғрисидаги статистик маълумотларни ўрганади;

адвокатларнинг малакасини оширишга доир тадбирларни амалга оширишга кўмаклашади;

адвокатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига, шунингдек адвокатлик тузилмалари томонидан таъсис ҳужжатларига, уставда белгиланган фаолиятига, қайта рўйхатдан ўтиш ва тугатиш тартибига риоя этилишини назорат қилади;

адвокатлик гувоҳномасининг шаклини ва уни бериш тартибини тасдиқлайди;

ордер шаклини тасдиқлайди.

Нотариат соҳаси бўйича 

Ким нотариус бўла олади?

“Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 2-моддасига асосан, йигирма беш ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга, юридик мутахассислик бўйича камида уч йил муддатли иш стажига эга бўлган, шу жумладан нотариал идорада камида икки йил муддатли стажировкани ўтаган, малака имтиҳонини топширган Ўзбекистон Республикаси фуқароси нотариус бўлиши мумкин.

Кимлар нотариус бўла олмайди?

Қуйидагилар нотариус бўла олмайди:

белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахс;

қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс;

ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун нотариус, адвокат, терговчи, прокурор, судья ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошқа ходими сифатидаги ваколати белгиланган тартибда тугатилган шахс.

Нотариус стажёрини ишга қабул қилишда қандай ҳужжатлар талаб этилади?

Стажёрни ишга қабул қилишда қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:

ариза;

белгиланган шаклда тўлдирилган шахсий варақа;

паспорт нусхаси;

таржимаи ҳол;

олий юридик маълумот тўғрисидаги дипломнинг нотариал тасдиқланган нусхаси;

меҳнат дафтарчаси, (биринчи марта ишга кираётган шахслар бундан мустасно);

ўқиш (аввалги иш) жойидан тавсифнома.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари қандай мақсадда ташкил этилади ва уларнинг таркибига қўйилган талаблар?

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари стажировкадан ўтган шахслардан малака имтиҳонларини қабул қилиш мақсадида ташкил этилади.

Малака комиссиялари Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармаларининг қарорлари билан нотариуслар ҳамда адлия органларининг бошқа ходимлари орасидан тенг миқдорда тузилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузурида Олий малака комиссияси нима учун тузилади?

Нотариус лавозимига тайинлаш бўйича танлов ўтказиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш, нотариус қасамёдини қабул қилиш, малака комиссияларининг қарорлари устидан берилган апелляцияларни кўриб чиқиш, шунингдек малака комиссияларининг иш амалиётини умумлаштириш ва таҳлил қилиш учун ўн бир кишидан иборат таркибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузурида Олий малака комиссияси тузилади.

Қайси ҳолатларда нотариал ҳаракатлар ҳақида маълумотлар берилиши мумкин?

“Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига асосан нотариуснинг, нотариал ҳаракатларни амалга оширувчи бошқа мансабдор шахсларнинг, шунингдек амалга оширилаётган нотариал ҳаракатлардан хизмат вазифасини бажариш муносабати билан хабардор бўлиб қолган шахсларнинг ўзларига маълум бўлган ахборотларни ошкор қилиши, шу жумладан меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ҳам ошкор қилиши тақиқланади.

Амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотлар (ҳужжатлар) бу ҳаракатлар кимнинг номидан ёки кимнинг топшириғи билан амалга оширилган бўлса, ўша шахсларнинг ўзигагина берилиши мумкин.

Амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотномалар (маълумотлар) суд, прокуратура, тергов органларининг талабига биноан улар юритаётган ишлар муносабати билан берилади. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотномалар (маълумотлар) қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда махсус ваколатли давлат органига тақдим этилади. Кўчмас мулк ижараси шартномаларини тасдиқлаш ва ижара ҳақининг миқдори тўғрисидаги, мерос ёки ҳадя тартибида фуқаролар мулкига ўтаётган мол-мулкнинг қиймати ҳақидаги маълумотномалар қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда давлат солиқ хизмати органига тақдим этилади. Васиятнома тўғрисидаги маълумотномалар васият қилувчининг вафотидан кейингина берилади. Битим предмети бўлган объектни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш ёки хатлов мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномалар (маълумотлар) кредит бюросига унинг сўровига кўра тақдим этилади.

Нотариус, нотариус ёрдамчиси ва стажёри фаолиятида қандай чекловлар мавжуд?

Нотариус, нотариус ёрдамчиси ва стажёри:

илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари, тадбиркорлик ва бошқа фаолият билан шуғулланишга;

шартномалар тузишда воситачилик хизмати кўрсатишга ҳақли эмас.

Нотариус лавозимини таъсис этиш ва тугатиш тартиби?

Нотариус лавозими Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан таъсис этилади ва тугатилади.

Муайян ҳудуддаги (нотариал округдаги) нотариуслар лавозимларининг сони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўрнатиладиган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.

 Нотариал округдаги нотариус лавозимига тайинлаш Олий малака комиссияси малака имтиҳонини топширган шахслар орасида ўтказадиган танлов асосида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Нотариус билан меҳнат шартномасини бекор қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари томонидан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Нотариуслар амалга оширадиган нотариал ҳаракатлар?

“Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23 -моддасига асосан,нотариуслар қуйидаги нотариал ҳаракатларни амалга оширади:

1) битимларни тасдиқлайди;

2) васиятномаларни тасдиқлайди;

3) эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳномалар беради;

4) мол-мулкни ўзга шахсга ўтказишни тақиқлаб қўяди ва тақиқни бекор қилади;

5) меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома беради;

6) мерос мол-мулкнинг қўриқланишига доир чора-тадбирлар кўради;

7) ҳужжатлар нусхаларининг ва ҳужжатлардан олинган кўчирмаларнинг тўғрилигини шаҳодатлайди;

8) ҳужжатларнинг бир тилдан бошқа тилга тўғри таржима қилинганлигини шаҳодатлайди;

9) ҳужжатлардаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлайди;

10) кўчмас мулк очиқ савдода сотиб олинганлиги ҳақида гувоҳнома беради;

11) фуқаронинг тирик эканлиги фактини тасдиқлайди;

12) фуқаронинг муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлайди;

13) фуқаронинг фотосуратда акс эттирилган шахс эканлигини тасдиқлайди;

14) ҳужжатлар тақдим этилган вақтни тасдиқлайди;

15) жисмоний ва юридик шахсларнинг аризаларини бошқа жисмоний ва юридик шахсларга топширади;

16) пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиб олади;

17) ҳужжатларни сақлаш учун қабул қилиб олади;

18) пул тўлаш учун чекларни тақдим этади ва чеклар бўйича пул тўланмаганлигини тасдиқлайди;

19) ижро хатларини ёзади;

20) векселларнинг протестларини амалга оширади;

21) денгиз протестларини амалга оширади;

22) нотариал тасдиқланган ҳужжатларнинг дубликатларини ҳамда реестрлардан кўчирмаларни беради.

Нотариуслар қонунларда назарда тутилган бошқа нотариал ҳаракатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жойи?

Нотариал ҳаракатлар нотариал идораларнинг биноларида амалга оширилади.

Фуқаро касаллиги, ногиронлиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра нотариал идорага бора олмайдиган айрим ҳолларда нотариал ҳаракатлар мазкур фуқаро турган жойда амалга оширилиши мумкин.

Қонун ҳужжатларида нотариал ҳаракатлар нотариал идораларнинг биноларидан ташқарида амалга ошириладиган бошқа ҳоллар ҳам назарда тутилиши мумкин.

ФҲДЁ соҳаси бўйича

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этувчи органлар?

Фуқаролик ҳолати далолатномалари туман ва шаҳарларда ФҲДЁ органларида қайд этилади, шаҳарча, қишлоқ ва овулларда эса, ўлим – фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари) томонидан ҳам қайд этилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг чет элда доимий ёки вақтинча яшовчи фуқароларининг фуқаролик ҳолати далолатномалари консул томонидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ қайд этилади.

Туғилишни қайд этиш тартиби?

Боланинг туғилишини қайд этиш мажбурий бўлиб, бола туғилган жойдаги ёки ота-онасидан бирининг доимий яшаш жойидаги ФҲДЁ органида амалга оширилиши лозим.

Ота-онанинг истагига кўра ФҲДЁ органи боланинг туғилганлигини қайд этишни тантанали вазиятда ўтказиши мумкин.

Туғилганлик ҳақидаги ариза бола туғилган кундан бошлаб бир ой муддат ичида берилиши зарур.

Бола туғилганлиги тўғрисидаги ариза ота-онаси ёки улардан бири, алоҳида ҳолларда эса қариндошлари, қўшнилари, тиббиёт муассасалари маъмурияти, ички ишлар ёки васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан берилиши мумкин.

Белгиланган муддатнинг ўтиб кетганлиги туғилганликнинг қайд этилишига тўсқинлик қила олмайди. Бундай ҳолларда заруратга қараб, ФҲДЁ органи туғилиш ҳақидаги ҳужжатга қўшимча равишда бошқа ҳужжатлар талаб қилиши мумкин.

 Никоҳ тузиш қандай тартибда амалга оширилади?

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 13-моддасига асосан, никоҳ тузиш никоҳланувчиларнинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига ариза берганларидан кейин бир ой ўтгач, шахсан уларнинг иштирокида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасида никоҳ ёши ва уни қисқартириш асослари?

 Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 15-моддасига асосан, никоҳ ёши эркаклар учун ўн саккиз ёш, аёллар учун ўн етти ёш этиб белгиланади.

Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин.

Никоҳ тузишга қандай ҳолатлар монелик қилиши мумкин?

Оила кодексининг 16-моддасига асосан  никоҳ тузишга:

лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида;

 насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида;

 лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида йўл қўйилмайди.

Никоҳ шартномаси нима ва қачондан бошлаб кучга киради?

 Никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси деб ҳисобланади.

Никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олингунига қадар ҳам, шунингдек никоҳ даврида ҳам тузилиши мумкин.

Никоҳ давлат рўйхатига олингунга қадар тузилган никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб кучга киради.

Никоҳ шартномаси ёзма шаклда тузилади ва нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.


Никоҳнинг тугатилиш асослари?

 Эр-хотиндан бирининг вафоти ёки суд улардан бирини вафот этган деб эълон қилиши оқибатида никоҳ тугайди.

Никоҳ эр-хотиндан бири ёки ҳар иккаласининг аризасига мувофиқ никоҳдан ажратиш йўли билан, шунингдек суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган эр ёки хотиннинг васийси берган аризага мувофиқ тугатилиши мумкин.

Эр-хотиннинг ўзаро розилиги бўлганда ФҲДЁ органларида никоҳдан ажратиш?

 Вояга етмаган болалари бўлмаган эр-хотин никоҳдан ажратишга ўзаро рози бўлсалар, улар никоҳдан фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида ажратилади.

Эр-хотиндан бирининг аризаси бўйича ФҲДЁ органларида никоҳдан ажратиш?

Агар эр-хотиндан бири:

суд томонидан бедарак йўқолган деб топилган бўлса;

суд томонидан руҳияти бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса;

содир қилган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса, ўртада вояга етмаган болалари борлигидан қатъи назар, эр-хотиндан бирининг аризасига кўра улар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида никоҳдан ажратилади.

Ўлимни қайд этиш тартиби?

Ўлимни қайд этиш марҳумнинг яшаш жойи ёки ўлим содир бўлган жойдаги ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади.

Ўлимни қайд этиш тўғрисидаги ариза ўлим тўғрисидаги тиббий гувоҳнома берилган вақтдан бошлаб 3 кундан кечикмай берилиши керак.

Ўлимни қайд эттириш тўғрисида марҳумнинг қариндошлари ёки яқин кишилари, шунингдек тиббий муассаса маъмурияти мурожаат этишлари мумкин, улар ўлим тўғрисида тиббий гувоҳнома ва марҳумнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этадилар.

Ўлимни қайд этишда тақдим этилган тиббий гувоҳнома далолатнома ёзуви иккинчи нусхаси чап томонининг юқори қисмига қистириб қўйилади.

Чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ўлимини қайд этиш умумий асосларда амалга оширилади.

Чет элда вафот этган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ўлимини қайд этиш марҳум яшаб турган ёки ўлим содир бўлган жойдаги консуллик муассасаси томонидан амалга оширилади.

Агар ўлимни қайд этиш марҳумнинг яшаш жойидан бошқа округда амалга оширилса, у ҳолда ўлимни қайд этган консуллик муассасаси марҳум ҳисобда турган консуллик муассасасига унинг фамилияси, исми, отасининг исми, ўлган санаси, шунингдек ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувининг рақами ва ўлим қайд этилган сана кўрсатилган хабарнома юборади. 


Юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш

Юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун қанча миқдорда давлат божи тўланади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 24 майдаги ПҚ–357-сон ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сон Қарорларига асосан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида ва вилоятлар адлия бошқармаларида давлат рўйхатидан ўтказилганлик учун:

– хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун – энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари, шунингдек 500 АҚШ доллари;

– суғурта ва аудиторлик ташкилотлари, солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари, биржалар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қарорлари билан ташкил этиладиган акциядорлик компаниялари (шу жумладан давлат-акциядорлик компаниялари ва холдинглар) шаклидаги хўжалик бошқаруви органлари, Улгуржи савдо корхоналари уюшмаси таркибига кирадиган ҳудудий (вилоятлар, вилоятлараро ва туманлараро) базалар ва бозорлар учун – энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида давлат божи тўланади.

Давлат божининг 20 фоизи Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармасига, қолган сумма тегишли равишда республика бюджетига, Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига ва маҳаллий бюджетларга ўтказилади.

деҳқон хўжаликлари, шунингдек давлат корхоналари негизида ташкил қилинадиган акциядорлик жамиятларидан давлат божи олинмайди.

бориш қийин бўлган ва тоғли туманларда ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларидан давлат божи белгиланган миқдорнинг 20 фоизи миқдорида ундирилади.

Тадбиркорлик субъектларининг почта манзили ўзгарган тақдирда давлат рўйхатидан ўтказиладими ва давлат божи тўланадими?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 24 майдаги ПҚ–357-сон ва Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сон Қарорлари билан тасдиқланган Низомларга асосан тадбиркорлик субъекти ўзининг почта манзили ўзгарган тақдирда бу ҳақда рўйхатдан ўтказувчи органни ёзма равишда хабардор қилиши лозимлиги ва бунда давлат божи ундирилмаслиги белгиланган.

Юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун қандай ҳужжатлар тақдим қилиниши шарт?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 24 майдаги ПҚ–357-сон ва Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сон Қарорлари билан тасдиқланган Низомларга асосан тадбиркорлик субъектларини юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтказиш учун рўйхатдан ўтказувчи органга белгиланган шаклдаги ариза тақдим этилади. Давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризага:

– давлат тилидаги таъсис ҳужжатларининг икки асл нусхаси (юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказувчи органга тақдим этиладиган таъсис ҳужжатлари – устав ёки таъсис шартномаси ва устав, оилавий корхона ёки фақат таъсис шартномаси, бунда масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар учун – таъсис шартномаси ва устав, оилавий корхона тўлиқ ва коммандит ширкатлар учун эса – фақат таъсис шартномаси, акциядорлик жамиятлари, хусусий корхоналар, фермер хўжаликлари ҳамда юридик шахс бўлган деҳқон хўжаликлари учун – фақат устав). Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ва хорижий сармоя иштирокидаги бошқа корхоналар учун нотариал тасдиқланган таъсис ҳужжатлари талаб этилади;

– давлат божининг белгиланган миқдори тўланганлиги ҳақидаги банк тўлов ҳужжати (деҳқон хўжаликлари, шунингдек давлат корхоналари негизида ташкил этиладиган акциядорлик жамиятларидан ташқари);

– фирма номларининг марказлаштирилган маълумотлар базасида қулай фирма номи захирага олинганлигини тасдиқлайдиган ягона логин ва пароль (кейинги ўринларда – фирма номининг захирага олиниши тасдиғи);

– икки нусхада муҳр ва штамп эскизлари.

Шунингдек, давлат рўйхатидан ўтказиш учун юқорида кўрсатилган ҳужжатларга қўшимча равишда қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

а) бозорлар учун – бозор ташкил қилишга ер участкаси ажратиб бериш тўғрисидаги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарори;

б) хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ва хорижий сармоя иштирокидаги бошқа корхоналар учун:

хорижий муассис тўғрисида юридик шахс рўйхатдан ўтказилган жойдаги савдо реестридан кўчирма ёки, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси томонидан белгиланган тартибда легализация қилинган ушбу юридик шахс фаолиятини тасдиқловчи бошқа ҳужжат, булар мавжуд бўлмаган тақдирда эса – муассис рўйхатдан ўтказилган давлат Ташқи ишлар вазирлигида, мазкур мамлакатнинг Ўзбекистон Республикасидаги консуллик муассасасида ёки дипломатик ваколатхонасида легализация қилиниб, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик бошқармасида тасдиқланган бошқа ҳужжат, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса. Хорижий муассис тўғрисида савдо реестридан кўчирмада ёки ушбу юридик шахснинг фаолиятини тасдиқловчи бошқа ҳужжатда хорижий юридик шахснинг, у жойлашган жойнинг номи, хорижий юридик шахс номидан имзолаш ҳуқуқига эга бўлган шахснинг маълумотлари мавжуд бўлиши керак. Кўрсатиб ўтилган кўчирма берилган пайтидан бошлаб бир йил мобайнида ҳақиқий ҳисобланади. Жисмоний шахс – Ўзбекистон Республикаси норезиденти ўз паспортининг нусхасини тақдим этади. Ушбу ҳужжатлар белгиланган тартибда нотариал тасдиқланган давлат тилидаги таржимаси билан тақдим этилиши керак. Агар хорижий муассиснинг корхона (ташкилот) устав фондига улуши интеллектуал мулк бўлса, у ҳолда ариза берувчи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда баҳоловчи ташкилот томонидан тайёрланган баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этиши керак;

кредит ташкилотлари учун – муассислардан ҳар бирининг корхона устав фондидаги улуши миқдоридан 30 фоизи киритилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (вақтинча жамғариладиган сўм ва валюта ҳисоб рақамига пул маблағлари ўтказилганлиги тўғрисида банкнинг маълумотномаси, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига мол-мулк олиб кирганлигини тасдиқловчи божхона ҳужжати, мол-мулкнинг олди-берди далолатномаси, киритилаётган мол-мулкка эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ва бошқалар.

в) деҳқон хўжаликлари (юридик шахслар) ҳамда фермер хўжаликлари учун – туман ҳокимининг ер участкаси ажратиб бериш тўғрисидаги қарори нусхаси.

Юридик шахсларнининг таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун қандай ҳужжатлар тақдим қилиниши шарт?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 24 майдаги ПҚ–357-сон ва Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сон Қарорлари билан тасдиқланган Низомларга асосан тадбиркорлик субъектларининг таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган тақдирда тадбиркорлик субъектининг ваколатли бошқарув органи томонидан тегишли қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб 1 ой мобайнида уларни рўйхатдан ўтказган органга ўзлари келиб ёки почта алоқаси орқали қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

– ариза;

– тадбиркорлик субъектининг ваколатли бошқарув органининг таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарори;

– ўзгартириш ва қўшимчалар матнининг ваколатли шахс томонидан имзоланган 
ва тадбиркорлик субъекти муҳри билан тасдиқланган икки нусхаси;

– номи ўзгарган тақдирда – давлат рўйхатидан ўтказилганлик ҳақидаги гувоҳноманинг асл нусхаси ва фирма номининг захирага олиниши тасдиғи, алмаштириладиган муҳр ва штамп, шунингдек янги муҳр ва штампнинг икки нусхадаги эскизи;

– давлат божи белгиланган миқдори тўланганлиги ҳақида банк тўлови ҳужжати;

– устав фондининг миқдори кўпайтирилган тақдирда – тадбиркорлик субъекти ваколатли органининг таъсис ҳужжатларида эълон қилинган устав фонди миқдорининг шакллантирилганлиги ҳақидаги ҳужжат, шунингдек масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар учун-иштирокчи ҳиссасининг тўлиқ киритилганлиги ҳақида жамият томонидан жамият иштирокчисига берилган гувоҳнома нусхаси ҳамда жамият иштирокчилари томонидан қўшимча ҳиссалар ва учинчи шахслар томонидан ҳиссалар тўлиқ миқдорда қўшилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

– устав фонди камайтирилган тақдирда – уларга маълум бўлган барча кредиторлар устав фонди миқдори камайтирилиши ва унинг янги миқдори ҳақида ёзма равишда хабардор этилганлигини ва оммавий ахборот воситаларида қабул қилинган қарор ҳақида ахборот эълон қилинганлигининг тасдиғи (уларга маълум барча кредиторлар устав фонди миқдори камайтирилиши ва унинг янги миқдори ҳақида ёзма равишда хабардор этилган ва оммавий ахборот воситаларида қабул қилингандан кейин бир ҳафта муддатда тақдим қилинади);

– улуш (ҳисса) ёки акция бошқага ўтган тақдирда – ушбу улуш (ҳисса) ёки акциянинг бошқага ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжат (шартнома, хат ва шу кабилар);

– тадбиркорлик субъекти ажратиб чиқариш ва қўшиб олиш шаклида қайта ташкил этилган тақдирда – қайта ташкил этилаётган юридик шахсга маълум бўлган барча кредиторлар қайта ташкил қилиш ҳақида ёзма равишда хабардор этилганлигининг ва оммавий ахборот воситаларида ахборот эълон қилинганлигининг тасдиғи, қайта ташкил этилаётган юридик шахсларнинг уларнинг барча кредиторлар ва қарздорларига, шу жумладан томонлар даъволашаётган мажбуриятларга нисбатан барча мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворислик тўғрисидаги қоидалар кўрсатилган бўлиш баланси ёки топшириш далолатномаси, шунингдек давлат рўйхатидан ўтказилганлик ҳақидаги гувоҳноманинг асл нусхаси, қўшиб олинаётган юридик шахснинг муҳр ва штампи.

Таъсис ҳужжатларига муассислар таркибига хорижий шахс кириши билан боғлиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритишда хорижий муассис тўғрисида юридик шахс рўйхатдан ўтказилган жойдаги савдо реестридан кўчирма ёки, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси томонидан белгиланган тартибда легализация қилинган ушбу юридик шахс фаолиятини тасдиқловчи бошқа ҳужжат, булар мавжуд бўлмаган тақдирда эса – муассис рўйхатдан ўтказилган давлат Ташқи ишлар вазирлигида, мазкур мамлакатнинг Ўзбекистон Республикасидаги консуллик муассасасида ёки дипломатик ваколатхонасида легализация қилиниб, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик бошқармасида тасдиқланган бошқа ҳужжат, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса. Хорижий муассис тўғрисида савдо реестридан кўчирмада ёки ушбу юридик шахснинг фаолиятини тасдиқловчи бошқа ҳужжатда хорижий юридик шахснинг, у жойлашган жойнинг номи, хорижий юридик шахс номидан имзолаш ҳуқуқига эга бўлган шахснинг маълумотлари мавжуд бўлиши керак. Кўрсатиб ўтилган кўчирма берилган пайтидан бошлаб бир йил мобайнида ҳақиқий ҳисобланади. Жисмоний шахс – Ўзбекистон Республикаси норезиденти ўз паспортининг нусхасини тақдим этади. Ушбу ҳужжатлар белгиланган тартибда нотариал тасдиқланган давлат тилидаги таржимаси билан тақдим этилиши керак.

Тадбиркорлик субъектларининг давлат рўйхатидан ўтказиш 
ва таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказиш қайси қонун ҳужжатлари асосида тартибга солинади?

Жавоб: Тадбиркорлик субъектларининг давлат рўйхатидан ўтказиш ва таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 24 майдаги ПҚ–357-сон ва Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сон Қарорлари билан тартибга солинади.

Қайси корхоналар хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар деб ҳисобланади, уларнинг мезонлари?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.11.1996 йилдаги 
ПФ–1652-сон Фармонига асосан хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар (қўшма корхона, шуъба корхона, хорижий корхона) низом жамғармаси 150 минг АҚШ долларига тенг суммадан кам бўлиши мумкин эмас, корхона иштирокчиларидан бири албатта хорижий юридик шахс бўлиши шарт, хорижий сармоялар улуши корхона низом жамғармасининг камида 30 фоизини ташкил этиши зарур.

Хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарнинг фаолиятини қайси қонун ҳужжатлари асосида тартибга солинади?

Жавоб: Хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарнинг фаолиятини бевосита тартибга солувчи Ўзбекистон Республикаси “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги, “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги, “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги Қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.11.1996 йилдаги ПФ–1652-сон Фармони ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари мавжуд.

Тадбиркорлик субъекти реестрдан кўчирма олиш учун қандай ҳужжатларни тақдим этиши лозим ва ушбу реестрдан кўчирма қанча муддатда берилади?

Жавоб: Кўчирма тадбиркорлик субъекти юридик шахсларнинг давлат реестрида турган рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан тадбиркорлик субъектининг хат билан мурожаат қилинади ва ушбу мурожаат олинган пайтдан бошлаб бир кун мобайнида берилади.

Тадбиркорлик субъекти ихтиёрий тартибда тугатилаётганда иштирокчилар умумий йиғилишининг баённомасида нималар акс эттирилган бўлиши лозим?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 27 апрелдаги 
ПҚ–630-сон Қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 3-бандига асосан корхонани ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор унинг муассислари (қатнашчилари) томонидан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қабул қилинади. Қарорда қуйидагилар кўрсатилади:

тугатувчи – тугатиш комиссияси (унинг аъзолари таркиби) ёки жисмоний шахс (паспорти маълумотлари);

мўлжалланаётган тугатиш муддати.

Ихтиёрий тартибда тугатилаётган корхоналарни тугатиш ва давлат реестридан чиқариш учун қандай ҳужжатлар тақдим этилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 27 апрелдаги 
ПҚ–630-сон Қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 34-бандига асосан молия-хўжалик фаолиятини амалга оширувчи корхоналарни ихтиёрий тугатиш учун тугатувчи рўйхатдан ўтказган органга қуйидаги ҳужжатларни:

–бир ёки бир неча даврий босма нашрларда чиққан корхонанинг ихтиёрий тугатилганлиги тўғрисидаги эълонни;

– давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳномани;

– корхонанинг барча ҳисоб рақамлари ёпилганлиги тўғрисида хизмат кўрсатувчи банкларнинг маълумотномаларини;

– корхонанинг муҳр ва штампларини;

– ваколатли органнинг, агар мавжуд бўлса, чиқарилган қимматли қоғозларини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотномасини;

– агар мавжуд бўлса, барча лицензиялар (рухсатномалар)нинг асл нусхаларини;

– давлат солиқ хизмати органининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарз йўқлиги тўғрисидаги маълумотномасини;

– тугатилаётган корхона қарздор сифатида иштирок этган ва ижро этилмаган ижро ҳужжати Суд департаменти органлари иш юритувида мавжуд эмаслиги ҳақидаги Суд департаменти ҳудудий бошқармасининг ёзма жавоби;

– корхона ҳужжатларининг давлат архивига топширилганлигини тасдиқловчи маълумотномани тақдим этади.


Чет эллик фуқаро Ўзбекистон фуқароси билан никоҳдан ўтишда айнан чет эл фуқароси учун қандай хужжтлар талаб қилинади?

А.Маткаримов, Хужайли тумани

Чет элликлар билан никоҳни қайд этишда аризага чет эл фуқаросининг шахсини тасдиқловчи хужжатининг нусхаси ва таржимаси ҳамда никоҳда турмаслилиги ҳақидаги маълумотномаси, яъни оилавий аҳволини тасдиқловчи хужжатлар белгиланган тартибда легализация қилинган ҳолда илова қилинади.

Ўзбекистон фуқароси билан никоҳга кирувчи МДҲ мамлакатлари фуқароларининг хужжатларига қандай равишда белги қуйилади?

Б.Ажиниязов, Қўнғирот тумани

Белги тегишли равишда ўзбек, рус ёки инглиз тилида қуйилиши мумкин.

Чет элликлар билан никоҳ тузиш вақтида чет эллик фуқаронинг визаси қайси вақтгача амалда бўлиши керак.

З.Алиев, Тахтакупир тумани

Чет эл фуқароси Ўзбекистон фуқароси ўртасидаги никоҳни қайд этиш агар ушбу шаҳсларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлиш визаси никоҳ тузилган кунда ҳақиқий бўлсагина амалга оширилади.

Саволларга

Тахтакупир тумани ФҲДЁ бўлими мудираси

вазифасини вақтинча бажарувчиси

Ширин Мадреймова жавоб берди. 


Ўн тўрт ёшга тулмаган вояга етмаганлар қандай битимларни мустақил равишда ўзлари амалга ошириши мумкин?

С.Ембергенова, Тахтакўпир тумани

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 29-моддасининг иккинчи кисмига асосан,

Олти ёшдан ўн тўрт ёшгача бўлган вояга етмаганлар кўйдагиларни мустақил равишда амалга ошириши мумкин:

1. майда маиший битимлар;

2. текин манфаат кўришга қаратилган, нотариал тасдиқлашни ёки давлат рўйхатидан ўтказишни талаб қилмайдиган битимлар;

3. қонуний вакил ёки унинг розилиги билан учинчи шахс томонидан муайян мақсад ёки эркин тасарруф этиш учун берилган маблағларни тасарруф этиш борасидаги битимлар.

Битимда вояга етмаган шахс қатнашганда уларнинг шахси қандай аниқланади ва қўшимча қандай хужжат талаб қилинади?

У.Даўлетов,Мўйноқ тумани.

Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Йўриқноманинг 11-қисмининг 2-қисмига асосан битимда вояга етмаган шахс қатнашганда уларнинг шахси туғилганлик туғрисидаги гувоҳнома билан аниқланади ва Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Йўриқноманинг 39-қисмининг 8-қисмига асосан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан ушбу вояга етмаган шахснинг расми елимлаб ёпиштирилган маълумотнома талаб этилади. Ушбу маълумотномадаги расм ҳам фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати муҳри билан тасдиқланади.

Саволларга

Нукус шаҳар 2-сон Давлат

нотариал идораси нотариуси ТурғанБекмуратова жавоб берди. 


Оилавий тадбиркорлик деганда нима тушунилади?

“Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонуннинг 1-моддасига мувофиқ оилавий тадбиркорлик оила аъзолари томонидан таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олиш мақсадида амалга ошириладиган ташаббускорлик фаолият бўлиб, ўз иштирокчиларининг ихтиёрийлигига асосланади. Оилавий тадбиркорлик юридик шахс ташкил этган ёки ташкил этмаган ҳолда амалга оширилиши мумкин.  Юридик шахс ташкил этган ҳолда амалга ошириладиган оилавий тадбиркорликнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли оилавий корхонадир.Юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади

Оилавий корхона нима?

Оилавий корхона унинг иштирокчилари томонидан товарлар ишлаб чиқариш ва реализация қилиш учун ихтиёрий асосда, иштирокчиларнинг улушли ёки умумий мол-мулк, шунингдек иштирокчилардан ҳар бирининг мол-мулки негизида ташкил этиладиган кичик тадбиркорлик субъектидир. Оилавий корхона фаолияти унинг иштирокчиларининг шахсий меҳнатига асосланади. Оилавий корхона фаолиятни фақат юридик шахс сифатида фаолият кўрсатади.

Ушбу корхона иштирокчилари ва ёлланма ходимларининг умумий сони кичик тадбиркорлик субъектлари ходимларининг қонун ҳужжатларида белгиланган ўртача йиллик сонидан кўп бўлиши мумкин эмас. Бунда оилавий корхона иштирокчиларининг энг кам сони икки кишидан оз бўлмаслиги керак.

Оилавий корхона иштирокчилари бўлиб ким иштирок этиши мумкин?

Оила бошлиғи, унинг хотини (эри), болалари ва набиралари, ота-онаси, меҳнатга қобилиятли ёшга тўлган бошқа қариндошлари (болалари ва набираларининг эрлари (хотинлари), туғишган ҳамда ўгай ака-ука ва опа-сингиллари, уларнинг эрлари (хотинлари) ҳамда болалари, тоға ва амаки ҳамда амма ва холалари) оилавий корхона иштирокчилари бўлиши мумкин. Бундан ташқари, иштирокчиларнинг муомала лаёқати қонунга мувофиқ тартибда чекланган бўлмаслиги керак. Давлат органларининг мансабдор шахслари, шунингдек қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган бошқа шахслар оилавий корхона иш бўлиши мумкин эмас.

Бир оилавий корхона иштирокчиси бир вақтнинг ўзида бошқа оилавий корхона иштирокчиси бўла олмайди.

Оилавий корхонада устав фонди нима асосида шаклланади?

Оилавий корхонанинг устав фонди пул маблағлари, қимматли қоғозлар, бошқа мол-мулк, жумладан пул билан баҳоланадиган мулкий ҳуқуқлар ёки ўзга шахсга ўтказиладиган бошқа ҳуқуқлар ҳисобидан шакллантирилади. Ягона уй (квартира) оилавий корхонанинг устав фондига киритилиши мумкин эмас. Оилавий корхона иштирокчилари оилавий корхонанинг устав фондига корхона таъсис шартномасида назарда тутилган тартибда ўзлари киритадиган мол-мулкни мустақил равишда белгилайди.

Оилавий корхонанинг устав фонди корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатлар тақдим этиладиган санадаги қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдоридан кам бўлмаслиги керак.

Оилавий корхонанинг мол-мулки қайси маблағлардан таркиб топган?

Оилавий корхонанинг мол-мулки оилавий корхона иштирокчилари томонидан унинг устав фондига киритиладиган мол-мулкдан, қарз маблағлари ва кредитлар ҳисобига олинган мол-мулкдан, товарларни реализация қилишдан, ишлар бажаришдан, хизматлар кўрсатишдан олинган ва оилавий корхонани ривожлантиришга йўналтирилган даромадлардан, шунингдек бу даромадлар ҳисобига олинган мол-мулкдан, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлардан таркиб топади.

Оилавий корхона фаолиятини амалга ошириш шартлари нимадан иборат?

Оилавий корхона фаолиятнинг айрим турларини фақат махсус рухсатнома (лицензия) мавжуд бўлганда амалга ошириши мумкин.

Оилавий корхона акциз солиғи тўланадиган маҳсулотни ишлаб чиқаришни ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солинадиган фойдали қазилмалар кавлаб олишни, шунингдек юридик шахслар учун қатъий белгиланган солиқ ёки ягона ер солиғи тўлаш назарда тутилган фаолиятни амалга ошириши мумкин эмас.

Оилавий корхона фаолиятида заҳарли, радиоактив моддалар ва материаллардан, юқори босимли асбоб-ускуналардан ҳамда инсон ва атроф-муҳит учун катта хавф туғдирадиган бошқа асбоб-ускуналардан фойдаланишга йўл қўйилмайди. Оилавий корхона фойдаланиши мумкин бўлмаган моддалар, материаллар ва асбоб-ускуналарнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 сентябрдаги 269-сонли қарори билан тасдиқланган.

Шунингдек, оилавий корхона томонидан саноат тусидаги фаолиятни кўп квартирали уйнинг турар жойларида амалга оширишга йўл қўйилмайди.

Оилавий корхонада ҳам ходимлар ижтимоий муҳофаза қилинадими?

Қонуннинг 22-моддасига биноан оилавий корхона:

- иштирокчилар ва ёлланма ходимларига хавфсиз меҳнат шароитларини, ижтимоий муҳофаза чораларини таъминлаши шарт ҳамда уларнинг ҳаётига ёки соғлиғига етказилган зарар учун жавобгар бўлади;

- иштирокчилар ва ёлланма ходимлари учун қонун ҳужжатларида белгиланганига нисбатан имтиёзлироқ меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитларни мустақил равишда белгилашга ҳақли.

- иштирокчилар ва ёлланма ходимларнинг ишлаган вақти давлат ижтимоий суғуртаси бўйича бадаллар тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ва қонун ҳужжатларидабелгиланган тартибда юритиладиган меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар асосида меҳнат стажига қўшилади;

- иштирокчилари ва ёлланма ходимлари ҳаётига ёки соғлиғига меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки улар ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши сабабли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича ўз фуқаролик жавобгарлигини иш берувчи сифатида қонун ҳужжатларида белгиланган шартлар ва тартиб асосида суғурталаши шарт.

Оилавий корхона фаолияти эркинлигининг кафолатлари нимадан иборат?

Давлат оилавий корхонанинг ҳуқуқларига риоя этилишини ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди.

Давлат органлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда:

фойдаланилмаётган яшаш учун мўлжалланмаган жойлар уларда товарлар ишлаб чиқаришни (ишлар бажаришни, хизматлар кўрсатишни) ташкил этиш учун оилавий корхонага ижарага берилишини;

ишлаб чиқариш майдонлари қуриш учун оилавий корхонага ер ажратилишини;

оилавий корхона ишлаб чиқариш объектларининг муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишини;

оилавий корхона томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотни реализация қилиш учун махсус жойлар берилишини таъминлайди.

Оилавий корхонанинг мол-мулки национализация, мусодара ва реквизиция қилинмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Оилавий корхона қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳар қандай фаолият тури билан шуғулланиши мумкин ҳамда  битимлар тузишда эркиндир. Технологияларни, ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг ассортиментини танлашда, маҳсулот нархини ҳамда уни реализация қилиш йўналишларини белгилашда давлат органларининг ва улар мансабдор шахсларининг аралашувига йўл қўйилмайди.

Оилавий корхона фаолияти ҳам текширишлар ўтказиладими?

Оилавий корхонанинг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар кўпи билан тўрт йилда бир марта амалга оширилади.Янги ташкил этилган оилавий корхонанинг молия-хўжалик фаолияти у давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан дастлабки уч йил мобайнида режали текширувлардан ўтказилмайди, бундан бюджет маблағларидан ва марказлаштирилган маблағлардан ҳамда ресурслардан мақсадли фойдаланиш билан боғлиқ текширишлар мустасно.

Оилавий корхонанинг коммунал инфратузилма объектларидан фойдаланиши қандай таъминланади?

Оилавий корхона турар жойдан унда истиқомат қилган ҳолда товарлар ишлаб чиқариш (иш бажариш, хизмат кўрсатиш) учун фойдаланган тақдирда, коммунал инфратузилма хизматлари (электр энергияси, сув таъминоти, канализация, газ таъминоти ва иссиқлик таъминоти) ҳақини аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида тўлайди.

Коммунал хизмат кўрсатиш, электр ва газ таъминоти корхоналари зарур коммуникация тармоқларининг оилавий корхона фаолияти амалга оширилаётган жойгача етказилишини ҳамда уланишини аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида таъминлайди.

Саволларга Адлия вазирлиги

Бош маслаҳатчиси

Г. Эргашева жавоб берди.